Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2011-2012 ЙИЛЛАРДА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ ПИСКЕНТ ТУМАНИНИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР КОМПЛЕКС ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тошкент вилояти Пискент туманининг иқтисодий салоҳиятини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш, ер, сув ва меҳнат ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2011-2012 йилларда Тошкент вилоятининг Пискент туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага* мувофиқ;
*1-илова берилмайди.
Пискент туманидаги «нол» қийматида инвестиция киритиш шарти билан инвесторларга бепул бериладиган фойдаланилмаётган ва бўш турган объектлар рўйхати 2-иловага* мувофиқ;
*2-илова берилмайди.
Пискент туманидаги оммавий савдолар орқали сотиладиган бўш турган объектлар рўйхати 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*3-илова берилмайди.
2. Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш даражасини ошириш;
тижорат банклари томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш;
саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳамда мавжуд қувватларни модернизация қилиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришда замонавий агросаноат технологияларини амалиётга татбиқ этиш, қишлоқ хўжалигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, жумладан ички йўлларни таъмирлаш, аҳолини ичимлик сув, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш ҳамда бошқа ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш даражасини яхшилаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2 ва 3-иловаларга мувофиқ хусусийлаштирилиши белгиланган давлат объектларини савдоларга қўйиш бўйича тегишли чоралар кўрилишини таъминласин.
Белгилаб қўйилсинки, 2-иловага мувофиқ Пискент туманида «нол» қийматида инвестиция киритиш шарти билан инвесторларга бепул бериладиган фойдаланилмаётган ва бўш турган объектлар Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ҳудудий танлов комиссиясининг қарорига асосан белгиланган тартибда сотилади.
4. Дастурга киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш бўйича 4-иловага* мувофиқ таркибда Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ ташкил этилсин.
*4-илова берилмайди.
5. Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.
6. Дастурни амалга ошириш учун масъул бўлган Тошкент вилояти ва Пискент тумани ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари:
белгиланган чора-тадбирларнинг Дастурда назарда тутилган параметрлар ва муддатларга мувофиқ тўлиқ бажарилишини таъминласинлар;
ҳар ойда барча йўналишлар бўйича Дастур параметрлари бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борсинлар, уларни ҳал этиш юзасидан зарур тезкор ва қатъий чора-тадбирлар кўрсинлар;
ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига Дастурнинг бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим этсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳар чорак якунида тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда мазкур Дастурнинг бажарилиши ҳолати ҳақида материалларни кўриб чиқиш учун Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳга киритсин.
8. Тошкент вилояти ва Пискент тумани ҳокимликлари ер участкалари ва тураржой бўлмаган объектларни ажратишда, шунингдек бизнесни ташкил этиш учун зарур бўлган рўйхатдан ўтказиш тартиботларини амалга оширишда лойиҳалар ташаббускорларига ҳар томонлама кўмаклашсинлар.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов ва Тошкент вилояти ҳокими Р.Қ. Холматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 27 апрель,
120-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 17-сон, 171-модда)