Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 24 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3908]
Ўзбекистон Республикасининг «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 майдаги 213-сон «Портловчи моддалар ва портлатиш воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, транспортда ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШПУЛАТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 8 июнь,
42-сон
Келишилди:
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари О. ҚУДРАТОВ
2026 йил 14 май
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
2026 йил 18 март
Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ
2026 йил 28 февраль
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Б. ИСЛАМОВ
2026 йил 25 февраль
Транспорт вазири И. МАХКАМОВ
2026 йил 20 февраль
Энергетика вазири Ж. МИРЗАМАҲМУДОВ
2026 йил 16 январь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 26 декабрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 26 декабрь
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2026 йил 8 июндаги 42-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш тартибини белгилайди.
Ушбу Қоидаларнинг талаблари ҳарбий ва мудофаа мақсадларида фойдаланиладиган портловчи материалларни темир йўл транспортида ташишга нисбатан татбиқ этилмайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. МДҲга аъзо давлатларнинг темир йўл транспорти Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Темир йўлларда хавфли юкларни ташиш қоидаларининг (бундан буён матнда Темир йўлларда хавфли юкларни ташиш қоидалари деб юритилади) 10-иловасида келтирилган портловчи материалларни темир йўл транспортида ташишга йўл қўйилади.
2. Ҳаракатдаги темир йўл таркибида қуйидагилар мавжуд бўлса, портловчи материалларни темир йўл транспортида ташишга йўл қўйилмайди:
почта-багаж, йўловчи ташиш вагонлари, портловчи ёки ёнувчан юклар;
сиқилган ва суюлтирилган газлар, тез алангаланувчи суюқликлар ёки қаттиқ моддалар;
ўз-ўзидан ёнувчи моддалар ва сув билан ёки ҳаводаги намлик билан ўзаро таъсирда алангаланадиган газлар ажратувчи моддалар;
оксидловчи моддалар ва органик пероксидлар, заҳарли моддалар;
ногабарит юклар билан уланган таркиблар;
қабул қилиш ва жўнатиш темир йўлларининг сиғимидан ортиқ узунликка эга бўлган таркиблар.
3. Портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 65-иловасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти жамоат тартибини сақлаш хизмати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармалари томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.
4. Портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш портловчи материалларни жўнатувчилар (бундан буён матнда жўнатувчилар деб юритилади) ёки уларни қабул қилувчилар (бундан буён матнда қабул қилувчилар деб юритилади) билан «Минтақавий темир йўл узели» филиаллари ўртасида тузиладиган портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш шартномаси (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) асосида амалга оширилади.
«Минтақавий темир йўл узели» филиаллари томонидан жўнатувчи ёки қабул қилувчи билан шартнома тузилганидан сўнг, бу ҳақида шартнома тузилган куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти жамоат тартибини сақлаш хизмати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармалари ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.
5. Портловчи материаллар ортилган вагонларни жўнатишларни шакллантириш режасига мувофиқ узоқ масофага қатновчи темир йўл таркибида жўнатиш белгиланган бўлса, уларни яқин масофага қатновчи темир йўл таркибига киритилмайди.
6. Портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш учун жўнатувчилар томонидан авария карточкаси ишлаб чиқилиши ҳамда тасдиқланиши лозим.
Ушбу авария карточкасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
портловчи материалларнинг номи ва хусусияти;
портловчи материалларнинг ишлаб чиқарувчиси ҳақида маълумотлар;
портловчи материалларнинг маркаси, тури ва идентификация рақами;
портловчи материалларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва партия рақами;
техник тавсифлари;
сақлаш, ташиш ва фойдаланиш шартлари;
хавфлилик даражаси ва хавфсизлик талаблари;
авария ҳолати юзага келганда бажариладиган ҳаракатлар ҳамда оқибатларни бартараф этиш тартиби;
яроқлилик муддати.
7. Портловчи материаллар ёпиқ вагонларда ташилади. Бунда ушбу вагонлар портловчи материалларнинг хавфсиз жойлаштирилиши ва маҳкамланишини таъминлайдиган махсус жиҳозлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
8. Портловчи материалларнинг бир нечта қабул қилувчиларга битта вагонда йўлда қисман тушириш шарти билан темир йўл транспортида ташишга қуйидаги талаблар бажарилган тақдирда йўл қўйилади:
а) қабул қилувчилар темир йўл станцияларида кетма-кет жойлашган бўлиши;
б) портловчи материаллар вагонга уларни белгиланган кетма-кетликда тушириш имконини берадиган тартибда жойлаштирилиши ва маҳкамланиши;
д) ҳар бир портловчи материалларнинг маркировкаси ҳамда улар жойлашган ўринлар сонини бошқа портловчи материалларни силжитмасдан текшириш, шунингдек тегишли портловчи материалларни бошқа портловчи материаллар жойлашуви ва маҳкамланишини бузмасдан тушириш имконияти таъминланиши.
9. Жўнатувчилар ва қабул қилувчилар портловчи материалларни вагонларга юклаш ва улардан тушириш ҳамда темир йўл транспортида ташиш билан боғлиқ ишларни амалга оширувчи ходимларга мунтазам равишда йўл-йўриқ бериши ҳамда ушбу Қоидаларга риоя этилиши устидан назоратни таъминлаши шарт.
2-боб. Портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш
10. Жўнатувчи портловчи материалларни вагонларга юклаш бошланишидан камида бир иш куни олдин темир йўл станциясига юк хатини ёки ташиш ҳужжатлари тўпламини тақдим этади.
Портловчи материаллар вагонларга бўлиб ёки кичик партиялар билан ташилганда ҳар бир вагон ёки ҳар бир партия учун жўнатувчи томонидан алоҳида юк хати ёхуд ташиш ҳужжатлари расмийлаштирилади.
Бунда юк хати ёки ташиш ҳужжатларида мазкур Қоидаларнинг 6-бандида келтирилган маълумотлар кўрсатилади ҳамда юк хати ёки ташиш ҳужжатларининг юқори қисмига «ПМ» штамплари қўйилади.
Юк хати ёки ташиш ҳужжатларига портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш ҳолатларидан келиб чиқиб қуйидаги штамплар ҳам қўйилиши мумкин:
«Тепаликдан туширманг» — портловчи материаллар ортилган вагонларни тепаликдан тушириш ёки уларни бошқа вагонларга урилишига сабаб бўладиган усулда ҳаракатлантириш тақиқланганлигини билдирувчи штамп ҳисобланади;
«Тормоз ўчирилсин» — портловчи материаллар ортилган вагонларда автотормоз тизимидан фойдаланиш тақиқланган ҳолларда қўйиладиган штамп ҳисобланади.
11. Бир нечта қабул қилувчига портловчи материалларнинг айрим партияларини битта вагонда йўлда қисман тушириш шарти билан ташилганда, ҳар бир қабул қилувчига портловчи материалларнинг партиялари бўйича алоҳида юк хати ёки ташиш ҳужжатлари расмийлаштирилади.
12. Темир йўл станциясининг масъул ходимлари портловчи материалларни темир йўл транспортида ташиш учун қабул қилиб олишда юк хати ёки ташиш ҳужжатларини ҳамда рухсатномани кўздан кечириши шарт.
3-боб. Портловчи материалларни юклаш учун вагонларни тайёрлаш ва уларни вагонларга юклаш
13. Портловчи материаллар фақат уларни юклаш учун мўлжалланган техник жиҳатдан соз ва тоза бўлган вагонларга юкланиши керак.
Бунда вагонлар рулонли ғилдирак жуфтлари ҳамда қалинлиги камида 30 мм бўлган композицион тормоз колодкалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.
14. Портловчи материалларни темир йўл транспортида ташишда ўтиш майдончалари ва қўлда бошқариладиган тўхташ тормозлари билан жиҳозланган вагонлардан фойдаланишга рухсат этилади.
15. Вагонларда ўтказилган техник кўрик натижалари алоҳида китобда қайд этиб борилади ҳамда мазкур китобда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
вагоннинг техник кўрикдан ўтказилганлиги;
вагоннинг портловчи материалларни ташиш учун техник жиҳатдан яроқлилиги;
автотормознинг уланганлиги ёки узилганлиги;
сўнгги даврий таъмир ўтказилган сана ва жойи.
Мазкур маълумотлар китобга киритилгандан сўнг, улар техник кўрикни ўтказган темир йўл станциясининг масъул ходими имзоси билан тасдиқланиши лозим.
16. Жўнатувчи вагон кузовининг (поли, деворлари, томи, эшиклари ва люк қопқоқлари), қопқоқларнинг зич ёпилиши, шунингдек вагоннинг ташқи ва ички жиҳозлари ҳолати ҳамда тозалигини текшириши мумкин.
17. Портловчи материалларни юклашдан олдин жўнатувчи вагонларнинг эшиклари ва люклари атрофидаги ёриқлар ҳамда бўшлиқларни бартараф этиш (беркитиш) чораларини кўриши шарт.
Вагонларнинг эшиклари ва люклари зич ёпилиши ҳамда ички томондан сим ва бруслар ёрдамида мустаҳкамланиши лозим.
18. Портловчи материалларни темир йўл транспортида ташишда уларнинг юк хати ёки ташиш ҳужжатларида «Тормоз ўчирилсин» штампи мавжуд бўлса, вагонларнинг автотормозлари ўчирилган ҳолатда бўлиши керак. Бунда портловчи материаллар ортилган вагонларнинг автотормозларини манёвр ишлари давомида ишга туширишга йўл қўйилади.
Портловчи материаллар юклаш учун вагонлар топширилишидан олдин темир йўл станциясининг масъул ходими ажратиш кранини ёпиши, уни ёпиқ ҳолатда сим билан маҳкамлаши ҳамда пломбалаши шарт.
19. Автотормозлари ўчирилиши керак бўлган вагонлар билан ишлаш ва бундай вагонлар билан манёвр ишларини амалга оширишда хавфсизлик талаблари «Минтақавий темир йўл узели» филиали раҳбари томонидан белгиланади.
Бунда автотормозлари ўчирилган вагонлар билан ишлашда поездлар машинисти ва унинг ёрдамчиси ҳамда вагон ходимлари хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилишлари шарт.
20. Портловчи материалларни ташишга мўлжалланган янги вагонлар темир йўлда фойдаланишга чиқарилишидан олдин техник кўрикдан ўтказилади. Техник кўрик вақтида темир йўл станциясининг масъул ходимлари вагоннинг тузилиши ва техник жиҳозларини портловчи материалларни ташишга яроқлилиги бўйича текширадилар. Вагоннинг тузилиши ва техник жиҳозлари портловчи материалларни ташишга яроқли бўлмаган тақдирда ушбу вагонлардан темир йўлда фойдаланишга ва портловчи материалларни ташишга йўл қўйилмайди.
4-боб. Портловчи материалларни вагонларга юклаш, ташиш ва тушириш
21. Портловчи материалларни вагонга юклаш ва ундан тушириш фақат бунинг учун махсус ажратилган ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган жойларда амалга оширилади. Бундай жойлар жўнатувчи ёки қабул қилувчига тегишли ёхуд улар томонидан шартнома асосида хизмат кўрсатиш учун фойдаланиладиган умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар, шунингдек зарур жиҳоз ва қурилмаларга эга бўлган махсус омборлар ёки темир йўл станцияларида ажратилган махсус жойлар бўлиши мумкин.
22. Портловчи материалларни вагонга юклаш ва ундан тушириш ишлари жўнатувчи ёки қабул қилувчининг ходимлари ва техник воситалари ёрдамида амалга оширилади.
Бунда портловчи материалларни вагонга юклаш ва туширишда Темир йўлларда хавфли юкларни ташиш қоидаларига риоя этилиши керак.
23. Портловчи материалларни вагонга юклаш ва тушириш жўнатувчи ёки қабул қилувчи томонидан тайинланган масъул вакил раҳбарлигида амалга оширилади. Портловчи материалларни вагонга юклаш ва тушириш жараёнида «Минтақавий темир йўл узели» филиалининг ёнғин хавфсизлиги хизмати вакили иштирок этади ҳамда портловчи материаллар ички ишлар органлари ходимларининг қуролли қўриқлови остида бўлади.
Масъул вакил портловчи материалларни вагонларга юклаш ва тушириш, уларни белгиланган тартибда жойлаштириш ва маҳкамлаш ишларини хавфсиз бажарилишини таъминлайди.
24. Портловчи материалларни вагонларда хавфсиз ташишда жўнатувчи зарур махсус жиҳозлари ва портловчи материалларни хавфсиз жойлаштириш ҳамда маҳкамлаш учун керак бўладиган барча материалларни (доскалар, тиргаклар, панжаралар, юмшоқ тўшама материаллар ва бошқалар) таъминлаши шарт.
Бундай материаллар портловчи материалларнинг вагонда силжиши, шикастланиши ёки хавф туғдиришининг олдини олиш учун ишлатилади.
25. Жўнатувчи портловчи материалларни вагонга юклашдан олдин ҳар бир портловчи материалларнинг маркировкаси мавжудлигини ва тўғрилигини, юк хати ёки ташиш ҳужжатларида келтирилган шартли рақами ҳамда массаси тўғри кўрсатилганлигини, шунингдек пломба ва муҳрларнинг бутлигини текширади.
Портловчи материалларни вагонга юклаш ёки тушириш вақтида аниқланган нуқсонлар, носозликлар ва портловчи материалларни сақловчи воситалар шикастланиши имкон қадар қисқа муддатда бартараф этилиши лозим.
Тузатиб бўлмайдиган нуқсонларга эга, шунингдек портловчи материаллар тўкилган ёки оқаётган бўлса уларни ташишга рухсат берилмайди. Бундай портловчи материаллар жўнатувчи томонидан авария карточкасида белгиланган хавфсизлик чораларига мувофиқ зудлик билан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилиши шарт.
26. Портловчи материаллар темир йўл станциясига бир нечта партияда олиб келинганда, юклаш ва тушириш ишларини бажарувчи жўнатувчи ёки қабул қилувчининг ходимлари биринчи юк партияси билан бир вақтда юклаш ва тушириш жойига етиб келиши шарт.
27. Портловчи материалларни вагонга жойлаштириш ва маҳкамлашда қуйидаги талабларга риоя қилинади:
портловчи материалларни вагон полига бир текис ва зич жойлаштириш;
яшиклар ва бочкаларнинг қопқоғини юқорига қаратиб ўрнатиш;
механик таъсирга энг сезгир портловчи материалларни вагон охирига юклаш ҳамда уларни биринчи бўлиб тушириш имконини берадиган тартибда жойлаштириш.
Агар портловчи материалларни ишлаб чиқарувчисининг техник ҳужжатларида уларни жойлаштириш ва маҳкамлаш бўйича алоҳида талаблар белгиланган бўлса, ушбу талабларга амал қилиниши лозим.
Вагонда портловчи материаллар устама-уст жойлаштирилганда уларнинг юқори қаторида жойлашган портловчи материаллар силжиши, ағдарилиши ёки тушиб кетишига йўл қўйилмайдиган тарзда маҳкамланиши шарт.
Портловчи материаллар вагонда учқун чиқармайдиган асбоблар (латун, мис, бронза ва бошқалар) ёрдамида эҳтиёткорлик билан маҳкамланади.
28. Портловчи материаллар вагонга юкланганидан сўнг, жўнатувчи томонидан тайинланган масъул вакил томонидан портловчи материаллар вагонга мустаҳкам жойлаштирилганлиги текширилади ҳамда вагон эшиклари зич ёпилади ва эшик қопламалари пломбаланади ёки пластинкали сим бурамалар билан маҳкамланади. Бунда ушбу ҳаракатлар ички ишлар органлари ходимларининг иштирокида амалга оширилади.
29. Портловчи материаллар юкланган вагонлар белгиланган станциясига етиб келганидан сўнг, бу ҳақида темир йўл станциясининг масъул ходими дарҳол қабул қилувчини хабардор қилади.
Қабул қилувчи хабардор қилинган вақтдан бошлаб икки соат ичида портловчи материалларни қабул қилиб олиши шарт.
30. Портловчи материаллар белгиланган темир йўл станциясига етиб келганидан сўнг, қабул қилувчи қуйидаги чораларни кўриши шарт:
портловчи материалларни ички ишлар органлари ходимларининг кузатуви остида бўлишини таъминлаши;
портловчи материаллар улар юкланган вагонлардан туширилганидан сўнг, ўн икки соат ичида ички ишлар органлари ходимларининг кузатуви остида темир йўл станцияси ҳудудидан олиб чиқилишини таъминлаши.
Агар портловчи материалларни тушириш ҳудуди қабул қилувчига тегишли ёхуд улар томонидан ижарага олинган умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар, шунингдек зарур жиҳоз ва қурилмаларга эга бўлган махсус омборларда жойлашган бўлса, портловчи материалларни вагондан тушириш қабул қилувчи томонидан тайинланган масъул вакил раҳбарлигида ички ишлар органлари ходимларининг кузатуви остида амалга оширилиши лозим.
31. Темир йўл станциясининг махсус ажратилган жойларига юклаш ёки тушириш учун қўйиладиган вагонлар сони мазкур жойнинг йўл сиғими ҳамда юклаш ёки тушириш фронти сиғимидан ошмаслиги керак.
Махсус ажратилган жойга жойлаштириб бўлмайдиган портловчи материаллар юкланган вагонлар хавфсизлик талаблари асосида темир йўл станциясининг бошқа йўлларига жойлаштирилади.
Агар темир йўл станциясининг йўл қурилмалари юклаш ва тушириш ишларини икки ёки ундан ортиқ алоҳида жойларда бир вақтнинг ўзида бажариш имконини берса, ушбу ишларни амалга оширишга фақат мазкур жойлар ўртасидаги масофа камида 200 м бўлган тақдирда йўл қўйилади.
32. Портловчи материалларни вагонларга юклаш ва тушириш ишларини бошлашдан олдин ушбу ишларни бажаришга жалб қилинган жўнатувчи ва қабул қилувчининг ходимларига уларга бошчилик қилувчи масъул шахс томонидан меҳнат хавфсизлиги ва техника хавфсизлиги талаблари бўйича йўриқнома берилади ҳамда ходимларнинг мазкур талабларга риоя қилиниши назорат қилинади.
33. Темир йўл станциясида портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари амалга ошириладиган махсус жойлар турар-жой ва ишлаб чиқариш бинолари, юк омборлари, умумий юклаш-тушириш ва сақлаш жойлари, хавфли суюқ юкларни қуйиш ва тўкиш жойлари ҳамда темир йўл станциясининг асосий йўлларидан камида 125 м узоқликдаги масофада жойлашган бўлиши шарт.
34. Портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари зарур ёритиш воситалари билан таъминланган тақдирда сутканинг исталган вақтида амалга оширилиши мумкин.
Агар портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари зарур ёритиш воситалари билан таъминланмаса, кундузги вақтда амалга оширилади.
35. Портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари амалга ошириладиган махсус жойлар ёнғинга қарши зарур воситалар ҳамда стационар ва кўчма усти ёпиқ сунъий ёритиш воситалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Портловчи материаллар мунтазам равишда қабул қилинмайдиган ёки жўнатилмайдиган жойларда истисно тариқасида усти очиқ сунъий ёритиш воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади. Бунда очиқ сунъий ёритиш воситалари портловчи материалларни юклаш ва тушириш жойларидан камида 100 м масофа узоқликда жойлаштирилиши шарт.
36. Портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари амалга ошириладиган махсус жойларга автотранспорт воситаларининг хавфсиз кириши ва чиқиши учун қулай кириш йўллари таъминланиши шарт.
37. Портловчи материаллар юкланган вагонлар аварияга (ҳалокатга) учраганда ёки портловчи материаллар юкланган вагонларда портловчи материалларнинг жойлаштирилиш тартиби бузилганлиги белгилари мавжуд бўлган ҳолларда портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари фақат ёруғ шароитда амалга оширилади. Мазкур ишлар усти ёпиқ сунъий ёритиш воситаларидан фойдаланилган ҳолда бажарилиши шарт.
38. Портловчи материалларни юклаш ва туширишда фойдаланиладиган юклаш ҳамда кўтариш воситалари соз ҳолатда бўлиши ва портловчи материалларнинг тушиб кетишига йўл қўймайдиган мосламалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Портловчи материалларни кўтаришда фойдаланиладиган кран ва бошқа юк кўтарувчи машиналарнинг юк кўтариш механизмлари портловчи материалларнинг тушиб кетишининг олдини олиш учун иккита тормоз билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Портловчи материалларни кўтаришда фойдаланиладиган кранлар ва бошқа юк кўтарувчи машиналарда кўтариладиган юк массаси ушбу машиналарнинг паспорти ёки фойдаланиш йўриқномасида кўрсатилган рухсат этилган юк кўтариш чегарасидан ошмаслиги шарт.
Агар кранлар ва бошқа юк кўтарувчи машиналарнинг юк кўтариш механизми фақат битта тормоз билан жиҳозланган бўлса, кўтариладиган портловчи материалларнинг оғирлиги ушбу механизм учун белгиланган рухсат этилган юк кўтариш қувватининг 75 фоизидан ошмаслиги шарт.
Шамол тезлиги портловчи материалларни кўтаришда фойдаланиладиган кранлар учун белгиланган рухсат этилган меъёрнинг 75 фоизидан ошган тақдирда, ушбу кранлардан фойдаланиш тақиқланади.
39. Портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари ушбу портловчи материаллар билан ишлаш учун рухсат этилган, зарба таъсирида учқун чиқармайдиган юк кўтариш ва маҳкамлаш мосламалари ёрдамида амалга оширилиши шарт.
Портловчи материалларни юклаш ва туширишда фойдаланиладиган юклаш ҳамда юк кўтариш воситаларининг созлиги ва яроқлилиги иш бошланишидан олдин жўнатувчи ёки қабул қилувчи томонидан тайинланган масъул ходим томонидан текширилиши шарт.
40. Портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари эҳтиёткорлик билан бажарилиши шарт.
Портловчи материалларни силкитиш, уриш, ташлаш ёки уларга зарба бериш тақиқланади.
Портловчи материалларни қўлда ёки қўл замбили (носилка) ёрдамида ташишда эҳтиёт чораларига риоя қилиниши шарт.
Совуқ ва музлаш вақтида одамлар сирпаниб кетмаслиги учун портловчи материалларни юклаш ва тушириш жойлари қум ёки кул билан қопланиши керак.
41. Портловчи материаллар юкланган вагонларни юклаш ва тушириш жойлари бўйлаб суриш тақиқланади.
Портловчи материаллар юкланган вагонларни темир йўл станцияси ҳудудида махсус тортиш ёки суриш қурилмалари (кабестанлар, электрошпаллар ва бошқа механик воситалар) ёрдамида ҳаракатлантириш тартиби «Минтақавий темир йўл узели» филиали раҳбари ёки темир йўл станцияси раҳбари томонидан белгиланади.
5-боб. Портловчи материалларни ташишда юкли поездларни шакллантириш ва уларнинг манёвр ишлари
42. Портловчи материаллар юкланган вагонлар юкли поездлар таркибида якка вагон ёки вагонлар гуруҳи ёхуд маршрут таркибида ташилади.
Портловчи материалларни ташиш ортиқча тўхташлар ва йўлдаги кечикишларнинг олдини олиш мақсадида устувор тартибда амалга оширилиши шарт.
43. Темир йўл станциясида юкли поездларни шакллантириш режасига мувофиқ портловчи материаллар юкланган вагонларни юкли поездлар таркибида жўнатишга рухсат этилади.
44. Таркибида портловчи материаллар юкланган вагонлар мавжуд бўлган юкли поезд таркибчи ёки кондуктор бригадаси билан таъминланган бўлиши шарт.
45. «Минтақавий темир йўл узели» филиали навбатчиси, темир йўл станцияси диспетчери ва манёвр диспетчери юкли поездлар ҳаракатини режалаштиришда темир йўл станциясига келган портловчи материаллар юкланган вагонларнинг имкон қадар камроқ ушланиб туришини ҳамда уларнинг устувор тартибда жўнатилишини таъминлаши шарт.
46. Портловчи материаллар юкланган вагонлар юкли поезд таркибига битта гуруҳ сифатида жойлаштирилиши шарт. Бир хил манзилга йўналаётган бундай вагонлар бутун ташиш жараёни давомида бир-биридан ажратилмаслиги керак.
47. Портловчи материаллар юкланган вагонларни кузатиб борувчи ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ажратилган ва тегишли жиҳозланган вагон ажратилиши шарт.
Ички ишлар органлари ходимлари кузатиб борилаётган вагон ёки вагонлар гуруҳидан беш вагондан ортиқ бўлмаган масофада жойлашган бўлиши керак.
48. Темир йўл станциясининг навбатчиси, манёвр диспетчери ёки йўл навбатчиси портловчи материаллар юкланган вагонлар билан манёвр ишларини бажариш зарурати туғилганда, бу ҳақда таркиб тузувчини хабардор қилиши шарт. Таркиб тузувчи эса ўз ёрдамчиси ва локомотив машинистига портловчи материаллар юкланган вагонлар билан ишлаш тартиби тўғрисида маълумот бериши керак.
Портловчи материаллар юкланган вагонлар саралаш йўлларига қўйилгандан сўнг, уларнинг ўз-ўзидан ҳаракатланишининг олдини олиш учун дарҳол иккита қўриқловчи тормоз бошмаклари билан маҳкамланиши шарт.
Тормоз бошмаклари ҳар иккала рельсга 25 м масофада ўрнатилади. Саралаш қурилмаси томони билан портловчи материаллар юкланган вагонлар орасидаги масофа камида 50 м бўлиши керак.
49. Юк хати ёки ташиш ҳужжатларида «Тепаликдан туширманг» штампи мавжуд бўлмаган портловчи материаллар юкланган вагонларни саралаш тепаликларидан тушириш ва туртиб манёвр ишларини бажаришга рухсат этилади. Бунда вагонларнинг бошқа вагонлар билан уланиш тезлиги соатига 5 км/соатдан ошмаслиги шарт.
Вагонларни тарқатиш вақтида портловчи материаллар юкланган вагонлар туширилаётган бўлса, тепалик навбатчиси (диспетчер пости оператори) ёки тепалик таркибчиси бу ҳақда тегишли ходимларни, жумладан ижро постлари операторлари, вагон тезлигини тартибга солувчилар ва стрелка постлари навбатчиларини хабардор қилиши шарт.
Портловчи материаллар юкланган вагонлар билан ишлашда хавфсизлик талабларига риоя қилиши, вагонларнинг урилиши ёки шикастланишининг олдини олиши ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаши шарт.
Вагонларни саралаш тепалигидан туширишда уларнинг ҳаракат тезлиги ва тормозлаш тартиби портловчи материаллар юкланган вагонларнинг хавфсиз ҳаракатланишини, вагонлар орасида зарур масофа сақланишини ҳамда бошқа вагонлар билан белгиланган тезликда уланиб кетишини таъминлаши шарт. Ушбу талаблар портловчи материаллар юкланган вагонлар билан манёвр ишлари бажарилганда ҳам қўлланилади.
50. Портловчи материаллар юкланган вагонлар билан манёвр ишлари бажарилаётганда поездни бошқариш фақат поезд машинисти томонидан амалга оширилиши шарт. Поезд бошқарувини поезд машинисти ёрдамчисига топширишга йўл қўйилмайди.
51. Портловчи материалларни юклаш учун вагонлар берилишидан олдин манёвр диспетчери ёки станция навбатчиси вагонларни техник ҳолатини ва портловчи материалларни ташишга яроқлилигини текшириши шарт.
52. Портловчи материаллар юкланган вагонлар ёндош йўлларга қўйилганда ёки ушбу йўллардан чиқарилганда, улар белгиланган хавфсизлик меъёрларига мувофиқ ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.
Бундай вагонлар билан ишлашда темир йўл станцияси томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи йўриқнома ишлаб чиқилади:
вагонларни олиб кириш ва олиб чиқиш йўналишлари;
манёвр таркибининг рухсат этилган ҳаракат тезлиги;
темир йўл кесишмаларидан ўтиш тартиби;
ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва қўриқлаш чоралари;
маҳаллий шароитлардан келиб чиқадиган бошқа хавфсизлик талаблари.
53. Портловчи материаллар юкланган вагонларнинг ташқи қисмига юклаш ёки тушириш жойи, портловчи материаллар тури ёки унинг хусусиятига оид маълумотларни бўр ёки бошқа воситалар ёрдамида қўшимча ёзув ва белгилар сифатида қўйиш тақиқланади.
54. Саралаш ва участка станцияларида, юклаш, тушириш ва қайта юклаш станцияларида, шунингдек бошқа станцияларда портловчи материаллар юкланган вагонлар билан ишлаш тартибини белгиловчи йўриқнома ишлаб чиқилиши шарт.
Маҳаллий йўриқномада қуйидагилар белгиланиши керак:
юкли поездларни қабул қилиш, узлуксиз ўтказиш, жўнатишга тайёрлаш ва жўнатиш тартиби, шунингдек портловчи материаллар юкланган вагонлар билан манёвр ишларини бажариш тартиби;
манёвр ишлари учун учқун сўндирувчи мосламалар билан жиҳозланган локомотивларни ажратиш ва улардан фойдаланишга рухсат бериш тартиби;
манёвр ишлари вақтида автотормозларни ўчириш тартиби;
портловчи материаллар юкланган юкли поезд ва вагонларга техник хизмат кўрсатиш тартиби;
станцияда портловчи материаллар юкланган вагонларни ҳисобга олиш, зарур ҳолларда уларни авария карточкалари асосида аниқлаш тартиби;
ноқулай об-ҳаво шароитларида (туман, бўрон, кучли ёмғир, кучли шамол, қор кўчкиси ва бошқа ҳолатларда), шунингдек техник воситалар ишдан чиққанда хавфсизлик чораларига риоя қилиш тартиби;
станция ходимларини авария ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш ва уларнинг ҳаракат қилиш тартиби;
манёвр ишлари вақтида оғзаки буйруқлар бериш тартиби;
саралаш тепаликларида портловчи материаллар юкланган вагонлар билан манёвр ишларини бажаришга рухсат бериш ёки тақиқлаш тартиби;
юкли поезд таркибидан ташқарида ёки тўпланиш йўлларида портловчи материаллар юкланган вагонларнинг жойлаштирилиш тартиби;
портловчи материаллар билан боғлиқ ишларни бажариш учун ёзма буйруқлар бериш тартиби.
6-боб. Вагонларга техник хизмат кўрсатиш, улардаги носозликларни бартараф этиш ва таъмирлаш
55. Портловчи материаллар юкланган вагонларга техник хизмат кўрсатиш хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
Техник хизмат кўрсатиш пункти ходимлари аввало портловчи материаллар юкланган вагонларни аниқлаши, уларнинг рақамларини ҳисобга олиши ва бу ҳақида темир йўл станцияси раҳбарини дарҳол хабардор қилиши шарт.
Темир йўл станцияси раҳбари томонидан рухсат берилмагунга қадар портловчи материаллар юкланган вагонларда техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ёки бошқа ишларни бажаришга йўл қўйилмайди. Бундай вагонларни юкли поезд таркибида турган ҳолатда таъмирлаш тақиқланади.
56. Портловчи материаллар юкланган вагонларни техник хизмат кўрсатишга қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш жараёни ҳисобга олинади.
Техник хизмат кўрсатиш пункти ходимлари бундай вагонларни кўздан кечириш натижаларини махсус ҳисоб-китобига қайд этиши ва киритилган маълумотларни ўз имзоси билан тасдиқлаши шарт.
57. Эшелон таркибига киритилган вагонларни йўл давомида ажратишга йўл қўйилмайди.
Ҳаракат давомида портловчи материалларнинг силжиши, маҳкамлаш воситаларининг бузилиши, носозликлар, шу жумладан портловчи материаллар юкланган вагонларда техник носозликлар аниқланган тақдирда, эшелон хавфсизлик талабларига мувофиқ тўхтатилиши ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки носоз вагонларни соз вагонларга алмаштириш чоралари кўрилиши шарт.
Носозликнинг хусусияти, иш ҳажми ва хавфсизлик шароитларидан келиб чиқиб, таъмирлаш ишлари вагонни темир йўл станциясининг махсус ажратилган йўлларида амалга оширилади.
58. Портловчи материалларни қайта юклаш ишлари темир йўл станциясининг масъул вакиллари, жўнатувчи ёки қабул қилувчининг ходимлари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари назорати остида хавфсизликни таъминлаш чораларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
59. Темир йўл станцияси раҳбари томонидан портловчи материаллар билан боғлиқ ишларни бажариш ёки аниқланган ҳолатларни бартараф этиш учун мутахассис юбориш талаби берилган тақдирда, жўнатувчи ёки қабул қилувчи ушбу мутахассиснинг темир йўл станциясига зудлик билан етиб келишини таъминлаши шарт.
60. Портловчи материаллар юкланган вагонларда таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг, уларнинг техник ҳолати ва юкнинг хавфсиз жойлаштирилганлиги текширилгач, вагонлар тўхтатилган эшелон таркибига қайта қўшилади ҳамда белгиланган манзилга жўнатилади.
61. Портловчи материаллар юкланган вагонда ғилдирак жуфтликларини алмаштириш зарур бўлган ҳолларда, вагонни кўтариш ишлари унинг барқарорлиги ва портловчи материаллар хавфсизлигини таъминлаган ҳолда амалга оширилиши шарт.
Вагоннинг бир томонини кўтаришга йўл қўйилганда, кўтарилиш баландлиги буферли брусда ўлчанганда вагоннинг дастлабки ҳолатига нисбатан 650 мм дан ошмаслиги керак.
62. Портловчи материаллар юкланган вагонларга техник хизмат кўрсатиш, аниқланган носозликларни бартараф этиш ва таъмирлаш ишлари портловчи материалларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва экологик хавфларнинг олдини олишга доир хавфсизлик чораларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши шарт.
Мазкур ишларни бажаришда портловчи материалларнинг шикастланиши, ёнғин келиб чиқиши ёки атроф-муҳитга зарар етказилишига олиб келувчи ҳаракатларга йўл қўйилмайди.
7-боб. Қўриқлаш ва кузатиб бориш
63. Портловчи материалларни темир йўл транспортида вагонларда ташиш Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ёки Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти билан жўнатувчи ёки қабул қилувчи ўртасида тузилган шартнома асосида ички ишлар органлари ходимларининг қуролли кузатуви остида амалга оширилади.
Портловчи материаллар юкланган вагонларни ички ишлар органлари ходимларининг қуролли кузатуви ташкил этилмаган ҳолда темир йўл транспортида ташишга қабул қилиш тақиқланади.
Портловчи материалларни ташишда жўнатувчи ёки қабул қилувчи томонидан тайинланган масъул мутахассислар ҳам кузатувда иштирок этиши мумкин. Портловчи материалларни ички ишлар органлари ходимларининг кузатувисиз ташиш ёки уларни йўл давомида кузатувсиз қолдиришга йўл қўйилмайди.
64. Ички ишлар органлари ходимлари портловчи материаллар юкланган вагонларни жўнатиш темир йўл станциясидан белгиланган манзилгача, шунингдек, давлат чегараси орқали ташишда чегарадан ўтиш нуқтасидан манзил белгиланган манзилгача узлуксиз кузатувини таъминлаши шарт.
Техник жиҳатдан носоз, фойдаланиш муддати тугаган ёки ташиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган вагонлар кузатувга қабул қилинмайди.
Портловчи материаллар юкланган вагонларни кузатишда ички ишлар органлари ходимларининг таркиби темир йўл станцияларида навбатма-навбат алмаштирилиши мумкин.
65. Темир йўл станциясида ички ишлар органлари ходимларининг кузатувисиз портловчи материаллар юкланган вагон аниқланган тақдирда, мазкур вагон зудлик билан вақтинчалик кузатув остига олиниши шарт.
Мазкур ҳолат тўғрисида темир йўл станциясининг ходими ушбу ҳолатни аниқланган вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ёки Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментига дарҳол хабар берилади.
66. Портловчи материаллар юкланган вагонларни қабул қилиш ва топшириш ички ишлар органлари ходимлари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг ваколатли ходими ҳамда жўнатувчи ёки қабул қилувчининг вакили иштирокида амалга оширилади.
Вагонларни қабул қилиш ва топшириш вақтида уларнинг техник ҳолати, пломбалар ва сим бурамаларнинг бутлиги, портловчи материалларнинг йўқолиши, шикастланиши ёки ўғирланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд эмаслиги текширилади.
Ўтказилган текширув натижалари мазкур далолатнома билан расмийлаштирилади.
67. Портловчи материаллар юкланган вагонлар бўйича юк хати ва бошқа ташиш ҳужжатлари олувчига ички ишлар органлари ходимлари орқали топширилади.
68. Жўнатувчи ички ишлар органлари ходимларини ҳамда портловчи материалларни кузатиб борувчи мутахассисларни портловчи материалларни кузатиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказиши шарт.
Мазкур шахслар фавқулодда вазиятлар юзага келганда белгиланган сигналларни тўғри бериш, поездни тўхтатиш чораларини кўриш ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз вазифаларини билиши керак.
69. Портловчи материаллар юкланган вагонлар манзилга келганидан сўнг, улар қабул қилувчига топширилгунга қадар ички ишлар органлари ходимларининг кузатувида бўлиши шарт.
70. Портловчи материаллар юкланган вагонлар бевосита қабул қилувчининг портловчи материаллар омборига тегишли ёндош йўлларга олиб келинса, бундай вагонлар омборнинг қуролли қўриқловига топширилади. Портловчи материалларнинг темир йўл станциясидан портловчи материаллар омборига автомобиль транспортида ташилиши амалга оширилганда, ушбу омборга етиб борилгунига қадар ички ишлар органлари ходимлари томонидан кузатувда бўлиши керак.
71. Портловчи материаллар юкланган вагонлар ички ишлар органлари ходимлари кузатувидан қабул қилувчининг портловчи материаллар омбори қуролли қўриқловига топширилгунга қадар узлуксиз қўриқланиши шарт. Ички ишлар органлари ходимларининг портловчи материалларни ҳар қандай сабабга кўра назоратсиз ва қўриқловсиз қолдириши тақиқланади.
8-боб. Портловчи материаллар юкланган вагонларни қабул қилиш
72. Портловчи материаллар юкланган вагонлар қабул қилувчига топширилишидан олдин унинг ваколатли ходими, темир йўл станциясининг ходими ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокида текширилади.
Текшириш вақтида қуйидагиларнинг созлиги кўздан кечирилади:
вагон кузовининг бутунлиги;
эшиклар ва люкларнинг ҳолати;
қулфлаш мосламаларининг созлиги;
сим бурамаларининг бузилмаганлиги;
пломбаларнинг мавжудлиги ва ҳолати.
73. Портловчи материаллар юкланган вагонни қабул қилишда ундаги пломбалар сони ҳамда пломбалардаги жўнатувчи ва жўнатиш темир йўл станциясининг муҳр белгилари юк хатида ёки ташиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга тўлиқ мослиги текширилиши шарт.
Агар пломбалар сони ёки муҳр белгиларида фарқ аниқланса, вагон белгиланган тартибда қўшимча текширувдан ўтказилмасдан қабул қилинмайди.
74. Портловчи материалларни ташиш жараёнида божхона, чегара, санитария ёки бошқа текширувлар сабабли вагон очилган ва эски пломбалар алмаштирилган бўлса, янги қўйилган божхона, чегара, санитария ёки бошқа текширувларнинг пломбалари жўнатувчининг пломбаларига тенг ҳисобланади.
Бундай ҳолатда вагонни очиш сабаби ва янги пломбалар ҳақидаги маълумотлар юк хати ёки ташиш ҳужжатларида қайд этилиши ҳамда вагонни очиш тўғрисидаги далолатнома портловчи материаллар билан қабул қилувчига топширилиши шарт.
75. Вагоннинг техник ҳолати, пломбалари ва юк хати ёки ташиш ҳужжатлари бўйича ҳеч қандай камчилик ёки эътироз аниқланмаса, вагондаги портловчи материаллар қабул қилувчи томонидан қабул қилинади.
76. Вагон қабул қилингандан кейин пломбаларни ечиш ва вагон эшикларини очиш фақат қабул қилувчининг масъул вакили ҳамда темир йўл станциясининг ходими иштирокида амалга оширилади.
9-боб. Ёнғинга қарши огоҳлантирувчи чоралар
77. Темир йўл станцияларида портловчи материалларни юклаш ва тушириш учун ажратилган махсус жойлар жўнатувчи ёки қабул қилувчи томонидан, авария карточкасида белгиланган талабларга мувофиқ, мазкур юк билан бажариладиган ишларнинг хусусиятидан келиб чиқиб зарур ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланиши шарт.
Ёнғин ўчириш воситалари портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари бошланишидан олдин тайёр ҳолатга келтирилиши ҳамда жўнатувчи ёки қабул қилувчи томонидан иш бажариладиган жойга етказилиши лозим.
Портловчи материалларни юклаш ва тушириш жойлари учун зарур ёнғин ўчириш воситалари ҳамда ёнғинга қарши асбоб-ускуналар меъёрлари темир йўл станцияси бошлиғи томонидан белгиланади.
78. Портловчи материаллар юкланган вагонларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, уларга портловчи материалларни юклаш ва тушириш ҳамда манёвр ишлари бажарилганда қуйидагилар тақиқланади:
ёритиш учун очиқ олов, керосинли ёки шамли фонарлардан фойдаланиш. Бунда фақат соз ҳолатдаги аккумуляторли ёки батареяли электр фонарлардан фойдаланишга рухсат этилади;
таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнида ёнаётган машъала, чўғдон, мангал ҳамда газ ёки электр пайвандлаш ускуналаридан фойдаланиш;
портловчи материалларни юклаш, тушириш ёки қайта юклаш жойидан 100 м масофагача бўлган ҳудудда чекиш;
портловчи материаллар юкланган вагон ичида аккумуляторли ёки батареяли электр фонарлардан фойдаланиш.
Портловчи материаллар юкланган вагонларга гугурт, ёндиргич ва сигарет ёқишга мўлжалланган бошқа воситалари мавжуд шахсларнинг киришига йўл қўйилмайди.
79. Портловчи материалларни юклаш ва тушириш ишлари бошланишидан олдин темир йўл станцияси ходими ёнғин ёки портлаш хавфи юзага келганда:
одамлар ва мол-мулкни хавфсиз жойга кўчириш;
вагонларни зудлик билан бўшатиш;
портловчи материаллар юкланган автомобилларни хавфсиз масофага олиб чиқиш бўйича ҳаракатлар тартибини олдиндан белгилаши шарт.
10-боб. Якуний қоида
80. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.07.2026 й., 10/26/3908/0781-сон)