Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида 2000 йил 2 июлда Тошкент шаҳрида имзоланган Битимни эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида,
шахсларни, юкларни, товарларни, транспорт воситаларини, жониворлар ва бошқа мулкларни Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараси орқали ўтказиш тартибини такомиллаштириш зарурлигига амал қилиб,
ноқонуний миграция, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорлар контрабандасини фош этиш ҳамда олдини олиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегарасини шахслар, юклар, товарлар, транспорт воситалари, жониворлар ва бошқа мулклар кесиб ўтиши учун Томонлар давлат чегараси орқали ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган Иловасида қайд этилган халқаро ва икки томонлама ўтказиш пунктлари, шу жумладан енгиллаштирилган ўтказиш пунктларини (бундан кейин — ўтказиш пунктлари) ўрнатишга қарор қилдилар.
Халқаро ўтказиш пунктлари Томонлар давлатларининг ва бошқа давлатларнинг шахсларини, юкларини, товарларини, транспорт воситаларини, жониворлар ҳамда бошқа мулкларини ўтказишни амалга оширади.
Икки томонлама ўтказиш пунктлари Томонлар давлатларининг шахсларини, юкларини, товарларини, транспорт воситаларини, жониворлар ва бошқа мулкларини ўтказишни амалга оширади.
Енгиллаштирилган ўтказиш пунктлари Томонлар давлатларининг фуқароларини ўтказишни амалга оширади. Енгиллаштирилган ўтказиш пунктларининг иш тартиби Томонлар давлатларининг чегара ва божхона идоралари ўртасидаги аҳдлашувига кўра белгиланади.
2-модда
Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараси орқали ўтаётган шахсларни ушбу Битимнинг Иловасида қайд этилган ўтказиш пунктларидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида 2000 йил 2 июлда Тошкент шаҳрида имзоланган Битимда ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси иштирок этган бошқа халқаро шартномаларда кўзда тутилган шартлар асосида амалдаги ҳужжатлар бўйича амалга оширилади.
3-модда
Ўтказиш пунктларининг иши (иш режими) ушбу Битимнинг Иловасига кўра Томонларнинг аҳдлашувларига мувофиқ амалга оширилади.
Иш режимининг кузатувини назорат қилиш, шунингдек шахсларни, юкларни, товарларни, транспорт воситаларини, жониворлар ва бошқа мулкларни ўтказиш тартиби Томонлар давлатларининг чегара ҳамда божхона идораларининг келишувига кўра белгиланади.
4-модда
Шахсларни, юкларни, товарларни, транспорт воситаларини, жониворлар ва бошқа мулкларни чегара, божхона ва зарур ҳолларда назоратнинг бошқа турлари (бундан кейин — назорат) ўтказиш пунктларида Томонларнинг миллий қонунлари ва улар иштирок этган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
Зарур ҳолларда Томонлар биргаликдаги назорат учун шарт-шароитлар яратадилар. Биргаликдаги назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби Томонлар давлатларининг чегара ҳамда божхона идоралари ўртасида алоҳида аҳдлашувлар орқали белгиланади.
5-модда
Ўтказиш пунктларининг тегишли фаолиятини таъминлаш учун Томонларнинг ҳар бири ўз давлати ҳудудида зарур инфратузилмани яратади.
Ўтказиш пунктида биргаликдаги назоратни ўтказиш имконияти кўзда тутилган бўлса, ўтказиш пунктини лойиҳалаштириш ва қуриш ўзаро келишувга кўра амалга оширилади.
6-модда
Ўтказиш пунктларининг янгиларини очиш, мавжудларини (шу жумладан, енгиллаштирилган ўтказиш пунктлари) беркитиш ёки уларнинг мақоми ва иш режимини ўзгартириш Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали келишилади ҳамда ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган баённомалар орқали расмийлаштирилади.
Ушбу Битимнинг қоидаларини бажариш бўйича қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Республикасидан — Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;
Қирғизистон Республикасидан — Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати ва Қирғизистон Республикаси Молия вазирлиги Даромадлар қўмитасининг Божхона хизмати департаменти.
7-модда
Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегарасининг алоҳида участкаларидаги ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишни вақтинча чеклаш ёки тўхтатиш Томонлар давлатларининг миллий хавфсизлиги манфаатларида, шунингдек табиий офатлар оқибатида, эпидемия ва эпизоотиялар давридаги санитар-карантин сабаблари бўйича амалга оширилиши мумкин.
Бундай вақтинча чеклашларни киритаётган Томон, бошқа Томонни уларни киритиш режалаштирилаётган вақтидан камида 5 кун илгари чеклашнинг сабаб ва муддатларини кўрсатган ҳолда, дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
Томонлар Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараси орқали ҳаракатланишнинг ўтказиш пунктлари объектлари ёки коммуникация қурилмаларида режалаштирилган таъмирлаш билан боғлиқ чеклангани ёки тўхтатилгани тўғрисида бир-бирларини бундай ишлар бошланишидан камида уч ой илгари, уларнинг тугатилиши санаси тўғрисидаги хабарнома билан бирга хабардор қиладилар.
8-модда
Фавқулодда ҳолларда (табиий офатлар, эпидемия, эпизоотиялар, фалокатлар, тиббий тез ёрдам кўрсатиш ва шу кабилар), Томонлар давлатларининг чегара ҳамда божхона идораларининг ўзаро аҳдлашувига кўра, давлат чегараси орқали шахсларни, юкларни, товарларни, транспорт воситаларини, жониворларни ва бошқа мулкларни белгиланган назорат тартибига риоя этиб, амалда бўлмаган ўтказиш пунктларидан ўтказишлари мумкин.
9-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
10-модда
Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра ушбу Битимга ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин. Улар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва унинг 12-моддасига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладилар.
11-модда
Ушбу Битимнинг қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш бўйича баҳс ҳамда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда Томонлар уларни музокара ва маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали ҳал қиладилар.
12-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим 5 йил давомида амал қилади ва Томонларнинг биронтаси унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни навбатдаги беш йиллик муддат тугашидан камида олти ой илгари ёзма равишда хабардор қилмаса, у ҳар сафар кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Бишкек шаҳрида 2004 йил 24 июлда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисида Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
|
№ |
Ўзбекистон Республикаси ўтказиш пунктлари номланиши |
Ўзбекистон Республикасида жойлашиш ўрни |
Қирғизистон Республикаси ўтказиш пунктлари номланиши |
Қирғизистон Республикасида жойлашиш ўрни |
Ўтказиш пунктлари мақоми |
Иш тартиби | |||||||||||||
| 1. | Қувасой-темир йўл | Фарғона вилояти Қувасой тумани | Қизил-Қия темир йўл | Боткен вилояти Қизил-Қия ш. | Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
| 2. | Дўстлик-автойўл | Андижон вилояти Хўжаобод тумани | Достук-авто йўл | Ўш вилояти Қорасув тумани | Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
| 3. | Савай-темир йўл | Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани | Қорасув темир йўл | Ўш вилояти Қорасув тумани | Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
| 4. | Хонобод-автойўл | Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани | Бекобод-авто йўл | Жалолобод вилояти Сўзак тумани | Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
| 5. | Хонобод -темир йўл | Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани | Жалолобод-темир йўл | Жалолобод вилояти Жалолобод ш. | Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
| 6. | Маданият-автойўл | Андижон вилояти Пахтаобод тумани | Маданият-автойўл | Жалолобод вилояти Ноокен тумани | Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
| 7. | Учқўрғон-темир йўл | Наманган вилояти Учқўрғон тумани | Шамалдисой-темир йўл | Жалолобод вилояти Ноокен тумани | Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
| 8. | Ўзбекистон-автодорожний | Фарғона вилояти Қувасой тумани | Қизил-Қия-автойўл | Зоткен вилояти Қизил-Қия ш. | Икки томонлама | 24 соат | |||||||||||||
| 9. | Мингтепа—автойўл | Андижон вилояти Марҳамат тумани | Қора-Бағиш— автойўл | Ўш вилояти Аравон тумани | Икки томонлама | Куннинг ёруғ вақти | |||||||||||||
| 10. | Косонсой-автойўл | Наманган вилояти Косонсой тумани | Баймак-автойўл | Жалолобод вилояти Ола-Буқа тумани | Икки томонлама | Куннинг ёруғ вақти | |||||||||||||
| 11. | Пушмон-автойўл | Андижон вилояти Пахтаобод тумани | Сейдикум-автойўл | Жалолобод вилояти Бозор-Қўрғон тумани | Енгиллаштирилган ўтказиш пункти | Куннинг ёруғ вақти | |||||||||||||
| 12. | Кесканёр—автойўл | Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани | Интимак-автойўл | Ўш вилояти Қорасув тумани | Икки томонлама | Куннинг ёруғ вақти | |||||||||||||
| 13. | Қорақўрғон-автойўл | Наманган вилояти Чуст тумани | Сумсар- автойўл | Жалолобод вилояти Ола-Буқа тумани | Енгиллаштирилган ўтказиш пункти | Куннинг ёруғ вақти | |||||||||||||
| 14. | Учқўрғон автойўл | Наманган вилояти Учқўрғон тумани | Кенсой-автойўл | Жалолобод вилояти Ноокен тумани |
Халқаро | 24 соат | |||||||||||||
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 1-сон)