ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган дизель ёқилғиси қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 29 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3912]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 майдаги ПФ-82-сон «Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган дизель ёқилғиси қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
4. Мазкур буйруқ 2027 йил 1 январга қадар амал қилади.
Вазир И. АБДУРАХМОНОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 июнь,
51-сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
2026 йил 24 июнь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 18 июнь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
2026 йил 22 июнь
Бош прокурор Н. ЙЎЛДОШЕВ
2026 йил 19 июнь
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг 2026 йил 30 июндаги 51-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган дизель ёқилғиси қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
Мазкур Низом қишлоқ хўжалиги корхоналари (бундан буён матнда истеъмолчи деб юритилади) томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган дизель ёқилғиси қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Агропортал — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси;
агротехнологик харита — 2022 — 2026 йиллар учун ишлаб чиқилган ҳамда мавсум давомида барча қилинадиган ишлар ва тахминий харажатларни (ойлар кесимида ) акс эттирувчи ҳужжат;
биржа — «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ;
субсидия — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун мазкур Низомда белгиланган муддатларда биржа савдолари орқали харид қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида рўйхатга олинган электрон ҳисобварақ-фактурага асосан дизель ёқилғиси қийматининг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан бир марталик ажратиладиган маблағлар;
истеъмолчи — пахта ва буғдой (бундан буён матнда қишлоқ хўжалиги экинлари деб юритилади) етиштиришда биржа орқали дизель ёқилғисини харид қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи юридик шахс;
2. Субсидиянинг ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлигининг (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағида юритилади.
3. Субсидия агротехнологик харитада назарда тутилган пахта ва буғдой етиштириш ҳамда ҳосилни йиғиб-териб олиш билан боғлиқ агротехник тадбирларни амалга ошириш учун 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлга қадар истеъмолчи томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган дизель ёқилғисининг ҳар бир тоннаси бўйича унинг қийматининг 13 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда проактив шаклда ажратилади.
Бунда истеъмолчи субсидияни олиш учун ўзига тегишли экин ер майдонларини контурлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари кесимида белгиланган тартибда Агропорталга киритган бўлиши лозим.
2-боб. Истеъмолчилар рўйхатини шакллантириш ва субсидияни ажратиш
4. Биржа истеъмолчилар томонидан 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлга қадар ҳар бир тоннаси 13 миллион сўмдан юқори нархда харид қилинган дизель ёқилғиси бўйича тузилган биржа шартномалари, шунингдек мазкур шартномаларга мувофиқ солиқ органлари тасдиқлаган электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида дизель ёқилғиси ҳажмлари юзасидан истеъмолчилар кесимида шакллантирилган маълумотларни тасдиқлайди ҳамда уларни электрон шаклда Агропортал орқали Агентликка юборади.
5. Биржа томонидан маълумотлар тақдим қилингандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агротехнологик харита доирасида ҳар бир қишлоқ хўжалиги экинлари учун 2026 йил апрель — июнь ойларида сарфланиши белгиланган дизель ёқилғиси миқдорини Агропортал орқали жойлаштиради.
Бунда истеъмолчи томонидан харид қилинган дизель ёқилғиси миқдори билан агротехнологик харитада белгиланган дизель ёқилғиси миқдори Агропорталда солиштирилади ҳамда субсидия суммаси автоматик тарзда ҳисобланади.
6. Биржа томонидан истеъмолчилар кесимида шакллантирилган маълумотлар Агропортал орқали Агентликка юборилганда, техник носозлик ёки ахборот тизимлари ўртасидаги маълумот алмашинувидаги узилишлар натижасида айрим истеъмолчилар маълумотлари юборилмай қолган тақдирда, истеъмолчи Агентликка ёзма ёки электрон шаклда (Агропортал орқали) мурожаат қилиши мумкин.
7. Агентлик истеъмолчининг мурожаатини олган кундан эътиборан уч иш куни ичида Биржа ва Агропортал оператори билан ҳамкорликда истеъмолчини мазкур рўйхатга киритиш билан боғлиқ ҳолатни ўрганади ҳамда маълумотлар тасдиқланган тақдирда, истеъмолчини Агропортал рўйхатига киритади ва субсидия ҳисоб-китобини мазкур Низомнинг 9 ва 10-бандлари талабларига мувофиқ амалга оширади.
8. Истеъмолчининг мурожаатини кўриб чиқиш натижалари хулоса қабул қилинган кундан бошлаб Агентлик томонидан Агропортал орқали ёки электрон шаклда истеъмолчига уч иш куни ичида юборилади.
9. Субсидия ажратиладиган дизель ёқилғиси миқдори қуйидаги формула асосида аниқланади:
Д=(П×Кп)+(Г×Кг)
Бунда:
Д — субсидия ҳисобланадиган дизель ёқилғиси миқдори;
П — истеъмолчи томонидан амалда экилган пахта майдони (гектарда);
Г — истеъмолчи томонидан амалда экилган буғдой майдони (гектарда);
Кп — пахта хомашёсини етиштиришда агротехнологик харита бўйича апрель — июнь ойларида сарфланадиган дизель ёқилғиси меъёри (тонна/гектар);
Кг — буғдойни етиштиришда агротехнологик харита бўйича апрель — июнь ойларида сарфланадиган дизель ёқилғиси меъёри (тонна/гектар).
10. Субсидия суммаси қуйидаги формула асосида ҳисобланади:
С=Д×(Н-Б)
Бунда:
С — субсидия миқдори;
Н — бир тонна дизель ёқилғисининг амалда харид қилинган нархи;
Б — бир тонна дизель ёқилғисининг базавий нархи (13 000 000 сўм).
Субсидия миқдорини ҳисоблашда:
истеъмолчи томонидан белгиланган муддатда харид қилинган субсидия ажратилиши ҳисобга олинадиган дизель ёқилғиси миқдори (Д) агротехнологик харитада белгиланган меъёрдан кам бўлса, ҳисоб-китобларда амалда харид қилинган дизель ёқилғиси миқдори, белгиланган меъёрдан ортиқ бўлса, агротехнологик харитада белгиланган меъёр миқдори;
дизель ёқилғиси нархининг базавий нархдан ошган қисми ҳар бир тонна учун 2 миллион сўмдан ортиқ бўлган тақдирда, 2 миллион сўм деб қабул қилинади.
11. Субсидия ажратилганидан кейин субсидия миқдорига таъсир қилувчи, шу жумладан экин майдони, дизель ёқилғисининг харид қилинган миқдори ва нархи, электрон ҳисобварақ-фактура, биржа шартномалари, агротехнологик харита маълумотларида хатолик аниқланган ёки уларга ўзгартириш киритилган тақдирда, Агентлик субсидия миқдорини қайта ҳисоблайди ҳамда бу ҳақда истеъмолчига Агропортал орқали учиш куни ичида электрон шаклда хабар юборади.
12. Субсидия қуйидаги ҳолларда ажратилмайди:
истеъмолчи дизель ёқилғисини биржа савдоларидан ташқари харид қилганда;
истеъмолчи томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича Агропорталга контурлар кесимида маълумотлар жойлаштирилмаганда;
дизель ёқилғиси агротехнологик харитада бошқа ойларда амалга оширилиши назарда тутилган агротехник тадбирларни бажариш мақсадида апрель — июнь ойларида харид қилинганда.
Субсидия беришни ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
13. Истеъмолчиларга субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосада рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатилиши лозим.
14. Агентлик Агропортал орқали автоматик тарзда ҳисобланган субсидия суммасини у ҳисобланган кундан эътиборан уч иш куни ичида истеъмолчининг тижорат банкидаги махсус ҳисобварағига (23210) ўтказиб беради ҳамда бу ҳақда шу куннинг ўзида истеъмолчини Агропортал орқали хабардор қилади.
3-боб. Субсидия маблағларидан фойдаланиш
15. Тижорат банки истеъмолчининг махсус ҳисобварағига (23210) келиб тушган субсидия маблағларини, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар, шунингдек олдинги йилларда ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича мавжуд қарздорликларни сўндиришга йўналтиради.
Имтиёзли кредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар, шунингдек олдинги йилларда ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича қарздорликлар тўлиқ сўндирилгандан сўнг субсидия маблағларининг қолган қисми, биринчи навбатда, солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича мавжуд қарздорликларни, сўнгра лизинг тўловлари бўйича жорий қарздорликларни сўндиришга йўналтирилади.
Бунда солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича олдиндан тўловни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
16. Имтиёзли кредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар, олдинги йилларда ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича қарздорликлар, солиқлар ва мажбурий тўловлар ҳамда лизинг тўловлари бўйича жорий қарздорликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, субсидия маблағлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчининг асосий ҳисобварағига ўтказилади ҳамда мазкур маблағлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи эркин фойдаланади.
4-боб. Якуний қоида
17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.07.2026 й., 10/26/3912/0796-сон)