Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қувайт Давлати Ҳукумати ўртасида
СОҒЛИҚНИ сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Битим
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қувайт Давлати Ҳукумати (кейинчалик «Томонлар» деб аталувчилар),
икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлатларнинг амалдаги қонун-қоидаларига мувофиқ ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1- модда
Томонлар куйидаги соҳаларда тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар:
1. Соғлиқни сақлаш бўйича бошқарув.
2. Жамиятда соғлиқни сақлаш ва касалликларни олдини олиш.
3. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш.
4. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш.
5. Дори-дармон назорати.
6. Тиббий санитария ва тиббий реабилитация.
2- модда
Томонлар соғлиқни сақлашга доир иккала Томонда ўтказиладиган учрашувлар ва конференциялар ҳақида ахборот алмашинувини амалга ошириш ва бундай фаолиятларда қатнашишни қўллаб-қувватлайдилар.
3- модда
Томонлар тиббиёт ва фармацевтиканинг турли соҳаларида икки давлатда нашр этиладиган соғлиқни сақлаш йўналишидаги маълумотлар, статистик, тиббий нашрлар ҳамда қонунчилик бўйича маълумот алмашишга келишдилар.
4- модда
Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар сифатини яхшилаш ва икки томон учун фойдали тажриба алмашиниш мақсадида тиббиёт ходимлари ўртасида қисқа муддатли ташрифлар ўтказишга кўмаклашадилар.
5- модда
Томонлар бир-бирларининг ҳудудларида фармацевтика ва тиббиёт соҳасига оид кўргазмалар ташкиллаштиришни қўллаб - қувватлайдилар.
6- модда
Томонлар икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш самарадорлиги даражасини яхшилаш мақсадида тиббий тадқиқотлар соҳасидаги муносабатларини мувофиқлаштириб борадилар.
7- модда
Мазкур Битимдан келиб чиқувчи ҳамкорлик соҳасидаги йўл ва тураржой билан боғлиқ барча харажатлар талаб қилувчи Томон ҳисобидан қопланади.
8- модда
Ушбу Битимни бажариш ва у билан боғлиқ барча ҳаракатлар Томонларнинг миллий қонунчилигидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
9- модда
1. Ушбу Битим Томонлардан бирининг бошқа Томонни ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома алмашилган кундан бошлаб кучга киради.
2. Томонларнинг келишувига кўра, ушбу Битимга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин ва мазкур ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ушбу модданинг 1-бандида белгиланган тартибда кучга киради.
3. Ушбу Битим беш йил муддатга амал қилади ва агар Томонлардан бири бошқа Томонни, тегишли муддат тугашидан камида олти ой олдин дипломатик каналлар орқали ушбу Битимнинг амал қилинишини тўхтатиш нияти ҳақида ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг фаолияти ўз-ўзидан кейинги шундай муддатга узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 2008 йил 21 июлда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Англашув меморандуми қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)