Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
Қарори
Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври мобайнида сифатни таъминлашнинг умумий дастурига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 9 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3770]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 мартдаги 141-сон «Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври мобайнида сифатни таъминлашнинг умумий дастурига қўйиладиган талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Фанлар академияси билан келишилган.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 январь,
35-сон
Келишилди:
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 27 январь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
2026 йил 23 январь
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А. ЖУМАНАЗАРОВ
2025 йил 19 декабрь
Фанлар академияси биринчи вице-президенти Ш. САГДУЛЛАЕВ
2025 йил 15 декабрь
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2025 йил 11 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври мобайнида сифатни таъминлашнинг умумий дастурига қўйиладиган
ТАЛАБЛАР
Мазкур ҳужжат атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври мобайнида сифатни таъминлашнинг умумий дастурига (бундан буён матнда дастур деб юритилади) қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур ҳужжатда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
атом энергияси — атом ядроларида мавжуд бўлган ва ядровий реакциялар ҳамда радиоактив парчаланиш чоғида ажралиб чиқадиган энергия;
атом энергиясидан фойдаланиш объекти — сақлаш пункти ҳамда ядровий қурилмалар;
дастур — атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий ва техник тадбирлар мажмуасини белгилайдиган ҳужжат;
эксплуатация қилувчи ташкилот (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс.
2. Ташкилот дастур юзасидан қуйидагиларни амалга ошириши лозим:
дастурнинг ишлаб чиқилишини ташкил этиш, тасдиқлаш, амалга киритиш, бажарилишини таъминлаш, бажарилиш ҳолатини текшириш ва унинг натижадорлигини баҳолаш;
дастур доирасида пудратчи ва субпудратчи ташкилотларнинг ишларини назорат қилиш ва бажариш натижадорлигини баҳолаш.
3. Ташкилот атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасида кўрсатилган фаолият турларини бошлашдан олдин дастурни тасдиқлаши ва амалга киритиши лозим.
2-боб. Дастур ва унинг бўлимларининг мазмунига қўйиладиган талаблар
4. Дастур қуйидаги бўлимларни ўз ичига олиши керак:
1) сифатга қўйиладиган талаблар;
2) ташкилотнинг ташкилий фаолиятига қўйиладиган талаблар;
3) ходимларни бошқаришга қўйиладиган талаблар;
4) ҳужжатларни юритишга қўйиладиган талаблар;
5) лойиҳалашни (конструкциялашни) назорат қилишга қўйиладиган талаблар;
6) ускуналар, бутловчи буюмлар, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва дастурий воситаларни харид қилиш ҳамда тақдим этиладиган хизматларни бошқаришга қўйиладиган талаблар;
7) ишлаб чиқариш фаолиятига қўйиладиган талаблар;
8) метрологик таъминотга қўйиладиган талаблар;
9) дастурий воситалар ҳамда ҳисоблаш методикаларининг сифатини таъминлашга қўйиладиган талаблар;
10) ишончлиликни таъминлашга қўйиладиган талаблар;
11) номувофиқликларни бошқаришга қўйиладиган талаблар;
12) аудитга (текширувга) қўйиладиган талаблар.
5. Сифатга қўйиладиган талаблар бўлимида:
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишда атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлигини таъминлаш устуворлиги;
сифатга қўйиладиган талабларнинг асосий мақсадлари ва уларга эришиш усуллари;
ташкилот раҳбариятининг мажбуриятлари назарда тутилиши керак.
6. Ташкилотнинг ташкилий фаолиятига қўйиладиган талаблар бўлимида қуйидагилар келтирилиши керак:
ташкилотнинг ташкилий тузилмаси ҳақидаги маълумотлар ҳамда ташкилотдаги ташкилий ўзгаришларни бошқариш тартибининг тавсифи;
ташкилотнинг таркибий бўлинмаларининг вазифа ва функциялари ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
дастурнинг бажарилиши ва натижадорлигини баҳолаш ҳамда назорат қилиш тартиби.
7. Ходимларни бошқаришга қўйиладиган талаблар бўлимида:
ходимларга бўлган эҳтиёж, уларнинг сони, тайёргарлик даражаси ва малакасига қўйиладиган талаблар;
ходимларни ҳимоя воситалари ва дозиметрик назорат воситалари билан таъминлашга қўйиладиган талаблар;
радиациявий авариялар юз бериши мумкин бўлган ҳолатларга тайёрликни таъминлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тезкор жавоб чораларига қўйиладиган талаблар;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 январдаги 13-сон қарори билан тасдиқланган Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ташкилот ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказишни ташкил этишга оид чора-тадбирлар;
Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ ходимларни тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этиш бўйича талаблар белгиланади.
8. Ҳужжатларни юритишга қўйиладиган талаблар бўлимида:
ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда уларни сақлаш, йўқ қилиш ва тиклашга қўйиладиган талаблар;
ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш, идентификациялаш, ҳисобга олиш, амалга киритиш, тарқатиш, уларга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилишга қўйиладиган талаблар;
ташкилотда фойдаланиладиган атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар рўйхатини шакллантиришга қўйиладиган талаблар назарда тутилади.
9. Лойиҳалашни (конструкциялашни) назорат қилишга қўйиладиган талаблар бўлимида:
атом энергиясидан фойдаланиш объекти лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига риоя этилишини назорат қилиш тартиби;
атом энергиясидан фойдаланиш объекти лойиҳасининг сифатини таъминлаш ва назорат қилиш тартиби, шу жумладан, кириш ва чиқиш маълумотлари устидан назоратни, лойиҳалаш (конструкциялаш) жараёнини ҳамда унинг ҳужжатларини текшириш тартиби;
лойиҳалаш (конструкциялаш) ҳужжатларига, шунингдек атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг бинолари ва иншоотлари конструкцияларига ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлиги учун тизимларга (элементларга) ўзгартиришлар киритиш тартиби белгиланади.
10. Ускуналар, бутловчи буюмлар, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва дастурий воситаларни харид қилиш ҳамда тақдим этиладиган хизматларни бошқаришга қўйиладиган талаблар бўлимида:
ташкилот учун ишларни амалга оширадиган пудратчи ва субпудратчи ташкилотларни баҳолаш ва танлаш тартиби;
ускуналар, бутловчи буюмлар, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва дастурий воситаларнинг сифати ва хавфсизлиги билан боғлиқ талабларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида тақдим этиладиган хизматларга оид ҳужжатларни таҳлил қилиш тартиби;
ускуналар, бутловчи буюмлар, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва дастурий воситаларни идентификация қилиш ҳамда назорат ва синов турларининг тўлиқлигини таъминлаш, мувофиқлигини баҳолаш, уларни сақлашни, ташишни, консервация қилишни, қадоқлашни ва бажарилган ишларни, тақдим этилган хизматларни қабул қилиш тартиби қамраб олинади.
11. Ишлаб чиқариш фаолиятига қўйиладиган талаблар бўлимида:
бажариладиган асосий ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштириш ва назорат қилиш тартиб-таомилларининг тавсифи;
техник назорат (бузилмайдиган назорат усуллари қўлланилган тақдирда), шунингдек ҳамроҳлик ва сервис хизматларини кўрсатиш тартиб-таомиллари;
муҳим тизимларни (элементларни) техник кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш, реконструкция ва модернизация қилиш, уларнинг ресурсини узайтириш, шунингдек уларни назорат қилиш (металлнинг эксплуатациявий назоратини қўшган ҳолда), диагностика, синаш ва текширишни, шунингдек уларга хизмат кўрсатишни белгиланган жадвал ва мезонларга мувофиқ амалга ошириш тартиби;
пайвандлаш технологияси, уларни назорат ва диагностика услубиётларини аттестациялаш, материалларнинг мувофиқлигини баҳолаш ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш объектида аварияга тайёргарлик тартибини таъминлаш тавсифи белгиланади.
12. Метрологик таъминотга қўйиладиган талаблар бўлими:
ўлчаш воситаларини ишчи ҳолатида сақлаш ва қиёслашдан ўтказиш тартибини;
синов воситаларини ҳамда ўлчашларни бажариш услубиётини ҳисобга олиш ва метрологик аттестациядан ўтказиш тартибини;
ташкилотда ишлаб чиқилаётган ҳужжатларни метрологик экспертизадан ўтказиш чораларини;
ўлчаш воситалари, эталонлар ва ўлчаш услубиётларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш устидан метрологик назоратни амалга ошириш, шунингдек ўлчаш воситаларини қиёслаш графикларига риоя этилишини таъминлаш тартибини ўз ичига олади.
13. Дастурий воситалар ва ҳисоблаш методикаларининг сифатини таъминлашга қўйиладиган талаблар бўлими:
атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлигини асослаш ва (ёки) хавфсизлигини таъминлашда, тизимларнинг (элементларнинг) хусусиятларини, уларнинг қувватини, чидамлилигини ва ишдан чиқмаслигини баҳолашда фойдаланиладиган амалдаги ҳисоблаш ва аттестация қилинган дастурий воситаларнинг рўйхатини ва унга ҳаволаларни;
дастурий воситалар ва ҳисоблаш методикаларининг сифатини таъминлаш бўйича амалдаги тартиб-таомиллар, шу жумладан уларни аттестациядан ўтказиш ва идентификация қилишни назарда тутади.
14. Ишончлиликни таъминлашга қўйиладиган талаблар бўлимида:
атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлиги учун тизимлар (элементлар) ишончлилигини атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқлигини таъминлаш ва уларнинг ишончлилик кўрсаткичларини эксплуатация муддати давомида, шунингдек муддат узайтирилганда ҳам назорат қилиш тартиби;
атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлиги учун биринчи даражада аҳамиятга эга бўлган тизимларнинг (элементларнинг) ишончлилиги тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, рўйхатдан ўтказиш, қайта ишлаш, сақлаш, таҳлил қилиш ва манфаатдор ташкилотларга (ташкилот учун ишларни амалга оширадиган ва (ёки) хизмат кўрсатадиган ташкилотларга) бериш тартиби белгиланади.
15. Номувофиқликларни бошқаришга қўйиладиган талаблар бўлимида:
номувофиқликларни аниқлаш ва рўйхатга олиш тартиби;
аниқланган номувофиқликлар сабабларини аниқлаш ва таҳлил қилиш (номувофиқликларни атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлигига таъсирини ҳисобга олган ҳолда) тартиби;
мувофиқлик сертификати талабларига мос келмаган маҳсулотлардан фойдаланишга, шунингдек стандартларга мос бўлмаган ҳолларда бажарилган ишлар ва (ёки) хизматларни қабул қилишга йўл қўймаслик тартиби;
номувофиқликлар тўғрисида раҳбариятни хабардор қилиш тартиби;
номувофиқликларнинг таҳлили натижалари бўйича қоидабузарликларнинг сабаблари ва хусусиятларининг ўзгариши тенденцияларини аниқлаш тартиби;
тузатувчи ва огоҳлантирувчи ҳаракатларнинг бажарилишини ишлаб чиқиш, амалга ошириш, назорат қилиш, уларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш тартиби назарда тутилади.
16. Аудитга (текширувга) қўйиладиган талаблар бўлимида:
пудратчи (субпудратчи) ташкилотларнинг дастурларини аудитдан (текширишдан) ўтказиш тартиби;
аудит (текширув) ўтказиш учун тегишли соҳа ва фаолият мутахассисларидан комиссия тузиш тартиби;
дастур бажарилишининг натижадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш тартиби;
дастурлар бажарилишининг натижадорлигини баҳолаш мезонлари;
дастурлар бажарилиши юзасидан ўтказиладиган аудит (текшириш) натижаларини қайд этиш тартиби;
ташкилот раҳбарияти томонидан дастурни бажариш натижаларини ва унинг натижадорлигини кўриб чиқиш, шунингдек зарур бўлганда тузатишлар киритиш ва дастур ижроси устидан назоратни амалга ошириш тартиби белгиланади.
3-боб. Дастурни расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар
17. Дастур талабларини баён қилиш ҳар хил талқин қилиш имкониятини истисно қилувчи лўнда ва аниқ бўлиши керак. Мажбурий талабларни баён қилишда дастурда «керак», «лозим», «зарур» ва улардан ҳосил бўлувчи сўзлар қўлланилади.
18. Дастурни баён қилишда:
атамалар ва таърифлар;
физик миқдорлар қўлланилиши керак.
19. Ҳажми ва мазмунига боғлиқ равишда дастур қуйидаги пасайиб борувчи таркибий бирликларга бўлинади: бўлимлар, боблар, параграфлар, бандлар, кичик бандлар ва хатбошилар. Хатбошиларни бошқа таркибий бирликларга бўлишга йўл қўйилмайди.
Бўлимлар ва боблар рим рақамлари билан белгиланади ва уларда сарлавҳа бўлади. Параграфлар «§» белгиси билан белгиланади, уларга араб рақамлари билан тартиб рақами қўйилади ва уларда сарлавҳа бўлади.
20. Дастурнинг ҳар бир бандида битта тугалланган талаб бўлиши керак.
21. Жадваллар, графиклар, хариталар, схемалар, ҳужжатлар ва бланкаларнинг намуналари, қоидага кўра, иловаларда жойлаштирилиши, матнда эса тегишли ҳаволалар кўрсатилиши керак.
4-боб. Якуний қоида
22. Мазкур талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.02.2026 й., 10/26/3770/0128-сон)