Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 14 апрелда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 7 августда маъқулланган
Сенат томонидан 2026 йил 7 августда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда суғурта хизматлари ва кредит-молия масалалари бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли, шу жумладан тадбиркорлар учун қўшимча енгилликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга аҳолининг, шу жумладан тадбиркорларнинг суғуртага оид саводхонлигини мустаҳкамлаш учун оммавий ахборот воситалари орқали кенг қамровли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, кредит маҳсулотлари рекламасида ўз тўлов қобилиятини тўғри баҳолай олмаслик ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида истеъмолчилар учун огоҳлантириш берилишини таъминлаш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига аҳолининг, шу жумладан тадбиркорларнинг суғуртага оид саводхонлигини оширишга қаратилган ахборот ижтимоий ахборот деб белгиланишини, соҳалардаги ваколатли органлар ҳам ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари жумласига киритилишини, молиявий хизматлар рекламасида мазкур хизматлардан фойдаланиш ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш мавжуд бўлиши кераклигини назарда тутувчи қўшимчалар ва ўзгартириш киритилмоқда.
Ушбу Қонун истеъмолчиларни суғурта хизматлари тўғрисидаги кенг қамровли ва ишончли ахборот билан таъминлаш орқали уларнинг ушбу хизматлардан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилишига ҳамда аҳолида суғурта хизматларига бўлган ишонч даражасини оширишга, кредит билан боғлиқ молиявий хатарлар тўғрисида аҳолининг, шу жумладан тадбиркорларнинг хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 7 июнда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги ЎРҚ-776-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 6, 571-модда; 2024 йил, № 2, 108-модда, № 9, 964-модда, № 11, 1189-модда; 2025 йил, № 3, 372-модда) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:
1) 5-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси «энергетика ресурсларини сақлаш» деган сўзлардан кейин «суғуртага оид саводхонликни ошириш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
2) 20-модданинг иккинчи қисмидаги «жисмоний ва юридик шахслар» деган сўзлар «соҳалардаги ваколатли органлар, жисмоний ва юридик шахслар» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 43-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Кредит, шу жумладан микроқарз рекламасида бундай хизматлар бўйича қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш мавжуд бўлиши керак. Бундай огоҳлантириш рекламанинг асосий майдони ва вақтининг камида ўн фоизини ташкил этиши лозим».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Марказий банки ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддасининг 3-банди ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 10 ноябрь,
ЎРҚ-1187-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2026 й., 03/26/1187/1113-сон)