Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Болгария Республикаси Ҳукумати ўртасида
Меморандум
Транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Болгария Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
транспорт соҳасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш орқали савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш истагини ифодалаб,
Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси Томонлари бўлган 1996 йилги Серахс кўп томонлама битимининг, шунингдек транспорт соҳасидаги икки томонлама битимларнинг қоидаларини бажара бориб,
транспорт вазирларининг 1997 йилдаги Бургас учрашувининг Ўзаро англаш тўғрисидаги Меморандумини ёдда тутиб ҳамда қўллаб-қувватлаб,
транспорт соҳасида ҳукуматлараро янги икки томонлама битимлар имзолашга ҳозирликни жадаллатишга тайёр эканлигини билдириб,
кўп томонлама битимлар тузиш орқали Европа-Кавказ-Осиё қитъалараро алоқаларини тараққий эттиришнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини барпо этиш зарурлигига инониб,
транспорт соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш юзасидан конкрет ишларни бошлаш истагини изҳор этиб, шунингдек,
эришилган аҳдномаларни бажариш орқали Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида ҳамда уларнинг ҳудуди орқали транзит ташишларни амалга ошириш юзасидан конкрет ишларни бошлаш мақсадида,
ўзларининг қуйидаги принципларга амал қилиш ниятида эканликларини билдирадилар:
1. Томонлар иккала давлатнинг транспорт тараққиётига мутасадди бўлган идоралари, шунингдек ташишни бажариш ва транспорт жараёнини амалга оширишдан манфаатдор ёки унга боғлиқ идоралар орасида тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрнатилиши ва фаоллашувини тезлатишга йўналтирилган ҳар қандай ташаббусни рағбатлантириш ниятидалар.
2. Томонлар ўз транспорт корхоналари, компаниялари ва экспедиторлик ташкилотларига контрактлар тузишда кўмаклашиш ва ўзаро аҳдлашувларни бажариш учун қулай шароитларни яратиш имкониятларини кўриб чиқиш ниятидалар.
3. Томонлар транспорт корхоналари, компаниялари ва экспедиторлик ташкилотларига транзит ташишларга боғлиқ бўлган барча хизматлар учун имтиёз тарифлари ва чегирмалари берилишига кўмаклашиш ниятидалар.
4. Болгар томони зарур омборхоналар ва тегишли порт хизматлари, шунингдек Ўзбекистондан борган юкларни қайта ишлаш, жойлаштириш ва ташишга боғлиқ бўлган хизматларни тақдим этишга ва ўзбек томонига контрактлар тузишда энг қулай шароитлар тақдим этилишига кўмаклашишга тайёрлигини билдиради.
5. Томонлар ушбу Меморандум қоидаларини амалга ошириш учун, шунингдек транспорт соҳасида бундан кейинги ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур бўлган ахборотни алмашиш Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан ва, лозим топилса, ишчи гуруҳ мажлислари доирасида амалга оширилишига келишиб олдилар.
6. Лозим ҳолларда ҳар бир Томон бошқа Томоннинг транспорт корхоналарига ишларнинг ташкил қилиниши ва берилаётган имкониятлар билан танишишда кўмаклашади.
7. Европа-Кавказ-Осиё қитъалараро алоқасини барпо этишдан биргаликда манфаатдорликни ҳисобга олиб, Томонлар транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича асосий кўп томонлама ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан Боку шаҳрида олий даражада конференция ўтказиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлайдилар.
8. Ушбу Меморандум қоидаларини бажариш иккала Томоннинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида ўзаро манфаатдорлик негизида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.
9. Аҳдлашувларни амалда рўёбга чиқариш мақсадида Томонлар транспорт бўйича ишчи гуруҳини барпо этиш имкониятларини кўриб чиқишга келишдилар. Бу гуруҳ улар тарафидан тайинланадиган экспертлар ва иккала Томоннинг ваколатли вазирликлари ҳамда идоралари вакилларидан иборат бўлади.
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ўзбек-болгар Ҳукуматлараро Комиссияси тузилгач, лозим топилса, мазкур гуруҳ шу Ҳукуматлараро Комиссия таркибида Транспорт бўйича доимий ишчи гуруҳ сифатида ўз ишини давом эттириши мумкин.
10. Ушбу Меморандум қоидаларини бажариш қуйидагиларга юклатилади:
ўзбек томонидан:
«Ўзбекистон темир йўллари» Давлат темир йўл акционерлик компаниясига,
«Ўзавтотранс» Давлат акционерлик корпорациясига,
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига;
болгар томонидан:
Транспорт вазирлигига.
Ушбу Меморандум Томонлар уни кучга киритиш учун лозим бўлган ички давлат процедуралари бажариб бўлингани тўғрисида иккинчи билдиришнома олган кундан бошлаб кучга киради.
София шаҳрида 1998 йил 24 июнда икки нусхада, ўзбек, болгар ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)