ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 24 февралда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 13 июнда маъқулланган
Сенат томонидан 2026 йил 13 июнда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш, соҳага илғор технологияларни татбиқ этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни кўпайтириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантириш орқали маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер участкалари ажратиш тартибини аниқ белгилаш, ов қилишни фақат белгиланган ов қилиш жойларида амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, овчиликка тааллуқли ҳужжатларни бериш жараёнларини рақамлаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига овчилик гувоҳномалари ва йўлланмаларини бериш тартибини такомиллаштиришга, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни белгилаш ҳамда тақсимлашнинг илмий асосланган тартибини мустаҳкамлашга, ов қилишни фақат овчилик хўжаликларига бириктирилган жойларда, шунингдек эркин ов қилиш жойларида амалга оширишни белгилашга, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ҳамда ўрмон фонди ерларида овчилик хўжаликларини ташкил этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун овчилик соҳасида ягона ва шаффоф ҳуқуқий механизмларни яратишга, давлат назоратини кучайтиришга, ёввойи ҳайвонлар ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги 545-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-408-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 9, 273-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 8, 470-модда; 2020 йил, № 7, 447-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 5, 466-модда, № 6, 570-модда; 2023 йил, № 9, 711-модда; 2024 йил, № 8, 831-модда, № 11, 1287-модда; 2025 йил, № 12, 1329-модда) 37-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигини юритиш тартиби, шунингдек балиқ овлаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 июлда қабул қилинган «Қурол тўғрисида»ги ЎРҚ-550-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 7, 388-модда; 2020 йил, № 10, 593-модда, № 11, 651-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 466-модда; 2024 йил, № 2, 105-модда; 2026 йил, № 1, 2-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 11-модданинг саккизинчи қисмидаги «овчилар жамоат бирлашмаси» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 13-модда еттинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги «овчилар жамоат бирлашмаси» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 23-модданинг олтинчи қисмидаги «овчилар жамоат бирлашмаси» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлда қабул қилинган «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги ЎРҚ-627-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 7, 447-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда; 2024 йил, № 1, 7-модда, № 8, 831-модда, № 10, 1073-модда, № 12, 1287-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 3-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ов қилиш қоидалари ва ов қилиш жойларида ов қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади»;
2) 5-модданинг биринчи қисмидаги «Ҳақиқий» деган сўз чиқариб ташлансин;
3) 9-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ов қилиш овчилик хўжаликларига бириктирилган ов қилиш жойларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланадиган эркин ов қилиш жойларида амалга оширилади»;
иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
4) 14-модданинг тўртинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
5) 15-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ҳар йилги квота ёввойи ҳайвонларнинг кўп миқдорда тутиладиган турларига, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг камёб ва оз сонли турларига нисбатан белгиланади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри маълумотларидан, ёввойи ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш ва тутиладиган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш маълумотларидан, республикадаги мавжуд ўрмон хўжаликларидан ҳамда шундай фаолият билан шуғулланувчи бошқа жисмоний ва юридик шахслардан олинган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш маълумотларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади»;
иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи — еттинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси талабномалар асосида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини тайёрлайди. Бунда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга доир квота лойиҳаси 25 ноябрга қадар (қўшимча квота учун 25 апрелга қадар) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга доир квота лойиҳаси бўйича олиб борилган илмий изланишлар ва чоп этилган илмий тадқиқотлар асосидаги хулосасини 5 декабрга қадар (қўшимча квота учун 5 майга қадар) Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни 10 декабрга қадар (қўшимча квота учун 10 майга қадар) бўлган муддатда тасдиқлайди, квотани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасига, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларига (бундан буён матнда Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари деб юритилади) юборади.
Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталарга мувофиқ Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари 20 декабрга қадар (қўшимча квота учун 20 майга қадар) квоталарни берилган талабномаларга мувофиқ тақсимлайди ҳамда ҳайвонот дунёсидан фойдаланишга доир рухсатномаларни беради.
Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ҳар йилги квота ҳамда қўшимча квота Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади»;
6) 17-модда иккинчи қисмининг:
ўн иккинчи хатбошисидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органига» деган сўзлар «Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўн учинчи хатбошисидаги «9-моддасининг иккинчи қисмида» деган сўзлар «9-моддасининг учинчи қисмида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
7) 18-модданинг:
тўққизинчи хатбошисидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органларига» деган сўзлар «Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўнинчи хатбошисидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органларига» деган сўзлар «Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 19-модданинг:
ўн тўртинчи хатбошисидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органларига» деган сўзлар «Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўн тўққизинчи хатбошисидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг мансабдор шахсларини» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тизимидаги мансабдор шахсларни» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
9) 23-модда:
тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ов қилиш мавсумида ҳафтанинг икки куни — сешанба, чоршанба — Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қушларни ов қилиш учун ёпиқдир. Бундан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида илмий, тиббий ва назорат ишларини амалга ошириш учун қушларни тутиш ҳоллари ҳамда ушбу модданинг олтинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Синовдан ўтказиладиган ҳар битта итга тўғри келадиган уч бош қушни отган ҳолда, овчи итларнинг балиқчи қушларга доир дала синовларини — 15 мартдан 1 майга қадар ва беданага доир дала синовларини — 1 апрелдан 15 майга қадар ўтказишга рухсат берилади. Синовларни ўтказиш жойлари ҳамда тартиби Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан келишувга кўра овчилик хўжаликлари томонидан аниқланади»;
қуйидаги мазмундаги олтинчи, еттинчи ва саккизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Овчилик хўжаликлари питомникларда ёввойи ҳайвонларни тўлиқ босқичда етиштириш йўлга қўйилган ҳолда ўзларига бириктирилган ов қилиш жойларига қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар сонига тенг миқдордаги ёввойи ҳайвонларни уларнинг урчиш пайтидан ташқари йил давомида ов қилишни ташкил этиши мумкин. Бунда ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома олиш талаб этилмайди.
Ёввойи ҳайвонларнинг урчиш пайти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институтининг хулосаси асосида белгиланади.
Ўлжа олиш мақсадида ов қилиш рухсатномалар асосида ёввойи ҳайвонларнинг урчиш пайтидан ташқари, ов мавсумидан қатъи назар, ҳафтанинг барча кунларида амалга оширилиши мумкин»;
10) 24-модданинг учинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
11) 25-модданинг:
иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи қисмидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органларига» деган сўзлар «Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
12) 27-модда биринчи қисмининг еттинчи хатбошисидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органларининг» деган сўзлар «Экология қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
13) 28-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, ўн саккиз ёшга тўлган, овчилик гувоҳномасини олиш учун махсус ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан икки йил муддатга берилади.
Овчилик гувоҳномасини расмийлаштирганлик учун жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, пенсиядаги ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Овчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддати талабгорнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин.
Овчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш уни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Бунда овчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун махсус ўқув курсларида қайта ўқиш талаб этилмайди.
Овчилик гувоҳномасини бериш тартиби ва овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади.
Овчилик гувоҳномасининг амал қилиши унинг амал қилиш муддати ўтганлиги муносабати билан тугаган деб ҳисобланади.
Овчилик гувоҳномасининг амал қилишини муддатидан олдин тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
овчилик гувоҳномаси эгасининг унинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги аризаси;
овчилик гувоҳномаси эгасининг вафот этиши;
суднинг овчилик гувоҳномаси эгасини белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги қарори;
суднинг ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутувчи қонуний кучга кирган қарори»;
14) 29-модданинг:
биринчи қисмидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органлари» деган сўзлар «Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисмидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органига» деган сўзлар «Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
15) 30-модданинг:
биринчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисмидаги «экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий органининг» деган сўзлар «Экология қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
16) 31-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) ёввойи ҳайвонларни тутишга доир олинган квоталар асосида берилади ва унинг эгасига мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқини тақдим этади.
Овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) овчиларга махсус электрон дастур орқали:
овчилик хўжаликларига бириктирилган ов қилиш жойларида — овчилик хўжаликларининг эгалари бўлган юридик шахслар томонидан;
эркин ов қилиш жойларида — Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан берилади.
Овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) уни олганлик учун тўлов киритилганидан кейин берилади.
Овчилик йўлланмасида (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкасида) қуйидагилар кўрсатилади:
жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
ов қуролини сақлаш ва олиб юришга доир рухсатнома рақами;
рақами ва берилган санаси;
овчилик хўжалигининг номи (овчилик йўлланмаси овчилик хўжалиги томонидан берилганда);
ов қилишга рухсат этиладиган ҳудуд;
ёввойи ҳайвон турининг номи;
тутиш учун рухсат этилган ёввойи ҳайвонлар сони;
ов қилиш муддати;
ов қилиш тури;
овчилик йўлланмасининг (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкасининг) нархи.
Овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари) берилганлиги учун тўлов миқдори:
овчилик хўжаликларига бириктирилган ов қилиш жойларида — овчилик хўжаликларининг эгалари бўлган юридик шахслар томонидан;
эркин ов қилиш жойларида — Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади.
Овчилик йўлланмаларини (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаларини) бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади»;
17) 32-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза ҳамда такрор кўпайтириш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ хўжалик фаолиятини илмий асослантирилган тарзда режалаштириш ва амалга ошириш овчилик хўжалигини юритишдир.
Овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида ажратиш бўйича электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ёки жисмоний шахслар билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ўртасида овчилик хўжалигини юритиш учун овчилик хўжаликларига туташ ҳудуддаги ов қилиш жойларини бириктириш юзасидан ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома имзоланган кундан эътиборан юзага келади.
Овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида инвестициявий ҳамда шартномавий мажбуриятлар белгиланган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга қуйидаги босқичларда ижара ҳуқуқи асосида ажратилади:
биринчи босқичда — 10 йил муддатга;
инвестициявий ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:
иккинчи босқичда — 10 йил муддатга;
учинчи босқичда — 29 йил муддатга.
Бунда икки йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил этилмаса, ижара шартномаси бекор қилинади.
Овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида ажратиш бўйича электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хўжаликларига (овчилик базаларига ва питомникларга) туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан тўғридан-тўғри тузиладиган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномага асосан овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб берилади. Бунда электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахслар овчилик хўжалигини юритиш учун туташ ҳудуддаги ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномани тузишдан бош тортган тақдирда, электрон онлайн-аукцион натижалари бекор қилинади ва ер участкалари қайта электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
Овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ҳамда ўрмон фонди ерларидан ер участкаларини ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ов қилиш жойлари ер эгалари ёки ердан фойдаланувчилар билан келишувга кўра ҳамда улардан ерлар олиб қўйилмаган ҳолда бириктириб берилади.
Бириктирилган ов қилиш жойларидан фойдаланганлик учун ундириладиган йиллик ҳақ миқдори Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади.
Овчилик хўжаликлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан тасдиқланадиган форматда ишлаб чиқилган ва келишилган, ўн йилга мўлжалланган техник-иқтисодий асоснома материаллари асосида фаолият юритади.
Техник-иқтисодий асоснома материаллари ва ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома овчилик хўжаликларини юритишнинг комплекс тадбирларини амалга ошириш, шунингдек овчилик ресурсларидан оқилона, барқарор фойдаланишга, уларни муҳофаза қилишга, такрор кўпайтиришга ҳамда бириктирилган ов қилиш жойларининг ҳудудини овчилик хўжалигини юритиш учун яроқли ҳолатда сақлаб туришга қаратилган жорий ва истиқболдаги режалаштиришни ривожлантириш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда юритиш учун асосий норматив-техник ҳужжатлардир»;
18) 34-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун электрон онлайн-аукцион орқали ажратилган ер участкаларининг ижара муддатига мутаносиб бўлган муддатга тузилади»;
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан тасдиқланади»;
19) 36-модданинг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
20) 41-модданинг матнидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
21) 1-илова:
«ҚУШЛАР» позициясига оид Изоҳнинг иккинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
«УМУРТҚАСИЗЛАР» позициясига оид Изоҳнинг:
бешинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
олтинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
еттинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
22) 2-илованинг изоҳидаги (ҳаволасидаги) «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 3-моддаси 17-бандининг ўн биринчи хатбошисида назарда тутилган овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ҳамда ўрмон фонди ерларидан ер участкаларини ажратиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси:
ушбу Қонун 3-моддаси 1-бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ов қилиш қоидаларини ва ов қилиш жойларида ов қилиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 3-моддаси 13-бандининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган овчилик гувоҳномасини бериш тартибини ва овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 3-моддаси 16-бандининг йигирма биринчи хатбошисида назарда тутилган овчилик йўлланмаларини (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаларини) бериш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 сентябрь,
ЎРҚ-1172-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2026 й., 03/26/1172/0917-сон)