Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«УСМОН МУСҲАФИ»НИ ТАЛАБ ДАРАЖАСИДА САҚЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ислом оламида улкан аҳамиятга эга бўлган ёдгорлик ҳисобланган Қуръоннинг энг қадимий нусхаларидан бири — «Усмон Мусҳафи»ни ноёб қўлёзма сифатида таъмирлаш ва талаб даражасида сақлаш, бебаҳо маънавий бойлигимизни келажак авлодларга безавол етказишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Усмон Мусҳафи»ни таъмирлаш ва уни талаб даражасида сақлаш масалаларини ташкил этиш бўйича Республика комиссияси иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.
* Илова берилмайди.
2. Республика комиссиясига:
бир ой муддатда мамлакатимиздаги ва хориждаги етакчи мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳини тузиш;
экспертлар гуруҳининг иши учун зарур шарт-шароитлар яратиш топширилсин.
3. Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси экспертлар гуруҳи хулосалари асосида «Усмон Мусҳафи»ни таъмирлаш ва сақлаш юзасидан тадбирлар режасини 2007 йил 1 октябрга қадар Республика комиссиясига тақдим этсин.
4. Молия вазирлиги:
тегишли ҳисоб-китоблар асосида хорижий экспертларнинг Тошкентга келиб-кетиш ва ишлаш харажатлари учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан зарур маблағ ажратилишини;
Республика комиссияси тасдиқлаган сарф-харажатлар асосида Маданият ва спорт ишлари вазирлигига зарур маблағ ажратилишини 2008 йил бюджет параметрларига киритилишини назарда тутсин.
5. Таъмирлаш ишларини амалга оширишда ҳомий сифатида қатнашиш истагини билдирган нодавлат ва жамоат ташкилотлари, хорижий ва халқаро тузилмаларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватлансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 8 июнь,
115-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 23-сон, 240-модда)