Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«ЎЗУЛГУРЖИСАВДОИНВЕСТ» УЮШМАСИ ТУЗИЛМАСИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ ВА ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 апрелдаги ПҚ-2517-сонли «Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси — «Ўзбекозиқовқатзахира»ни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ички истеъмол бозорини тўлдириш ва аҳолини, биринчи навбатда қиш-баҳор даврида мева-сабзавот маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда уни экспортга етказиб беришни кенгайтириш мақсадида:
1. Мулк ва активлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги «Мулк-Инвест» ДУК балансида бўлган улгуржи ташкилотлар 1-иловага* мувофиқ «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмаси таркибига ўтказилсин.
*1-илова рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, «Ўзулгуржисавдоинвест» Уюшмаси мазкур улгуржи ташкилотларни тегишли моддий-техника базаси, биринчи навбатда мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш ҳамда сақлаш учун зарур бўлган музлатиш камералари ва омборхоналари билан бирга топширилишини белгиланган тартибда амалга оширсин.
2. «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмаси қатнашчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2-иловага* мувофиқ республика ихтисослаштирилган улгуржи база-конторалар уларнинг ҳудудий базалари тармоғи билан бирга уюшма таркибидан ихтиёрий равишда чиқиш, кейинчалик улар мустақил хўжалик юритувчи субъект сифатида фаолият олиб бориши тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
*2-илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Қуйидагилар:
«Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмасининг ташкилий тузилмаси ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар рўйхати 3 ва 3а-иловаларга* мувофиқ;
*3 ва 3а-иловалари рус тилидаги матнда берилган.
бошқарув ходимларининг чекланган сони 25 нафар бўлган «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмаси ижро этувчи аппаратининг янги тузилмаси 4-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
*4-илова рус тилидаги матнда берилган.
4. Қуйидагилар «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари Уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари деб белгилансин:
етиштирилган маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини, айниқса янги мева-сабзавот маҳсулоти, узум ва полиз маҳсулотини жамлаш ҳамда уларни экспортга етказиб беришни ташкил қилиш;
мева-сабзавот ва картошка маҳсулотларини фермер ҳамда деҳқон хўжаликларидан харид қилиш, уни пухта сақлаш ва қиш-баҳор даврида аҳолини ушбу маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш;
ички истеъмол бозори конъюнктурасини маркетинг жиҳатдан ўрганиш, хусусан қишлоқ жойлардаги, олис ҳамда етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларидаги чакана савдо тармоғини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаб туриш чора-тадбирларини амалга ошириш;
улгуржи ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича ишларни ташкил этиш, тайёр озиқ-овқат товарлари ва янги мева-сабзавот маҳсулотлари учун ихтисослаштирилган омборхоналар қуришни, реконструкциялаш ва модернизация қилишни таъминлаш, уларни замонавий омбор, савдо ва музлатиш ускуналари билан жиҳозлаш;
уюшма таркибига кирувчи улгуржи базалар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашда уларга кўмаклашиш.
5. «Ўзулгуржисавдоинвест» Уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда уюшманинг Уставига ва таъсис шартномасига ўзгартишлар киритсин, уларни тасдиқласин ва белгиланган тартибда рўйхатга олсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 6 мартдаги ПҚ-300-сон қарорининг 1 ва 2-бандлари ҳамда унинг 1 ва 2-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мувофиқ ҳолга келтирилишини таъминласин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 30 март,
ПҚ-1514-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 12-13-сон, 115-модда)