Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қувайт Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
САВДО, ИҚТИСОДИЙ, ИЛМИЙ ВА ТЕХНИКАВИЙ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қувайт Давлати Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тенглик асосида хилма-хил ва ўзаро фойдали иқтисодий муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўрнатиш истагида,
савдо, илмий ва техникавий ҳамкорлик икки давлат ва уларнинг халқлари ўртасида мустаҳкам, узоқ муддатли ҳамда ўзаро ишончли икки томонлама муносабатлар ривожланишининг муҳим ва зарур таркибий қисми эканлигини англаб,
тенглик, ўзаро ҳурмат ва умумий фойда тамойиллари асосида ўрнатилган муносабатларни янада ривожланишини истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ўртасида икки томонлама савдо, иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида барча тегишли ва лозим бўлган чораларни кўрадилар.
2-модда
Ушбу Битимда кўрсатиб ўтилган улар учун манфаатли бўлган ҳамкорлик соҳалари, шу жумладан қуйидагиларни, аммо чекланиб қолмасдан, қамраб олади:
1. Иккала мамлакат ўртасида иқтисодий, молиявий, тижорат, банк, саноат, туризм, хизматлар кўрсатиш, транспорт ва техникавий ривожланиш лойиҳаларининг тузилишини рағбатлантириш;
2. Иккала Аҳдлашувчи Томон ўртасида икки томонлама савдони қўллаб-қувватлаш;
3. Махсус ҳамкорлик дастурлари мақсадларида мутахассислар алмашуви ва уларни тайёрлашни рағбатлантириш;
4. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва яхшилаш;
5. Ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, енгиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш.
3-модда
Зарур ҳолларда иккала Аҳдлашувчи Томон ва уларнинг тегишли муассасалари, ташкилотлари ҳамда юридик шахслари икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш мақсадларида улар ўртасида келишиб олиниши мумкин бўлган, юқорида таъкидлаб ўтилган ҳамкорликнинг турли соҳалари ва бошқа махсус лойиҳаларига тааллуқли ушбу Битим қоидалари асосида алоҳида битим ёки шартномаларни тузишлари мумкин.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ушбу Битим доирасида тузилган шартномаларни ижро этиш учун лозим бўлган экспорт ва импорт лицензиялари берилишини енгиллаштирадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ қуйидаги товарларнинг импорт ва экспортини божхона божлари ва солиқлардан озод қиладилар:
а) буюртмаларни рўйхатдан ўтказиш ва реклама мақсадларида маҳсулот намуналари ва ахборот материаллари;
b) кейинчалик сотилмаслиги шарти билан доимий ва вақтинчалик кўргазмалар ҳамда ярмаркалар учун мўлжалланган товарлар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар 15-моддага мувофиқ тузилган Ҳукуматлараро Комиссия белгилайдиган ҳамда келишилган соҳаларда савдо, иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг хўжалик юритувчи субъектлари, шу жумладан юридик ва жисмоний шахслари ўртасида савдо, иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорликни кенгайтирадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратилишини эътиборга олиб, ўзларининг тижорат банклари ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, мулкчилик ва тадбиркорликнинг ҳамкорлик шаклларидан қатъи назар, уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида асосан шартномалар тузиш орқали иккала Аҳдлашувчи Томон давлатларининг миллий қонунчилигига ҳамда халқаро савдо амалиёти меъёрларига мувофиқ амалга оширилади.
Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан имзоланган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.
10-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон амалдаги миллий қонунчилиги ҳамда ўз давлатларининг халқаро битимларига мувофиқ ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон хўжалик юритувчи субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг тенг ҳуқуқий, шу жумладан суд ҳимоясини таъминлайди.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг амалдаги тегишли қонунларига мувофиқ ўз давлатлари ўртасидаги инвестиция ҳамда капитал, товар ва хизматлар оқимини рағбатлантирадилар.
12-модда
Товарларни етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш бўйича барча тўловлар эркин муомаладаги валютада ёки Аҳдлашувчи Томон давлатларида хорижий валютани алмаштириш қоидаларига мувофиқ шартнома томонларининг ўзаро келишувига кўра ҳар қандай бошқа валютада амалга оширилади.
13-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ҳудудида савдо ярмаркалари, кўргазмалар, техникавий, илмий ва иқтисодий семинарларни ташкиллаштириш, ахборот алмашинуви, делегациялар ташрифларини қўллаб-қувватлайдилар.
14-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ икки томонлама товар ва хизматлар алмашинувини енгиллаштириш мақсадида бир-бирларининг тадқиқот ишлари натижалари ҳамда сертификатларни тан олиниши учун тегишли чораларни кўрадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг тегишли миллий қонунчилигига мувофиқ стандартлаштириш, ўлчов ва сифат (маҳсулот сифатини таҳлил қилиш ва тасдиқлаш) муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
15-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси билан Қувайт Давлати ўртасида савдо, иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро Комиссияни таъсис этадилар.
2. Ҳукуматлараро Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
— Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ўртасида савдо, иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорликни рағбатлантириш ва мувофиқлаштириш;
— икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ва савдо соҳасида тузилган битимларнинг амалга оширилишини баҳолаш;
— савдо ва иқтисодий ҳамкорликни келгусида ривожлантиришга йўналтирилган таклиф ва тавсияларни тайёрлаш ҳамда кўриб чиқиш;
— ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган баҳсли масалаларни ҳал қилиш.
3. Ҳукуматлараро Комиссия Аҳдлашувчи Томонларнинг вакилларидан ташкил топади ва навбатма-навбат Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қувайт Давлатида ўз мажлисларини ўтказади.
4. Ҳукуматлараро Комиссия ушбу Битим мақсадларига мувофиқ ўз қоидалари ва фаолият дастурини белгилайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги билан Қувайт Давлати Молия вазирлиги Ҳукуматлараро Комиссияда раислик қиладилар.
6. Иккала Аҳдлашувчи Томоннинг хўжалик юритувчи субъектлари вакиллари зарур ҳолларда Ҳукуматлараро Комиссия фаолиятида иштирок этадилар.
16-модда
Ушбу Битим доирасида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг амалдаги қонун ва қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.
17-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ бўлган Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ҳар қандай баҳс сабабсиз кечиктиришларсиз дўстона маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
18-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимга ўзаро келишувга кўра ўзгартиш ва тўлдиришлар киритишлари мумкин. Мазкур ўзгартиш ва тўлдиришлар ушбу Битимнинг 19-моддасига мувофиқ кучга киради.
19-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонни унинг ҳудудида ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган конституциявий расмиятчиликлар бажарилганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор этади. Ушбу Битим иккала хабарноманинг сўнггиси олинган куни кучга киради.
Ушбу Битим 5 йил давомида амал қилади ва бу муддат тутагач, Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги нияти ҳақида ҳар қандай бундай муддат тугагунга қадар камида 6 ой илгари дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма хабардор этмаган бўлса, у ўз-ўзидан навбатдаги 5 йиллик муддатга узаяверади.
Ушбу Битим қоидалари унинг бекор қилингунига қадар тузилган ва амалда бўлган шартномаларга нисбатан қўлланишда давом этади.
Ушбуни тасдиқлаган ҳолда, қуйида имзо чекувчилар, тегишли тарзда ўз ҳукуматлари томонидан ваколатланганлар, мазкур Битимни имзоладилар.
Ал-Қувайт шаҳрида 2004 йил 19 январда, хижрий 1424 йил 27 зулқидада, икки нусхада, ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн асосий ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 3-4-сон)