Ҳужжат кучини йўқотган " " 29.03.2025
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ДАВЛАТ СИРЛАРИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси 2024 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-1016-сонли «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонунига асосан 2025 йил 29 мартдан ўз кучини йўқотади.
Ушбу Қонун давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар, Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий тузилмалари ва фуқароларининг республика ҳудудидаги ҳамда унинг ташқарисидаги фаолиятининг барча турларида давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
1-модда. Давлат сирлари тушунчаси
Давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади.
Давлат сирлари Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.
2-модда. Давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асоси
Давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва унга мувофиқ равишда чиқариладиган Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
3-модда. Давлат сирларининг категориялари
Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари – давлат, ҳарбий ва хизмат сирларини қамраб олади.
Ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар давлат сирини ташкил этади.
Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар ҳарбий сирни ташкил этади.
Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар хизмат сирини ташкил этади.
4-модда. Муайян тартибга бўйсунувчи объектлар
Алоҳида тартибга бўйсунувчи, алоҳида муҳим ва муайян тартибга бўйсунувчи объектлар рўйхати, шунингдек уларнинг сирасига мансуб деб топиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қарнг: Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 2 февралдаги 25-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш ҳамда шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегараларини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди, 3-бандининг биринчи, ўн иккинчи хатбошилари, 4 — 6-бандлари, 14, 20, 26-бандлари.
5-модда. Ахборотларни давлат сирларига мансуб деб топиш
Ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқариш ушбу Қонунга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган маълумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш ва белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Картография ва геодезия материалларининг (маълумотларининг) чекловчи грифларини белгилаш, фойдаланиш учун очиқ бўлган хариталарни яратиш, махфий картография ва геодезия материалларини бериш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби ҳамда геодезия ва картография соҳасидаги давлат сирларининг сақланишини таъминлаш бўйича рухсат бериш тартиботлари тўғрисида низом.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти белгилаб қўядиган давлат сирларини сақлашни таъминловчи давлат органлари Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахсларининг мулки ҳисобланган ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқаришга ҳақлидир.
Давлат сирларига тааллуқли маълумотларга эга бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, айрим фуқаролар бундай маълумотлар махфийлаштирилиши зарурлиги тўғрисидаги масала ҳал этилиши учун давлат сирлари сақланишини таъминловчи органларга мурожаат этишлари лозим.
Махфийлаштирилиши фуқаронинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборот давлат сирларига мансуб деб топилиши мумкин эмас.
Ахборот эгалари ахборотларни махфийлаштириш ёки махфийликдан чиқаришга оид ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар устидан судга шикоят қилишга ҳақлидирлар.
6-модда. Давлат сирларини сақлаш тизими
Ахборотларни махфийлаштириш, улар билан танишиш учун ижозат бериш тартибини ҳамда шу билан боғлиқ чекловларни, шунингдек давлат сирларидан фойдаланиш тартибини ўзида мужассам этувчи давлат сирларини сақлаш тизимини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 22 ноябрдаги 256-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ахборот ресурсларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг III боби ва Давлат органларининг ахборот тизимларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 23 — 29-бандлари.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросига махфий маълумотлар билан ишда фойдаланиш учун берилган ижозатни тўхтатиш ёки бундан маҳрум қилиш фуқарони ўзига маълум бўлган давлат сирларини ошкор қилмаслик мажбуриятидан халос этмайди.
7-модда. Ахборотларни махфийлаштириш муддатлари
Ахборотлар махфийлаштирилишининг қанчалик асосли эканлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда ҳар беш йилда қайта кўриб чиқилади.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
8-модда. Давлат сири ёки ҳарбий сирлардан воқиф бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш
Давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлаётган ёки ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўзи ёзма равишда берган розилиги билан махфийлик муддати тугагунига қадар, лекин кўпи билан беш йилга ҳуқуқлари чекланиши мумкин.
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг давлат сирларини сақлаш соҳасидаги ваколатлари
(9-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралдаги ЎРҚ-522-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 й., 2-сон, 47-модда)
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколат доирасида:
(9-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралдаги ЎРҚ-522-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 й., 2-сон, 47-модда)
давлат сирлари сақланишини, алоқанинг махсус турлари ва шифр иши хавфсизлигини, чет эл разведкасининг техникавий воситаларига қарши ҳаракатларни таъминлаш устидан назоратни йўлга қўяди;
давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларда махфийлик тартиби текширилишини амалга оширади. Бунда давлат сирлари сақланишига қаратилган чора-тадбирлар кўриш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар тақдим этади;
давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштиришда фуқароларнинг розилиги билан уларни махсус текширувдан ўтказади;
давлат сирларини сақлаш масалаларида идораларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;
давлат сирларини сақлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ўзга чора-тадбирларни амалга оширади.
(9-модданинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
10-модда. Давлат сирларини сақлаш борасидаги бурч, уларни ошкор этганлик ёки қонунга хилоф равишда махфийлаштирганлик учун жавобгарлик
Давлат сирларини сақлаш – бундай сирларга эга бўлган барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг мансабдор шахслари ва фуқароларининг бурчи. Давлат сирларидан фойдаланиш билан боғлиқ бирон-бир ишлар бундай сирларни сақлаш юзасидан чоралар кўрилганидан кейингина амалга оширилади.
Давлат сирларини сақлаш бўйича масъулият давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади.
Давлат сирларини ошкор этганлик, бундай сирлар ифодаланган ҳужжатлар ва буюмларни йўқотганлик учун ёки ахборотларни қонунга ҳилоф равишда махфийлаштирганлик учун айбдорлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
(10-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 162-163-моддаларига қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 7 май,
848-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 232-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 й., 2-сон, 47-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)