Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
СУДЬЯЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДА ТАЖРИБА АЛМАШИНУВИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Миср Араб Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилиб,
икки мамлакат ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу соҳада тажриба алмашишнинг муҳимлигига ишонган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
I-қисм
Ташрифлар ва тажриба алмашиш
Ташрифлар ва тажриба алмашиш
1-модда
Миср суд тизими билан танишиш, ҳуқуқий масалаларни ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш ҳамда судларда иш юритишни такомиллаштириш, шунингдек, ушбу соҳада тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Миср Араб Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасидан судьяларнинг ташрифини ташкил қилади.
2-модда
Миср Араб Республикаси Адлия вазирлиги мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган ўзаро ташрифлар Дастурини белгилайди.
3-модда
Миср томони, судларда иш юритишнинг техникавий қисмини ривожлантириш учун техникавий ва юридик ёрдамни тақдим этади, шунингдек бу соҳада тўпланган тажрибаларни алмашади.
4-модда
Мазкур Битим мақсадларини амалга оширувчи ваколатли органлар:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Адлия вазирлиги;
Миср Араб Республикаси Ҳукумати номидан — Адлия вазирлиги.
II-қисм
Ҳужжатлар ва ахборотлар алмашиш
Ҳужжатлар ва ахборотлар алмашиш
5-модда
Томонлар қуйидагиларни алмашадилар:
1. Даврий матбаа нашрлари ва рисолалар, журналлар, ҳуқуқий тадқиқотлар ҳамда ҳуқуқий таълим;
2. Судьяларнинг малака ошириш курслари ва дастурлари.
III-боб
Анжуман ва семинарлар ташкил қилиш
Анжуман ва семинарлар ташкил қилиш
6-модда
Томонлар ҳуқуқ фанининг махсус масалалари ва судларда иш юритишни ташкил этиш бўйича ўтказиладиган семинар, учрашув ва анжуманлар дастурларини ҳамда судларда иш юритиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик мавзуини биргаликда белгилайдилар.
7-модда
Томонлар иккала давлат адлия вазирликлари вакилларидан иборат бўлган ҳамда қуйидаги мақсадларни амалга оширишга қаратилган қўшма қўмитани ташкил этадилар:
1. Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш ва ҳар иккала Томоннинг харажатларини аниқлаш.
2. Ушбу Битим қоидаларини бажаришга тўсиқ бўладиган барча муаммоларни бартараф қилиш.
3. Судьялар малакасини ошириш ва суд-ҳуқуқ соҳасида тажриба алмашинуви соҳасида ҳамкорлик истиқболларини кенгайтириш ва муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан тегишли таклифларни тақдим қилиш.
8-модда
Битимга ҳар қандай ўзгартиришлар томонларнинг ўзаро розилиги асосида киритилиши мумкин.
Ушбу Битим қоидаларини қўллашда ва талқин қилишда юзага келадиган низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида икки томонлама музокаралар орқали ҳал этилади.
9-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб ўттизинчи куни кучга киради.
Ушбу Битим бир йил давомида амал қилади ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида навбатдаги муддат тугашидан камида олти ой илгари дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги бир йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Қоҳира шаҳрида 2007 йил 18 апрелда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)