ўзбекистон республикаси ҳукумати билан миср араб республикаси ҳукумати ўртасида
Битим
УЮШГАН ЖИНОЯТЧИЛИК ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Миср Араб Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
жиноий фаолиятнинг барча шаклларига, хусусан, терроризм, трансмиллий ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилишга интилиб,
мазкур жиноятлар ва ҳаракатларнинг тинчликка, барқарорликка, хавфсизликка таҳдид солаётганидан ташвишланиб,
юқорида кўрсатилган жиноятларга қарши таъсирчан чора-тадбирлар кўриш зарурлигига ишонч ҳосил қилиб,
Томонлар қўшилган тегишли Халқаро конвенцияларни эътиборга олиб,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллардан ва шунингдек жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб бориш ўзаро хоҳишларидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Томонлар ўзларининг ваколатли органлари орқали, ушбу Битим қоидаларига мувофиқ ўз давлатларининг миллий қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига риоя қилиб, уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши курашишда ҳамкорлик қиладилар.
2. Ушбу Битимнинг мақсадларини амалга ошириш учун қуйидагилар ваколатли органлар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси учун:
Ички ишлар вазирлиги;
Миллий хавфсизлик хизмати;
Бош Прокуратура;
Давлат солиқ қўмитаси;
Давлат божхона қўмитаси.
Миср Араб Республикаси учун:
Ички ишлар вазирлиги.
3. Ушбу Битимни бажариш мақсадида ваколатли органлар бир-бирлари билан бевосита алоқа боғлайдилар.
2-модда
Томонлар ўз ваколатли органлари орқали ушбу Битим доирасида, ўз ваколатлари, ўз давлатлари миллий қонунчилиги ва қоидалари доирасида қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар:
А) Терроризм
1. Террористлар гуруҳларининг фаолияти ва жиноятлари, уларнинг ўзаро алоқалари, раҳбарлари, аъзолари, махфий ташкилотлари тузилиши, ишлатаётган қуроллари ва уларнинг молиявий таъминлаётган манбалари тўғрисида ахборот алмашиш.
2. Ўз ваколатли органларининг аксилтеррор фаолиятларида қўллаётган турли усуллари ва техникаси тўғрисида ахборот алмашиш.
3. Кучайиб бораётган терроризм таҳдиди билан курашиш учун аэропортлар, темир йўл станциялари, метрополитенлар ва бошқа жамоат жойларининг хавфсизлиги ва ҳимоя қилиш чора-тадбирларини такомиллаштириш мақсадида ҳаво ва темир йўл транспорти ҳимояси ва хавфсизлиги соҳасида илмий ва техникавий тажриба алмашиш.
Б) Трансмиллий ва уюшган жиноятчилик
1. Трансмиллий ва уюшган жиноятчилик, уларнинг раҳбарлари, аъзолари, тузилиши, фаолияти ва алоқалари тўғрисида ахборот ва маълумот алмашиш.
2. Ўз ваколатли органлари фаолиятининг ҳозирги замон усуллари ва техникаси тўғрисида ахборот ва тажриба алмашиш.
3. Жиноятчиликка, хусусан одам ўғирлаш, жинсий ва бошқа йўсинда мажбурлаш учун одамларни ёллаш, пулларни контрабанда қилиш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкоралаштириш (легаллаштириш), ҳужжатларни қалбакилаштириш, ноёб буюмлар ва санъат асарларини контрабанда қилиш, транспорт воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашишда ахборот ва тажриба алмашиш, шунингдек биргаликда чора-тадбирлар кўриш ва иккала давлат фуқароларини ўз ичига олган, амалдаги ва қонуний фаолият кўрсатаётган инвестиция муассасалари тўғрисида ахборот билан таъминлаш.
С) Наркотик воситаларининг, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва ноқонуний айланиши
1. Наркотиклар ва психотроп моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш, айлантириш ва суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар ва бошқа уларга тааллуқли жиноятлар тўғрисида ахборот ва маълумот алмашиш.
2. Наркотик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг янги турлари тўғрисида ахборот алмашиш ва шунингдек, бундан моддаларни қидириш, топиш ва намуналарини алмашиш билан боғлиқ бўлган замонавий технологиялар ва усуллар бўйича тажриба алмашиш.
3. Тезкорлик масалалари бўйича, шу жумладан алоҳида ишларда Томонлар ўртасида келишилган ҳолда «Назорат остида етказиб бериш» каби масалаларни тергов қилиш усули бўйича ўзаро ёрдам кўрсатиш.
4. Ушбу соҳада ички қонунчилик ва ҳуқуқий тартибларга оид адабиётлар ва матнлар билан алмашиш.
3-модда
1. Томонлар ўзларининг ваколатли органлари орқали ва ўз давлатларининг қонунчилиги ва қоидаларига мувофиқ ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар ҳамда юқорида кўрсатилган жиноятларга алоқадор жиноятчиларни қидиришда ва қамоққа олишда кўмаклашадилар.
2. Ушбу Битим жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва экстрадиция масалаларига дахл қилмайди.
4-модда
Томонлар барча шакллардаги террористик ҳаракатлар, трансмиллий ва уюшган жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш учун ва шунингдек ўз ҳудудларидан бундай жиноятларни режалаштириш, уюштириш ёки содир қилиш учун фойдаланмаслик бўйича, шу жумладан уларнинг мамлакатларига террористик ва жиноий унсурлар гуруҳ бўлиб ёки якка ҳолда киришининг ёки туришининг, молиявий ёрдам олишининг, жисмоний ёки ҳарбий тайёрланишининг олдини олиш бўйича қаттиқ ва таъсирчан чора-тадбирлар кўрадилар.
5-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
1. Экспертлар ва мутахассислар билан алмашиш ва шунингдек уюшган жиноятчиликка қарши курашда ва ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган жиноятларни тергов қилишда қўлланадиган энг янги усулларга ўргатиш учун иш тажрибасини алмашиш.
2. Таълим ва мутахассисларни ва техникларни тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек махсус институтлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш.
3. Жиноятчиликка қарши курашнинг юқорида кўрсатилган соҳаларга ва хавфсизликнинг бошқа соҳаларига оид нашрлар, тадқиқот ишлари ва китоблар билан алмашиш, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу соҳада ўтказиладиган семинарлар ва конференцияларда иштирок этиш.
6-модда
1. Терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотик воситалар ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича ҳамкорлик қилиш учун Томонлар Қўшма қўмита тузадилар.
2. Қўшма қўмитанинг ҳуқуқий мақоми ва иш тартиби алоҳида протоколлар доирасида белгиланади.
3. Бу мажлисларнинг молиявий ва моддий харажатларини қабул қилувчи Томон тўлайди. Халқаро транспорт йўл кирасини жўнатувчи Томон тўлайди.
7-модда
1. Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик Томонлар ваколатли органларининг сўровлар асосида амалга оширилади.
2. Бундай сўровларни Томонлар ваколатли органлари ёзма шаклда расмийлаштиришлари керак.
3. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровда қуйидагилар бор бўлиши керак:
а) сўраётган орган номи;
б) сўралаётган орган номи;
в) масаланинг моҳияти баёни ва унинг асослилиги ва шунингдек сўровни бажариш учун зарур ахборот.
4. Сўровни бажаришга рад жавоби бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда сўраётган Томон рад жавобининг сабаби тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади.
8-модда
Томонлар махфий ахборотни бошқа Томоннинг рухсатисиз ошкор қилмайдилар.
Ушбу Битим доирасида олинган материаллар, ахборот, илғор техника воситалари ва ускуналар уларни берган бошқа Томоннинг дастлабки ёзма розилигисиз учинчи Томонга тақдим этилмаслиги ва берилмаслиги керак.
9-модда
Томонлар ушбу Битим доирасидаги ҳамкорликни амалга ошириш учун инглиз тилидан фойдаланадилар.
10-модда
Ушбу Битим Томонларнинг ўзлари иштирок этаётган бошқа халқаро битимлардан келиб чиқадиган мажбуриятларига дахл қилмайди.
11-модда
Томонларнинг ўзаро ёзма келишувига кўра, ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ бўлган барча низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
13-модда
Ушбу Битимни бажариш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари идоралараро баённомалар тузишлари мумкин.
14-модда
Агар ўзгача келишиб олинмаган бўлса, ҳар бир Томон ушбу Битим қоидаларини бажаришда юзага келадиган харажатларни мустақил равишда қоплайдилар.
Зарурат юзага келганда Томонлар бир-бирига беғараз ёрдам кўрсатишлари мумкин, шу жумладан жиноятчиликка қарши курашда аниқ вазифаларни бажариш учун зарур ускуна ва материалларни беришлари мумкин.
15-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Мазкур Битимнинг амал қилиши бошқа Томон тегишли нота олгандан олти ой ўтгандан кейин тугатилади.
Қоҳира шаҳрида 2007 йил 18 апрелда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн асос сифатида қабул қилинади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)