Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда миллий стартап экотизимини янада яхшилаш учун илғор халқаро тажрибани олиб кириш ҳамда халқаро майдонда мамлакатимизнинг стартаплар макони сифатида салоҳиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хорижий стартап лойиҳалар ва уларнинг таъсисчиларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш орқали инновацияларни амалиётга татбиқ этиш, технологиялар трансферини фаоллаштириш, республикани минтақанинг «стартаплар хаби»га айлантириш ҳамда янги иқтисодиёт имкониятларини ишга солиш мақсадида Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан умумий мукофот жамғармаси 5 миллион АҚШ доллари бўлган рақамли технологиялар соҳасида «Стартаплар макони» (Land of Startups) танлови (кейинги ўринларда — танлов) жорий этилсин.
2. Қуйидагилар:
«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
танловни ўтказиш билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилиш ва танловни ўтказиш муддатларини белгилаш;
«Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (кейинги ўринларда — IT-парк дирекцияси) томонидан тақдим қилинган саралаш ҳамда баҳолаш мезонларини тасдиқлаб, танловнинг махсус порталида уларнинг эълон қилиб борилишини таъминлаш;
танловнинг шаффоф, адолатли ва юқори савияда ўтказилишини таъминлаш ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросимини ташкил этиш;
ғолибларнинг стартап лойиҳалари соҳалар ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда амалиётга жорий этилишига, хорижий бозорларга чиқишига кўмаклашиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) танлов 2027 йил апрель ойидан бошлаб ҳар йили ушбу қарорга 1-илова билан тасдиқланган Низомга мувофиқ 5 та йўналиш бўйича ўтказилади.
Рақамли технологиялар ривожланишининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Ташкилий қўмита танловнинг умумий мукофот жамғармаси доирасида танлов йўналишлари ва ғолибларнинг сонига ўзгартириш киритиши мумкин;
б) танловни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар тасдиқланган харажатлар сметаси асосида Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда харажатлар сметаси ҳар йили 1 февралга қадар IT-парк дирекцияси томонидан ишлаб чиқилади ва Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланади;
в) танловга аризалар қабули ҳар йили апрель ойидан бошланади;
г) IT-парк дирекцияси Ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади, танлов босқичлари шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда ахборот технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи масъул ташкилот билан шартнома тузилади.
Бунда масъул ташкилот махсус портал орқали келиб тушган номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш, танлов иштирокчиларини саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш вазифаларини бажаради;
д) танлов доирасида аризаларни қабул қилиш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, танловни ёритиш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа тадбирлар «Стартаплар макони» (Land of Startups) рақамлаштирилган махсус портали орқали IT-парк дирекцияси томонидан амалга оширилади;
е) танлов ғолиблари масъул ташкилот томонидан аниқланади.
5. Белгилансинки, танлов ғолибларига IT-парк дирекцияси томонидан Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов амалга ошириладиган кундаги расмий курси бўйича миллий валюта эквивалентида IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғарма томонидан шартномада белгиланган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ҳамда келишув шартлари асосида венчур молиялаштириш (инвестиция) ажратилади.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори билан тасдиқланган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 октябрь,
593-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 октябрдаги 593-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — ушбу Низомга мувофиқ махсус портал орқали танловда иштирок этиш учун ариза берган, чет элда рўйхатдан ўтган ёки фаолият олиб бораётган лойиҳанинг ҳуқуқ эгаси бўлган жамоа;
ариза — ариза берувчи томонидан танловда иштирок этиш учун махсус портал орқали электрон тарзда тўлдирилган, ушбу Низом талабларига мувофиқ стартапни тавсифловчи ҳамда ҳужжатлар ва тақдимотлар илова қилинган расмий мурожаат шакли;
жамоа — танловда иштирок этиш истагини билдирган ҳамда мазкур мақсадда махсус портал орқали рўйхатдан ўтган уч нафардан ортиқ жисмоний шахслар гуруҳи;
жамоанинг масъул вакили — жамоа номидан ягона қарор қабул қилувчи ҳамда жамоанинг фикрлари ва ғояларини ифодаловчи шахс;
иштирокчи — танловда иштирок этиш учун ариза топширган ҳамда ишчи орган ва масъул ташкилот томонидан ушбу Низом талабларига мос келгани тасдиқланган жамоа;
ишчи орган — «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ;
кўмаклашув дастури («Softlanding дастури») (кейинги ўринларда — дастур) — хорижий стартапларнинг Ўзбекистон бозорига киришини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур;
махсус портал — танлов иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, танлов талаблари ва муддатлари ҳақида ҳамда танлов билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштириладиган Стартап экотизимининг ягона электрон платформасида (www.startupbase.uz) (кейинги ўринларда — платформа) яратилган алоҳида саҳифалар;
ментор — иштирокчилар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш бўйича маслаҳат (консультация) бериш орқали ривожлантиришга ёрдам берувчи мутахассис;
рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилот (кейинги ўринларда — масъул ташкилот) — махсус портал орқали келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш, танлов йўналишлари бўйича иштирокчи жамоаларни саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш, иштирокчи жамоалар учун дастурни ташкил этиш ва танлов ғолибларини аниқлаш вазифасини бажарувчи ташкилот;
саралаш ҳайъати — масъул ташкилот ва ҳамкорлар томонидан аризаларни баҳолаш, танловда иштирок этишга рухсат бериш, шунингдек, кейинги босқичга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида ташкил этиладиган хорижий экспертлар гуруҳи;
стартап лойиҳа (кейинги ўринларда — лойиҳа) — иштирокчи жамоалар томонидан ушбу Низом талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот;
танлов — ушбу Низомга мувофиқ ташкил этиладиган ҳамда тегишли йўналишлар бўйича жамоалар томонидан амалга оширилаётган энг яхши стартап лойиҳаларни қидириш, саралаш ва ривожлантиришга қаратилган беш босқичдан, жумладан, дастур ва «Тақдимотлар куни» («Demo Day») босқичларини ўз ичига олган чора-тадбирлар мажмуи;
ташкилий қўмита — танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита;
трекер — дастур доирасида стартапга ҳамроҳлик қилувчи мутахассис бўлиб, у жамоага мақсадларни белгилаш, ривожланишни кузатиш ҳамда бизнес фаразлари ва ички жараёнлар устида мунтазам ишлаш орқали асосий натижаларга эришишда ёрдам беради;
энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) — танлов ғолиблари бўлган жамоаларга лойиҳанинг ривожланишини белгилайдиган ва уни баҳолашга қаратилган кўрсаткичлар;
ғолиб — масъул ташкилот қарорига асосан, баҳолаш мезонларига кўра энг юқори балл тўплаган ва дастур натижалари бўйича тегишли йўналишларда биринчи бешта ўринни эгаллаган иштирокчи;
ҳамкор — муайян иштирокчи мамлакат ҳудудида танловни ўтказишга кўмаклашиш учун жалб этиладиган юридик ёки жисмоний шахс, шу жумладан, бизнес-инкубатор, акселератор, инвестиция фонди ёки экотизим иштирокчиси.
3. Танловга ташкилий қўмита умумий раҳбарлик қилади ҳамда ишчи органи орқали танловни ўтказиш жараёнларини мувофиқлаштириб боради.
4. Ташкилий қўмита қарорлари ташкилий қўмита йиғилишида унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган ҳолда, тегишли баён билан расмийлаштирилади.
5. Масъул ташкилот ишчи орган томонидан қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:
стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган танловларни ўтказиш, стартапларни ривожлантириш ҳамда акселерация дастурларини ишлаб чиқиш йўналишида 3 йилдан ортиқ амалий тажрибага эга бўлиши;
ривожланган чет эл давлатларида юридик шахс ташкил этган ва камида 5 та стартапни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни муваффақиятли амалга оширган бўлиши;
венчур жамғармалар ва инвесторлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиши;
халқаро инкубация ва акселерация дастурларидан ўтган ҳамда камида 5 та 100 миллион АҚШ долларидан юқори баҳолашга етган стартаплардан бўлиши;
технологик тадбиркорлик, венчур молиялаштириш ва АТ-консалтинг йўналишларида камида икки йил иш стажига эга бўлган халқаро экспертлар ва менторлар мавжудлиги.
Бунда ташкилий қўмитага ушбу мезонларга қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
6. Махсус портал орқали рўйхатдан ўтиш жараёнида жамоа аъзолари танлов офертасини акцептлаш орқали танлов шартларига розилик билдиради. Бу жамоа аъзоларининг ушбу Низом шартларига тўлиқ рози эканлигини ва уларни қабул қилганини англатади.
7. Махсус порталда рўйхатдан ўтган ҳар бир жамоага махсус идентификация рақами бириктирилади.
Махсус порталдаги танлов офертасининг жамоа аъзолари томонидан қабул қилиниши иштирокчилар аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ шахсга доир маълумотларига ишлов берилишига ёзма розилик берганини ифодалайди.
8. Танловнинг офлайн тадбирлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилади.
9. Танловда иштирок этиш учун тўлов ундирилмайди.
2-боб. Танлов йўналишлари
10. Танлов қуйидаги бешта йўналиш бўйича ўтказилади:
сунъий интеллект технологиялари — сунъий интеллект технологияларига асосланган турли хил соҳалар учун ечимлар;
ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар — таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳада операцион жараёнларни рақамлаштириш, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш ёки ижтимоий соҳаларда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳалар;
молиявий технологиялар — тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик бирлашмалари учун электрон тижорат, корпоратив ечимлар ва молия технологияларини яратишга қаратилган лойиҳалар;
креатив индустрия ҳамда компьютер ва мобил ўйин дастурлари — компьютер ва мобил қурилмалар учун офлайн ёки онлайн ўйинлар ишлаб чиқиш, жараёнларни геймификация қилиш, туризм, дизайн ва медиа каби соҳаларда инновациялар яратишга қаратилган лойиҳалар;
B2B ва индустрия йўналишида ечимлар — саноат тармоқлари учун мўлжалланган, шу билан биргаликда, илмий-тадқиқот натижаларига асосланган инновацион юқори технологик ечимлар.
Бунда ташкилий қўмита танловнинг мукофот жамғармаси доирасида танлов йўналишлари ва ғолиблари сонига ўзгартириш киритиши мумкин.
11. Танлов ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ беш босқичда ташкил этилади.
3-боб. Танлов босқичлари ва уларни ўтказиш тартиби
12. Биринчи босқичда ташкилий қўмита томонидан ҳар йили 1 апрелга қадар танлов эълон қилинади ва тарғибот ишлари олиб борилади.
13. Иккинчи босқичда ҳар йили 30 июнга қадар жамоанинг масъул вакили томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда тўлдирилган ариза ва унга илова қилинган материаллар махсус портал орқали тақдим этилади.
14. Белгиланган муддатда тақдим этилмаган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.
Ахборотни очиш ёки ўқиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, шунингдек, ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами тақдим этилмаган ҳолларда, ишчи орган аризанинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
15. Иштирокчилар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ барча маълумот ва материалларни инглиз тилида тақдим этишлари мумкин.
Ариза берувчи махсус портал орқали ариза тақдим этишда шахсий кабинетда рўйхатдан ўтиш босқичида электрон шаклдаги «Танловда иштирок этиш қоидаларига розиман» элементини белгилаш орқали:
ишчи орган, масъул ташкилот ва ҳамкорларга ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳар қандай маълумот ва материаллардан, ариза берувчи ва унинг жамоаси тўғрисидаги маълумотлардан, шунингдек, ариза берувчининг товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси), логотипи, фирма номи, танловнинг саралаш тадбирлари доирасида олинган фото ва видеоматериаллардан, жумладан, уларни махсус портал ва интернет тармоғига жойлаштириш, реклама ва PR-материалларда фойдаланиш орқали танлов ва унинг натижалари тўғрисида ахборот бериш мақсадида фойдаланишга;
ишчи орган ва ҳамкорларга лойиҳалар тавсифининг парчаларидан ахборот нашрлари ва мақолаларда фойдаланишга, шунингдек, уларни муаллиф ва (ёки) ариза берувчи номи кўрсатилган ҳолда тўлиқ эълон қилишга розилик беради;
аризага илова қилинган маълумот ва материаллар махфий эмаслигини, шу жумладан, тижорат сири ҳисобланмаслигини ҳамда ноу-ҳау белгиларига эга эмаслигини;
танловнинг саралаш жараёнида иштирок этиш давомида ва унинг якунлари бўйича ариза берувчи томонидан тайёрланган ариза материаллари, тақдимотлар ва бошқа материалларда мавжуд бўлиши мумкин бўлган маҳсулот ва мулк объектларига нисбатан ишчи орган ва ҳамкорларга ҳеч қандай ҳуқуқларни ўтказмаслигини тасдиқлайди.
16. Учинчи босқичда ишчи орган, масъул ташкилот ва ҳамкорлар вакиллари ҳар йили 1 июлдан 20 июлга қадар махсус портал орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлигини текширади.
Улар ариза ва унга илова қилинган материалларни ушбу Низом талаблари асосида онлайн тарзда жамоа иштирокисиз баҳолайди ва ҳар бир йўналиш бўйича камида 25 та жамоани саралайди.
Бунда ҳар йили 25 июлга қадар ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтгани ёки ўтмагани ҳақида аризада кўрсатилган электрон почта манзили ва (ёки) махсус порталдаги шахсий кабинетига хабарнома юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган жамоаларга «иштирокчи» мақоми берилади.
17. Ҳар йили 1 августга қадар иштирокчи жамоалар учун онлайн тарзда умумий учрашув ва Ўзбекистон қонунчилигига мослашиш учун молиявий ва юридик маслаҳатлар олиш мақсадида тадбир ташкил этилади.
Иштирокчилар кўмаклашув дастури бошланишидан олдин Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши лозим.
Кеч қолган иштирокчиларга дастур бошланганидан сўнг қўшимча беш кун берилиши ишчи орган томонидан махсус портал орқали эълон қилиниши шарти билан, алоҳида қарор қабул қилинишига рухсат берилади.
18. Тўртинчи босқичда дастур масъул ташкилот томонидан ҳар йили 20 августдан 1 ноябрга қадар онлайн ва офлайн шаклда ўтказилади.
Дастурда иштирокчининг асосчиси ёки камида битта ҳамасосчиси (co-founder) тўлиқ (онлайн/офлайн) иштирок этиши лозим.
19. Ушбу босқичда иштирокчилар тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида ҳар ҳафта баҳоланади ҳамда натижалар асосида уларнинг рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилади.
20. Дастурнинг охирида ҳар йили масъул ташкилот томонидан 15 ноябрга қадар барча йўналишлар бўйича рейтингда биринчи 5 та ўринни эгаллаган (жами 25 та) жамоалар рўйхати шакллантирилади.
Агар бир йўналиш бўйича бир нечта жамоа тенг балл тўплаб, бир хил ўринни эгалласа, масъул ташкилот томонидан қўшимча питч-сессия ўтказилади ҳамда мазкур жамоалар орасидан энг яхши 5 та стартап лойиҳа саралаб олинади.
21. Бешинчи босқичда хорижий меҳмонлар, венчур жамғармалар ва корхоналар иштирокида ҳар йили 15 декабрга қадар «Тақдимотлар куни» («Demo Day») ташкил этилиб, ғолиблар лойиҳалари бўйича натижаларини тақдимот қилишади.
«Тақдимотлар куни» якунида танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилади.
22. Саралаб олинган 25 та иштирокчи жамоага танлов ғолиби мақоми берилади ҳамда улар билан алоҳида келишув асосида IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармаси томонидан «чуқур ўрганиш» («due diligence») жараёни ўтказилганидан сўнг инвестиция шаклида мукофот маблағлари ажратилади.
23. Танлов босқичлари ўтказиладиган муддатлар ва саналарга ташкилий қўмита томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин. Бунда танлов бошланишидан бир ҳафта олдин махсус порталда бу ҳақида эълон жойлаштирилади.
24. Ташкилий қўмита ҳар йили танловни ўтказиш бўйича қарор қилади. Бунда ташкилий қўмитанинг барча аъзоларининг якдил овозига асосан уларнинг қарорига кўра танловни ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиш мумкин.
4-боб. Танловда иштирок этиш учун қўйиладиган талаблар ва танловдан четлаштириш тартиби
25. Жамоа таркибига жамоанинг масъул вакили мурожаати асосида ташкилий қўмита билан келишилган ҳолда ўзгартириш киритилиши мумкин.
26. Танловда иштирок этиш учун бир нафар ариза берувчи фақат бир йўналиш бўйича ариза юборишига рухсат этилади.
27. Танлов доирасида ментор ёки бошқа ташкилий жиҳатлар билан боғлиқ ишни бажараётган шахслар иштирокчи жамоалар таркибида иштирок этиши тақиқланади. Ушбу талаб бузилгани аниқланганда, жамоа ҳолат аниқланган вақтдан бошлаб бир кун ичида ишчи орган томонидан танловдан четлаштирилади.
28. Жамоа аъзолари томонидан қуйидаги хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани аниқланганда, мазкур жамоа танловдан четлаштирилади:
масъул ташкилотнинг фаолиятига халақит берса;
платформа ва махсус портал техник фаолиятига халақит берса;
танлов доирасида аризада кўрсатилмаган, яъни жамоанинг аъзоси бўлмаган шахсларни жалб қилса;
ўз хоҳиши билан танловда иштирок этишни давом эттиришдан воз кечса;
танлов шартларини бузса;
ушбу Низомда ва офертада келтирилган талабларга риоя қилмаса;
жамоа дастурда фаол иштирок этмаса ҳамда махсус портал орқали эълон қилинган ташкилий қўмита қарорларида белгиланган талабларга риоя этмаса;
танлов доирасида ментор, трекер ёки бошқа ташкилий жиҳатлар билан боғлиқ ишларни бажараётган шахслар иштирокчи жамоалар таркибида иштирок этса.
Ушбу бандда келтирилган хатти-ҳаракатлар содир этилгани аниқланган тақдирда жамоа ҳолат аниқланган вақтдан бошлаб бир кун ичида ишчи орган томонидан танловдан четлаштирилади. Бунда масъул ташкилот томонидан жамоа аъзоларини танловдан четлаштириш бўйича ишчи органга таклиф киритилади.
29. Ишчи орган жамоани танловдан четлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор қабул қилинганидан сўнг бир иш куни ичида жамоанинг аризада кўрсатилган электрон почта манзили ва (ёки) махсус порталдаги шахсий кабинетига хабарнома юборади.
Хабарнома юборилган вақтдан бошлаб четлаштирилган жамоа бу ҳақда хабардор қилинган ҳисобланади.
Танлов давомида таркиби уч нафардан кам бўлган жамоанинг масъул вакили бир кун муддатда ташкилий қўмитага ўз жамоаси қайта шакллантирилгани ҳақида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ маълумотларни махсус портал орқали киритиши лозим.
Рўйхатдан ўтиш муддатлари тугагандан сўнг жамоа таркибини қайта шакллантириш зарурати вужудга келганда, ишчи орган билан алоқа саҳифасида хабар қолдириш орқали қайта шакллантириш амалга оширилади.
Акс ҳолда ушбу жамоа танловдан четлаштирилади.
30. Танловда иштирок этишдан четлаштирилган жамоа иштироки қайта тикланмайди, шунингдек, ишчи орган томонидан уни тиклаш юзасидан берилган ариза ва (ёки) апелляциялар кўриб чиқилмайди.
31. Масъул ташкилот вазифалари ташкилий қўмита қарорига асосан у билан имзоланадиган шартнома шартларига кўра белгиланади ҳамда хизматлар учун тўловнинг ўттиз фоизини бир йил ичида тўлаб бериш назарда тутилади.
Бунда ушбу тўлов IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармасининг танлов ғолиблари томонидан энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига эришилганлиги бўйича киритган маълумоти асосида ташкилий қўмита қарори асосида тўлаб берилади.
5-боб. Танловни молиялаштириш ва танлов ғолибларини тақдирлаш
32. Танлов ғолибларига IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармаси томонидан «чуқур ўрганиш» («due diligence») ўтказилганидан сўнг шартномада белгиланган KPI ва келишув шартлари асосида венчур молиялаштириш (инвестиция) ажратилади.
33. Танлов ғолиблари рейтинг асосида ушбу Низомда белгиланган ва (ёки) ташкилий қўмита қарорларига мувофиқ ҳар бир йўналиш бўйича якуний босқичга ўтган иштирокчига 200 минг АҚШ долларигача (жами 5 миллион АҚШ доллари) инвестиция киритилади.
Бунда инвестиция улуш эвазига, конвертация қилинадиган қарз шаклида ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шаклларда тақдим этилиши тўғрисидаги қарор IT-парк ҳузуридаги венчур жамғармаси томонидан «чуқур ўрганиш» («due diligence») натижалари асосида қабул қилинади.
34. Танлов ғолибларига пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўловлар амалга ошириладиган кундаги расмий курси бўйича миллий валютада ўтказиб берилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
35. Ишчи орган масъул ташкилот билан ҳамкорликда ташкилий қўмитага:
танловни ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда камида бир маротаба батафсил ахборот киритиб боради;
тегишли давлат органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали танлов ғолиблари лойиҳаларининг натижадорлигини ошириш ва улар ҳисобдорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳар чоракда маълумот тақдим этади.
36. Танловда иштирок этаётган барча тарафлар танлов доирасида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланган тақдирда, зудлик билан ташкилий қўмитани хабардор қилишлари шарт.
Бунда қоидаларни бузган жисмоний ва юридик шахслар танловдан четлаштирилади.
Танловнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида тақдимотлар ишчи орган ва масъул ташкилот томонидан ижтимоий тармоқларда ҳамда махсус дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда жонли эфирга узатилиши мумкин.
Танлов натижалари юзасидан иштирокчи жамоалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат юборишга ҳақли.
37. Танловни ўтказишда коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва исботланган тақдирда, тегишли йўналиш ёки танлов ғолибининг танлов натижалари суд ёки ташкилий қўмита қарори асосида бекор қилиниши мумкин.
38. Ишчи орган танловнинг ҳар бир босқичида шаффофлик, очиқлик ва ҳаққонийликни таъминлаш мақсадида иштирокчи жамоаларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиб чиқиш, таҳлил қилиш ва улар бўйича масъул ташкилот билан биргаликда ташкилий қўмитага таклиф киритиш ҳуқуқига эга.
39. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ташкил этиш схемаси

Босқич

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Ташкилий қўмита,

ишчи орган

Барча йўналишлар бўйича махсус порталда эълон жойлаштиради.

Ҳар йили 1 апрелга қадар

2-босқич

Ариза берувчилар

Ариза ва унга илова қилинган материаллар Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ махсус портал орқали онлайн тарзда қабул қилинади.

Ҳар йили 30 июнга қадар

3-босқич

Ишчи орган,

масъул ташкилот

1. Махсус портал орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлигини ҳамда Низом талаблари асосида онлайн тарзда жамоа иштирокисиз баҳолайди ва ҳар бир йўналиш бўйича камида 25 та жамоани саралайди.

Ҳар йили 20 июлга қадар

Ишчи орган,

масъул ташкилот,

иштирокчилар

2. Ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтгани (ўтмагани) ҳақида электрон почта манзилига хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган жамоаларга «иштирокчи» мақоми берилади.

Ҳар йили 25 июлга қадар

Иштирокчилар

3. Иштирокчилар кўмаклашув дастури бошланишидан олдин Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтади.

Ҳар йили 19 августга қадар

(айрим ҳолатларда — 25 августга қадар).

4-босқич

Масъул ташкилот

1. Масъул ташкилот томонидан кўмаклашув дастури ўтказилади.

Дастурда иштирокчининг асосчиси ёки камида битта ҳамасосчиси (co-founder) тўлиқ (онлайн/офлайн) иштирок этиши лозим.

Ҳар йили 1 ноябрга қадар

2. Дастур натижасида танловнинг ҳар бир йўналиши бўйича рейтингда биринчи 5 та ўринни эгаллаган (жами 25) жамоалар рўйхати шакллантирилади.

Ҳар йили 15 ноябрга қадар

5-босқич

Ташкилий қўмита,

ишчи орган,

масъул ташкилот,

иштирокчилар

1. «Тақдимотлар куни» («Demo Day») ташкил этилиб, ғолиблар ўз натижаларини тақдим этади ҳамда танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилади.

Натижалар тантанали тақдирлаш маросимида эълон қилинади ҳамда улар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида махсус порталга ҳам жойлаштирилади.

Ҳар йили 15 декабрга қадар

Ташкилий қўмита,

ишчи орган,

масъул ташкилот,

IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғарма,

ғолиблар

2. IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғарма томонидан инвестиция ажратиш шартларини шакллантиради.

3. IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармаси ва танлов ғолиблари билан шартнома тузилади ва инвестиция ажратилади.

Инвестиция ажратиш шартлари IT-парк дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармаси томонидан «чуқур ўрганиш» («due diligence») жараёни ўтказилганидан сўнг шакллантирилади.

Ҳар йили тақдирлаш маросимидан сўнг 3 ой ичида

«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
«Стартаплар макони» (Land of Startups) халқаро танловида иштирок этиш учун топшириладиган ариза
ШАКЛИ

1. Жамоа ҳақида маълумот

1. Стартап номи

2. Жамоа вакилининг Ф.И.О.

3. Жамоа вакилининг телефон рақами ва электрон почта манзили

4. Асосий жамоа аъзоларининг (cо-founder) телефон рақами ва электрон почта манзили

5. Асосий жамоа аъзоларининг (cо-founder) роли

6. Стартап яратилган мамлакат (ёки асосий бош офиси рўйхатдан ўтказилган мамлакат)

2. Лойиҳа ҳақида маълумот

1. Лойиҳа йўналиши:

сунъий интеллект технологиялари;

ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар;

молиявий технологиялар;

креатив индустрия ҳамда компьютер ва мобил ўйин дастурлари;

B2B ва индустрия йўналишида ечимлар.

2. Лойиҳа тавсифи

3. Ривожланиш босқичи

4. Олдинги ҳисобот даври учун умумий даромад

5. Мазкур йилнинг биринчи чораги учун даромад

6. Стартап фаолият олиб борадиган мамлакатлар

7. Лойиҳани тавсифловчи видеолавҳага ҳавола (3 дақиқагача бўлган)

8. Лойиҳанинг «GitHub» платформасидаги ҳаволаси

9. Лойиҳа тақдимоти (PDF)

10. Минимал ишлайдиган маҳсулот (MVP) (ҳавола)

11. Логотип (.svg/.png)

Изоҳ. Танлов йўналишлари ҳар йили ташкилий қўмита томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 октябрдаги 593-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Стартаплар макони» («Land of Startups») халқаро танловини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ

1.

Ш.Х. Шерматов

—

рақамли технологиялар вазири, Ташкилий қўмита раиси

2.

А.О. Султонов

—

рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари

3.

А.З. Саъдуллаев

—

Ёшлар ишлари агентлиги директори, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари

4.

Лавозими бўйича

—

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими (келишувга асосан)

5.

Т.А. Ишметов

—

Марказий банк раиси

6.

Д.А. Ваҳобов

—

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси

7.

О.Б. Юлдашев

—

таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари

8.

О.С. Имамов

—

соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари

9.

И.И. Норқулов

—

иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари

10.

А.Х. Мухитдинов

—

«Сунъий интеллект альянси» нодавлат нотижорат ташкилоти директори

11.

А.О. Караматов

—

«Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ бош директори, Ташкилий қўмита котиби

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибга мазкур лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Зарур ҳолларда, Ташкилий қўмита таркибига экспертлар, халқаро ташкилотлар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар мутахассислари жалб этилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 октябрдаги 593-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори билан тасдиқланган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
ўн олтинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
ўн еттинчи — ўн тўққизинчи хатбошилар тегишлича ўн олтинчи — ўн саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. 3-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«рақамли технологиялар соҳасидаги экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, Технопарк резидентларининг хизмат ва маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқишга кўмаклашиш».
қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Технопарк резидентларининг маҳсулот ва хизматларини жаҳон бозорида илгари суриш ҳамда IT-секторини ривожлантиришга қаратилган халқаро тадбирларда (кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар, «давра суҳбатлари» ва семинарлар) иштирок этади ва ташкил этади»;
ўн тўртинчи — ўн олтинчи хатбошилар тегишлича ўн бешинчи — ўн еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
4. 9-банднинг «г» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. 14-банднинг саккизинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ўз фаолияти тўғрисида Дирекция томонидан тасдиқланадиган муддатларда ва шаклга кўра ахборотни веб-портал орқали тақдим этиши»;
ўнинчи ва ўн биринчи хатбошилар тегишлича саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
7. 19-банднинг иккинчи хатбошисидаги «фаолияти тури, почта» сўзлари «юридик» сўзи билан алмаштирилсин.
а) олтинчи хатбошидаги «солиқ ва статистика ҳисоботлари,» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«юридик шахс қайта ташкил этилганлиги (қайта тузишдан ташқари), бунда юридик шахснинг ҳуқуқий вориси Технопарк резиденти бўлса, татбиқ этилмайди ва Технопарк резидентига бизнес режа тақдим этиш мажбурияти юклатилади»;
в) тўққизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
г) ўнинчи — ўн иккинчи хатбошилар тегишлича тўққизинчи — ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
д) ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Рақамли стартаплар» дастури иштирокчиси мақоми бекор қилинганда («Рақамли стартаплар» дастурида иштирок этишдан олдин Технопарк резиденти мақомини олган юридик шахслар бундан мустасно)».
а) «а» кичик банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«экспорт қилинган товар (хизмат)ларнинг ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошганда 25 фоизга, 20 миллион АҚШ долларидан ошганда 50 фоизгача ушбу календарь йилда Дирекцияга ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдорини пасайтириш»;
б) «в» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в) 2025 йил 1 февралдан бошлаб 2040 йил 1 январга қадар бўлган даврда жами даромади таркибида экспорт ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган Технопарк резидентлари таъсисчиларининг (иштирокчиларининг) — Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғи Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун белгиланган ставкалар бўйича татбиқ этилади»;
в) қуйидаги мазмундаги «г» ва «д» кичик бандлар билан тўлдирилсин:
«г) 2025 йил 1 февралдан бошлаб 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар (Ўзбекистон Республикаси билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузган давлатларнинг солиқ резидентлари бундан мустасно) экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган Технопарк резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларни кўрсатишдан олган (шу жумладан, роялти тўланадиган) даромадлари қисмида фойда солиғини тўлашдан озод қилинади;
д) мазкур банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган имтиёз рўйхатнинг 31-банди доирасида экспортга реализация қилинган ишлар ва хизматларга нисбатан қўлланилади, қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз бундан мустасно».
а) 21-банд «фаолияти» сўзидан кейин «ёки ушбу соҳадаги стартап лойиҳаларга инвестиция киритишга қаратилган юридик шахс мақомига эга «Бизнес фаришталар клублари» фаолияти» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) қуйидаги мазмундаги 31-банд билан тўлдирилсин:
«31. Экспортга йўналтирилган қуйидаги юқори технологик фаолият турлари:
а) дастурий-аппарат қурилмаларини, жумладан, «IoT» ва AI қурилмалари, интеллектуал электроника, микро-, опто- ва наноэлектроника, микросхемалар ҳамда бошқа технологик ечимларни ишлаб чиқиш ва уларни реализация қилиш;
б) интеллектуал роботларни, шу жумладан, улар учун электрон платалар, микропроцессор модуллари, сенсор тизимлари ва бошқа компонентларни ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.10.2026 й., 09/26/593/1097-сон)