Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
1998 ЙИЛДА ШОЛИ ЭКИЛАДИГАН МАЙДОНЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида шоли етиштириш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўздонмаҳсулот» давлат корпорациясининг 1998 йилда қишлоқ хўжалиги корхоналарида шоли экиладиган майдонлар ҳажми кутиладиган сув таъминотини ҳисобга олган ҳолда шолининг ялпи ҳосили ва давлат ресурслари учун тайёрланадиган шоли миқдори тўғрисидаги таклифига иловага мувофиқ розилик берилсин.
2. Бунда шоли асосан ихтисослаштирилган шоликор хўжаликларда ва сув билан кафолатли таъминланган зоналарда жойлаштирилсин. Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари хўжаликларида шоли экилишига йўл қўйилмасин.
3. Суғориладиган ерлардан юқори самарали фойдаланишни ташкил этиш, шолидан юқори ҳосил олиш ва шу асосда шоли етиштириш ҳажмлари сезиларли даражада кўпайтирилишини таъминлаш Қишлоқ ва сув хўжалига вазирлиги, «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» компанияси, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминот-тузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг биринчи даражали вазифаси деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 24 июндаги 317-сон қарорининг шоли экиладиган майдонларга оид қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. «Ўздонмаҳсулот» давлат корпорацияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда шу йил 1 мартгача шоликор хўжаликлар билан шолини шартномавий нархда харид қилиш юзасидан контрактация шартномалари тузилишини таъминласинлар ва шоли қийматининг камида 40 фоизи миқдорида аванс берсинлар.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И. Х. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 15 январь,
25-сон
1998 йилда шоли экиш майдони ялпи ҳосил ва тайёрлаш
| | Жами минг гектар | Ялпи ҳосил минг тонна | Давлат ресурсларига тайёрлаш, минг тонна |
| Қорақалпоғистон Республикаси | 75 | 323 | 161 |
| вилоятлар: | | | |
| Сурхондарё | 5,6 | 24,1 | 12 |
| Сирдарё | 7 | 30,1 | 15 |
| Тошкент | 11,4 | 49,6 | 25 |
| Хоразм | 38 | 174,7 | 87 |
| Жами | 137 | 601,5 | 300 |