Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛИЙ РАҚС ВА ХОРЕОГРАФИЯ САНЪАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 майдаги 270-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 15 февралдаги ПҚ–2778-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида» 1997 йил 8 январдаги Фармонини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. М.Турғунбоева номидаги «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси Низоми, унинг таркибига кирувчи ижодий жамоалар ва ташкилотлар рўйхати, бирлашма дирекцияси штатлар жадвали ва тузилиши 1, 2, 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўзбекрақс» бирлашмаси бир ой муддатда бирлашма таркибига кирувчи жамоаларнинг амалдаги тузилмаси ва Низомини кўриб чиқиб, тасдиқласин.
3. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекрақс» бирлашмасига Бош директор — Бошқарув раиси раҳбарлик қилади. Бош директор Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг ҳайъати аъзоси ҳисобланади.
Бош директор ва унинг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 6 июлдаги 157-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2005 й., 27-сон, 192-модда)
4. «Ўзбекрақс» бирлашмаси қошида ижодий жамоаларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида махсус Жамғарма ташкил этилсин.
Давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамда мулкчилик шакллари, идоравий бўйсунишидан қатъи назар, бошқа муассасалар, шунингдек хорижий ташкилотлар Жамғарма ҳаммуассислари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда «Ўзбекрақс» бирлашмаси қошидаги махсус Жамғарма низомини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги М.Турғунбоева номидаги «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмасини Мустақиллик майдони, 5-уйга, шу жумладан, «Баҳор» концерт залига жойлаштиришни ҳал қилсин.
6. «Ўзбекнаво» гастроль-концерт бирлашмаси ва «Ўзтелерадио» компанияси бир ой муддат ичида «Ўзбекрақс» бирлашмаси таркибига кираётган рақс жамоаларининг мулкларини ўз балансларидан унинг балансига ўтказсинлар.
Белгилаб қўйилсинки, «Тановар» ансамбли «Ўзтелерадио» компанияси биносида ўзи эгаллаб турган хона, зал ва студиялардан ижара ҳақи тўламасдан фойдаланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги:
(7-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 6 июлдаги 157-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2005 й., 27-сон, 192-модда)
Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «Ўзбекрақс» бирлашмасини 2002 йилдан тўла хўжалик ҳисобида ва ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш асосида ишлашга ўтказиш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография Олий мактабини Тошкент шаҳар, Юсуф Хос Ҳожиб кўчаси, 31-уйга жойлаштирсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Олий мактаб Низоми ва тузилмасини, ўқув режалари ва дастурларини ҳамда мутахассисликлар рўйхатини тасдиқласин;
1997-1998 ўқув йилидан эътиборан машғулотларни бошлаш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқсин;
миллий рақс ва халқ ижодиётини ривожлантириш, ёш истеъдод эгаларини аниқлаш мақсадида ҳар йили М.Турғунбоева номидаги республика кўрик-танловини ўтказсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида» 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарори билан белгиланган имтиёзлар Тошкент давлат миллий рақс ва хореография Олий мактабига, шунингдек «Ўзбекрақс» бирлашмасига ҳам жорий этилсин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография Олий мактаби машғулот залининг қурилиши учун ер майдони ажратсин.
10. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси машғулот залининг қурилишини 1998 йилги инвестиция дастурида белгиланган тартибда инобатга олсин.
Машғулот залининг қурилиши учун Маданият ишлари вазирлиги бош буюртмачи этиб белгилансин ва вазирлик бош пудратчини аниқлаш учун тендер эълон қилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
«Ўзбекрақс» бирлашмаси тўлиқ ўз харажатларини ўзи қоплашга ўтгунга қадар давлат бюджетидан маблағ билан таъминлашни сақлаб қолсин;
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография Олий мактаби ҳамда «Ўзбекрақс» бирлашмаси биноларини таъмирлаш учун Маданият ишлари вазирлигининг буюртмасига мувофиқ 1997-1999 йиллар мобайнида маблағ ажратсин;
М.Турғунбоева номидаги республика кўрик-танлови совриндорларини тақдирлаш учун 4-иловага мувофиқ ҳар йили зарур маблағларни ажратишни назарда тутсин;
«Ўзбекрақс» бирлашмасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 5-иловага мувофиқ маблағ ажратсин;
«Ўзбекрақс» бирлашмаси дирекциясига хизмат кўрсатиш учун 2 та, Олий мактаб учун 1 та енгил автомобилга лимит ажратсин.
12. «Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси «Ўзбекрақс» бирлашмаси ва Олий мактабга ажратилган лимитга мувофиқ транспорт хизмати кўрсатишни таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хорижий ҳамкорлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун «Ўзбекрақс» бирлашмаси ва Олий мактабга белгиланган тартибда пул маблағларини эркин муомаладаги валютага айирбошлашни таъминласин.
14. «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмасига мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар (ташкилотлар), шу жумладан хорижий ва қўшма корхоналар(ташкилотлар)га Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 апрелдаги 215-сон қарорида мусиқа ва рақс санъатининг белгиланган турлари билан шуғулланишга махсус рухсатнома (лицензия) олишлари учун ўрнатилган тартибда хулоса бериш ва таклиф киритиш ваколати берилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги «Ўзбекрақс» бирлашмаси ва Олий мактаб учун ҳукумат ва шаҳар телефон алоқаси ўрнатишни таъминласин.
16. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 26 апрелдаги 163-сон қарорига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
мазкур рўйхат қуйидаги мазмундаги бандлар билан тўлдирилсин:
«Томоша» болалар театр студияси
«Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли».
2-илованинг тартиб рақами тегишли ўзгаришлар билан тўғрилансин.
17. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 21 февраль,
101-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 февралдаги 101-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Мукаррама Турғунбоева номидаги «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Мукаррама Турғунбоева номидаги «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси (бундан буён матнда «Ўзбекрақс» деб аталади) рақс жамоалари ва алоҳида ижрочиларни ихтиёрийлик асосида танлов йўли билан бирлаштирувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги мустақил ижодий ишлаб чиқариш тузилмасидир.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 6 июлдаги 157-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2005 й., 27-сон, 192-модда)
2. «Ўзбекрақс» таркибига, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ижодий жамоалар ва алоҳида ижрочилар киришлари мумкин.
3. «Ўзбекрақс» ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.
4. «Ўзбекрақс» юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларига эга бўлади, алоҳида мулкка эгалик қилади, ўз номидан мамлакатимиздаги ва хориждаги ҳамкорлар билан турли шартнома, битимлар тузиши, мулкий ва шахсий, мулкий бўлмаган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар олиши, суд органларида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
5. «Ўзбекрақс» манзили: Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 5-уй, «Баҳор» концерт зали.
II. МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
6. «Ўзбекрақс» мамлакатда миллий рақс санъатини ривожлантириш, ижодий жамоалар ва алоҳида ижрочиларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун куч ва маблағларни бирлаштириш мақсадида ташкил этилган.
7. Қуйидагилар «Ўзбекрақс»нинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган ва авлоддан авлодга ноёб мерос сифатида ўтиб келаётган жозибали рақс намуналарини тўплаш, бойитиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бу бебаҳо бойликларга чуқур ҳурмат ва ҳавас туйғуларини сингдириш, уларда миллий маданиятимиз, қадриятларимизга нисбатан эҳтиром ҳисларини юксалтириш;
мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги рақс йўналишларини асраш, авайлаш, шу асосда янги бадиий жамоалар тузиш, мустақиллик маънавиятини ва истиқлол ғояларини тараннум этувчи, халқимизга эстетик, завқ бағишловчи замонавий ўзбек рақс мактабини яратиш;
бирлашма таркибидаги ижодий жамоаларнинг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ечиш, уларни мусиқа асбоблари, ранг-баранг рақс либослари, замонавий радиоэлектрон техника, зарур анжомлар билан таъминлаш;
рақс санъатини Ўзбекистон халқи, чет мамлакатлар жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш, ансамблларнинг кенг кўламли дастурларга асосланган самарали гастроль фаолиятини уюштириш, реклама-тижорат ишларини йўлга қўйиш;
ижодий жамоалар ва алоҳида ижрочилар томонидан аҳолига маданий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш;
рақс соҳасида гастроль-концерт фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолининг эстетик талаб ва таклифларини ўрганиш;
хорижий фирмалар билан маданий, савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик қилиш юзасидан ўзаро манфаатли ташқи иқтисодий алоқаларнинг янги шаклларини йўлга қўйиш;
кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;
«Ўзбекрақс» таркибидаги жамоалар ҳамда алоҳида ижрочилар фаолиятига раҳбарлик қилишнинг самарали тизимини яратиш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг замонавий шакллари ва услубларини жорий этиш.
III. «ЎЗБЕКРАҚС»НИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
8. «Ўзбекрақс» ўз вазифаларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда:
мамлакатда ва хорижда гастроль-концерт фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шоу-дастурлар, дам олиш кечалари, фестиваллар, кўриклар, танловлар ва бошқа тадбирларни ўтказади;
рақс, мусиқа санъатини ривожлантириш, ижодий жамоалар ва ижрочиларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларни излаб топиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида махсус Жамғарма ташкил этади;
маданий тадбирлар учун чипталар нархининг чекланган даражасини тегишли тартибда белгилайди;
маркетинг, менежмент ва реклама соҳасида хизматлар кўрсатади;
аудио дастурларни ёзиш, кўпайтириш, ижарага бериш ва сотиш шохобчаларини очади;
янги мусиқий ва шеърий асарларни сотиб олади, янги концерт дастурларини яратади;
маданият ва рақс санъати соҳасида ахборотлар базасини яратади, хорижий ташкилотлар, вакилликлар ва фирмаларни бу соҳадаги янгиликлар ҳақида хабардор қилади;
хорижий мамлакатлар ижодий жамоалари билан ҳамкорлик қилади.
IV. «ЎЗБЕКРАҚС»НИНГ МАБЛАҒЛАРИ
9. «Ўзбекрақс»нинг маблағлари:
бюджетдан ажратмалар ёки бошқа марказлаштирилган маблағлар;
ишлаб чиқариш, хўжалик ва молия фаолиятидан тушган даромадлар;
ўз таркибидаги давлат бюджетидан дотация олмайдиган ташкилот, корхона ва муассасаларнинг фойдасидан ажратмалар;
қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил топади.
10. «Ўзбекрақс» ўзига тегишли бўлган мол-мулк ва маблағлардан ўз қатнашчилари манфаатлари йўлида фойдаланади, ҳам мамлакат ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида ҳар қандай кўчадиган ва кўчмас мулкни қуриши ва реконструкция қилиши, сотиб олиши, ажратиши, ижарага олиши ва ижарага бериши, уларга нисбатан қонунга хилоф бўлмаган бошқа ишларни амалга ошириши мумкин.
11. «Ўзбекрақс» мустақил ва йиғма балансларига эга бўлади. Бирлашманинг мол-мулки мустақил балансда акс эттирилади.
12. «Ўзбекрақс» давлат корхоналари учун белгиланган қоидалар бўйича бухгалтерлик ҳисобини ташкил этади.
V. «ЎЗБЕКРАҚС»НИНГ ҚАТНАШЧИЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
13. Юридик ёки жисмоний шахслар ҳисобланувчи, мазкур Низом, бошқа таъсис ҳужжатлари талабларини тан олувчи, бирлашма вазифаларига мувофиқ маданий, ишлаб чиқариш, хўжалик ҳамда фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширувчи маданият ва санъат ташкилотлари, муассасалари, корхоналар ва бирлашмалар «Ўзбекрақс» қатнашчилари бўлишлари мумкин.
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида» 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарори билан белгиланган имтиёзлар Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига, шунингдек «Ўзбекрақс» бирлашмасига ҳам жорий этилади.
15. Қатнашчи ташкилотлар:
бирлашма ва унинг тизимидаги корхоналар хизматларидан шартнома асосида фойдаланиш;
ўзининг ривожланиши йўлида бирлашманинг ижодий, илмий-техник ишланмаларидан ва маҳсулотларидан устувор даражада фойдаланиш;
бирлашманинг қўмита фаолият ҳужжатларида ва муҳрларида «Ўзбекрақс» рамзидан фойдаланиш;
тузилган шартномаларга мувофиқ белгиланган мажбуриятларни сақлаган ҳолда камида олти ой олдин бирлашма бошқарувини хабардор қилиб, бирлашмадан чиқиш ҳуқуқига эга.
16. «Ўзбекрақс» қатнашчиси:
мазкур Низомга риоя қилишга;
бирлашманинг бошқа қатнашчилари билан қўшма фаолият шартларини бажаришга;
қўшма фаолият дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этишга мажбурдир.
17. Қатнашчи ташкилот:
«Ўзбекрақс» ёки унинг ҳар қандай қатнашчиси билан тузилган шартномаларни бажармаганлиги учун ушбу шартномалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда жавоб беради;
«Ўзбекрақс» тўғрисидаги Низом қоидаларига риоя қилмаганлиги учун бирлашма таркибидан чиқарилиши мумкин.
VI. «ЎЗБЕКРАҚС»НИНГ БОШҚАРУВ ТИЗИМИ
18. «Ўзбекрақс» бирлашмасига Бош директор раҳбарлик қилади. Бош директор раҳбарлигидаги бошқарув унинг тасарруф этувчи органи ҳисобланади.
Бош директор ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.
«Ўзбекрақс»нинг Бош директори Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳайъатининг аъзоси ҳисобланади.
Бошқарув «Ўзбекрақс»нинг Бош директори, унинг ўринбосарлари, бирлашма таркибидаги жамоалар бадиий раҳбарлари ва етакчи мутахассислардан ташкил топади. Бошқарув аъзолари сонини ва таркибини Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасдиқлайди.
(18-банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 6 июлдаги 157-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2005 й., 27-сон, 192-модда)
«Ўзбекрақс» бирлашмаси дирекцияси қошида етакчи бадиий жамоалар ва ҳудудий бўлинмаларнинг раҳбарларидан, мутахассислардан иборат бадиий кенгаш тузилади.
19. Бош директор ўз ваколати доирасида «Ўзбекрақс» бошқаруви ва унинг тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва бирлашма фаолиятига оид бошқа меъёрий ҳужжатларни чиқаради.
20. Бош директор ходимларни мустақил равишда ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади.
VII. «ЎЗБЕКРАҚС»НИ ТУГАТИШ
21. «Ўзбекрақс» бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда тугатилиши, қайта тузилиши ёки бошқа ижодий ташкилотлар билан бирлаштирилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 февралдаги 101-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Ўзбекрақс» бирлашмаси таркибига кирувчи жамоалар
РЎЙХАТИ
1. «Баҳор» давлат халқ рақс ансамбли
2. «Зарафшон» давлат фольклор ансамбли
3. «Лазги» давлат вокал-хореография ансамбли
4. «Тановар» миллий рақс ансамбли
5. «Баҳор» концерт зали
6. Миллий рақс жамғармаси
7. «Ўзбекрақс» бирлашмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ансамбллари:
«Айқулаш жулдузлари» Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли (Қорақалпоғистон)
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июлдаги 246-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 31-сон, 375-модда)
«Сумалак» миллий рақс ансамбли (Андижон)
«Лола» миллий рақс ансамбли (Бухоро)
«Гулираъно» миллий рақс ансамбли (Жиззах)
«Момогул» рақс ансамбли (Қашқадарё)
«Навоий наволари» ансамбли (Навоий)
«Наманган гуллари» миллий рақс ансамбли (Наманган)
«Самарқанд баҳори» рақс ансамбли (Самарқанд)
«Дўстлик» ансамбли (Сирдарё)
«Бойсун» фольклор-этнографик ансамбли (Сурхондарё)
«Гулдаста» ансамбли (Сурхондарё)
«Шалола» ансамбли (Тошкент вилояти)
«Анор» қўшиқ ва рақс ансамбли (Фарғона)
«Камалак» ансамбли (Фарғона)
«Хоразм наволари» миллий рақс ансамбли (Хоразм)
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 февралдаги 101-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
«Ўзбекрақс» бирлашмаси дирекцияси штатлар жадвали (техник ходимлардан ташқари)
|
Номи |
Ходимлар сони |
| Бош директор | 1 |
| Бош директор ўринбосари — бадиий раҳбар | 1 |
| Бош директор ўринбосари — ижрочи директор | 1 |
| Ижодий бўлим | 3 |
| Гастроль-концерт фаолияти, ахборот ва репертуар бўлими | 3 |
| Иқтисодиёт, ҳисоб-китоб ва моддий-техника таъминоти бўлими | 3 |
| Халқаро алоқалар, реклама ва тижорат бўлими | 3 |
| Кадрлар бўйича инспектор | 1 |
| ЖАМИ: | 16 |
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 февралдаги 101-сон қарорига
3а-ИЛОВА
3а-ИЛОВА
«Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси
ТУЗИЛИШИ
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 февралдаги 101-сон қарорига
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Миллий рақс ижрочилиги бўйича М.Турғунбоева номидаги танлов ғолиблари учун белгиланган
МУКОФОТЛАР
| Мукофотлар | Сони | Миқдори (энг кам иш ҳақига нисбатан баробарда) | |
| 1. | Биринчи мукофот | 1 | 70 |
| 2. | Иккинчи мукофот | 2 | 50 |
| 3. | Учинчи мукофот | 2 | 30 |
| Жами | 5 | | |
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 февралдаги 101-сон қарорига
5-ИЛОВА
5-ИЛОВА
«Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур маблағлар
| | | | |
(минг сўм) |
| |
Номи |
1997 йил | 1998 йил | Жами |
| 1. | Театр-концерт жамоалари учун махсус асбоб-ускуналарга | 3 765,5 | 21 484,5 | 25 250,0 |
| 2. | Либослар, мусиқа асбоблари ва саҳналаштириш учун махсус анжомларга | 17 781,0 | 29 216,0 | 46 997,0 |
|
Ҳаммаси: |
21 546,5 | 50 700,5 | 72 247,0 | |