LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон спортчиларининг 2012 йил Лондон шаҳри (Буюк Британия)да бўлиб ўтадиган XXX ёзги Олимпиада ва XIV Паралимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриши ва муваффақиятли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон спортчиларининг 2012 йил Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган XXX ёзги Олимпиада ва XIV Паралимпиада ўйинларига тайёргарлик кўришини ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича 1-иловага* мувофиқ таркибда Республика комиссияси тузилсин.
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев) икки ой муддатда Ўзбекистон спортчиларини XXX ёзги Олимпиада ва XIV Паралимпиада ўйинларида иштирок этишга босқичма-босқич тайёрлаш Дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, бунда:
спорт клублари ва жамоалари тарбияланувчилари орасидан, айниқса республикамиз минтақаларидан ёш, иқтидорли спортчиларни танлаб олишни такомиллаштириш тадбирларини амалга оширишга ҳамда уларнинг спорт маҳоратини ошириш бўйича тайёргарликни ташкил этишга;
олий спорт маҳорати мактаблари ва олимпия захираси коллежларини янада ривожлантириш негизида спортчилар захирасини тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга;
олимпия мусобақалари турлари бўйича спорт марказлари ва базаларини спорт федерацияларига бириктириш, уларни зарур ҳолда реконструкция қилиш ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозлашга;
спортчилар ва уларни тайёрлаётган спорт базаларини махсус озиқ-овқат, тиббий хизмат, замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминлашни молиялаштириш механизмини такомиллаштиришга;
олимпия спорт турларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун йирик корхоналар ва хусусий бизнес вакилларини ҳомийлар сифатида жалб этишга;
спортчилар билан ишлаётган мураббийлар ва мутахассисларнинг узлуксиз таълим олишини ривожлантириш, замонавий илмий-методик технологияларни татбиқ этиш ҳисобидан спорт бўйича кадрлар малакасини янада оширишга алоҳида эътибор қаратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, олимпия спорт турлари федерациялари ва физкультура-спорт жамиятлари 2009 — 2012 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган спорт жиҳозлари, анжомлар ва махсус спорт кийими учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда олиб келинадиган анжомлар ва ускуналардан мақсадли фойдаланиш ва уларнинг сақланиши, олимпия спорт турлари бўйича бириктирилган спорт марказлари ва базаларининг фаолияти самарали ташкил этилиши устидан назоратни таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек манфаатдор спорт ташкилотлари бир ой муддатда минтақавий дастурларни ишлаб чиқсин ва Республика комиссиясига тақдим этсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
жумладан, маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон терма жамоалари учун спортчиларни тайёрлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, шунингдек уларга бириктирилган спорт марказлари ва базаларини реконструкция қилиш;
мамлакат терма жамоалари спортчилари, мураббийлари ва бошқа мутахассислари учун қулай ижтимоий-маиший ва моддий шарт-шароитлар яратишга ҳар томонлама кўмаклашиш.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.