Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ФАН ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ҚЎМИТАСИНИНГ
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ФАН ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ ВА КОРХОНАЛАРНИНГ МОДЕРНИЗАЦИЯ ВА ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЖАМҒАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 12 майда 1955-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 16 сентябрдаги 403-мҳ-сонли «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 1955-1, 16.09.2019 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–916-сонли қарорининг 6-бандига мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 29-30-сон, 280-модда) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси қарор қилади:
1. Хўжалик бошқарув органлари ва корхоналарнинг модернизация ва янги технологиялар жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгандан ўн кундан сўнг кучга киради.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 24 апрель,
48-сон
Иқтисодиёт вазири Б. ХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 24 апрель,
71-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси раиси Ш. САЛИХОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 24 апрель,
5-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2009 йил 24 апрелдаги 48, 71, 5-сонли қарорлари билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Хўжалик бошқарув органлари ва корхоналарнинг модернизация ва янги технологиялар жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–916-сонли қарорига мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 29-30-сон, 280-модда) хўжалик бошқарув органлари ва корхоналар (кейинги ўринларда — хўжалик юритувчи субъект) томонидан илмий-амалий тадқиқотларни, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тажриба-конструкторлик ишлари ва уларни ишлаб чиқариш жараёнига жорий қилиш ишларини молиялаштириш учун ташкил қилинган модернизация ва янги технологиялар жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартибини белгилайди.
I. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
1. Жамғарма фақат илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион технологиялар ютуқларидан фойдаланган ҳолда, товар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилаётган хўжалик юритувчи субъектлардагина ташкил қилинади.
2. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобига шаклланади:
хўжалик юритувчи субъектларнинг соф фойдаси ва амортизация ажратмаларининг бир қисмидан;
буюртмачиларнинг мақсадли тушумларидан.
Бунда, жамғармани шакллантирувчи ажратмаларнинг миқдори хўжалик юритувчи субъект томонидан мустақил белгиланади.
3. Мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган Жамғарманинг маблағларини тўплаш хўжалик юритувчи субъект томонидан унга хизмат кўрсатадиган тижорат банкларидан бирида очиладиган махсус ҳисоб рақамида амалга оширилади.
II. Жамғармани бошқариш ва Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш
4. Жамғарма бошқарувининг олий органи хўжалик юритувчи субъектнинг Илмий-техник кенгаши (кейинги ўринларда – Илмий-техник кенгаш) ҳисобланади.
Илмий-техник кенгаш таркиби хўжалик юритувчи субъект раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.
Илмий-техник кенгашни ушбу кенгаш раиси ҳисобланувчи хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг биринчи (ёки биринчи мақомидаги) ўринбосари бошқаради.
5. Илмий-техник кенгаш қуйидагилар ҳақидаги қарорларни қабул қилади:
Жамғарма маблағларидан лойиҳани молиялаштиришни қабул қилиш ёки лойиҳани молиялаштиришдан воз кечиш;
лойиҳани қайта ишлашга ёки қўшимча экспертизага жўнатиш.
Илмий-техник кенгаш қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади, раиснинг имзоси билан расмийлаштирилади.
6. Илмий-техник кенгаш кўриб чиқиши учун лойиҳалар хўжалик юритувчи субъектнинг илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширувчи таркибий тузилмалари томонидан киритилади.
7. Илмий-техник кенгаш Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган лойиҳаларни қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда илмий-техник экспертизадан ўтказади:
лойиҳанинг долзарблиги ва қўйилган масалаларни ҳал қилишга ёндашувининг аниқлиги;
тавсия қилинган инновацион ва илмий-амалий ишлар натижаларининг амалда қўллаш имкониятлари;
лойиҳа харажатлар сметасининг асосланганлиги, уни амалга оширишнинг давомийлиги ва мазкур лойиҳанинг ўз-ўзини қоплаш муддатлари.
8. Жамғармадан маблағларни ажратиш хўжалик юритувчи субъект раҳбарини қарорига асосан тасдиқланган смета доирасида амалга оширилади.
III. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
9. Жамғарма маблағларидан:
илмий-амалий тадқиқотларни;
инновацион лойиҳаларни;
тажриба-конструкторлик ишланмаларини ҳамда уларни ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этишни молиялаштиришда фойдаланилади.
10. Жамғарманинг жорий йилда ишлатилмаган маблағлар қолдиғи кейинги йилга ўтказилади.
11. Жамғарма маблағларини сарфланиши махсус ҳисоб рақамидан хўжалик юритувчи субъектнинг юқори бошқарув органи томонидан тасдиқланган Жамғарма маблағларининг тушум ва харажатлар сметасига асосан амалга оширилади, қонунда белгиланган бошқа ҳолатлар бундан мустасно.
IV. Жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари сметасини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби
12. Жамғармага келгуси йилда келиб тушиши кутилаётган пул тушумини умумий ҳажмини аниқлашда хўжалик юритувчи субъектлари, Жамғармада режалаштирилаётган йил бошига қоладиган қолдиқни ва қонунчиликдаги ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда охирги икки йилдаги тушумларнинг динамикасидан келиб чиққан ҳолда йил давомида тушиши кутилаётган тушум ҳажмини ҳисобга олишлари лозим.
13. Сметанинг харажатлар қисми Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги «Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги» 54-сонли қарорига мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 1999 йил, 2-сон, 9-модда), унда назарда тутилган харажатлар гуруҳлари бўйича харажатлар ёйилмасини ва улар асосидаги ҳисоб-китобларни тўла илова қилган ҳолда тузилади.
14. Жамғарма маблағлари тушумлари ва харажатларининг йиғма сметаси (йил давомида киритиладиган ўзгаришларни инобатга олиб) хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари томонидан тузилади ва тасдиқланади.
15. Танлаб олинган лойиҳалар рўйхатидан келиб чиққан ҳолда Илмий-техник кенгаш Жамғарманинг даромадлар ва харажатлари дастлабки йиғма сметасини тузади ва хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этади.
V. Якуний қоидалар
16. Жамғарма маблағларидан тўғри фойдаланишни назорат қилиш Илмий-техник кенгашни бошқарувчи хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари биринчи (ёки биринчи мақомидаги) ўринбосари томонидан амалга оширилади.
17. Жамғарма маблағларини тўғри шакллантириш ва мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарига юклатилади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 19-20-сон, 244-модда)