Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида
Шартнома
Фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси, қуйида Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
ўзаро ҳурмат, суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойда принципларига амал қилиб,
ҳуқуқий ёрдам соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадларида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I-БЎЛИМ
Умумий қоидалар
Умумий қоидалар
1-модда
Ҳуқуқий ҳимоя
Ҳуқуқий ҳимоя
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ўзларининг шахсий ва мулкий ҳуқуқларига нисбатан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароларига татбиқ этиладиган айни ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланадилар. Улар фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ваколат доирасига тааллуқли судларга ва бошқа муассасаларга мурожаат этишга ҳақлидирлар ҳамда илтимоснома тақдим этишни ёки бошқа процессуал ҳаракатларни бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароларига татбиқ этиладиган шартларда амалга оширишлари мумкин.
2. Ушбу модда 1-бандининг қоидалари ҳар қайси исталган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида уларнинг ўз миллий қонунларига мувофиқ таъсис этилган юридик шахсларга ҳам татбиқ этилади.
3. Ушбу Шартномада қўлланиладиган «фуқаролик ишлари» атамаси хўжалик, оила ва никоҳ ҳамда меҳнат ишларини ҳам қамраб олади.
2-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг судлари ва бошқа ваколатли муассасалари илтимосга биноан фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдамни ўзаро амалга оширишни ушбу Шартномада белгиланган тартибда кўрсатадилар.
3-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда алоқалар тартиби
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда алоқалар тартиби
1. Фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича мурожаат этишда ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда Аҳдлашувчи Томонлар, агар ушбу Шартномада ўзга тартиб ўрнатилмаган бўлса, ўзларининг марказий муассасалари орқали бир-бирлари билан алоқа қиладилар.
2. Ушбу модданинг 1-бандида эслатиб ўтилган марказий муассасаларга қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикаси томонидан — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси;
Хитой Халқ Республикаси томонидан — Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси.
4-модда
Тиллар
Тиллар
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг марказий муассасалари ёзишмаларда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг расмий тилига ёки инглиз ёки рус тилларига таржимасини илова этиб ўз мамлакатларининг расмий тилларидан фойдаланадилар.
2. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимос ва тақдим этиладиган ҳужжатлар сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг расмий тилида тузилади ва унга сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг расмий тилига ёки инглиз ёки рус тилларига таржимаси илова қилинади.
5-модда
Гувоҳлар, жабрланувчилар ва экспертларга нисбатан кафолатлар
Гувоҳлар, жабрланувчилар ва экспертларга нисбатан кафолатлар
1. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон орқали сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг судига ёки бошқа ваколатли муассасаларига берилган чақириқ бўйича ҳозир бўлган гувоҳ, жабрланувчи ёки эксперт жиноий жавобгарликка ёки сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг Давлат чегарасини кесиб ўтишдан олдин у томонидан амалга оширилган ҳуқуқбузарлик учун ҳар қандай шаклдаги шахсий эркинлигидан маҳрум этилиши ёки гувоҳлик кўрсатмаларини бергани учун эксперт сифатида ҳаракат қилганлиги ёки текширув мазмунига тааллуқли бўлган бошқа ҳаракатлар учун, унинг фуқаролик мансублигидан қатъи назар, сўраётган давлатда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
2. Агар гувоҳ, жабрланувчи ёки эксперт сўраётган Аҳдлашувчи Томон тарафидан унинг бошқа бўлиб туришига зарурат йўқлиги тўғрисидаги билдиришни олгандан сўнг 15 кун муддат ўтиши билан ушбу модданинг 1-бандида тақдим этилаётган кафолатлар ўз кучини йўқотади, унга боғлиқ бўлмаган шарт-шароитлар туфайли сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудини ўз вақтида тарк эта олмаганлик ҳолатлари бундан мустаснодир.
3. Ушбу модданинг 1-бандида эслатиб ўтилган чақириқ ушбу Шартноманинг 3-моддасида белгиланган тартибда топширилади. Чақириқ ўзида мажбурий чораларни татбиқ қилиш ҳақидаги таҳдидлардан ҳоли бўлиши керак.
6-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқий ёрдамни бепул кўрсатадилар.
2. Сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига чақирув бўйича келган гувоҳ, жабрланувчи ёки экспертнинг сафарига, овқатланишига, бўлиб туришига сарфланадиган харажатларни сўраётган Аҳдлашувчи Томон қоплайди. Бундан ташқари эксперт экспертиза ўтказганлиги учун тақдирлаш ҳақи олиш ҳуқуқига эгадир. Чақириқда тилга олинган шахслар қандай тўловларни олишга ҳақли эканликлари кўрсатилган бўлиши лозим. Сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли муассасалари уларнинг талабларига биноан ушбу харажатларни қоплаш учун аванс тўловларни амалга оширадилар.
7-модда
Ҳуқуқий ёрдамдан воз кечиш
Ҳуқуқий ёрдамдан воз кечиш
Агар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш унинг суверенитетига, хавфсизлигига путур етказади ёки унинг миллий қонунларининг асосий тамойилларига зид келади деб ҳисобласа, сўраётган Аҳдлашувчи Томонга рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда ҳуқуқий ёрдамни тақдим этишдан воз кечиши мумкин.
8-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда татбиқ қилинадиган қонунлар
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда татбиқ қилинадиган қонунлар
1. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда сўров қилинаётган ваколатли муассаса ўз мамлакатининг қонунларини татбиқ қилади.
2. Сўраётган ваколатли муассаса илтимосига биноан сўралаётган муассаса сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг процессуал нормаларини ижро этишга оид усул ва шаклларини татбиқ этиши мумкин, чунки улар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон қонунларининг асосий нормаларига зид эмасдир.
II-БЎЛИМ
Фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
Фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
I-БОБ
Суд харажатлари
Суд харажатлари
9-модда
Суд харажатларининг таъминоти бўйича гаровдан озод этиш
Суд харажатларининг таъминоти бўйича гаровдан озод этиш
1. Аҳдлашувчи Томоннинг суди бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаросини ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида фақат ажнабийлиги ёки турар жойининг ёки яшаш жойининг бўлмаганлиги асосида суд харажатларининг таъминоти бўйича гаровни киритишга мажбур этмаслиги керак.
2. Ушбу модда 1-бандининг қоидалари, шунингдек Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида унинг қонунларига мувофиқ таъсис этилган юридик шахсларга ҳам татбиқ этилади.
10-модда
Суд харажатларини тўлаш
Суд харажатларини тўлаш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида суд харажатларини, шунингдек олдиндан тўланадиган суммаларни бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролари билан бир хил шартларда ва тенг миқдорда тўлайдилар.
2. Ушбу модда 1-бандининг қоидалари Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ таъсис этилган юридик шахсларга ҳам татбиқ этилади.
11-модда
Суд харажатларидан озод қилиш
Суд харажатларидан озод қилиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида суд харажатлари тўловидан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролари билан бир хил шартларда ва тенг миқдорда озод қилинадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси суд харажатларидан озод қилиш илтимоси билан мурожаат этганида унинг турар жойи ва яшаш жойидаги ваколатли муассасалар томонидан берилган унинг шахсини ва мулкий ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Агар мурожаат этувчининг Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудида турар жойи ёки яшаш жойи бўлмаса, у ўз мамлакатининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан берилган кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этиши мумкин.
II-БОБ
Ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал ҳаракатларни бажариш
Ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал ҳаракатларни бажариш
12-модда
Ёрдам кўлами
Ёрдам кўлами
Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро асосда илтимосга биноан суд ва суддан ташқари бўлган ҳужжатларни топширадилар, иш иштирокчилари, гувоҳлар ва экспертларни сўроқ қиладилар, экспертиза ва жойга бориб кўздан кечиришни амалга оширадилар, шунингдек далилларни йиғиш бўйича бошқа процессуал ҳаракатларни бажарадилар.
13-модда
Топшириқнинг юборилиши
Топшириқнинг юборилиши
1. Ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал. ҳаракатларни бажариш ҳақидаги илтимос ёзма равишда ва топшириқ шаклида расмийлаштирилади. Топшириқ қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
сўраётган ва сўралаётган муассасаларнинг номланиши;
топшириққа тааллуқли бўлган иштирокчиларнинг ва бошқа шахсларнинг исми-шарифи, фуқаролиги, касби, яшаш жойи ёки турар жойи;
вакилнинг исми-шарифи ва манзилгоҳи;
ёрдам сўралаётган ишнинг номи;
илтимоснинг мазмуни;
тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатларнинг номлари;
сўраётган муассасанинг фикрича, топшириқнинг бажарилишига кўмаклашиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
Топшириқ билан бирга унинг бажарилиши учун зарур бўлган бошқа ҳужжат ва материаллар тақдим қилиниши лозим.
2. Топшириқ ва ҳужжатлар Аҳдлашувчи Томоннинг сўраётган муассасаси томонидан имзоланган ва муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.
14-модда
Топшириқни бажариш
Топшириқни бажариш
1. Агар сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига мувофиқ топшириқнинг бажарилиши судлар ва бошқа ваколатли муассасаларнинг ваколати доирасига кирмаса, рад этишнинг сабаблари тушунтирилиб, топшириқ қайтариб юборилиши мумкин.
2. Агар сўралаётган муассаса топшириқни бажариш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда ушбу топшириқни бажариш учун ваколатли муассасаларга юборишга мажбурдир, шунингдек бу ҳақда сўраётган Томонни хабардор қилиш керак.
3. Агар сўралаётган муассаса топшириқда кўрсатилган манзилнинг ноаниқлиги муносабати билан топшириқнинг бажарилишига имконияти бўлмаса, манзилини аниқлаш учун зарур чораларни кўриши керак ёки сўраётган муассасадан қўшимча маълумотларнинг тақдим этилишини талаб қилиши керак.
4. Агар бошқа сабабларга кўра манзилини аниқлаш ёки топшириқни бажаришнинг имконияти бўлмаса, сўралаётган муассаса топшириқнинг бажарилишига тўсиқлик қилаётган сабабларни баён қилиб, сўраётган муассасани бу ҳақда хабардор қилиши лозим, шунингдек барча юборилган ҳужжат ва материалларни қайтариб бериши керак.
5. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг сўраётган муассасаси илтимосига биноан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг сўралаётган муассасаси топшириқнинг бажарилиш вақти ва жойига оид ҳуқуқий ёрдамни кўрсатиш бўйича, агар бу сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларида йўл қўйилиши мумкин бўлса, улар топшириқнинг бажарилишида ҳозир бўлишлиги учун ўз вақтида сўраётган муассасага хабар беради.
15-модда
Топшириқни бажариш натижалари ҳақида хабардор қилиш
Топшириқни бажариш натижалари ҳақида хабардор қилиш
1. Сўралаётган муассаса ушбу Шартноманинг 3-моддасида кўзда тутилган тартибда сўраётган муассасага топшириқнинг бажарилиш натижаларини ёзма равишда хабар беради, шунингдек унинг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни юборади.
2. Топшириқнинг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатда қабул қилинган санаси ва қабул қилувчининг имзоси, тақдим этган муассасанинг муҳри ва бажарувчининг имзоси кўрсатилган бўлиши керак. Агар қабул қилувчи уларни қабул қилишдан бош тортса, қабул қилишнинг рад қилиниш сабаблари кўрсатилиши лозим.
16-модда
Ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал ҳаракатларни дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассасалари орқали бажариш
Ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал ҳаракатларни дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассасалари орқали бажариш
Бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан аккредитация этилган Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари ўз фуқароларига судга оид ва суддан ташқари бўлган ҳужжатларни топширишлари, иштирокчини ёки гувоҳни сўроқ қилишлари мумкин, аммо мажбурий тусдаги чораларни татбиқ қилишлари ва бўлиб тураётган мамлакатнинг қонунларига қарши чиқишлари мумкин эмас.
III-БОБ
Қарорларни тан олиш ва ижро этиш
Қарорларни тан олиш ва ижро этиш
17-модда
Тан олиниши ва бажарилиши лозим бўлган қарорлар
Тан олиниши ва бажарилиши лозим бўлган қарорлар
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартноманинг қоидаларига мувофиқ ушбу Шартнома кучга киргандан сўнг бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида қабул қилинган қуйидаги қарорларни ўз ҳудудида тан олиши ва агар қарорнинг тусига қараб унинг бажарилиши талаб этилса, унда ижро этиши лозим:
1) фуқаролик ишлари бўйича суд қарорлари;
2) жиноий ишлар бўйича етказилган зарарни қоплашга оид суд қарорлари;
3) арбитраж судининг қарорлари.
2. Ушбу Шартномада қўлланадиган «суд қарорлари» атамаси қуйидагини англатади:
Ўзбекистон Республикасида — суд қарори, ажрими, ҳукми, суд тасдиқлаган ярашув ҳақидаги битим, шунингдек фуқаролик ишининг моҳияти бўйича судья чиқарган қарор;
Хитой Халқ Республикасида — суд томонидан чиқарилган қарор, ажрим, ярашув акти.
18-модда
Суд қарорини ижро этиш ва тан олиш ҳақида илтимоснома
Суд қарорини ижро этиш ва тан олиш ҳақида илтимоснома
1. Суд қарорини ижро этиш ва тан олиш ҳақида илтимосномани арз қилувчи шу қарорни қабул қилган судга топширади ва ушбу суд эса ушбу Шартноманинг 3-моддасида кўзда тутилган тартибда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг судига жўнатади. Агар арз қилувчининг қарор ижро этилиши керак бўлган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида яшаш жойи ёки турар жойи бўлса, у ҳолда илтимоснома бевосита ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг судига топширилиши мумкин.
2. Илтимоснома сўраётган Аҳдлашувчи Томон талаб этган шаклда тузилган бўлиши лозим. Унга қуйидагилар илова қилинади:
1) суд томонидан тасдиқланган суд қарорининг нусхаси, агар нусхада қарорнинг кучга кирганлиги ва уни ижро этиш мумкинлиги ҳақида аниқ кўрсатма бўлмаса, бу тўғрисида суд маълумотномасининг бир нусхаси илова қилиниши керак;
2) процессда иштирок этмаган томонга қонунда белгиланган тартибда судга чақириқ ҳақидаги хабарнома тақдим этилганини ва муомалага лаёқатсиз бўлган ҳолда эса унинг тегишли вакили бўлганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжат;
3) ушбу моддада эслатиб ўтилган илтимосноманинг ва тегишли ҳужжатларнинг тасдиқланган таржимаси.
19-модда
Суд қарорини тан олиш ва ижро этиш тартиби
Суд қарорини тан олиш ва ижро этиш тартиби
1. Суд қарорини тан олиш ва ижро этиш илтимоснома топширилган Аҳдлашувчи Томон тарафидан унинг қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.
2. Илтимоснома топширилган ваколатли муассаса ушбу қарорни ушбу Шартнома талабларига мувофиқлиги жиҳатидан ўрганади, аммо уни ишнинг моҳияти юзасидан текшириши мумкин эмас.
20-модда
Тан олишнинг ва ижро этишнинг юридик кучи
Тан олишнинг ва ижро этишнинг юридик кучи
Бир Аҳдлашувчи Томон судлари иккинчи Аҳдлашувчи Томон судларининг тан олган ва ижро этган қарорлари ушбу Аҳдлашувчи Томон судларининг қарорларидек юридик кучга эгадир.
21-модда
Қарорни тан олишни ва ижро этишни рад қилиш
Қарорни тан олишни ва ижро этишни рад қилиш
Қуйидаги ҳоллардан бирида суд қарорини тан олишни ва ижро этишни рад қилиш мумкин:
1) агар қабул қилинган қарор Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига мувофиқ бу қарор қонуний кучга кирмаган бўлса ёки ижроси мумкин бўлмаса;
2) агар қарорни тан олиш ва ижро этиш ҳақидаги илтимоснома қаратилган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига мувофиқ иш сўралаётган Аҳдлашувчи Томон судининг мутлақ ваколат доирасига кирадиган бўлса;
3) агар процессда иштирок этмаган Томонга Аҳдлашувчи Томон қонунларига мувофиқ қарорни қабул қилган муассаса судга чақириқ ҳақидаги хабарномани тақдим этмаган бўлса, ёки, муомалага лаёқатсиз бўлган ҳолда, унинг тегишли вакили бўлмаган бўлса;
4) агар айнан шу Томонлар орасидаги айнан шу ҳуқуқий низо бўйича сўралаётган Аҳдлашувчи Томон суди чиқарган қарор қонуний кучга кирган бўлса, ёки худди шу низо у ерда кўриб чиқилаётган бўлса, ёки ушбу низо бўйича учинчи давлат қарорининг қонуний кучга кирганлиги тан олинган бўлса;
5) агар илтимоснома қаратилган Аҳдлашувчи Томоннинг қарорни тан олиши ёки ижро этиши унинг суверенитетига, хавфсизлигига ёки жамоат тартибига путур етказадиган бўлса.
22-модда
Арбитраж қарорларининг тан олиниши ва ижроси
Арбитраж қарорларининг тан олиниши ва ижроси
Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томон арбитражининг қарорини ўзаро тан олишни ва ижро этишни 1958 йил 10 июндаги Арбитраж қарорларининг тан олиниши ва ижроси ҳақидаги Нью-Йорк Конвенциясига мувофиқ амалга оширадилар.
III-БЎЛИМ
Жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам
Жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам
23-модда
Ёрдамнинг кўлами
Ёрдамнинг кўлами
Аҳдлашувчи Томонлар илтимосига биноан жиноий ишлар бўйича гувоҳларни, жабрланувчиларни, экспертларни, гумон қилинувчи ва айбланувчиларни сўроққа тортишга, тинтув, экспертиза, кўздан кечириш, далилларни йиғиш билан боғлиқ бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишга; жиноий йўл билан қўлга киритилган ашёвий далилларни ва ҳужжатларни, пул ва моддий бойликларни топширишга, шунингдек жиноий ишларни олиб бориш билан боғлиқ процессуал ҳужжатларни тақдим этишга, бир-бирларига жиноий ишни олиб бориш натижалари бўйича ахборот беришга оид топшириқларни бажариш мажбуриятини оладилар.
24-модда
Ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал ҳаракатларни бажариш
Ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал ҳаракатларни бажариш
1. Жиноий ишлар бўйича ҳужжатларни топшириш ва айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тартиби ушбу Шартноманинг 13 — 16-моддаси билан белгиланади.
2. Юқорида зикр этилган топшириқларни юборишда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
жиноятнинг таснифи;
уни содир этиш вазиятлари;
тегишли қонуний актларнинг қоидалари.
25-модда
Жиноий йўл билан қўлга киритилган пул ва моддий бойликларни топшириш
Жиноий йўл билан қўлга киритилган пул ва моддий бойликларни топшириш
1. Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон мурожаатига биноан ушбу Аҳдлашувчи Томонга бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жиноятчи содир қилган жиноят натижасида унинг ҳудудида топилган ва қўлга киритилган пул ва моддий бойликларни топширади. Бироқ бундай топшириш сўралаётган томоннинг ёки учинчи шахсларнинг ушбу бойликларга бўлган ҳуқуқларини чеклаши керак эмас.
2. Башарти, агар юқорида кўрсатилган пул ва моддий бойликлар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бошқа ҳал этилмаган жиноий иш бўйича судда ишни кўриш учун зарур бўлса, ушбу Томон уларни топширишни вақтинчалик тўхтатиб туриши мумкин.
26-модда
Жиноий ишлар юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиш
Жиноий ишлар юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиш
Агар топшириқда кўрсатилган қилмиш сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигида жиноят бўлиб ҳисобланмаса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ушбу Шартноманинг 7-моддасида кўзда тутилган асослардан ташқари жиноий ишлар юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиши мумкин.
27-модда
Жиноий ишлар юзасидан суд муҳокамасининг натижалари тўғрисида хабардор қилиш
Жиноий ишлар юзасидан суд муҳокамасининг натижалари тўғрисида хабардор қилиш
Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томон фуқароларига нисбатан улар судлари томонидан чиқарилган ва қонуний кучга кирган ҳукмларнинг нусхаларини бир-бирларига топширишга мажбурдирлар.
28-модда
Илгари содир қилинган жиноятлар юзасидан ахборот
Илгари содир қилинган жиноятлар юзасидан ахборот
Аҳдлашувчи Томонлар илтимосига кўра бепул бошқа Аҳдлашувчи Томон суди тарафидан илгари ҳукм қилинган шахсга нисбатан жиноий ишни кўриш учун зарур бўлган судланганлик тўғрисидаги маълумотларни бир-бирларига тақдим этадилар.
IV-БЎЛИМ
Бошқа қоидалар
Бошқа қоидалар
29-модда
Ҳуқуқий ахборотлар билан алмашиш
Ҳуқуқий ахборотлар билан алмашиш
Аҳдлашувчи Томонлар илтимосига биноан бир-бирларига амал қилаётган ёки амал қилган қонунлар ва суд амалиёти тўғрисидаги ахборотни тақдим этадилар.
30-модда
Ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги
Ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг судлари ва бошқа ваколатли муассасалари томонидан тайёрланган ёки гувоҳлантирилган ва иккала Аҳдлашувчи Томоннинг марказий муассасалари орқали бериб юборилган ҳужжатлар имзо ва расмий муҳр бўлган ҳолда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг судлари ва ваколатли муассасалари томонидан қонунлаштириш (легализация) сиз қабул қилиниши лозим.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида тайёрланган расмий ҳужжатлар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ҳам далилий кучга эга бўлган расмий ҳужжатлар сифатига эгадир.
31-модда
Фуқаролик ҳолатлари тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатларнинг юборилиши
Фуқаролик ҳолатлари тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатларнинг юборилиши
Ушбу Шартномани бажариш бўйича бир Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли муассасалари марказий муассасалар орқали қабул қилинган мурожаатномаларига биноан бошқа Аҳдлашувчи Томонга ишни олиб бориш юзасидан талаб этиладиган фуқаролик ҳолатлари актларини ёзиш дафтаридан кўчирмалар, таълим ҳақидаги шаҳодатномалар, меҳнат стажи ва бошқа Аҳдлашувчи Томон фуқароларининг шахсий ҳуқуқларига тааллуқли бўлган бошқа ҳужжатларни Аҳдлашувчи Томонга бепул ва таржимасиз жўнатадилар.
32-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Ушбу Шартномани шарҳлаш ёки ижро этиш масалалари юзасидан келиб чиқадиган низолар дипломатик каналлар орқали ҳал этилиши керак.
V-БЎЛИМ
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
33-модда
Ратификация ва кучга кириш
Ратификация ва кучга кириш
Ушбу Шартнома ратификация қилинади, ратификация ёрлиқлари билан алмашиш Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу Шартнома ратификация ёрлиқлари билан алмашилгандан сўнг ўттизинчи куни кучга киради.
34-модда
Шартноманинг амал қилиш муддати ва унинг тўхтатилиши
Шартноманинг амал қилиш муддати ва унинг тўхтатилиши
Ушбу Шартнома бундан буён Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонга Шартноманинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўзининг ниятини ёзма равишда ва дипломатик каналлар орқали хабар берган кундан эътиборан олти ой муддат ўтгунга қадар амал қилади.
Ушбу Шартнома Пекин шаҳрида 1997 йил 11 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида имзоланди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Шартномани шарҳлаш мақсадида рус тилидаги матн ишлатилади.
(имзолар)