Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
Қарори
ЧЕТ ЭЛДА ЎТКАЗИЛАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОННИНГ МИЛЛИЙ КЎРГАЗМА-ЯРМАРКАЛАРИ ВА ХАЛҚАРО КЎРГАЗМА-ЯРМАРКАЛАР ДОИРАСИДА ҚАТНАШИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЭКСПОРТ КОНТРАКТЛАР ТУЗИШ ИШЛАРИ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА МАҲАЛЛИЙ ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ МУТАХАССИСЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 24 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2393]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 17 сентябрдаги 408-мҳ-сонли «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2393-1, 17.09.2019 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 мартдаги 73-сонли «Чет элда кўргазма-ярмарка фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 12-сон, 131-модда) 4-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги қарор қиладилар:
1. Чет элда ўтказилаётган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма-ярмаркалар доирасида қатнашишни ташкил этиш ва экспорт контрактлар тузиш ишлари натижалари бўйича маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг мутахассисларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э. ҒАНИЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 23 август,
ЭГ-01/15-4108-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 23 август,
59-сон
Иқтисодиёт вазири Г. САИДОВА
Тошкент ш.,
2012 йил 23 август,
СГ-5-1/6-38-сон
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлигининг 2012 йил 23 августдаги ЭГ-01/15-4108, 59, СГ-5-1/6-38-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Чет элда ўтказилаётган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма-ярмаркалар доирасида қатнашишни ташкил этиш ва экспорт контрактлар тузиш ишлари натижалари бўйича маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг мутахассисларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 мартдаги 73-сонли «Чет элда кўргазма-ярмарка фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 12-сон, 131-модда) мувофиқ, чет элда ўтказилаётган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма ярмаркалар доирасида қатнашишни ташкил этиш ва экспорт контрактлар тузиш ишлари натижалари бўйича маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг мутахассисларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Чет элда ўтказилаётган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма-ярмаркалар доирасида қатнашишни ташкил этиш ва экспорт контрактлар тузиш ишлари натижалари бўйича маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг мутахассисларини рағбатлантириш пул мукофоти шаклида амалга оширилади.
2. Маҳаллий хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет элда ўтказилаётган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма-ярмаркалар доирасида қатнашишни ташкил этиш ва экспорт контрактлар тузиш ишлари натижалари бўйича тузилган экспорт контрактларидан тушган маблағлар мукофотлаш манбалари ҳисобланади.
II боб. Рағбатлантириш мезонлари
3. Рағбатлантириш маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг мутахассисларига чет элда ўтказилган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма-ярмаркалар доирасида қатнашишни ташкил этиш ва экспорт контрактлар тузиш ишлари жараёнида фаол иштирок этганлик учун белгиланади.
4. Маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг мутахассислари чет элда ўтказилган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма-ярмаркалар доирасида қатнашишни ташкил этиш ва экспорт контрактлар тузиш ишлари натижалари бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваригача бўлган миқдорда рағбатлантирилади ва рағбатлантириш бир молиявий йил учун фақат бир марта қўлланилади. Рағбатлантириш учун сарфланган харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига киритилади.
5. Қуйидагилар маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларнинг мутахассисларни рағбатлантиришнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
самарали реклама кампаниясини ишлаб чиқиш ва кўргазма стендини ташкил этиш;
маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда ташаббускорлик, уюшқоқлик ва қатъиятлилик билан иштирок этиш;
чет элда ўтказилаётган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма ярмаркаларда қатнашишга юқори даражада тайёргарлик кўриш;
экспорт контрактлари лойиҳаларини тайёрлаш ва амалда тузиш ҳамда маҳсулотлар экспортини амалга ошириш жараёнида қўшган ҳиссаси.
6. Мукофотларнинг аниқ миқдори ва чет элда ўтказилаётган Ўзбекистоннинг миллий кўргазма-ярмаркалари ва халқаро кўргазма-ярмаркалар доирасида имзоланган ҳар бир экспорт контракти бўйича рағбатлантириладиган мутахассислар хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
III боб. Якуний қоида
7. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Савдо-саноат палатаси раиси А. ШАЙХОВ
2012 йил 16 июль
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 39-сон, 455-модда)