|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАШИНА-ТРАКТОР ПАРКЛАРИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ ВА УЛАРНИНГ ХИЗМАТЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 19 январдаги 22-ф-сон фармойишига мувофиқ машина-трактор парклари фаолиятини ўрганиш уларнинг таркибида мураккаб қишлоқ хўжалиги техникасини жамлаш мақсадга мувофиқлигини, кўп меҳнат талаб қиладиган механизация ишларини бажаришда, айниқса ер ҳайдашда, бошоқли дон экинлари, шоли ва пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда улардан фойдаланишнинг юқори самарадорлигини тасдиқлади.
Машина-трактор паркларида қишлоқ хўжалиги корхоналарига қараганда техника тайёрлиги кўрсаткичлари юқори, машиналарни сақлаш ва техник хизмат кўрсатиш, малакали ходимларни ўқитиш ва тайёрлаш йўлга қўйилган.
1997 йилда машина-трактор парклари шартнома шартларида ер ҳайдаш ишларининг 60 фоизини бажаришди ва бошоқли дон экинлари ҳосилининг 55 фоизини йиғиб-териб олишди. «Магнум» ҳайдов агрегатининг мавсумий унумдорлиги республика бўйича ўртача 1665 гектарни, «Кейс» ғалла ўриш-йиғиш комбайниники эса 700 гектардан кўпроқни ташкил этди.
Шу билан бирга ўрганиш шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун томонларнинг ўзаро жавобгарлиги ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди. Хўжаликларга ва фермерларга хизмат кўрсатиш соҳасида машина-трактор парклари тармоғини кенгайтириш йўли билан рақобат муҳити секинлик билан яратилмоқда. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналарини лизинг асосида етказиб бериш ва «МТП» давлат-акциядорлик жамиятларини ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш масалалари охиригача ҳал қилинмаган. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг эҳтиёжларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ҳал этилмаяпти.
Машина-трактор паркларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига ишлаб чиқариш-техника хизмати кўрсатиш ишлари ҳажмларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитасининг:
фойдаланишга яроқли бўлган ва ишлатиш муддати тугамаган ҳайдов тракторларини плуглари билан, пахта териш машиналарини, ғалла, шоли ва озуқа ўриш-йиғиш комбайнларини 1998 йил 1 январдаги қолдиқ қиймати бўйича қишлоқ хўжалиги корхоналари балансидан «МТП» давлат-акциядорлик жамиятлари балансига бериш тўғрисидаги таклифи 1-иловага* мувофиқ;
* 1-илова берилмайди.
машина-трактор парклари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарининг таъмирлаш-тузатиш базасидан ва ёнилғи-мойлаш материаллари омборларидан ижара шартларида фойдаланилиши ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, машина-трактор паркларига бериладиган техника учун ҳисоб-китоблар 1998 йил 1 январдаги ҳолатига кўра қишлоқ хўжалиги корхоналарининг машина-трактор парклари томонидан кўрсатилган хизматлар учун ва бюджетга тўловлар бўйича дебиторлик қарзлари ҳисобига амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси «МТП» давлат-акциядорлик жамиятларига бериладиган техника учун хўжаликлар билан ҳисоб-китоб қилиш тартибини ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг таъмирлаш-тузатиш базасини ва ёнилғи омборларини ижарага олиш шартларини ўн кун муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари 1998 йилнинг I чорагида мазкур қарорга 1-иловада* кўрсатилган техникалар топширилиши-қабул қилинишини таъминласинлар, шу мақсадда молия ва солиқ органлари, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари вакиллари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва «МТП» давлат-акциядорлик жамиятлари раҳбарлари иштирокида махсус комиссиялар тузсинлар.
5. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси (Олимжонов), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Бобожонов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги корхоналарига ишлаб чиқариш-техника хизмати кўрсатишда рақобат муҳитини яратиш мақсадида ҳар бир туманда камида иккита, шу жумладан нодавлат мулки шаклидаги ҳамда техника етказиб берувчи заводлар, қўшма корхоналар, таъминот-сотиш ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг молиявий ва техник имкониятларини жалб қилган ҳолда жами 2-иловага* мувофиқ машина-трактор парклари ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширсинлар.
* 2-илова берилмайди.
6. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси (Олимжонов), «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси (Матчонов):
1998 йилда машина-трактор паркларига 3-иловага* мувофиқ қишлоқ хўжалиги техникаси, эҳтиёт қисмлар ва тузатиш материаллари ўз вақтида етказиб берилишини таъминласинлар;
* 3-илова берилмайди.
кичик техника, шунингдек, импорт бўйича келтирилаётган тракторларга ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишни ва машина-трактор паркларига етказиб беришни жадаллаштирсинлар;
машина-трактор паркларига ва хўжаликларга ватанимизда ишлаб чиқарилган техникани етказиб бериш бўйича лизинг компанияси ташкил этиш масалаларини ишлаб чиқсинлар ва таклиф киритсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 июндаги 168-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 25-сон, 288-модда)
8. «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси 4-иловага* мувофиқ 1998 — 2000 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича импорт техникага сервис хизмати кўрсатиш бўйича 22 та ҳамда ватанимизда ишлаб чиқарилган техникага сервис хизмати кўрсатиш бўйича 140 та техник марказ ташкил этилишини таъминласинлар.
* 4-илова берилмайди.
9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (Маҳмудхўжаев) «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси билан биргаликда машина-трактор парклари томонидан бажариладиган ишлар ва хизматларга нархларни 1998 йилнинг 1 апрелигача ишлаб чиқсин ва уларни барча манфаатдор ташкилотларга етказсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И. X. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 10 март,
106-сон