Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.07.1995
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КИЧИК ВА ЎРТА ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА КЎМАКЛАШУВЧИ ЖАМҒАРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамасининг 1995 йил 26 июлдаги 291-сон «Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш фонди (бизнес-фонди)ни ташкил этиш ҳамда унинг фаолияти масалалари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
«Ўзбекистон Республикасида Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи жaмғapмaни ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонни ижро этиш юзасидан ҳамда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорлик ҳаракатини фаоллаштириш, истеъмол бозорини тўлдиришдаги унинг имкониятларидан тўлароқ фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи жамғарма тўғрисидаги Низом 1-иловага, Жамғарма ташкилий қўмитаси таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*2-илова берилмайди.
2. Ташкилий қўмита 10 кун муддатда:
таъсис шартномаси тузишни;
Жамғарма Уставини ишлаб чиқишни ва уни таъсисчилар ва Жамғарма қатнашчилари конференциясида қабул қилинишини;
Жамғарма бошқаруви ва дирекциясини шакллантиришни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи жамғарма уставида кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш учун унинг тегишли банкдаги ҳисоб счётига Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан 0,5 млрд сўм ўтказсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, концернлари, корхоналари, ташкилотлари ва хўжаликлари Жамғарманинг кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, бозор инфраструктурасини шакллантириш бўйича фаолиятига амалий ёрдам кўрсатсинлар.
4. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма ўзининг уставидаги мақсадлар ва вазифаларига қатъий мос келадиган фаолият йўналишлари бўйича:
ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир;
уч йил муддатга солиқлардан, давлат божидан, божхона божидан ва давлат бюджетига ўтказиладиган бошқа тўловлардан озод қилинади.
5. Қорақалпoғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:
кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг аниқ дастурларини ишлаб чиқсинлар
Жамғарма минтақавий филиалларининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратсинлар.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Жaмғapмa бошқарувини ва дирекциясини жойлаштириш учун бино ажратсин.
7. «Ўзшартномасавдо» давлат уюшмаси ва республиканинг бошқа ихтисослаштирилган савдо-таъминот ташкилотлари Жамғармага зарур бўлган жиҳозлар ва мебеллар ажратиш масалаларини белгиланган тартибда кўриб чиқсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги Жaмғapмaнинг бошқарувини ва дирекциясини шаҳар ва ҳукумат телефон алоқаси билан, «Тошшаҳартранскорхона» уюшмаси эса Жамғарма буюртманомасига биноан шартнома асосида хизмат автомобили билан таъминлансин.
9. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикасининг Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи жамғармаси фаолиятини кенг ёритсинлар, Жамғара ва унинг филиалларининг ижобий иш тажрибаларини тарғиб қилсинлар.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари ўртоқ Т. М. Мирёқубов зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 30 июль,
380-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1993 йил 30 июлдаги 380-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Кичик ва ўрта тадбиркорликни
ривожлантиришга кўмаклашувчи жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасининг Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи жамғармаси, бундан буён жaмғapмa деб аталади, тадбиркорлик ҳаракатини фаоллаштириш, кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг бозор инфраструктурасини такомиллаштириш мақсадида тузилади.
2. Жaмғapмa мустақил юридик шахс ҳисобланади, алоҳида балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа счётларига эга бўлади.
3. Жaмғapмa фаолиятидан тушган даромадлар ва тушумлар ўзининг ихтиёрида қолади ва ушбу Низомда назарда тутилган мақсадлар ва вазифаларини амалга ошириш учун йўналтирилади.
4. Жамғарманинг манзили: Тошкент шаҳри.
II. Жамғарманинг мақсадлари ва вазифалари
5. Жамғарманинг асосий мақсадлари:
кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўли билан бозор муносабатларини босқичма-босқич ривожлантириш, бозор инфраструктурасини шакллантириш соҳасида давлат сиёсатини ўтказишга кўмаклашиш;
халқаро молия ташкилотлари, шунингдек, МДҲ мамлакатларидаги Жамғармага ўхшаш ташкилотлар билан кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратиш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилишдан иборатдир.
6. Жамғарманинг мақсадларига мувофиқ қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:
имтиёзли шартларда кредитлар бериш, шунингдек, республика бозорларини товарлар билан тўлдириш, четдан келтириладиган маҳсулот ўрнини қоплаш ва экспортни кенгайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, янги иш жойларини яратиш учун кичик ва ўрта тадбиркорлик тузилмаларига молиявий ёрдам кўрсатиш;
кичик ва ўрта тадбиркорлик тузилмаларининг инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш, рақобатбардошли тайёр маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишини рағбатлантириш;
рақобат муҳитини яратиш, бозор инфраструктурасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш учун республикамиз ва чет эл сармояларини жалб этиш;
тадбиркор кадрлар, менежмент, маркетинг, ташқи иқтисодий, банк-молия фаолияти соҳасида мутахассислар тайёрлашни ва ўқитишни таъминлайдиган, тадбиркорликни ривожлантириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини, нашриётчилик фаолиятини амалга ошираётган фирмалар ва ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш;
республикада тадбиркорликни ва бозор инфраструктурасини ривожлантириш соҳасида прогноз-таҳлилий фаолиятни амалга ошириш;
маълумотлар банкини яратиш, Ўзбекистон Республикасида ва чет элларда тадбиркорликни ташкил этиш бўйича ахборот-ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш;
Жамғарма маблағларидан фаол фойдаланишга ва унинг оборотини тезлаштиришга ёрдам берувчи кредит беришнинг лизинг операциялари, ижаранинг турли шаклларини амалга оширишни таъминлаш;
тақчил халқ истеъмол молларини ишлаб чиқаришга ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришга йўналтирилган кичик ва ўрта тадбиркорликнинг дастурлари учун маблағ ажратиш;
кичик ва ўрта тадбиркорликнинг дастурларини танлаб олиш ва уларни амалга ошириш учун маблағ ажратиш масаласини халқаро молия ташкилотлари билан ўрганиб чиқиш;
Жамғармадан ажратилган маблағларнинг тадбиркорлик тузилмалари томонидан самарали фойдаланилишини назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда корхоналар ва ташкилотлари хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиш.
7. Кўрсатиб ўтилган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажариш учун Жамғарма Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагиларга ҳақлидир:
ўз ваколати доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан мустақил равишда юридик актларни амалга ошириш;
хўжалик юритувчи субъектларга Жaмғapмa томонидан ажратиладиган ёки улар Жамғарма кўмагида оладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини, агар белгиланган мақсадларда фойдаланилмаган бўлса, маблағ ажратишни тўхтатиб қўйиш шарти билан назорат қилиш;
кичик ва ўрта тадбиркорлик, бозор инфраструктураси, тадбиркорлик ва рақобатни қўллаб-қувватлашнинг ахборот тизимларини ривожлантиришни таъминлайдиган хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишда ва уларнинг фаолиятида улуш қўшиб қатнашиш;
қийматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш;
кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган халқаро дастурларда ва битимларда қатнашиш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;
Жамғарманинг бўлимларини, филиалларини ва вакилликларини очиш;
Жамғарма мақсадларига жавоб берадиган ва амалдаги қонунлар билан тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш.
III. Жамғарманинг таъсисчилари ва қатнашчилари
8. Жамғарманинг таъсисчилари ва қатнашчилари бўлиб «Рустамбанк» универсал тижорат банки, «Агрохизмат» акционерлик жамияти, «ЮНИТЕХ Интернейшнл» қўшма корхонаси, Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркор» акционерлик-тижорат банки, Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлар уюшмаси, «Ипак йўли» уюшмаси, Инновация ва менежмент маркази, корхоналар, ташкилотлар, банклар, биржалар, уюшмалар, хўжалик жамиятлари ва ширкатлари, фуқаролар, хорижий юридик ва жисмоний шахслар, жамоат ташкилотлари ва жамғармалар ҳисобланадилар.
IV. Жамғармани бошқариш
9. Жамғарма бошқарувининг юқори органи таъсисчилар ва қатнашчиларнинг конференцияси ҳисобланади, у Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди, 1—2-иловаларга* мувофиқ бошқарувни, бошқарув раисини ва унинг ўринбосарларини, тафтиш комиссиясини сайлайди, ижро этувчи орган (дирекция)нинг бош директорини тасдиқлайди.
* иловалар рус тилидаги матнда берилган.
10. Жамғарма бошқаруви:
асосий йўналишлар бўйича Жамғарма фаолиятини мувофиқлаштиришни;
Жамғарма дирекцияси, филиаллари вакилликлари фаолиятига умумий раҳбарликни;
кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг аниқ дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этишни, бозор инфраструктурасини шакллантиришни;
турли ташкилотларда, шу жумладан, чет элларда жамғарма манфаатларини ифодалашни амалга оширади.
11. Тафтиш комиссияси Жамғарманинг ва ўзига қарашли корхоналар ва ташкилотларнинг молиявий ва хўжалик фаолияти устидан назоратни амалга оширади.
12. Жамғарманинг бош директори умумий раҳбарликни амалга оширади ва Жамғарманинг жорий фаолияти учун жавоб беради, Жамғарма номидан ваколатномасиз иш кўради, бошқа юридик шахслар билан муносабатларда унинг номидан вакиллик қилади, ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради, меҳнат қонунларига мувофиқ ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, белгиланган тартибда Жaмғapмa маблағларига эгалик қилади, юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузади.
V. Жамғарманинг мол-мулки ва маблағлари
13. Жамғармага берилган ёки унинг хўжалик фаолияти натижасида олинган асосий ва айланма маблағлар Жaмғapмaнинг мол-мулки ҳисобланади.
14. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятининг манбалари ҳисобланади:
Жамғарма таъсисчилари ва қатнашчиларининг бадаллари;
Жамғapмa фаолиятидан олинган даромадлар ва бошқа тушумлар;
қонун билан белгиланган тартибда Жaмғapмaнинг қийматли қoғoзларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш йўли билан жалб этилган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси бюджетидан ажратилган мaблaғлap;
ихтиёрий бадаллар, хайр-эҳсонлар ва амалдаги қонунлар билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
15. Жамғарма уч йил муддатга солиқлардан, давлат божидан, божхона божидан ва давлат бюджетига ундириладиган бошқа тўловлардан озод қилинади. Жамғарманинг корхоналари ва ташкилотлари, шунингдек, бошқа корхона ва ташкилотлар даромадининг Жамғармага бериладиган қисми амалдаги қонунларга мувофиқ бюджетга тўланадиган солиқлардан озод қилинадилар.
16. Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради.
Давлат Жамғарма мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, Жамғарма эса давлат мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
VII. Даромадларни тақсимлаш
17. Жaмғapмaнинг хўжалик фаолиятидан олинган даромаднинг, қийматли қоғозлар бўйича даромадларнинг, мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг, 40 фоизи таъсисчиларга, 60 фоизи Жамғapмa тўлдиришга тақсимланади. Ажратилган маблағдан бошқаларни маблағ билан таъминлашдаги имтиёзлар таъсисчилар ва қатнашчилар конференцияси томонидан белгиланди.
VII. Жамғармани тугатиш
18. Жамғарманинг фаолияти таъсисчилар ва қатнашчилар конференцияси қарорига мувофиқ ёки қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда тугатилади.
19. Тугатилган Жaмғapмaнинг мол-мулки ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлангандан ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилингандан сўнг, уларнинг қўшган улушига мутаносиб равишда таъсисчилар ва қатнашчилар ихтиёрига берилади.