Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Европа Иттифоқи билан Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикасида Европа иттифоқи делегациясини таъсис этиш унинг имтиёзлари ва иммунитетлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Европа Иттифоқи билан Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти, бундан кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Европа Иттифоқи билан Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти ўртасида дўстона муносабатларни ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга интилиб,
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Европа Иттифоқи Делегациясини таъсис этиш ва шунингдек ушбу Делегациянинг имтиёз ва иммунитетларини расмийлаштириш шартларини белгилаб олиш мақсадида қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўз ҳудудида бундан кейинги ўринларда «Делегация» деб аталувчи Европа Иттифоқи Делегациясини таъсис этишга розилик билдиради.
2-модда
1. Европа Иттифоқи ва Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳуқуқ субъектлилигидан фойдаланадилар.
2. Европа Иттифоқи ва Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги талабларига мувофиқ шартномалар тузиш, ўз вазифаларини самарали бажариш учун керак бўлган кўчмас ва кўчар мулкка эга бўлиш ва тасарруф этиш, процессуал жараёнларни амалга ошириш ҳуқуқ лаёқатига эга бўладилар ва шу мақсадларда Делегация Раҳбари орқали намоён этиладилар.
3-модда
1. Делегация, унинг Раҳбари ва ходимлари, шунингдек улар билан бирга яшаётган оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясида белгиланган ва тегишлича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, уларнинг раҳбарлари, ходимлари ва шунингдек улар билан бирга яшаётган оила аъзоларига бериладиган ҳуқуқ, имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларга эга бўладилар.
2. 1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясининг бошқа қоидалари mutatis mutandis шарти билан қўлланилади.
3. Ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳуқуқ, имтиёз ва иммунитетлар Европа Иттифоқи тўғрисидаги Шартномага, Европа Иттифоқининг фаолияти тўғрисидаги Шартнома ҳамда Европа Атом Энергияси Ҳамжамиятини таъсис этиш тўғрисидаги Шартномага илова қилинган Европа Иттифоқи имтиёзлари ва иммунитетлари тўғрисидаги 7 Протоколнинг 16-моддаси қоидаларига мувофиқ, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ўзбекистон Республикасининг Миссияси, унинг Раҳбари ва ходимлари ва шунингдек улар билан бирга яшаётган оила аъзоларига худди шу ҳуқуқ, имтиёз ва иммунитетларни тақдим этилиши шарти билан қўлланилади.
4-модда
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки резидентлари (жисмоний шахслари) ҳисобланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доим яшайдиган Делегация ходимлари Ўзбекистон Республикаси 1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясига мувофиқ шу тоифадаги дипломатик ваколатхоналар ходимлари учун тақдим этадиган имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадилар.
5-модда
1. Ушбу билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Европа Иттифоқи ўз муассасаларининг мансабдор шахслари ва бошқа хизматчиларига берадиган хизмат паспортини (laissez-passer) сафар қилиш ҳуқуқини берувчи тўлақонли ҳужжат сифатида тан олади.
2. Сафар қилиш ҳуқуқини берувчи янги ҳужжат жорий қилинган ёки амалдаги хизмат паспортларига ўзгартишлар киритилган тақдирда улар жорий этилишидан ўттиз кун илгари Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматини хабардор қилади ва дипломатик каналлар орқали янги ёки ўзгартирилган ҳужжатларнинг намуналарини тақдим қилади.
6-модда
Дипломатик алоқалар тўғрисида 1961 йил 18 апрелдаги Вена конвенциясига мувофиқ Делегация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабарномалар юбориш орқали Делегация ходимларининг сони, исмлари ва фуқароликлари тўғрисида доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматини хабардор қилиб туради.
7-модда
Дипломатик алоқалар тўғрисида 1961 йил 18 апрелдаги Вена конвенциясига мувофиқ имтиёз ва иммунитетлар Делегация Раҳбари ва ходимларига фақат Европа Иттифоқи манфаатлари учун тақдим этилади. Улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсий манфаати йўлида профессионал ёки тижорат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин эмас.
8-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш билан боғлиқ барча низолар Томонлар ўртасида келишувга эришиш мақсадида ўтказиладиган музокаралар орқали ҳал этилади.
9-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра алоҳида Протоколлар шаклида расмийлаштириладиган ва Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
1. Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб вақтинча қўлланилади ва Европа Иттифоқи ва Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигида унинг кучга кириши учун кўзда тутилган амалларнинг бажарилганлиги тўғрисидаги билдиришнома қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилади ва Томонлардан бири Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали бошқа Томонни хабардор этганидан олти ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
ЮҚОРИДАГИЛАРНИ ТАСДИҚЛАБ, имзо чекиш ҳуқуқига қонунан эга бўлган қуйидаги шахслар мазкур Битимни ўзбек ва инглиз тилларидаги тенг кучга эга икки нусхада имзоладилар.
Брюссель шаҳрида 2011 йил 24 январда имзоланди.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2011 й., 3-4-сон)