Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директорининг
буйруғи
Кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказишни тайинлаш асослари ва кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 2 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3843]
Ўзбекистон Республикасининг «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 389-сон «Давлат кадастрларини юритиш соҳасини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказишни тайинлаш асослари ва кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор ўринбосари М. МИРМАКСУДОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 24 апрель,
43-10-сон
Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директорининг 2026 йил 24 апрелдаги 43-10-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказишни тайинлаш асослари ва кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказишни тайинлаш асослари ва кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
Ушбу Йўриқноманинг талаблари капитал қурилиш объекти ҳисобланмаган, шу жумладан, енгил конструкцияли қурилмаларга нисбатан татбиқ этилмайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
абрис — муайян масштабсиз, пропорцияларга риоя этилган ҳолда, кўчмас мулкнинг мавжудлиги, жойлашган ери, таркиби, майдони, ҳолати ва бошқа тавсифларини тузиш учун зарур бўлган маълумотлар тўпланган чизмаси;
антресол — хонанинг юқори қисмида жойлашган, ёрдамчи мақсадларда фойдаланиш ҳамда хонанинг фойдали майдонини ошириш учун мўлжалланган қурилмавий майдонча;
асосий кириш нуқтаси — объектга кириб чиқиш учун мўлжалланган асосий кириш жойи;
асосий бино — қонунчиликда белгиланган тартибда берилган (реализация қилинган) ер участкасида қурилиши белгиланган, фойдаланишга қабул қилинган бино, шунингдек ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларга асосан бинонинг фойдаланиш мақсадига, архитектура белгиларига кўра устунлик қилувчи бино;
балкон — фасад деворининг текислигидан ташқарига чиқиб турадиган ҳамда тўсиқ билан ўралган очиқ ёки ёпиқ майдон;
бино — функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;
веранда — бинонинг асосий ҳажмига ёпиштириб қурилган ойнаванд ёзги хона;
гараж — транспорт воситаларини доимий ёки вақтинча сақлаш учун мўлжалланган бино ва иншоот ёки унинг бир қисми ёхуд бино ва иншоотлар мажмуаси;
дала ишлари — ходимнинг доимий иш жойидан ташқарида бажариладиган ишлар;
девор — бинонинг асосий конструктив элементи бўлиб, шифтлар, қаватлар ва том каби конструкциялардан тушадиган юкни кўтариш ҳамда бинони ёғингарчилик, иссиқлик ўтказувчанлиги ва бошқа табиий ҳамда иқлимий таъсирлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган қурилма;
иншоот — ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;
ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми;
ер участкасининг чегаралари — бир ер участкасини бошқа ер участкасидан ажратувчи чизиқлар;
ертўла қавати — хона полининг ер сатҳидан пастда, хона баландлигининг ярмидан ортиқ жойлашган қават;
ёрдамчи бино — асосий бинога нисбатан ёрдамчи вазифасини бажарувчи бино ва иншоот (омборхона, гараж, ёзги ошхона, тандирхона, алоҳида жойлашган ертўла, ҳаммом, ҳовлидаги ҳожатхона, душхона, иссиқхона, ҳовуз, сауна, қозонхона ва одамларнинг вақтинча туриши ёки турли ишларни бажариш учун мўлжалланган бошқа функционал қурилмалар);
кадастр йиғмажилди — объектнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни шакллантириш, ҳисобга олиш ва кейинчалик давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган кадастр суратига олиш, техник хатловдан ўтказиш ва паспортлаштиришнинг, махсус текшириш ва изланишларнинг, сифат ва қиймат жиҳатидан баҳолашнинг ҳужжатлари, материаллари ва маълумотлари жамламаси;
кўп квартирали уй — кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар мажмуи;
кўчмас мулк — ер участкалари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар;
кўчмас мулкнинг таркиби — кўчмас мулкни ташкил этувчи ва у билан узвий боғлиқ бўлган объектлар, қисмлар ҳамда элементлар йиғиндиси;
кириш нуқтаси — ер участкаси, бино ва иншоотларга кириш ва чиқиш учун мўлжалланган жой;
литер — техник инвентаризация ҳужжатларида бино ва иншоотлар ҳамда уларнинг қаватларини белгилаш учун ишлатиладиган лотин алифбосидаги ҳарф;
мансарда қавати — чордоқ бўшлиғида жойлаштириладиган қават;
пардевор — бино ичида жойлашган хоналарни ўзаро ажратиш учун мўлжалланган, юк кўтармайдиган вертикал ички тўсиқ қурилмаси;
пойдевор — бино ёки иншоотнинг ер усти қисмидан тушадиган юкларни тупроққа узатиш ва тақсимлаш учун мўлжалланган конструктив элементи;
пол — эксплуатация қилиш пайтидаги таъсирларни қабул қилиш ва ораёпма ёки грунт бўйлаб қайта тақсимлаш учун мўлжалланган бино ёки иншоотнинг элементи;
тамбур — бино ёки иншоотга киришда эшиклар орасидаги ўтиш жойи (тамбур совуқ ҳаво, чанг, тутун ва ҳидларнинг кириб келишини олдини олишга хизмат қилади);
терраса — бинога туташтириб қурилган, очиқ ёки ёпиқ ҳолдаги майдонча;
кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказиш (бундан буён матнда техник инвентаризациядан ўтказиш деб юритилади) — кўчмас мулкни текшириш натижалари асосида кўчмас мулкнинг мавжудлиги, жойлашган ери, таркиби, майдони, ҳолати, қиймати ва бошқа тавсифлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, аниқлаш ҳамда уларга ишлов бериш;
техник қават — муҳандислик қурилмаларини жойлаштириш ва коммуникацияларни ўтказишга мўлжалланган қават;
том — бино ёки иншоотнинг ёғингарчилик, шамол, қуёш нури ва бошқа ташқи таъсирлардан ҳимоя қилувчи устки қоплама конструктив элементи;
умумий майдон — бинолар, иншоотлар барча қаватларининг горизонтал периметри бўйича ўраб турган ташқи чегараловчи элементлар бўйича ҳисобланган майдон (кўп қаватли уйларнинг қисмлари ҳамда ертўлалар бундан мустасно);
умумий фойдали майдон — бино, иншоотнинг инсон фойдаланиши мумкин бўлган барча ўраб турувчи элементларининг ичидаги майдонлари йиғиндиси (ертўлалар бундан мустасно);
Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (бундан буён матнда УЗКАД тизими деб юритилади) — кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграциялаштирилган ахборот тизими;
капитал қурилиш объектлари — ер билан узвий боғлиқ бўлган ва уларнинг белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган бинолар, иншоотлар, шунингдек, қурилиши тугалланмаган объектлар;
лоджия — уч томондан девор билан ўралган, ташқи томондан очиқ ёки ойнаванд, бино ҳажмига эга ботиқ ёзги бино;
хона — бинонинг ички ҳажмида жойлашган, деворлар, дераза ва эшиклар, шифт ҳамда пол билан чегараланган алоҳида қисм;
сокол қавати — хоналар полининг сатҳи ернинг режавий сатҳидан хона баландлигининг ярмидан кам қисми миқдорида пастда жойлашган қават;
чордоқ — бинонинг тепа қавати ораёпмаси ва томёпма конструкциялари орасидаги бўшлиқ;
эркер — хонанинг фасад қисмидан ташқарига чиқиб турадиган, қисман ёки тўлиқ ойналанган ҳамда хонанинг табиий ёритилиши ва инсоляциясини яхшилаш учун мўлжалланган қисми;
экспликация — бино ва иншоотларнинг номи, қаватлар сони, конструктив элементлари ҳамда мавжуд муҳандислик-коммуникация тармоқлари тўғрисидаги маълумотлар рўйхати;
яшаш майдони — яшаш хонасининг майдони;
қурилиши тугалланмаган объектлар— ажратилган ер участкасида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ қурилиши бошланган, лекин кўрсатилган муддатда тугалланмаган ёки қурилиши тугалланган, бироқ қурилишни (реконструкция қилинишни) қабул қилиб олиш далолатномаси (фойдаланиш учун рухсатнома) асосида фойдаланиш учун қабул қилиб олинмаган бино ва иншоотлар;
қурилиш ости майдони — бино ёки иншоотнинг ташқи деворлари ва ертўла қисмининг ер юзасига проекциясидан ҳосил бўлган, шунингдек ер ости, ер усти ва юқори қаватлардаги туртиб чиққан қисмлари (веранда, терраса, ертўла қаватига кириш жойлари ва бошқа элементлар) ҳисобга олинган ҳолда ташқи контур бўйлаб эгаллаган ер юзаси.
2. Техник инвентаризациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари муҳандислари ёки малака шаҳодатномасига эга кадастр муҳандислари (бундан буён матнда ижрочилар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
2-боб. Техник инвентаризациядан ўтказиш мақсадлари, турлари ва уларни тайинлаш асослари
3. Кўчмас мулк қуйидаги мақсадларда техник инвентаризациядан ўтказилади:
кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилдини шакллантириш учун;
кўчмас мулкнинг чегараларини ва майдонларини аниқлаш учун;
кўчмас мулкнинг таркибини аниқлаш учун;
кўчмас мулкнинг техник тавсифларини ҳамда фойдаланиш мақсадини аниқлаш учун;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлардаги маълумотлар билан тафовутларни аниқлаш учун;
кўчмас мулкнинг ҳолати ва жорий ўзгаришларини аниқлаш учун.
4. Техник инвентаризациядан ўтказиш қуйидаги турларга бўлинади:
бирламчи техник инвентаризациядан ўтказиш;
қайта техник инвентаризациядан ўтказиш.
5. Бирламчи техник инвентаризация қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
ер участкалари берилганда (реализация қилинганда);
бино ёки иншоотлар қурилганда ва фойдаланишга қабул қилинганда;
белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида қурилиши тугалланмаган объект мавжуд бўлганда;
кўчмас мулк бўлинганда;
кўчмас мулк бирлаштирилганда.
Бирламчи техник инвентаризация қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
6. Қайта техник инвентаризациядан ўтказиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
ер участкасининг чегараси, майдони ёки чегара нуқталари ўзгарганда;
бино ва иншоотлар қайта қурилганда, реконструкция қилинганда;
ер участкасида қўшимча бино ва иншоотлар қурилганда;
қурилиши тугалланмаган объектларда қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга қабул қилинганда.
7. Техник инвентаризациядан ўтказиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
1) дастлабки камерал ишлар;
2) дала ишлари;
3) дала ишларидан кейинги камерал ишлар.
8. Техник инвентаризациядан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалларида кўчмас мулк объектининг мансублиги масаласида низолар борлигидан далолат берувчи суд ҳужжатларининг мавжудлиги;
кўчмас мулк объектига кириш имкони йўқлиги.
3-боб. Дастлабки камерал ишлар ва дала ишларини амалга ошириш
9. Дастлабки камерал ишлар ижрочилар томонидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 389-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ишончли вакиллари томонидан берилган аризага ёхуд ижрочилар билан тузилган шартномага илова қилинган ҳужжатларни ва архив ҳужжатларни (мавжуд бўлса) ўрганиш;
кадастр маълумотлари базасидаги маълумотларни (мавжуд бўлса) ўрганиш;
ҳудуднинг мавжуд хариталарини ўрганиш;
дала ишларини ташкил этиш.
10. Дала ишлари дастлабки камерал ишларидан сўнг, ижрочилар томонидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ер участкасини (агар мавжуд бўлса), шунингдек унда жойлашган бино ва иншоотларни кўздан кечириш ҳамда улардаги қаватлар сонини аниқлаш;
ер участкасини (агар мавжуд бўлса), шунингдек ундаги бино ва иншоотларнинг ҳар бир қават бўйича ўлчов ишларини ташкил этиш;
ер участкасини (агар мавжуд бўлса) ҳамда ундаги бино ва иншоотларнинг (ҳар бир қават бўйича) абрисини тузиш;
ер участкаси, бино ва иншоотларга асосий ҳамда бошқа кириш нуқталарини белгилаш (бунда кириш нуқтаси битта бўлса унинг ўзи асосий кириш нуқтаси ҳисобланади, кириш нуқтаси иккита ва ундан ортиқ бўлса, мулкдор томонидан кўрсатилган кириш жойи асосий кириш нуқтаси этиб белгиланади);
бино ва иншоотларнинг қурилиш-техник тавсифларини ўрганиш;
экспликацияни тузиш;
бино ва иншоотларнинг қурилган санасини қайд этиш;
ер участкасини (агар мавжуд бўлса), шунингдек унда жойлашган бино ва иншоотларни фотосуратга ҳамда топографик суратга олиш.
11. Дала ишларида ер участкаси, бино ва иншоотларни ўлчаш ишлари электрон, пўлат тасмали ёки геодезик ўлчов асбоблари ёрдамида амалга оширилади.
12. Дала ишлари бошланишидан олдин ер участкаси, бино ва иншоотлар периметр бўйича қўшни ер участкаси, бино ва иншоотлар билан туташ қисмлари тўлиқ кўздан кечирилади ҳамда уларнинг умумий ҳолати ўрганилади.
13. Ижрочилар томонидан дала ишлари олиб борилиши жараёнида ер участкаси, бино ва иншоотларни ўлчаш ҳамда ўрганиш натижалари юзасидан абрис тузилади.
Абрис бир нечта варақлардан иборат бўлиши мумкин. Ундаги ёзувларнинг тўлиқ сақланиши ва абрисдан фойдаланиш имконияти таъминланиши шарт.
14. Абрис тузишда топографик хариталар, бино ва иншоотларнинг аввалги чизмалари, лойиҳа ҳужжатлари нусхаларидан фойдаланишга йўл қўйилади.
15. Абрисга муайян масштабсиз, бироқ пропорцияларга риоя қилган ҳолда ер участкасида мавжуд бўлган барча бино ва иншоотлар ҳамда ер участкаси таркибий қисмларининг (ҳовли, боғ, полиз, кўкат экинлари ва бошқа ҳудудлар) чегаралари киритилади.
Ер участкасида мавжуд бўлган барча бино ва иншоотлар литерланади. Агар бино ва иншоотлар бир нечта қаватдан иборат бўлса, ҳар бир қават абрисда алоҳида кўрсатилади.
16. Ер участкасини бевосита ўлчаш ёки унинг чегараларини жойида аниқлаш имкони мавжуд бўлмаганда, топограф томонидан тайёрланган топографик сурат асосида ер участкаси чегаралари аниқланади ҳамда ушбу чегараларнинг ўлчамлари 0,1 м гача аниқликда яхлитланади.
Шаҳар ва шаҳарчаларда ер участкалари, бинолар ва иншоотлар дала ишларини олиб боришда топографик суратга олиш ишлари 1:500 масштабда бажарилиши керак.
Ландшафт объектлари, боғлар, гулзорлар, кичик архитектура шакллари, қабристонлар жойлашган ер участкаларининг топографик сурати 1:2 000 ёки 1:1 000 масштабда бажарилади.
Ер участкасида барча бино ва иншоотлар, ер участкасининг таркибий қисмлари, тўсиқлар ва бошқа объектлар топографик суратга олиниши лозим. Ер участкасининг таркибий қисмларининг тўлиқ номи бош ҳарфлар билан белгиланади (масалан, ободонлаштириш ҳудуди, боғ, гулзор ёки мутаносиб равишда — О, Б, Г).
Агар боғ ёки кўп йиллик дарахтлар жойлашган ҳудудларнинг аниқ чегаралари мавжуд бўлмаса, уларнинг майдони чекка дарахтлар танасидан 2 м масофада олинган чегаралар асосида ҳисобланади.
17. Боғлар, узумзорлар, тутзорлар ва бошқа ўрмон дарахтларининг майдонида (геодезик ўлчов асбоблари ёрдамида 1:1000 ва 1:10000 гача масштабда топографик хариталари яратилади) ўлчов ишлари ўтказилади ва кўчатларнинг сони аниқланади. Боғлардаги дарахтлар турларга (олма, нок, шафтоли ва бошқалар) ажратилмасдан, эгаллаган умумий майдони ҳамда сони аниқланади.
Якка тартибдаги уй-жойда ҳамда жамоа боғдорчилиги ва узумчилигини юритиш (дала ҳовли) учун берилган ер участкаларида ўстирилган кўп йиллик дарахтларга дала ишлари амалга оширилмайди.
18. Абрисда бинолар ва иншоотларнинг узунлиги ва кенглигининг ўлчами лотин алифбосидаги «м» ҳарфи билан, баландлиги эса «ҳ» ҳарфи билан белгиланади.
19. Абрисни тузишда барча ўлчамлар, ёзувлар ва рақамли маълумотлар тушунарли бўлиши, шунингдек улар қайси ўлчамга тегишли эканлиги аниқ кўриниб туриши таъминланиши лозим.
Абрисга ўлчамга оид нотўғри ёзув киритилган тақдирда, тузатиш нотўғри ўлчам устидан чизиқ тортиш ва унинг ёнига тўғри қийматни ёзиш орқали амалга оширилади.
20. Абрисдаги ёзувларни ўчириб ташлаш ҳамда рақамларни бошқа рақамлар устига ёзиш тақиқланади.
21. Дала ишларини олиб боришда ер участкаси, бино ва иншоотларни ўлчашдаги йўл қўйиладиган хатолик қуйидагилардан ошмаслиги лозим:
1) ер участкаси чегаралари ўлчови учун:
20 м гача бўлган узунликдаги чизиқлар учун — 0,5 фоизгача, бироқ 10 см дан ошмаган миқдорда;
20 м дан ортиқ бўлган узунликдаги чизиқлар учун — 0,5 фоизгача, бироқ 200 м дан ортиқ бўлган узунликдаги чизиқлар учун — кўпи билан 100 см ошмаган миқдорда;
2) бино ва иншоотлар учун:
6 м гача бўлган узунликдаги чизиқлар учун — 3 см;
6 м дан ортиқ бўлган узунликдаги чизиқлар учун — 0,5 фоизгача.
22. Ер участкасининг барча чегаралари уларнинг бутун узунлиги бўйича яхлит ўлчанади. Агар чегараларда тўсиқлар мавжудлиги сабабли ўлчаш имконияти бўлмаса, ўлчаш ишлари қисмларга бўлиб ёки чегарага параллел йўналишда бажарилади.
Ҳар бир ер участкаси ёпиқ (тўсиқлар, панжаралар, бино ва иншоотлар) ва очиқ (ариқлар, белгилар ва бошқалар) чегараларга эга бўлади.
Ер участкасини ўлчаш ишлари уларнинг орасида жойлашган тўсиқлар қайси ер участкасига тегишлилигини инобатга олган ҳолда тўсиқнинг ички томони, ўқ чизиғи ёки ташқи томони бўйича амалга оширилади. Агар тўсиқнинг қайси ер участкасига тегишли эканлигини аниқлаш имкони бўлмаса, тўсиқнинг ўқ чизиғи бўйича амалга оширилади.
Ер участкаси чегаралари ҳамда бино ва иншоотларнинг бутун периметри бўйича ўлчаш ишлари дастлабки нуқтадан чапдан ўнгга силжиган ҳолда амалга оширилади.
Ер участкаси чегараларини ўлчашда уларнинг конфигурацияси, бурилиш жойлари, бурчаклар йўналиши, ер участкаси қисмларининг чегаралари, бино ва иншоотларнинг ер участкасида жойлашиш ҳолатини аниқлаш учун барча ўлчамлар олиниши лозим.
Очиқ чегарага эга бўлган ер участкасининг чегараларини ўлчов ишлари белгилар (масалан, ариқлар, дарахтлар ва бошқалар) асосида амалга оширилади.
Агар очиқ чегарага эга бўлган ер участкасининг чегараларида белгилар (масалан, ариқлар, дарахтлар ва бошқалар) мавжуд эмаслиги аниқланган ҳолатларда, ижрочи томонидан қўшни ер участкасининг чегаралари ўрганиб чиқилиб, ер участкасининг чегаралари шартли равишда белгиланади ва бу ҳақда абрисда тегишли изоҳ қолдирилади.
23. Дала ишларини олиб боришда ер участкасида жойлашган қуйидаги кўчмас мулк объектлари бўйича ўлчов ишлари амалга оширилади ҳамда улар абрисга киритилади:
асосий ва ёрдамчи бино ҳамда иншоотлар;
бинога қўшимча бирлаштириб (тақаб) қурилган қисмлар;
кўп квартирали уйлар (квартиралар, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, умумий фойдаланишдаги мол-мулклар).
24. Ер участкаси, бино ва иншоотларнинг деворларидан қалинлиги 10 см гача ва (ёки) эни 1 м гача бўлган туртиб чиққан қисмлар ҳамда тирговчилар абрисда кўрсатилмайди.
Агар ер участкаси, бино ва иншоотларнинг деворларидан қалинлиги 10 см дан ортиқ ва (ёки) эни 1 м дан ортиқ туртиб чиққан қисмлар ҳамда тирговчилар мавжуд бўлса, улар абрисда кўрсатилади.
Бино ва иншоотларнинг ташқи периметри бўйича ўлчаш ишлари соколдан юқори қисмда, дераза ўринлари сатҳидан амалга оширилади.
25. Бино ва иншоотларнинг абрисини тузишда уларнинг ташқи деворлари, пардеворлари, зинапоялари, дераза ва эшик ўрни контурлари тасвирланади.
26. Бино ва иншоотларни ўлчаш ва ушбу ўлчаш натижаларини абрисда белгилаш ишлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.
Бунда ўлчаш ишлари бино ва иншоотларнинг ташқи бурчакларидан биридан дераза ва эшик ўринларининг бошланиш ҳамда тугаш жойларигача, бошқа элементларнинг бошланиш ва тугаш жойларигача, шунингдек бино ва иншоотларга қўшимча бирлаштириб (тақаб) қурилган қисмлар деворларининг бутун периметри бўйича бажарилади.
27. Бино ва иншоотларнинг бутун периметри бўйича ўлчаш ишларининг имконияти мавжуд бўлмаганда бино ва иншоотнинг чордоғи бўйича ўлчаш ишлари бажарилиши ёки ички ўлчов ҳамда деворлар ва пардеворлар қалинлигини жамлаш йўли билан аниқланиши лозим.
28. Деразаларининг кенглиги бир хил бўлган ҳамда барча қаватларда бир вертикал ўқ бўйлаб жойлашган кўп қаватли биноларни ўлчашда деразаларнинг жойлашуви фақат биринчи қават бўйича ўлчанади.
Бир вертикал ўқ бўйлаб жойлашмаган ёки кенглиги турлича бўлган деразалар бинонинг ички қисмидан ҳар бир қават бўйича алоҳида ўлчанади.
29. Бурчаклари тўғри бўлмаган шаклдаги бино ва иншоотларнинг режасини тўғри чизиш учун биринчи қаватдаги барча бурчак хоналар ҳамда бино ва иншоотларнинг конфигурациясидан келиб чиқиб, бошқа хоналарнинг диагоналлари ўлчанади.
Бурчаклари тўғри бўлмаган шаклдаги бино ва иншоотларнинг режасини тўғри чизиш учун ўлчов ишлари бино ва иншоотларнинг ташқи томонидан ҳам амалга оширилишига йўл қўйилади.
Бурчаклари тўғри бўлмаган шаклдаги хоналарда деворларнинг узунлиги ҳамда хонанинг диагоналлари ўлчаниши лозим.
30. Дала ишлари олиб борилаётган жой бино ёки иншоотнинг бир қисми бўлган тақдирда, ушбу жойнинг бино ёки иншоотнинг қайси қисмида жойлашганлиги аниқланиши лозим. Бунда бино ёки иншоотнинг энг яқин ташқи бурчагидан дала ишлари олиб борилаётган жойнинг энг яқин дераза ёки эшик ўрнигача бўлган масофани ўлчаш орқали аниқланади.
31. Дала ишларини амалга оширишда балкон ва лоджиялар алоҳида ўлчанади ҳамда уларнинг очиқ, ёпиқ ёки ойнаванд қилинган ҳолати абрис ва экспликацияда акс эттирилади. Лоджиянинг ўлчов ишлари унинг ички периметри бўйича амалга оширилади.
32. Бино ва иншоотларнинг деворлари ҳамда улардаги хоналарнинг деворлари ва пардеворлари қалинлиги ўлчаниши керак.
Эшик ёки дераза ўринлари бўлмаган бино ва иншоотларнинг деворлари ҳамда хоналарининг деворлари ва пардеворларининг қалинлиги ташқи ва ички ўлчамлар ўртасидаги фарқ асосида аниқланади.
33. Бино ва иншоотлардаги хоналарнинг деворлари ва пардеворларининг узунлиги полдан 1,10 — 1,30 м баландликда бутун периметри бўйлаб 1 см аниқликда ўлчанади.
Бунда эшик ва деразалар ўринлари уларнинг ёруғлик ўтказиш чегараси бўйича ўлчанади.
34. Бино ва иншоотлардаги хоналарда деворлар ҳамда пардеворлар панеллар билан қопланган ёки плиткалар билан пардозланган бўлса, улар шифтгача етказилмаган ҳамда баландлиги полдан 150 см ва ундан ортиқни ташкил этса, ўлчаш ишлари панеллар ёки плиткалар билан қопланган амалдаги юзаси бўйича амалга оширилади.
35. Бино ва иншоотлардаги зинапояларни ўлчашда зинапоя қисми билан бир қаторда зинапоя майдончалари ҳам ўлчанади ва абрисда зинапоялар сони ҳамда кўтарилиш йўналиши кўрсатилади.
36. Чордоқ майдони, шунингдек бино ва иншоотларнинг ичида баландлиги 190 см дан кам пардевор ёки тўсиқлар билан ажратилган шифтга етмайдиган бўлимлар алоҳида хона сифатида ҳисобга олинмайди.
Баландлиги 190 см ва ундан ортиқ шифтга етмайдиган, қалинлиги 10 см дан кам бўлмаган пардеворлар ёки тўсиқлар билан ажратилган бўлимлар алоҳида хона сифатида ҳисобга олинади ва ўлчанади.
37. Полдан шифтгача бўлган баландлик ички баландлик ҳисобланади.
Ернинг режалаштирилган сатҳидан бошлаб чордоқ бостирмасининг юқори қисмигача бўлган масофа ташқи баландлик ҳисобланади.
38. Чордоғи ва бостирмаси бўлмаган бино ва иншоотларнинг баландлиги пол сатҳидан том ёпмасигача ўлчанади.
Қия шифтли, қия томли (чордоқ ва бостирмали) бино ва иншоотларда мансарда қаватларнинг баландлиги энг паст ва энг баланд ўлчамларнинг ўртача қийматидан иборат бўлади.
39. Томи бир томонга нишаб бўлган бино ва иншоотларда баландлик нишабнинг пастки қисми бўйича ўлчанади.
40. Бино ва иншоотларнинг ички баландлиги уларнинг хоналаридан бирида ўлчанади. Агар хоналарда баландликлар турлича бўлса, ҳар бир турдаги баландлик ҳам ўлчаниши керак.
Бунда ўлчаш натижалари абрисда тегишли хоналар кўрсатилган ҳолда қайд этилади.
41. Қуббаси мавжуд хоналарнинг баландлиги икки нуқтада, полдан қуббанинг тагигача ҳамда полдан қуббанинг энг юқори нуқтасигача ўлчанади.
Балкали шифтга эга бўлган хоналарда, жумладан металл ёки темир-бетон балкалар қўлланилган ҳолларда, хона баландлиги полдан балканинг пастки қисмигача ўлчанади.
42. Бино ва иншоотларни ўлчаш ишлари якунлангандан сўнг, уларнинг ташқи ва ички ўлчамларига оид маълумотлар текширилади.
Агар текширув натижасида ташқи ва ички ўлчамларга оид маълумотларда номувофиқликлар аниқланса, қайта ўлчов ишлари амалга оширилади.
Бунда бино ва иншоотларнинг ташқи ўлчамлари уларнинг ички ўлчамларига мувофиқ бўлиши керак.
43. Бино ва иншоотларни кўздан кечиришда уларнинг қуйидаги конструктив элементлари ва техник тавсифлари аниқланади ва экспликацияда акс эттирилади:
пойдевор — пойдевор материаллари;
ташқи деворлар — ташқи девор материаллари;
ички деворлар — ички девор материаллари;
пардеворлар — пардевор материаллари;
поллар — пол материаллари;
том — том ёпиш материаллари;
умумий фойдаланиш жойлари (зинапоялар, айвонлар, рампалар, балконлар, ложиялар, террасалар ва бошқалар) — умумий фойдаланиш жойларининг материаллари;
иситиш — иситиш тизимининг тури;
совуқ сув таъминоти — совуқ сув таъминоти тизимининг тури;
оқова сувларни чиқариб юбориш тизими — оқова сувларни чиқариб юбориш тизими мавжудлиги;
электр таъминоти — электр таъминотининг мавжудлиги;
газ таъминоти — газ таъминотининг мавжудлиги;
иссиқ сув таъминоти — иссиқ сув таъминоти тизимининг мавжудлиги;
лифтлар — лифтларнинг мавжудлиги;
муҳандислик коммуникация тармоқлари — махсус муҳандислик тизимлари ва ускуналарнинг мавжудлиги.
44. Дала ишлари якунлангач абрисда кўчмас мулк объектининг манзили, ер участкасининг чегаралари ҳамда дала ишларини амалга оширган ижрочининг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилиши ва абрис ижрочи томонидан имзоланиши лозим.
Абрисга дала ишларини амалга оширган ижрочи томонидан тузилган экспликация илова қилиниши керак.
4-боб. Дала ишларини олиб боришда хавфсизликка риоя этиш
45. Яхмалак, қуюқ туман шароитларида, томнинг нишаблиги йигирма беш фоиздан ортиқ бўлган ҳолатларда дала ишларини бино ва иншоотларнинг томларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Дала ишлари олиб борилиши лозим бўлган, бироқ юқумли касалликлар манбаи мавжуд бўлган хоналарда дала ишлари касалликлар манбаи бартараф этилгунга қадар амалга оширилмайди.
46. Дала ишларини олиб боришда ижрочи қулаши мумкин бўлган ускуналар ва қурилмаларга яқин турмаслиги лозим.
Эскирган ва ярим вайрон бино ва иншоотларни ўрганиш ишлари фақат ушбу ишларнинг хавфсизлик чоралари таъминланганидан сўнг бажарилиши мумкин.
47. Табиий ёруғликка эга бўлмаган ертўлалар, зиналар, чордоқлар, омборларни ўлчаш ишлари ёритиш воситаларидан фойдаланган ҳолда бажарилади.
48. Дала ишлари қуйидаги ҳолларда вақтинча тўхтатиб турилади:
дала ишларини амалга ошириш инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирса;
дала ишлари олиб бориладиган ҳудудни сув босган бўлса;
об-ҳаво шароити дала ишларини олиб боришга имкон бермаса (қаттиқ совуқ, кучли ёғингарчилик ва бошқа ноқулай об-ҳаво шароитлари мавжуд бўлса).
5-боб. Дала ишларидан кейинги камерал ишларни амалга ошириш
49. Дала ишлари якунланганидан сўнг, ижрочи томонидан дала ишларидан кейинги камерал ишлар амалга оширилади.
50. Дала ишларидан кейинги камерал ишларни амалга оширишда автоматик лойиҳалаштириш дастурида (бундан буён матнда дастур деб юритилади) қуйидагилар чизилади:
ер участкасининг чегаралари;
ер участкаси чегарасига, бино ва иншоотларга кириш ва асосий кириш нуқталари;
бино ва иншоотлар (қаватлар кесимида);
ички баландлиги 1,8 м ва ундан ортиқ бўлган ертўлалар.
51. Дастурда бино ва иншоотларнинг режасини чизиш уларнинг биринчи қаватидан бошланади. Бино ва иншоотларнинг асосий деворлари жойлашуви қолган қаватларни чизиш учун асос ҳисобланади.
Дастурда бино ва иншоотларнинг қаватларини чизишни бошлашдан олдин уларнинг ташқи ва ички ўлчамларининг йиғиндиси текширилади.
52. Дастурда бино ва иншоотларнинг қаватларини чизишда дастлаб уларнинг ташқи деворлари чизиб олинади, шундан сўнг кириш эшиклари, пардеворлар, деразалар, зинапоялар ва бошқа элементлари чизилади.
53. Дастурда бино ва иншоотларнинг ҳамда улардаги барча хоналарнинг ўлчамлари кўрсатилади. Бунда ўлчамлар 0,01 м гача яхлитланган ҳолда кўрсатилади ҳамда деворлар ва пардеворлар йўналишига параллел равишда белгиланади.
54. Дастурда бино ва иншоотларнинг тўғри тўртбурчак шаклдаги хоналари учун иккита ўлчам (бўйи ва эни) кўрсатилади.
Агар бино ва иншоотларнинг хоналари тўғри тўртбурчак шаклда бўлмаса, ушбу хоналарнинг ўлчамлари барча девор ва пардеворлар бўйлаб кўрсатилади.
Устунлар, бўшлиқлар, аркалар, деразалар, эшиклар ҳамда диагонал ўлчамлар режада кўрсатилмайди.
55. Дастурда шакллантирилган бино ва иншоотлар режалари 1:50, 1:100, 1:150 ва 1:200 гача бўлган масштабларда тузилиши лозим.
Бино ва иншоотлар режаларини А4, А3 ёки ундан катта форматларда расмийлаштиришга йўл қўйилади.
56. Қаватлар режасида квартиралар ва хоналар рақамланади.
Хона рақами хона режасининг марказида кўрсатилади. Хона рақами остида чизиқ билан ажратилган ҳолда 0,01 м2 яхлитланган хона майдони кўрсатилади.
57. Кўп квартирали уйдаги квартиралар рақамлари қават режаларида квартиранинг кириш эшиги ташқи томонида белгиланади.
58. Хоналарни рақамлаш бино ва иншоотларга кириш жойидан бошлаб соат йўналиши бўйича амалга оширилади.
Квартиралар рақамлари уларнинг манзил рақамлари билан мос бўлиши керак.
59. Кўп квартирали уйдаги нотурар жойларни рақамлаш барча квартиралар рақамланиши тугагандан сўнг амалга оширилади.
Зинапоялар ва умумий фойдаланиш йўлаклари ҳам рақамланади.
60. Кўп қаватли нотурар жой биноларида хоналарни рақамлаш, қоида тариқасида, қаватлар сонига қараб (биринчи қават 101, 102, иккинчи қават 201, 202) белгиланиши мумкин.
61. Бино ва иншоотлар ҳамда уларнинг қисмларини литерлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
бино ва иншоотларни алоҳида хусусиятларига кўра блокларга бўлиш зарурати бўлганда, ҳар бир блок алоҳида бинолар сифатида литерланади;
бино ва иншоотлар сони лотин алифбосида келтирилган ҳарфлардан кўп бўлса, икки ёки ундан ортиқ ҳарфлар комбинациясидан (масалан, «АА», «БА», ёки «ААА», «БАА» кўринишида) фойдаланилади;
бино ва иншоотлар қаватларини литерлашда ҳарфга қўшимча араб рақамлари (масалан, «А1», «А2», «Б1», «Б2» кўринишида) қўшиб ёзилади;
бино ва иншоотга бирлаштириб (тақаб) қурилган қисмларни литерлашда кичик лотин ҳарфлари ва қават рақамини қўшиш орқали (масалан, «Аа1», «Аб2», «Ба1» «Бб2» кўринишда) белгиланади;
ер сатҳидан пастда жойлашган қаватлар араб рақамидан олдин «-« белгисини қўшиш орқали (бинонинг ертўла қавати «А-1» кўринишида, ертўла қавати бир нечта сатҳдан иборат бўлганда «А-1», «А-2», «А-3» кўринишида, сокол қавати «А0» кўринишда) кўрсатилади;
техник қават ўзидан пастки қаватнинг литер номига «Т» катта ҳарфи қўшиш орқали, мансарда қаватлар ўзидан пастки қаватнинг литер номига «М» катта ҳарфи қўшиш орқали (уч қаватли бинонинг мансарда қавати «А3М» кўринишида), терраса қавати ўзидан пастки қаватнинг литер номига «ТР» катта ҳарфи қўшиш орқали (2 ва 3-қаватлар орасида жойлашган техник қават «А2Т») белгиланади.
62. Бино ва иншоотларнинг турли қисмларида қаватлар сони ҳар хил бўлган тақдирда, бино ва иншоотлар блокларга ажратилади ҳамда ҳар бир блок бўйича алоҳида белгиланади.
6-боб. Ер участкаси, бино ва иншоотларнинг майдонларини ҳамда уларнинг ҳажмини ва кадастр қийматини аниқлаш
63. Дала ишларидан кейинги камерал ишларни амалга оширишда кўчмас мулк объектларининг майдонлари ва ҳажми аниқланади.
Бунда ер участкасининг умумий майдони (ер участкасининг умумий майдони квадрат метрда бутун сон аниқлигида кўрсатилади), бино ва иншоотларнинг қурилиш ости майдони, умумий майдони, умумий фойдаланиш майдони, фойдаланиш майдони аниқланади.
64. Ер участкасининг умумий майдони дастурда ер участкаси чегаралари белгиланиб, чизилгандан сўнг аниқланади.
65. Амалда фойдаланилаётган ер участкаси майдони ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқ бўлса ва ер участкасининг чегаралари ҳужжатда аниқ белгиланган бўлса, ортиқча эгалланган ер қисмининг майдони алоҳида кўрсатилади.
66. Бино ва иншоотларнинг майдонлари дала ишлари натижасида олинган ўлчов қийматлари ҳамда дастурда чизилган режалар асосида ҳисобланади.
67. Бино ва иншоотларнинг қурилиш ости майдони уларнинг ташқи контури бўйича олинган ўлчов натижалари асосида ҳисоблаб чиқарилади.
Устунлар устига қурилган бино остидаги майдон, шунингдек унинг остидаги ўтиш йўллари қурилиш ости майдонига киритилади.
Бино ва иншоотларнинг қурилиш ости майдони квадрат метрда бутун сон аниқлигида кўрсатилади.
68. Ташқи деворлари ёки тўсиқлари мавжуд бўлмаган бино ва иншоотларнинг қурилиш ости майдони қуйидагича аниқланади:
устунлардан чиқиб турувчи конструкциялар 1,20 м гача бўлса — устунларнинг ташқи юзаси бўйича;
устунлардан чиқиб турувчи конструкциялар 1,20 м дан ортиқ бўлса — мазкур конструкцияларнинг ташқи чегараси бўйича.
69. Бино ва иншоотларнинг умумий майдони уларнинг барча қаватлари ташқи деворлари бўйлаб ўлчанган майдонлар йиғиндиси асосида аниқланади.
Бино ва иншоотларнинг умумий майдони квадрат метрда бутун сон аниқлигида кўрсатилади.
Қават ичидаги баландлиги 2,1 м дан кам бўлган антресолга жойлаштирилган хоналар майдони бино ва иншоотларнинг умумий майдонига киритилмайди.
70. Туртиб чиқиб турувчи (10 см дан кам) архитектура деталлари ва конструктив элементлар, ойналанмаган осма балконлар, бинога ўрнатилган осма соябонлар, пандуслар, бинонинг ташқарисида жойлаштирилган металл зиналар ва бошқа шунга ўхшаш конструкциялар бино ва иншоотларнинг умумий майдонига киритилмайди, бироқ дастурда шартли график элементлари сифатида кўрсатиб ўтилишига йўл қўйилади.
71. Бино ва иншоотлар хоналарининг майдони дала ишлари натижасида тузилган абрис асосида ҳисоблаб чиқилади.
Иситиш қурилмалари (печ ва печ-камин) эгаллаган майдон хона майдонига киритилмайди.
Квартира ичидаги зина ости майдони, полдан чиқиб турган конструкция остигача бўлган баландлиги 1,6 м ва ундан ортиқ бўлса, зина жойлашган хона майдонига киритилади.
Мансарда қаватидаги хона майдонини ҳисоблашда қия шифтли хонанинг баландлиги 1,6 м дан кам бўлмаган қисми майдони ҳисобга олинади.
72. Бино ва иншоотларнинг фойдали ҳамда яшаш майдонлари 0,01 м2 аниқликда кўрсатилади.
73. Квартира ва турар жой биноларининг ёрдамчи хоналари, даҳлизлари, йўлаклари, балконлар майдонлари ҳамда яшаш майдонлари йиғиндиси уларнинг умумий фойдали майдони ҳисобланади.
74. Зинапоялар, лифт ва бошқа шахталар майдони уларнинг шу қават сатҳидаги майдони ҳисоби билан битта қаватда умумий фойдали майдонига қўшилади.
75. Чордоқ ва баландлиги 1,8 м дан кам бўлган ертўла, қаватлараро ҳар қандай бўшлиқ қаватлар ҳамда зина бўлмаси ва лифт шахтаси, тамбурлар майдони бино ва иншоотнинг умумий фойдали майдонига киритилмайди.
76. Нотурар жой бино ва иншоотларнинг асосий хоналари, ёрдамчи хоналар ва жамоат хоналари майдони йиғиндиси бино ва иншоотларнинг фойдали майдони ҳисобланади.
77. Турар жой, махсус уйнинг (ётоқхона, вақтинчалик уй-жой фонди уйи, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уй, шунингдек болалар уйи ва бошқа махсус мақсадли уй), квартиранинг яшаш хоналари майдонларининг йиғиндиси турар жойнинг, махсус уйнинг, квартиранинг яшаш майдони деб ҳисобланади.
78. Бинонинг ертўла майдони ертўланинг ички майдонлар йиғиндисидан ташкил топади.
Бунда баландлиги 1,8 м дан кам бўлган ертўла майдони дастурда ҳисобга олинмайди.
79. Квартиралар бўйича умумий майдон ва қурилиш ости майдони аниқланмайди.
80. Бино ва иншоотларнинг қаватларининг ҳажмини ҳисоблашда қуйидагиларга риоя этилади:
бир қаватли бинонинг ҳажми — бино ташқи баландлигини бинонинг ташқи ўлчов бўйича умумий майдонига кўпайтириш орқали аниқланади, бунда ташқи баландлик пол сатҳидан чордоқ бостирмасининг устки қопламасигача ўлчанади;
кўп қаватли бинонинг ҳажми — ҳар бир (ер устки ва ер остки) қават баландлигини ушбу қаватнинг ташқи ўлчов бўйича умумий майдонига кўпайтириш ва натижаларни умумлаштириш орқали аниқланади, бунда қаватлар баландлиги пол сатҳидан бошлаб устки қават полигача, сўнгги қават баландлиги пол сатҳидан чордоқ бостирмасининг устки қопламасигача ўлчанади;
бино ёки иншоотнинг алоҳида қисмлари турли баландликка эга бўлса, ҳар бир қисмнинг ҳажми алоҳида ҳисобланади;
бино ва иншоотларнинг ҳажми куб метрда бутун сон аниқлигида кўрсатилади.
81. Блокларга бўлинган бино ва иншоотларнинг ҳажми ҳар бир блок бўйича алоҳида ҳисобланади.
82. Эркер, тамбур, ўтиш жойлари ҳамда бино ва иншоотларнинг бошқа қисмлари бино ва иншоотларнинг ҳажмига киритилади.
83. Дала ишларидан кейинги камерал ишлар якунланганидан сўнг, ижрочи томонидан дастурдаги ҳамда экспликация маълумотлари УЗКАД тизимига киритилади.
84. Жисмоний шахсларга тегишли бўлган уй-жой фонди кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги 1043-сон қарори билан тасдиқланган Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг, турар жой фондининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Жисмоний шахсларга тегишли бўлган нотурар кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 июлдаги 561-сон қарори билан тасдиқланган Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган нотурар кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
7-боб. Кўчмас мулк объектларининг қурилиш саналарини белгилаш ва дастурдан фойдаланиш
85. УЗКАД тизимида бино ва иншоотларнинг қурилган йили, фойдаланишга қабул қилинган санаси, реконструкция қилинган йили, мукаммал таъмирланган йили тўрт рақамли форматда йиллар ва сўз билан (масалан, 2023 йил) ёки кун, ой, йил кўринишда рақамли форматда (масалан, 28.10.2023) кўрсатилади.
86. Бино ва иншоотларнинг қурилиши амалда якунланган санаси қурилган йили сифатида қабул қилинади.
Қурилиш йили кўчмас мулк объектига эгалик ҳуқуқи, баланс қиймати ва қурилиш санасини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида кўрсатилади.
Агар қурилиш санасини аниқлаш имкони мавжуд бўлмаса, мулкдорнинг маълумотига кўра бино ва иншоотларнинг қурилиш санаси инобатга олинади.
87. Бир неча босқичда фойдаланишга қабул қилинадиган бино ва иншоотлар учун ҳар бир қурилиш босқичининг фойдаланишга қабул қилиш санаси алоҳида кўрсатилади.
88. Дастурда чизилган чизмаларда чизиқлар қалинлиги, ёзувлар, литерлар ҳамда рақамлар ўлчамлари бир хил бўлиши лозим.
Дастурда чизмаларни расмийлаштиришда қуйидаги кўрсаткичлардан фойдаланиш тавсия этилади:
чизиқлар қалинлиги — 0.015 мм;
ёзувлар ва литерлар ўлчамлари — Ариал шрифтда, 12 ўлчамда;
ўлчам ёзувлари — 5 бирлик;
бино ва иншоотларнинг режаларини чизиш масштаби — 1:50, 1:100, 1:150 ёки 1:200.
89. Дастурда чизилган чизмалар ДWГ форматида кўчмас мулк объектининг манзили кўрсатилган ҳолда сақланади.
90. Дастурдаги чизилган чизмаларга оид маълумотлар масъул ходим томонидан сервердаги махсус электрон архивга, УЗКАД тизимига ва Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасига киритилади.
91. Юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ишончли вакиллари кўчмас мулкни техник инвентаризациядан ўтказиш натижаларидан норози бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига ёки бевосита судга мурожаат қилишга ҳақли.
8-боб. Якуний қоида
92. Мазкур Йўриқнома талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.06.2026 й., 10/26/3843/0557-сон)