Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 17 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3252-7]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1126-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/1-сон қарори (рўйхат рақами 3252, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3252/1098-сон) билан тасдиқланган Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 23 июнь,
19/2-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 23 июндаги 19/2-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом банк фаолиятига, шу жумладан исломий банк фаолиятига рухсат бериш, банкнинг раҳбар ходимларини лавозимига киришишидан олдин келишиб олиш, алоҳида бўлинмаларини очиш ва ёпиш, уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш, банкни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби ҳамда шартларини белгилайди.».
2. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Агар ушбу Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса:
ушбу Низомнинг банкларга нисбатан белгиланган қоидалари микромолия банкларига, исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкларига нисбатан;
ушбу Низомнинг микромолия банкларига нисбатан белгиланган қоидалари исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.».
3. Қуйидаги мазмундаги 11-банд билан тўлдирилсин:
«11. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
банкнинг барқарор молиявий ҳолати — банкнинг молиявий оқимлари мутаносиблигини, тўлов қобилиятини, ликвидлилиги ва рентабелли фаолиятини сақлаб туриш учун маблағларнинг етарлилигини, шунингдек барча пруденциал нормативлар банк томонидан бажарилишини ифодаловчи ҳолати;
билвосита эгалик қилувчи — банкнинг акцияларига ўзи назорат қиладиган бошқа шахс орқали эгалик қилувчи шахс;
исломий банк фаолияти — банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда исломий молия стандартларига мувофиқ амалга ошириладиган банк фаолияти;
мўлжалланган олиш — потенциал олувчи томонидан банк акцияларини олиш ёки уларга ҳал қилувчи эгалик қилишни кўпайтириш юзасидан қабул қилинган қарор;
назорат — Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган мезонлардан бирига мос келувчи ўзаро алоқа;
охирги бенефициар мулкдор — юридик шахс бўлган, банк акцияларининг потенциал олувчисига ёки бу акцияларга бевосита ёхуд билвосита эгалик қилувчига бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс;
потенциал олувчи — биргаликда ҳаракат қилаётган, мўлжалланилаётган сотиб олиш муносабати билан банк акцияларини бевосита ёки билвосита, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор сифатида олишни ният қилган шахс ёки шахслар гуруҳи;
раҳбар ходим — ушбу Низомнинг 77-бандида кўрсатилган лавозимлардан бирига сайланган (тайинланган) шахс;
ҳал қилувчи эгалик — шахс томонидан ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар томонидан юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) бир ёхуд бир неча битим натижасида олинган камида беш фоизига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш;
чет эл банки — чет давлатнинг ҳудудида рўйхатга олинган, ушбу чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ банк деб ҳисобланадиган юридик шахс.».
4. 8-банднинг иккинчи хатбошиси «банк фаолияти» деган сўзлардан кейин «, шу жумладан исломий банк фаолияти» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
5. 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«18. Банк ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва устави, мазкур Низомга мувофиқ Марказий банк томонидан берилган банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия ва (ёки) исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга (бундан буён матнда банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) деб юритилади) асосан амалга оширади.».
6. 19-банднинг учинчи хатбошиси, 29 ва 38-бандлар, 130-банднинг иккинчи хатбошиси, 182, 183, 200 — 202, 226 ва 233-бандлардаги «лицензия» деган сўз «банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
7. 20-банднинг 13-кичик бандидаги «банкнинг кредит, инвестиция ва эмиссия сиёсати» деган сўзлар «банкнинг кредит (молиялаштириш), инвестиция ва эмиссия сиёсати» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
8. 201 ва 202-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«201. Исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун ариза берувчи ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим этади:
банкнинг исломий молия кенгаши, исломий молия масалалари бўйича махсус бўлинмаси ва исломий молия бўйича ички аудити тўғрисидаги низомлари лойиҳаларини;
исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати лойиҳасини;
банкнинг исломий молия кенгаши аъзолари тўғрисида ушбу Низомнинг 107-банди 5 — 10-кичик бандларида кўрсатилган ҳужжатларни.
202. Таъсис йиғилишининг баённомаси ёки муассиснинг банкни таъсис этиш ҳақидаги якка тартибда қабул қилган қарори банкни ташкил этиш, банкнинг устав капитали миқдорини белгилаш, банк уставини, ташкилий тузилмасини ва бизнес-режасини тасдиқлаш, банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисидаги қарорларни, шунингдек банк исломий банк фаолиятини амалга оширган тақдирда — банкнинг исломий молия кенгаши аъзоларини сайлаш тўғрисидаги қарорни ўз ичига олиши лозим.».
9. Қуйидаги мазмундаги 203 ва 204-бандлар билан тўлдирилсин:
«203. Таъсис шартномасининг ёки муассиснинг банкни таъсис этиш ҳақидаги якка тартибда қабул қилган қарорининг нусхалари, улардаги жисмоний шахсларнинг имзолари нотариус ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқланади.
204. Исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсатида камида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
исломий банк фаолиятини амалга оширишда исломий молия стандартларига мувофиқликни таъминлашнинг аҳамияти;
исломий банк фаолиятини амалга оширишда исломий молия стандартларига мувофиқликни таъминлаш жараёни;
исломий молия стандартларига мувофиқликни таъминлашда банкнинг бошқарув органлари, исломий молия кенгаши, исломий молия масалалари бўйича махсус бўлинмаси ва исломий молия бўйича ички аудитининг вазифа ва мажбуриятлари;
исломий молия стандартларига номувофиқ бўлган даромадлардан халос бўлиш, шу жумладан уларни хайрия мақсадларига йўналтириш тартиби;
ҳисобдорлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш чоралари;
исломий молия бўйича ташқи аудит текширувини ўтказиш тартиби.».
10. 24-бандда:
12-кичик банддаги «банкнинг кредит, инвестиция ва эмиссия сиёсати» деган сўзлар «банкнинг кредит (молиялаштириш), инвестиция ва эмиссия сиёсати» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун ариза берувчи ушбу банднинг биринчи — ўн учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда ушбу Низомнинг 201-банди иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этади.».
11. 1-бўлимнинг 2-боби 5-параграфининг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5-§. Банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) бериш».
12. 28-бандда:
биринчи хатбошидаги «лицензия» деган сўз «банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«банкни давлат рўйхатига олиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) бериш тўғрисидаги ариза. Бунда аризада ариза берувчининг электрон почта манзилининг кўрсатилиши унинг қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигидир;»;
қуйидаги мазмундаги олтинчи ва еттинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«ногиронлиги бўлган шахслар учун банк биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси;
агар ариза бир вақтнинг ўзида банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия ҳамда исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш учун тақдим этилса, ушбу Низомнинг 291-банди еттинчи ва тўққизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар;»;
олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишли равишда саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«мазкур Низомнинг тегишли равишда 20 — 24-бандлари ҳамда ушбу банднинг иккинчи — еттинчи хатбошиларига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатларнинг электрон шаклдаги кўчирма нусхалари.»;
тўққизинчи хатбошидаги «учинчи — бешинчи хатбошиларида» деган сўзлар «учинчи — еттинчи хатбошиларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
13. 1-бўлимнинг 2-боби қуйидаги мазмундаги 51-параграф билан тўлдирилсин:
«51-§. Банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкка исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш
291. Банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банк исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун Марказий банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш тўғрисидаги ариза;
банк акциядорлари умумий йиғилишининг ёки банкнинг ягона акциядорининг исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги қарори;
банкнинг Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган талаблар инобатга олинган ҳолдаги устави;
банкда банкнинг исломий молия кенгаши, исломий молия масалалари бўйича махсус бўлинмаси ва исломий молия бўйича ички аудити ташкил этилганлиги тўғрисидаги маълумот;
ушбу Низомнинг 201-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар;
банкнинг исломий банк фаолиятига масъул бўлган раҳбар ходими тўғрисидаги ушбу Низомнинг 107-банди 2 — 10-кичик бандларида кўрсатилган ҳужжатлар;
исломий банк фаолияти бўйича бозор таҳлили, молиялаштириш режалари, маҳсулот ва хизматлар, молиявий прогнозлар ва таваккалчиликларни бошқариш масалаларини, шунингдек ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ бошқа маълумотларни ўз ичига олган уч йиллик бизнес-режа;
исломий банк фаолияти доирасида амалга ошириладиган молиявий операциялар бўйича бухгалтерия ҳисобини алоҳида юритиш имконияти яратилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (автоматлаштирилган банк тизимларига исломий молия операцияларини амалга ошириш бўйича ўзгартиришлар киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар).
292. Банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкка исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш ҳақидаги қарор ариза барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан эътиборан икки ойдан ошмаган муддатда қабул қилинади.
Марказий банк тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида банкни қабул қилинган қарор ҳақида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.».
14. 1-бўлимнинг 2-боби 6-параграфининг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6-§. Банк фаолиятига доир тегишли лицензияни (лицензияларни) қайта расмийлаштириш».
15. 32 ва 35-бандлардаги «Лицензияни қайта расмийлаштириш» деган сўзлар «Банк фаолиятига доир тегишли лицензияни (лицензияларни) қайта расмийлаштириш» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
16. 1-бўлимнинг 2-боби 7-параграфининг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7-§. Банк фаолиятига доир тегишли лицензияни (лицензияларни) бериш ва қайта расмийлаштириш учун тўлов».
17. 34-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) берилганлиги учун тегишинча банк ёки микромолия банки устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Бунда давлат божи берилган ҳар бир лицензия тури учун алоҳида ундирилади.».
18. 50-банднинг учинчи хатбошиси «кузатув кенгаши ва бошқаруви» деган сўзлардан кейин «, исломий молия кенгаши» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
19. 3-бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«III бўлим. Банкнинг раҳбар ходимларини Марказий банк билан келишиб олиш тартиби ва баҳолаш мезонлари».
20. 77 — 80-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«77. Қуйидаги раҳбар ходимлар лавозимига киришишидан олдин Марказий банк билан келишиб олиниши лозим:
1) банк кузатув кенгаши аъзолари, шу жумладан раиси;
2) банк бошқаруви аъзолари, шу жумладан раиси ва унинг ўринбосарлари;
3) банкнинг исломий молия кенгаши аъзолари, шу жумладан раиси ва унинг ўринбосарлари;
4) банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари, агар улар бир пайтнинг ўзида банк бошқаруви аъзолари бўлмаса:
банкнинг бош бухгалтери;
ички аудит таркибий бўлинмаси раҳбари;
таваккалчиликларни бошқаришга масъул таркибий бўлинма раҳбари;
ички назорат ва (ёки) комплаенс назорат учун масъул бўлган таркибий бўлинма раҳбари;
банк активлари ва пассивларини (ғазначиликни) бошқаришга масъул бўлган таркибий тузилма раҳбари;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуроллари тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашишга масъул таркибий бўлинма раҳбари;
банкнинг исломий банк фаолиятига масъул бўлган раҳбар ходими;
5) ихтиёрий тугатилаётган банкнинг тугатувчиси (агар тугатиш комиссияси тайинланса, унинг раҳбари ва аъзолари);
6) ўз лавозим мажбуриятларидан келиб чиқиб, ушбу банднинг 1 — 5-кичик бандларида кўрсатилган раҳбар ходимларга тенглаштирилган ёки ушбу банднинг 4-кичик бандида кўрсатилган банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи шахслар.
78. Банк раҳбар ходимнинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигини дастлабки баҳолашдан ўтказиши шарт. Бунда банк раҳбар ходимнинг ишчанлик обрўси, тажриба, билим ва кўникмалари, мулоҳазасининг мустақиллиги, вақтининг етарлилиги ва жамоавий яроқлилигини мазкур Низом ва банкнинг ички талабларига мувофиқлигини баҳолайди, шунингдек раҳбар ходим томонидан баҳолаш учун тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади.
79. Мазкур Низомнинг 78-бандида назарда тутилган баҳолаш банк томонидан раҳбар ходимни сайлаш ёки тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинишидан (ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилишидан) олдин амалга оширилади.
80. Мазкур Низомнинг 78-бандига асосан банк томонидан ўтказилган баҳолаш натижалари раҳбар ходимнинг мазкур Низом талабларига номувофиқлигини кўрсатган тақдирда, у раҳбар ходим сифатида сайланмаслиги ёки тайинланмаслиги лозим.».
21. 83-бандда:
иккинчи хатбошидаги «лицензия» деган сўз «банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкларнинг исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш доирасида;
кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартириш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш доирасида;»;
учинчи — бешинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
22. 84-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«84. Агар раҳбар ходимларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигига таъсир кўрсатувчи янги ҳолатлар мавжуд бўлмаса, қуйидагиларни лавозимига киришишидан олдин Марказий банк билан келишиб олиш талаб этилмайди:
ваколат муддатининг тугаши муносабати билан шу банкнинг ўзида янги муддатга қайта сайланган (тайинланган) банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви ва исломий молия кенгаши аъзосини;».
23. 85 — 87-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«85. Раҳбар ходим ўз лавозимига банк уни Марказий банк билан келишиб олгандан сўнггина киришиши мумкин.
Агар муҳим аҳамиятга эга ходимни объектив сабабларга кўра лавозимига киришишидан олдин Марказий банк билан келишиб олишнинг имкони бўлмаса, банк муҳим аҳамиятга эга ходим лавозимига тайинланган кундан эътиборан ўттиз иш куни ичида уни келишиш учун Марказий банкка тегишли объектив сабабларни кўрсатган ҳолда ариза юбориши шарт.
86. Банк бошқаруви раиси ва унинг ўринбосарлари вазифаларини улар йўқлигида вақтинча бажариш келишиб олиш тартибидан ўтган раис ўринбосарлари ёки бошқарув аъзолари зиммаларига юкланади.
87. Банкнинг раҳбар ходимлари, мажбурий тугатилаётган банкнинг тугатувчиси, банкнинг махсус бошқарувчиси ва вақтинчалик бошқарувчиси (бундан буён матнда номзод деб юритилади) мазкур Низом талаблари билан белгиланган ишчанлик обрўси, тажриба, билим ва кўникмалар, мулоҳазанинг мустақиллиги, вақтнинг етарлилиги мезонларига мувофиқ бўлиши лозим.
Банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви ва исломий молия кенгаши аъзолари мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган мезонларга қўшимча равишда жамоавий яроқлилик мезонига ҳам мувофиқ бўлиши лозим.
Ушбу Низомнинг 77-банди 6-кичик бандида кўрсатилган раҳбар ходимнинг вазифалари қайси раҳбар ходимнинг вазифаларига тенглаштирилган бўлса (қайси муҳим аҳамиятга эга ходимнинг фаолиятини мувофиқлаштириб борса), уларга нисбатан ўша тенглаштирилган раҳбар ходим (фаолияти улар томонидан мувофиқлаштириб бориладиган муҳим аҳамиятга эга ходим) учун белгиланган талаблар қўлланилади.».
24. 90-банднинг ўн олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«номзод ҳозирда ёки олдин ижро органи, кузатув кенгаши, банкнинг исломий молия кенгаши аъзоси бўлган ёки ҳал қилувчи эгаси (акциядори) бўлган ёхуд бошқа усулда назорат қилган ёки қилаётган юридик шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлат молиявий сектор назорат органи томонидан қўпол ва жиддий қоидабузарликлар учун қўлланилган чора ва санкцияларнинг мавжуд эмаслиги;».
25. 3-бўлимнинг 2-боби 2-параграфининг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тажриба, билим ва кўникмалар».
26. 91-банд, 92-банднинг биринчи хатбошиси ҳамда 121-банддаги «малака» деган сўз «тажриба» деган сўз билан алмаштирилсин.
27. 93 — 96-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«93. Номзод билим ва кўникмаларга нисбатан ўрнатилган мезонларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун банкнинг тизимли аҳамиятга моликлигига, хусусиятига, масштабига ва мураккаблигига, шунингдек, унинг зиммасига юклатилган мажбуриятларга мувофиқ келувчи билимга эгалигини намоён этиши ва камида қуйидаги маълумотга эга бўлиши лозим:
1) кузатув кенгаши аъзолари, шунингдек, унинг раиси учун — молия-иқтисод ёки юридик, шунингдек, банкнинг асосий йўналиши ва хусусиятидан келиб чиқиб, ахборот технологиялари ва бошқа мутахассисликлар бўйича олий маълумотга;
2) банк бошқаруви аъзолари, шунингдек, унинг раиси ва раис ўринбосарлари учун — молия-иқтисод ёки юридик ёки ахборот технологиялари йўналиши бўйича олий маълумотга. Бунда бошқарув аъзоларининг кўпчилиги молия-иқтисод йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши лозим;
3) банк исломий молия кенгашининг:
камида уч нафар аъзоси, шу жумладан раиси ва унинг ўринбосари учун — исломшунослик, ислом ҳуқуқи (фиқҳ), усулул фиқҳ ёки фиқҳул муамалат мутахассисликлари ёхуд ушбу фанлар ўқитилган мутахассислик бўйича олий маълумотга;
қолган аъзолари учун (банкнинг исломий молия кенгаши уч нафардан ортиқ аъзога эга бўлган тақдирда) — молия-иқтисод, юридик ёки ушбу кичик банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган мутахассисликлар бўйича олий маълумотга;
4) банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари (бундан банкнинг исломий банк фаолиятига масъул бўлган раҳбар ходими мустасно), тугатувчиси, вақтинчалик бошқарувчиси ёки махсус бошқарувчиси учун — молия-иқтисод йўналиши ҳамда банкнинг асосий йўналиши ва хусусиятидан келиб чиқиб бошқа мутахассисликлар бўйича олий маълумотга;
5) банкнинг исломий банк фаолиятига масъул бўлган раҳбар ходими учун — молия-иқтисод ёки исломий молия йўналишида олий маълумотга ва Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (ААОИФИ) томонидан берилган қуйидаги сертификатлардан бирига, бундан номзоднинг исломий молия йўналишида олий маълумотга ёки илмий даражага эга бўлган ҳолатлари мустасно:
CIPA (Certified Islamic Professional Accountant) сертификати;
CSAA (Certified Shariʼah Advisor and Auditor) сертификати;
CPSS (Certificate of Proficiency in Shariʼah Standards) сертификати;
CPAAGE (Certificate of Proficiency in Audit, Assurance, Governance and Ethics) сертификати;
CSE (Certified Shariʼah Expert) сертификати.
Банкнинг исломий молия кенгашининг камида бир нафар аъзоси ва 2027 йил 1 июлдан бошлаб барча аъзолари Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (ААОИФИ) томонидан берилган қуйидаги сертификатлардан бирига эга бўлиши лозим, бундан номзоднинг исломий молия йўналишида ва (ёки) ушбу банднинг 3-кичик банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган йўналишлар бўйича илмий даражага эга бўлган ҳолатлари мустасно:
CIPA (Certified Islamic Professional Accountant) сертификати;
CSAA (Certified Shariʼah Advisor and Auditor) сертификати;
CPSS (Certificate of Proficiency in Shariʼah Standards) сертификати;
CPAAGE (Certificate of Proficiency in Audit, Assurance, Governance and Ethics) сертификати;
CSE (Certified Shariʼah Expert) сертификати.
94. Тажрибага нисбатан ўрнатилган мезонларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун, номзод сўнгги 15 йилда банкнинг тизимли аҳамиятга моликлиги, хусусияти, кўлами ва мураккаблиги, шунингдек, унинг зиммасига юклатилган мажбуриятларга мувофиқ келувчи тажрибага эга бўлиши лозим. Бунда номзоднинг аввалги иш жойидаги мажбурияти ва унинг давомийлиги, уни иш билан таъминлаган ташкилотнинг кўлами, қўл остидаги ходимлари, амалга оширилган фаолиятнинг хусусияти ва мураккаблиги қуйидагича ҳисобланади:
1) банк кузатув кенгаши аъзолари, шунингдек, унинг раиси учун — камида 5 йил иш тажрибасига, шу жумладан, камида 3 йиллик раҳбарлик лавозимларида ва (ёки) ҳуқуқ, ахборот технологиялари ва молия-иқтисод фанлари бўйича академик тажрибага эга бўлиши;
2) банк бошқаруви раиси учун — банк ва (ёки) молия тизимида камида 10 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан камида 5 йиллик раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши;
3) банк бошқаруви аъзолари учун, бундан бошқарув раиси мустасно — банк ва (ёки) молия тизимида камида 5 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан камида 3 йиллик раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши;
4) банк исломий молия кенгашининг:
исломшунослик, ислом ҳуқуқи (фиқҳ), усулул фиқҳ ёки фиқҳул муамалат мутахассисликлари ёхуд ушбу фанлар ўқитилган мутахассислик бўйича олий маълумотга эга бўлган аъзолари (бундан буён матнда ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис аъзо деб юритилади) учун — ислом ҳуқуқини қўллаш соҳасида, шу жумладан ислом ҳуқуқи бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш, ислом ҳуқуқи бўйича тадқиқот ёки педагогик фаолиятни олиб бориш соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши;
молия-иқтисод ёки юридик мутахассисликлар бўйича олий маълумотга эга бўлган аъзолари (бундан буён матнда техник эксперт аъзо деб юритилади) учун — банк ва (ёки) молия тизимида ва (ёки) ҳуқуқ соҳасида камида 7 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши;
5) банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари учун, бундан бош бухгалтер ва банкнинг исломий банк фаолиятига масъул бўлган раҳбар ходими мустасно — банк ва (ёки) молия тизимида камида 5 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан камида 3 йиллик раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши;
6) бош бухгалтер учун — бухгалтерия ҳисоби ва (ёки) молиявий ҳисоботни тузиш соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан банкнинг бухгалтерия ҳисоби ва (ёки) молиявий ҳисоботини тузиш учун масъул бўлган ташкилий тузилмаси раҳбарлик ёки унинг ўринбосари лавозимида камида 3 йиллик иш тажрибасига ва (ёки) кредит ташкилотларини аудиторлик текширувидан ўтказувчи ташкилотларда аудитор сифатидаги иш тажрибасига эга бўлиши;
7) банкнинг исломий банк фаолиятига масъул бўлган раҳбар ходими учун — банк ва (ёки) молия тизимида камида 7 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши;
8) банкнинг тугатувчиси, вақтинчалик бошқарувчиси ёки махсус бошқарувчиси учун — банк ва (ёки) молия тизимида камида 5 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан камида 3 йиллик раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши.
Тажрибага нисбатан ўрнатилган талаб мақсадларида раҳбарлик лавозими деганда, ўзига юклатилган мажбуриятларга асосан, бир вақтнинг ўзида белгиланган миқдордаги ходимларини ва жараёнини бошқариш учун масъул шахснинг фаолияти тушунилади.
Бунда, хавфсизликни таъминлаш ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш ишлари иш тажрибаси сифатида инобатга олинмайди.
95. Банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоси банк фаолиятини ва банк дучор бўлиши мумкин бўлган таваккалчиликларни, банкнинг исломий молия кенгаши аъзоси эса исломий банк фаолиятини ва банк дучор бўлиши мумкин бўлган исломий банк фаолияти билан боғлиқ таваккалчиликларни яхши тушунишини намоён этиши лозим. Бунда номзоднинг бошқа банк кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари билан жамоавий масъул бўлган соҳалар бўйича билимлари инобатга олинади, бундан якка тартибда масъул бўлган соҳалари мустасно.
96. Банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви, исломий молия кенгаши аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимлари, тугатувчиси, махсус бошқарувчиси ва вақтинчалик бошқарувчиси ўз мажбуриятларини амалга оширишда асосланган, объектив ва мустақил қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлишлари керак.».
28. 97-банднинг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) шахсий манфаатлар тўқнашуви. Номзод банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви ва (ёки) исломий молия кенгаши аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимлар ёки ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядорнинг яқин қариндоши ёки улар билан яқин алоқаларга эга бўлса;».
29. Қуйидаги мазмундаги 971-банд билан тўлдирилсин:
«971. Банкнинг исломий молия кенгаши аъзоси мазкур банкнинг ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядори, кузатув кенгаши аъзоси, бошқаруви аъзоси ёки ходими бўлиши мумкин эмас.».
30. 99-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«номзод кузатув кенгаши, ижро этувчи орган ёки исломий молия кенгаши аъзоси, вақтинчалик бошқарувчи, махсус бошқарувчи ёки тугатувчи ҳисобланган ташкилотлари сони;
номзод кузатув кенгаши, ижро этувчи орган ёки исломий молия кенгаши аъзоси, вақтинчалик бошқарувчи, махсус бошқарувчи ёки тугатувчи ҳисобланган ташкилотларнинг ҳажми, хусусияти, масштаби, фаолиятининг мураккаблиги ва географик жойлашуви;».
31. 100-бандда:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасидаги икки ва ундан ортиқ банкнинг исломий молия кенгаши аъзоси ва (ёки) икки ва ундан ортиқ микромолия ташкилотида, шу жумладан соҳага ихтисослашган уюшмалар ёки бирлашмалар ҳузурида ташкил этилган исломий молия масалаларини мувофиқлаштирувчи махсус кенгаш аъзоси бўлиши, бундан мазкур банклар ёки микромолия ташкилотлари бир банк гуруҳига тегишли бўлган ҳоллар мустасно;»;
бешинчи ва олтинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
32. 102 ва 103-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«102. Банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви ёки исломий молия кенгаши аъзосининг ишчанлик обрўси, тажриба, билим ва кўникмалари, мулоҳазасининг мустақиллиги ва вақтининг етарлилигини баҳолаш билан бир пайтда унинг жамоавий яроқлилиги ҳам баҳоланади.
103. Жамоавий яроқлиликни баҳолаш банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви ва исломий молия кенгаши аъзолари учун алоҳида, мазкур параграфда белгиланган тартибда амалга оширилади.».
33. Қуйидаги мазмундаги 1041-банд билан тўлдирилсин:
«1041. Банкнинг исломий молия кенгаши аъзоларининг тажриба, билим ва кўникмалари банкдаги исломий банк фаолияти исломий молия стандартларига мувофиқ тарзда амалга оширилишини самарали тарзда мувофиқлаштириш учун қуйидагиларни жамоавий равишда қамраб олиши лозим:
исломий молия стандартларини;
исломий банк фаолиятининг асосий йўналишлари ва уларга боғлиқ бўлган таваккалчиликларни;
исломий банк фаолияти билан боғлиқ таваккалчилик турларини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва юмшатишни ўз ичига олувчи таваккалчиликларни бошқаришни;
Ўзбекистон Республикасининг исломий банк фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини.».
34. 106-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«106. Банк кузатув кенгашининг камида бир нафар, бошқарувининг ва исломий молия кенгашининг камида икки нафар аъзоси давлат тилини билишлари лозим.
Банк исломий молия кенгашининг барча ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис аъзолари араб тилини билиши, шу жумладан араб тилидаги ислом ҳуқуқи масалаларига оид бирламчи манбаларни тушуниши ва изоҳлай олиши лозим.».
35. Қуйидаги мазмундаги 1061-банд билан тўлдирилсин:
«1061. Банкнинг исломий молия кенгаши ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис аъзоларининг камида учдан икки қисми Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.».
36. 114-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«114. Номзоднинг ўз мажбуриятларини амалга ошириши учун зарур бўлган банк фаолияти соҳасидаги амалий ва назарий билимлари, банк фаолиятини ва у дучор бўлиши мумкин бўлган таваккалчиликларни тушуниш ҳамда давлат тили ёки араб тилини билиш даражасини баҳолаш мақсадида Марказий банк номзод билан суҳбат ўтказишга ҳақли.».
37. 117-бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«номзоднинг келишиб олиниши мазкур Низомнинг 100 ва 105-бандлари талабларининг бузилишига олиб келса;»;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«номзод белгиланган вақтда суҳбатда ҳозир бўлмаса ва унинг суҳбатда ҳозир бўлмаслик сабабларини асословчи аризаси мавжуд бўлмаса ёки Марказий банк томонидан аризада келтирилган сабаблар узрли деб топилмаса.».
38. 119-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«119. Номзодни келишиб олиш ёки келишиб олишни рад этиш тўғрисидаги қарор, мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида банкка ёзма равишда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда юборилади.».
39. 123-банд «раҳбар» деган сўздан кейин «ходим» деган сўз билан тўлдирилсин.
40. 124-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
41. 127-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«127. Банкнинг кузатув кенгаши ва исломий молия кенгаши аъзосининг ваколати муддатидан олдин тугатилганида, бошқаруви аъзоси ёки бош бухгалтернинг меҳнат шартномаси бекор қилинганида ва (ёки) бошқа лавозимга ўтказилганда, банк сабабларини кўрсатган ҳолда мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида Марказий банкни ёзма равишда хабардор қилиши лозим. Муҳим аҳамиятга эга ходимлар билан боғлиқ ҳолларда мазкур муддат 5 иш кунини ташкил этади, бундан бош бухгалтер мустасно.».
42. 129-бандда:
биринчи хатбошидаги «30 кун ичида» деган сўзлар «ўттиз иш куни ичида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Банкнинг исломий молия кенгаши аъзоларининг сони унинг аъзоларидан бири ёки бир нечтасининг аъзолиги тугатилиши натижасида банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан камроқни ташкил этса, банк мазкур ҳолат юзага келган кундан эътиборан ўттиз иш куни ичида исломий молия кенгаши аъзолигига мазкур Низом талабларига мувофиқ келувчи шахсларни сайлаши ва Марказий банкка келишиб олиш учун тақдим этиши лозим.».
43. 181, 186 ва 241-бандлардаги «лицензияни» деган сўз «банк фаолиятига доир тегишли лицензияни (лицензияларни)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
44. 253-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
45. 256-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«256. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш банкнинг тўловга қобилиятсизлигига ёки тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимолининг юқорилигига доир асосларга кўра Марказий банк томонидан рад этилган тақдирда, Марказий банк банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.».
46. 268 ва 269-бандлар, 273-банднинг иккинчи хатбошиси ҳамда 274-банддаги «лицензиясини» деган сўз «банк фаолиятига доир тегишли лицензиясини (лицензияларини)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
47. 294-бандда:
қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«банк томонидан берилган ишончномалар бекор қилинган деб ҳисобланади, бундан судда иш юритиш учун берилган ишончномалар мустасно;»;
ўнинчи ва ўн биринчи хатбошилар тегишли равишда ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
48. 300-банднинг биринчи хатбошисидаги «307-бандида кўрсатилган» деган сўзлар «306-бандида кўрсатилган» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
49. 322-банддаги «315 ва 316-бандларида» деган сўзлар «313 ва 314-бандларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
50. 323-бандда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«турли валюталардаги талаблар ўзаро ҳисобга олинишининг уларни қаноатлантириш кунидаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилиши;»;
олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишли равишда еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
51. 333-банддаги «336-бандида кўрсатилган» деган сўзлар «334-бандида кўрсатилган» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
52. 3-илованинг 1-бобида:
ўн тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3) банкнинг кредит ва (ёки) молиялаштириш сиёсати (кредитларни ажратишда ва (ёки) исломий молия операцияларини амалга оширишда таваккалчиликни баҳолаш ва уларни узлуксиз назорат қилиш механизмлари, шунингдек банкнинг кредит ва (ёки) молиялаштириш сиёсати билан боғлиқ бошқа масалалар);»;
қуйидаги мазмундаги йигирманчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкнинг бизнес-режаси исломий банк фаолияти бўйича бозор таҳлили, молиялаштириш режалари, маҳсулот ва хизматлар, молиявий прогнозлар ва таваккалчиликларни бошқариш масалаларини ҳам ўз ичига олиши лозим.».
53. 11-иловада:
2.4-позициядаги «малака» деган сўз «тажриба» деган сўз билан алмаштирилсин;
3-бобнинг номидаги «Малака» деган сўз «Тажриба» деган сўз билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.07.2026 й., 10/26/3252-7/0753-сон)