Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ПАХТАНИНГ ХАРИД НАРХЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Етиштирилган пахта ҳосилини тезроқ йиғиб-териб олишда қишлоқ хўжалиги меҳнатчиларини рағбатлантириш, моддий-техника ва энергетика ресурсларига ошиб кетган харажатларни қоплаш, шунингдек хўжаликларнинг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. 1992 йилги ҳосилдан бошлаб давлат буюртмаси ҳисобидан давлатга сотиладиган пахтанинг амалдаги харид нархлари 1,5 баравар оширилсин (хўжаликлар пахта тайёрлаш режасидаги маҳсулотнинг 15 фоизини ва режадан ташқари пахта ҳажмини эркин шартномавий нархларда сотадилар).
2. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг 1-бандига мувофиқ пахта заводларининг сотилган пахта учун хўжаликлар билан ҳисоб-китоб қилиш тартибини ишлаб чиқсин. Бунда даромадлар холисона тақсимланиши кўзда тутилиб, молиявий қоидалар бузилишига ва суиистеъмолларга йўл қўйилмасин.
3. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги пахтанинг янги нархлари ҳамда пахта толасининг улгуржи нархлари прейскурантларини ишлаб чиқиб, тегишли вазирликлар ва идораларга етказсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 22 октябрь,
ПФ-481-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 12-сон, 453-модда)