Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
ПРОТОКОЛ
Даромаддан олинадиган солиқларнинг икки ёқлама қўлланишининг олдини олиш тўғрисидаги 1996 йил 3 июлда имзоланган Битимга ўзгартишлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати,
1996 йил 3 июлда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида даромаддан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишининг олдини олиш тўғрисидаги Битимга (бундан буён матнда «Битим» деб юритилади) ўзгартишлар киритиш ҳақида Протокол қабул қилиш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Битимнинг 25-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Битим қоидаларини бажариш учун ёҳуд Аҳдлашувчи Давлатлар ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари номидан ундириладиган ҳар қандай турдаги солиқларга тааллуқли маъмурий ёки миллий қонун ҳужжатлари бўйича олиш мумкин бўлган ахборотни ушбу қонун ҳужжатлари бўйича солиқ солиш мазкур Битимга зид бўлмаган даражада алмашинадилар.
Ахборот алмашиш 1 ва 2-моддалар билан чекланмайди.
2. Аҳдлашувчи Давлат томонидан 1-банд доирасида олинган ҳар қандай ахборот ҳам шу Давлат миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган ахборот сингари, худди шу маънода махфий ҳисобланади ҳамда белгилаш ёки солиқларни йиғиш ёхуд мажбурий ундириш ёки мазкур Битим татбиқ этиладиган солиқларга нисбатан апелляция тартибида кўриб чиқиш билан машғул шахслар ёки давлат органларига очиб берилади. Бундай шахслар ёки органлар бу ахборотдан фақат шу мақсадларда фойдаланадилар. Улар Ушбу ахборотни очиқ суд мажлиси вақтида ёки суд қарорлари қабул қилиш чоғида очишлари мумкин.
3. Ҳеч қандай ҳолатда 1-банд қоидалари Аҳдлашаётган Давлатлардан бирининг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкловчи қоидалар сифатида талқин қилинмайди:
(а) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунларига зид бўлган маъмурий чоралар ўтказиш;
(б) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг миллий қонунларига кўра олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш;
(в) савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки хизмат сирини ёхуд савдо жараёнини очиб берувчи ахборотни ёки очилиши давлат сиёсатига (оммавий тартиб ҳақида изоҳ) зид келиши мумкин бўлган ахборотни тақдим этиш.
4. Агар ахборот бир Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур моддага мувофиқ сўралса, бошқа Аҳдлашувчи Давлат сўралган ахборотни олиш учун, ҳатто агар бундай ахборот ушбу бошқа Давлатга ўз солиқ мақсадлари учун талаб қилинмаса-да, ахборот йиғиш бўйича ўз чора-тадбирларидан фойдаланиши керак. Бундан аввалги жумлада келтирилган мажбурият 3-банднинг қоидалари билан чекланган объект ҳисобланади, бироқ ҳеч қандай ҳолда бундай чекловлар Аҳдлашувчи Давлатга фақат унга бўлган ички манфаатдорликнинг йўқлиги сабабли ахборот тақдим этишдан бош тортишга рухсат беради деб қараш мумкин эмас.
5. 3-банднинг бирорта қоидаси Аҳдлашувчи Давлатга фақат ахборотнинг эгаси банк, бошқа молиявий муассаса ёки ишончли вакил ҳисобланган шахс ҳисобланиши ёки ахборот шахснинг мулк ҳуқуқларига кириши сабабли ахборот тақдим этишдан воз кечишга рухсат беради деб қаралмайди.
2-модда
Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар бири ички қонунчиликка мувофиқ талаб этиладиган ушбу Битимнинг кучга кириш таомили якунлангани тўғрисида дипломатик каналлар орқали бир-бирини хабардор қилади. Ушбу Битим охирги шундай хабарнома олингандан ўттиз кундан кейин кучга киради.
3-модда
Мазкур Протокол Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва ўзининг амал қилишини Битимнинг амал қилиши тўхтатилган санадан бошлаб тўхтатади.
Буни тасдиқлаш учун тегишли тарзда бунга ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар, мазкур Протоколни имзоладилар.
Пекин шаҳрида 2011 йил 18 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Протокол қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2011 й., 3-4-сон)