Навоий вилояти ҳокимининг
Қарори
НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА ТУРИЗМ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА қЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг «Туризм тўғрисида»ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги «Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4058-сонли Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 июлдаги «Ўзбектуризм миллий компанияси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 360-сонли қарори ва Бош вазирнинг 2009 йил 30 январдаги «Республикада туризмни янада ривожлантириш, туристик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтиришга қаратилган долзарб масалалар тўғрисида»ги 07-1-5 сонли, 2011 йил 10 майдаги «Навоий вилояти Нурота туманини 2011—2013 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 02-23-24-сонли йиғилиш қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг Навоий вилоятида туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, сайёҳларга замонавий транспорт хизмати кўрсатилишини ташкил этиш, сайёҳлик ва меҳмонхона хизмати кўрсатувчи муассасалар фаолиятини яхшилаш, вилоятда туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Кенгаши тузиш, 2011—2015 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш Дастурини қабул қилиш, мазкур жараёнда вилоят «Саёҳат ва экскурсиялар бюроси» давлат корхонаси ролини ошириш тўғрисидаги таклифи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Навоий вилоятида туризм индустриясини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, вилоятда туризм сиёсатини амалга ошириш мақсадида қуйидагилар:
Навоий вилоят туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Кенгаши таркиби 1-илова*га;
* 1-илова берилмайди.
Кенгаш Низоми 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Кенгашига:
бир ой муддатда вилоят ҳудудида туризм сиёсатини амалга оширишни назарда тутган ҳолда 2011—2015 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари Дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этиш топширилсин.
4. Туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Кенгаши шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда:
тегишли ҳудудда жойлашган қадимий ёдгорликлар, табиат қўйнидаги дам олиш масканлари, музейлар ҳамда туризм объектлари ва туризм хизматини кўрсатиш ҳолатини яхшилаш;
янги дам олиш ва саёҳат объектлари барпо этиш, туризм объектларида сайёҳларга хизмат кўрсатишнинг сифатини ошириш;
ҳудудлардаги тарихий меъморий обидалар, зиёратгоҳ ва табиий жиҳатдан эътиборга молик масканларни туризм бозорида кенгроқ тарғибот-ташвиқот қилиш ишларини самарали ташкил этиш;
хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар учун кичик ва ўрта услубдаги жаҳон талабига мос меҳмонхона мажмуаларини, кўнгилочар масканларни барпо этиш ҳамда табиат ландшафтлари мавжуд ҳудудлардаги амалдаги инфратузилмани янада такомиллаштириш;
туризм инфратузилмасини ривожлантиришга маҳаллий сармоядорларни, шу билан бирга хорижий инвестицияларни жалб этиш;
вилоят магистрал йўлларида сайёҳларга юқори савияда сервис хизматларини кўрсатишга мосланган йўл бўйи кемпинг мажмуаларини барпо этиш;
хусусий тадбиркорлар ва туризм соҳаси ишбилармонлари сармоялари ва шу билан бирга хорижий инвестициялар эвазига жойларда транспорт хизматлари кўрсатилишини янада яхшилаш;
янги иш жойларини барпо этиш асосида туризм соҳасида хизмат кўрсатишни янада кенгайтириш;
туризм объектлари атрофида замонавий халқ ҳунармандчилиги, санъат намуналари ёдгорликлари расталари, овқатланиш шохобчалари, маданий кўнгилочар масканлар, санитария-гигиена пунктларини ўз ичига қамраб олган инфратузилма мажмуаларини барпо этиш;
туризм объектларини малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатишни юқори савияда ташкил этиш бўйича услубий қўлланмалар билан таъминлаш, соҳа ходимларининг хорижий тажрибаларини ўрганиш асосий йўналишлар сифатида белгилансин ва амалга оширсин.
5. Вилоят «Саёҳат ва экскурсиялар бюроси» давлат корхонаси» (М.Хамидов)га ҳудуддаги туристик фирмалар, меҳмонхоналар, меҳмонхона хизмати кўрсатувчи муассасалар, жойлардаги сайёҳлик дам олиш масканлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш топширилсин.
6. Вилоят Статистика бошқармаси (М.Рўзиев), вилоят Иқтисодиёт бошқармаси (У.Жабборов), вилоят «Саёҳат ва экскурсиялар бюроси» давлат корхонаси (М.Хамидов), Вилоят ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (Ғ.Раҳмонов) биргаликда ҳар чоракда вилоятда сайёҳлар оқими ўсиш суръатлари бўйича (маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сонининг алоҳида таҳлил асосида) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб борсин ва мониторинг натижаларини йилнинг ҳар чорагида Кенгашга тақдим этсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Ҳоким Э. ТУРДИМОВ
Навоий ш.,
2011 йил 9 июнь,
Қ-128-сон
Вилоят ҳокимининг 2011 йил 9 июндаги Қ-128-сонли қарорига
2-илова
2-илова
Навоий вилоятида туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Кенгаши
НИЗОМИ
I. Умумий қоидалар
1.1 Ушбу Низом Навоий вилоятида туризмни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) фаолият юритиш тартибини белгилайди.
1.2. Кенгаш ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Президент Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
II. Кенгашнинг вазифалари ва ваколатлари
2.1. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
туризм соҳасида ташқи ва ички туризмни ҳамда туристик хизматлар бозорини ривожлантириш сиёсатини амалга ошириш;
туризм соҳасининг ривожланиш стратегиясини амалга ошириш;
вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича ихтисослаштирилган жамғармани шакллантириш;
туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун йўналтирилган молиявий оқимларни назорат қилиш;
таклиф этилаётган туристик хизматларнинг сифат ва миқдор ўзгаришлари мониторингини олиб бориш;
ички ва халқаро бозорда миллий туристик маҳсулотни тарғиб этиш бўйича замонавий маркетинг тадқиқотлари бўйича таклифлар тайёрлаш;
вилоятнинг туристик ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва туризм соҳасида бошқарувни яхшилаш;
истиқболли илмий изланишларни ривожлантиришга кўмаклашиш ва туризм соҳасидаги илмий-техникавий ютуқларни ва илғор тажрибани амалиётга татбиқ этиш;
туризм соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларни кўриб чиқиш;
вилоятдаги туристик хизматларнинг салоҳиятини шакллантириш ва ривожлантириш, шу мақсадда туристик тадбирларни ташкил этиш.
2.2. Ўзига юклатилган вазифаларни ижро этиш борасида Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:
бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан юклатилган вазифалар ижроси билан боғлиқ маълумотларни олиш;
вилоятда туристик хизматларни янада ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш ва туристларга хизмат кўрсатиш даражасини сифат жиҳатдан кўтариш, туристик-экскурсия ташкилотлари тармоғини яратиш бўйича тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш;
туризм бўйича қонунда белгиланган тартибда илмий-оммабоп, услубий маълумот берувчи адабиётлар, плакатлар, йўриқномалар, реклама буклетлари, видео ва дивиди дисклар ишлаб чиқариш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида туристик ва экскурсия фаолиятини тарғиб этиш ҳажмини ошириш чора-тадбирларини кўриш;
Кенгаш қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
2.3. Вилоят «Саёҳат ва экскурсиялар бюроси» давлат корхонаси Кенгашнинг Ишчи органи ҳисобланади.
III. Кенгаш ишини ташкил этиш
3.1. Кенгаш йиғилиши ҳар чоракда мунтазам равишда ўтказиб борилади.
Вилоят ҳокими Кенгаш раисидир. Вилоят ҳокимининг Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Кенгаш раисининг ўринбосари ҳисобланади.
Йиғилишни Кенгаш раиси, у бўлмаганда эса Кенгаш раисининг ўринбосари ўтказади.
Кенгаш йиғилиши ўз аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кенгаш аъзолари йиғилишларда шахсан иштирок этишлари шарт.
Кенгаш қарорлари йиғилишда иштирок этаётган Кенгаш аъзоларининг овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овоз бериш очиқ усулда ўтказилади. Кенгашнинг ҳар бир аъзоси битта.овозга эга. Кенгаш аъзоларининг овозлари тенг бўлиб қолса, раиснинг, у йўқлигида раис ўринбосарининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
3.2. Йиғилиш қарорлари баённома билан расмийлаштирилади. Баённомада йиғилиш ўтказилган жой ва сана, кун тартиби, раислик қилувчи, котиб, йиғилишда иштирок этган Кенгаш аъзолари, кўриб чиқилган масалалар бўйича Кенгаш қарори кўрсатилади. Йиғилиш қарори Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.