Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Билан Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Ҳукумати ўртасида
Битим
Божхона иши соҳасида ўзаро ёрдам тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Ҳукумати, бундан кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
божхона қонунчилигини бузиш улар мамлакатларининг иқтисодий, фискал, саноат, савдо ва маданий манфаатларига зарар етказади, деб ҳисоблаб,
товарларни импорт ёки экспорт қилишда олинадиган божхона божлари ва бошқа солиқларни аниқ ҳисоблаш ва шунингдек бундай товарларнинг қиймати ва келиб чиқишини тўғри белгилашнинг муҳимлигини англаб,
идора қилиш ва божхона қонунчилигига риоя этиш масалаларида халқаро ҳамкорликка бўлган эҳтиёжни эътироф этиб,
божхона қонунчилигини бузишининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз мамлакатлари божхона органларининг яқиндан ҳамкорлиги воситасида янада самарали бўлиши мумкинлигига ишонган ҳолда,
Божхона ҳамкорлиги Кенгашининг ўзаро маъмурий кўмаклашиш ҳақидаги 1953 йил 5 декабрдаги Тавсияларини эътиборга олиб,
Шунингдек, 1988 йил 20 декабрдаги БМТнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисидаги Конвенциясини эътиборга олиб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битим мақсадлари учун:
1. «божхона қонунчилиги» — товарларни импорт, экспорт ва транзит қилишда ёки ҳар қандай бошқа божхона тартибида қўлланувчи, божхона қонун ҳужжатларига мувофиқ божлар, бошқа йиғимлар ёки тўловлар олишни ёки божхона органлари томонидан тақиқлаш, чеклаш ва назорат чораларининг қўлланишини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни англатади;
2. «божхона органи» Ўзбекистон Республикасида Давлат божхона қўмитасини, Иордания Ҳошимийлар Қироллигида Иордания божхонасини англатади;
3. «сўраётган орган» мазкур Битимга мувофиқ ёрдам кўрсатишни сўраётган божхона органини англатади;
4. «сўралаётган орган» мазкур Битимга мувофиқ ёрдам тўғрисидаги сўровни қабул қилаётган божхона органини англатади;
5. «божхона ҳуқуқбузарлиги» божхона қонунчилигини ҳар қандай бузиш ёки бузишга уринишни англатади;
6. «божхона божлари» Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудларида божхона қонунчилигига мувофиқ ҳисобланадиган ва ундириладиган барча божлар, солиқлар, тўловлар ва/ёки бошқа йиғимларни англатади, миқдори кўрсатилган хизматларнинг тахминий қийматига қадар чегараланган йиғимлар бундан мустасно;
7. «шахслар тўғрисида маълумотлар» аниқланган ёки аниқланаётган шахсга тааллуқли барча маълумотни англатади;
8. «наркотик воситалар» Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг миллий қонунчилиги томонидан 1961 йил 25 мартда қабул қилинган БМТнинг наркотик воситалар тўғрисидаги ягона Конвенциясининг наркотик воситалар рўйхатлари асосида, кейинги ўзгартиш ва қўшимчалар билан белгиланган моддаларни англатади;
9. «психотроп моддалар» Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг миллий қонунчилиги томонидан 1971 йил 21 февралда қабул қилинган БМТнинг психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенциясининг психотроп моддалар рўйхатлари асосида, кейинги ўзгартиш ва қўшимчалар билан белгиланган моддаларни англатади.
2-модда
Битимни қўллаш соҳаси
Битимни қўллаш соҳаси
1. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона органлари божхона қонунчилигини тегишлича қўллаш ва хусусан, божхона қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш, аниқлаш, уларга қарши курашиш ва текшириш мақсадида, тегишли тарзда ва ушбу Битим қоидаларига риоя этган ҳолда бир-бирига ёрдам кўрсатадилар.
2. Ушбу Битимга мувофиқ кўрсатиладиган барча ёрдам сўралаётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
3-модда
Сўровнома бўйича ёрдам кўрсатиш
Сўровнома бўйича ёрдам кўрсатиш
1. Сўраётган органнинг сўровномасига кўра сўралаётган орган божхона қонунчилигига риоя этишни таъминлашга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган барча тегишли маълумотни, шу жумладан, булардан ташқари, товарларни транспортда ташиш ва юклаб жўнатиш, бундай товарларнинг жойлаштирилиши ва нимага мўлжалланганлиги, уларнинг қиймати ва келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек божхона қонунчилигининг бузилишини келтириб чиқарган ёхуд келтириб чиқариши мумкин бўлган содир этилган ёки режалаштирилаётган ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
2. Сўраётган органнинг сўровномасига кўра сўралаётган орган бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан олиб чиқилган товарларнинг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига тегишли равишда олиб кирилгани тўғрисида, зарур бўлганда товарларга нисбатан жорий этилган божхона тартибини аниқлаган ҳолда маълумот беради.
3. Сўраётган органнинг сўровномасига кўра сўралаётган орган қуйидагилар устидан назоратни таъминлаш учун зарур чораларни кўради:
а) муайян жисмоний ёки юридик шахслар, агар улар сўраётган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида божхона қонунчилигини бузаётган ёки бузган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса;
b) сўраётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудига ноқонуний равишда импорт қилишга мўлжалланган деб гумон қилиш учун асос бўладиган тарзда товарлар сақланаётган жойлар;
с) сўраётган орган сўралаётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида божхона қонунчилигининг жиддий бузилишига олиб келиши мумкинлиги тўғрисида хабардор қилаётган товарларнинг кўчирилиши;
d) сўраётган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида божхона қонунчилигини бузиш мақсадида фойдаланилаётгани ёки фойдаланиш мумкинлиги маълум бўлган ёхуд гумон қилинаётган транспорт воситалари.
4-модда
Ихтиёрий ёрдам кўрсатиш
Ихтиёрий ёрдам кўрсатиш
Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона органлари ўз ваколатлари доирасида агар уларнинг фикрига кўра, бу божхона қонунчилигига тегишлича риоя этиш учун зарур бўлса, хусусан, улар қуйидагиларга тааллуқли бўлган маълумотлар олсалар, бир-бирига ёрдам кўрсатадилар:
а) божхона қонунчилигини бузган, бузаётган ёки бузиши мумкин бўлган ва бошқа Аҳдлашувчи Томон учун аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган ҳаракатлар;
b) божхона қонунчилигини бузиш мақсадида фойдаланиладиган янги восита ёки усуллар;
с) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида божхона қонунчилиги жиддий бузилишининг объекти сифатида маълум бўлган товарлар.
5-модда
Техник ёрдам
Техник ёрдам
Ушбу Битим доирасида ёрдам кўрсатиш, шунингдек қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади:
а) божхона қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш мақсадида фойдаланилиши мумкин бўлган мажбурлов чоралари;
b) божхона қонунчилигини бузиш мақсадида фойдаланиладиган янги усуллар;
с) йўловчилар ва товарларни расмийлаштиришнинг янги технологиялари ва такомиллаштирилган усуллари.
6-модда
Тақдим этиш/Хабардор қилиш
Тақдим этиш/Хабардор қилиш
Сўраётган органнинг сўровномасига асосан сўралаётган орган ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ:
а) сўралаётган ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш;
b) ўз давлати ҳудудида яшаётган ёки жойлашган адресатга ушбу Битим доирасида қабул қилинган қарорлар тўғрисида маълум қилиш мақсадида барча зарур чораларни кўради.
7-модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровноманинг шакли ва мазмуни
Ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровноманинг шакли ва мазмуни
1. Сўровномалар ушбу Битимга мувофиқ ёзма шаклда юборилади. Бундай сўровномаларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар сўровномага илова қилинади. Заруриятга қараб шошилинч ҳолатларда оғзаки ёки электрон сўровнома қабул қилиниши мумкин, аммо у дарҳол ёзма шаклда тасдиқланиши лозим.
2. Ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган сўровномалар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
а) сўровнома юбораётган органнинг номи;
b) сўралаётган чора;
с) сўровноманинг мақсади ва сабаби;
d) қонун-қоидалар ва бошқа тегишли ҳуқуқий нормалар;
е) сўралаётган жисмоний ёки юридик шахсларнинг номлари тўғрисида мумкин қадар аниқ ва батафсил маълумотлар;
f) 6-моддада назарда тутилган ҳолатлардан ташқари тегишли фактлар тавсифи;
g) сўралаётган ёрдам билан сўралаётган ишнинг бир-бирига алоқадорлиги.
3. Сўровномалар инглиз тилида амалга оширилади.
4. а) Ёрдам Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг тегишли божхона органлари ўртасида бевосита алоқа йўли билан кўрсатилади.
b) Агар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг божхона органи сўровномани бажаришга ваколатли орган бўлмаса, у сўровномани ваколатли органга топширади, ушбу орган ўз ваколатларига мувофиқ миллий қонунчилик доирасида уни бажаради, ёки сўраётган органни бундай сўровномани бажариш учун зарур бўлган тегишли тартиб тўғрисида хабардор қилади.
5. Сўровнома расмий талабларга жавоб бермаса, сўралаётган Томон уни тузатишни талаб қилиши мумкин.
8-модда
Сўровномаларни бажариш
Сўровномаларни бажариш
1. Ҳар икки Аҳдлашувчи Томон сўровноманинг бажарилиши учун барча керакли бўлган чораларни кўради.
2. Бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг божхона органи бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати божхона органининг сўровномаси бўйича зарур текширув ўтказади, шу жумладан экспертлар ва гувоҳлар ёки божхона қонунчилигини бузишда гумон қилинаётган шахслар билан сўроқ ўтказади ва ушбу Битимда кўрсатилган масалалар билан боғлиқ фактлар юзасидан тасдиқлаш, кўздан кечириш ва фактларни аниқлаш бўйича чоралар кўради.
9-модда
Маълумотларни тақдим этиш шакли
Маълумотларни тақдим этиш шакли
Сўралаётган орган сўраётган органга текширувлар натижаларини юборади.
10-модда
Ёрдам кўрсатиш бўйича мажбуриятлардан истиснолар
Ёрдам кўрсатиш бўйича мажбуриятлардан истиснолар
1. Агар сўралаётган орган сўралаётган ёрдам ўз давлатининг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартибига ёки бошқа муҳим миллий манфаатларига зарар етказади ёки маълумотлар махфийлигининг бузилишига олиб келади, ёхуд миллий қонунчиликка зид бўлади, деб ҳисобласа, унда ёрдам рад қилиниши мумкин ёхуд унинг бажарилиши муайян шарт ёки талаблар муҳокамасининг мавзуси бўлиши мумкин. Сўровнома божхона божларини тартибга солишдан бошқа валюта ва солиқ бўйича тартибга солиш масалаларига дахлдор бўлса ҳам ёрдам рад қилиниши мумкин.
2. Агар сўраётган орган унинг ўзи кўрсата олмайдиган ёрдамни кўрсатишни сўраётган бўлса, унда ушбу орган ўз сўровномасида ушбу фактга эътиборни қаратиши лозим. Бундай сўровномани бажариш сўралаётган орган ихтиёрига боғлиқ бўлади.
3. Агар ёрдам кўрсатиш кечиктирилган ёки рад этилган бўлса, унда сўраётган органга ушбунинг сабаблари ва ечимлари тўғрисида кечиктирилмасдан хабар берилади.
11-модда
Махфийликка риоя қилиш мажбурияти
Махфийликка риоя қилиш мажбурияти
1. Ушбу Битимга мувофиқ бирор шаклда бериладиган ҳар қандай маълумот махфий хусусиятга эга бўлади ва ушбу Битим доирасидан ташқарида ишлатилмайди ҳамда учинчи томонга ошкор этилиши мумкин эмас.
2. Шахслар тўғрисидаги маълумотлар Аҳдлашувчи Томонларнинг қонунчилигига мувофиқ шахсий маълумотлар учун эквивалент ҳимоя даражаси тақдим этилганидагина берилиши мумкин.
12-модда
Маълумотлардан фойдаланиш
Маълумотлардан фойдаланиш
1. Ўзаро ёрдам доирасида олинган маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа хабарлардан фақат Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ ҳамда ушбу Битимда белгиланган мақсадларда, шу жумладан жиноят ва маъмурий суд ишларида фойдаланиш мумкин.
2. Сўраётган орган ушбу Битимга кўра олинган далиллар ёки маълумотлардан сўралаётган органнинг олдиндан ёзма розилигисиз сўровномада кўрсатилганидан бошқа мақсадларда фойдаланмайди.
3. Агар ушбу Битим доирасида шахслар тўғрисидаги маълумотлар алмашилаётган бўлса, Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона органлари улардан фақат сўровномада кўрсатилган мақсадларда ҳамда сўралаётган орган қўйиши мумкин бўлган шартларга мувофиқ фойдаланилади.
4. Ушбу модданинг 1 ва 2-бандлари қоидалари наркотик воситалар, психотроп моддалар билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликларга тааллуқли маълумотларга нисбатан қўлланилмайди. Бундай маълумот сўраётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши курашга бевосита жалб қилинган органларига берилиши мумкин.
13-модда
Ишлар, ҳужжатлар ва гувоҳлар
Ишлар, ҳужжатлар ва гувоҳлар
1. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона органлари сўровномага кўра товарларни транспортда ташиш ва юклаб жўнатишга тааллуқли ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини бундай товарларнинг қийматини, келиб чиқишини, турган жойини ва тайинланган манзилини кўрсатиш билан тақдим этадилар.
2. Бир Аҳдлашувчи Томон давлати божхона органининг сўровномасига кўра бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати божхона органи ўз ихтиёрига кўра ходимларига уларнинг розилиги билан сўраётган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида маъмурий ишларни юритиш чоғида гувоҳлар ёки экспертлар сифатида иштирок этиш ваколатини беради ва бундай ишлар, ҳужжатлар ва бошқа материаллар ёки уларнинг аслига тўғри нусхаларини тақдим этади.
14-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Божхона органлари экспертлар ва гувоҳларга ҳақ тўлаш, шунингдек сўраётган божхона органи томонидан қопланиши лозим бўлган давлат хизматчиси бўлмаган таржимонларнинг оғзаки ва ёзма таржималари учун харажатлардан ташқари, ушбу Битим қоидаларини бажариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплашга мажбур эмас.
2. Сўровномани бажариш катта харажатларни талаб этса, Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона органлари сўровнома бажариладиган муддат ва шартларни, шунингдек харажатлар қандай тарзда қопланишини белгилаш учун маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
15-модда
Битимнинг қўлланиши
Битимнинг қўлланиши
1. Ушбу Битимни бажариш Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона органлари зиммасига юкланади. Улар Битимни бажариш учун барча амалий чораларни ва шартларни қабул қиладилар.
2. Ушбу Битимнинг айрим қоидаларини бажариш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона органлари қўшимча битимлар ва протоколлар тузишлари мумкин.
3. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва кўллаш муносабати билан юзага келадиган барча низолар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ёхуд дипломатик каналлар орқали ҳал этилади.
16-модда
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилгани ҳақида дипломатик каналлар сўнгги хабарнома олинган санадан кейинги иккинчи ойнинг биринчи кунида кучга киради.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро ёзма келишуви бўйича мазкур Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиш ва қўшимчалар мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштирилади ва ушбу модданинг 1-банди қоидаларига биноан кучга киради.
3. Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилди ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни ўзининг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабардор қилмагунча амал қилади. Битимнинг амал қилиши бундай хабар олингандан сўнг 6 ой ўтгач тўхтатилади. Ушбу моддага мувофиқ Битим амал қилишининг тўхтатилиши, тўхтатишга қадар бошланган ва лекин тугалланмаган тадбирларга нисбатан дахл қилмайди ва бундай тадбирлар мазкур Битимнинг қоидаларига мувофиқ тугалланади.
Юқоридагиларни тасдиқлаш мақсадида ўз ҳукуматлари томонидан ваколатга эга бўлганлар қуйидаги имзоларни чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2011 йил 30 мартда ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда инглиз тилидаги матн устувор бўлади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2011 й., 3-4-сон,)