Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директорининг
БУЙРУҒИ
Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 22 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3760]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги ПФ-111-сон «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Қ. АХМЕДОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 январь,
70-сон
Келишилди:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2025 йил 17 декабрь
Касаба уюшмалари Федерация раиси К. РАФИКОВ
2025 йил 15 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директорининг 2026 йил 13 январдаги 70-сон буйруғига
1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари, давлат муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) ахборот хизмати раҳбарларини (бундан буён матнда талабгорлар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат органлари ва ташкилотлари — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари, давлат муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар;
талабгор — давлат органлари ва ташкилотларининг аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳномага эга бўлмаган ёхуд бундай гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаётган ахборот хизмати раҳбари.
2. Талабгорни аттестациядан ўтказиш унинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, тегишли малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, унинг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида амалга оширилади.
2-боб. Талабгорни аттестациядан ўтказиш
3. Талабгор Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтиши шарт.
Талабгорлар улар ишлаётган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бошқа турдаги аттестациялардан ўтказилишига йўл қўйилмайди.
4. Биринчи марта лавозимга тайинланган талабгор ишга қабул қилинган кундан бошлаб камида уч ой ишлаганидан кейин аттестациядан ўтказилиши керак.
Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган шахслар мазкур гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашига қадар икки ой мобайнида аттестациядан ўтиши керак.
5. Талабгорларни аттестациядан ўтказиш учун Марказ мутахассислари орасидан Марказ директорининг буйруғи билан камида етти кишидан иборат таркибда Аттестация комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади.
Комиссия таркибига давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек илмий ва олий таълим ташкилотлари вакиллари ҳам киритилиши мумкин.
Бунда:
Марказ директорининг соҳа бўйича масъул ўринбосари Комиссия раиси;
Марказнинг тегишли таркибий бўлинмаси Комиссия ишчи органи ҳисобланади.
6. Комиссия раиси:
Комиссия мажлисларида раислик қилади;
аттестацияни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;
талабгорларнинг рўйхат бўйича таркибини белгилайди;
аттестацияни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилади.
7. Комиссиянинг ишчи органи:
аттестацияни ўтказиш жадвалини тузади ва уни тасдиқлаш учун Комиссия раисига тақдим этади;
аттестацияни ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотларни Комиссия аъзолари ҳамда талабгорларга етказади.
8. Аттестацияда бериладиган саволлар рўйхати Марказ томонидан ишлаб чиқилиб, аттестация ўтказиш санасидан камида икки ой олдин унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
3-боб. Талабгорларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш
9. Комиссия аттестациядан ўтиш муддати келган талабгорларнинг рўйхатини тақдим этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига аттестацияни ўтказиш жойини кўрсатган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
10. Давлат органлари ва ташкилотлари Комиссия мурожаат қилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида унга мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги талабгорларнинг анкетасини тақдим этади.
11. Комиссия томонидан талабгорларнинг анкетаси тақдим этилган кундан бошлаб ўн кун ичида ушбу ҳужжатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, аттестациядан ўтадиган талабгорлар рўйхати тасдиқланади ҳамда аттестация икки ой ичида ўтказилади.
12. Комиссия ишчи органи ҳар бир талабгор ҳақидаги материалларни аттестация ўтказиш санасидан камида бир ҳафта олдин Комиссияга тақдим этади.
13. Аттестацияга узрли сабабларга кўра (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, меҳнат таътили, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) келмаган талабгор аттестация бошлангунга қадар Марказни ёзма ёки электрон равишда хабардор қилиши лозим. Бунда талабгор аттестация комиссиясининг кейинги навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилади.
14. Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган талабгорлар бўйича улар ишлаётган давлат органи ёки ташкилоти раҳбарларига хабарнома юборилади.
Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган талабгорлар бўйича Комиссия томонидан талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиш ҳақида қарор чиқарилади.
4-боб. Аттестацияни ўтказиш
15. Комиссия ишида аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
16. Комиссия мажлиси унинг аъзоларини талабгорларнинг ҳужжатлари билан таништириш, шунингдек талабгорларга аттестацияни ўтказиш тартибини тушунтиришдан бошланади.
17. Аттестация 5 та саволдан ва амалий синовлардан иборат оғзаки суҳбат шаклида ўтказилади.
18. Аттестация ўтказилаётган хонага талабгорлар томонидан мобил алоқа воситаси, компютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб, шпаргалка ва бошқа материаллар олиб кириш ҳамда фойдаланиш тақиқланади.
Бунда ушбу тақиқланган материалларни олиб кирган ёки фойдаланган талабгор аттестацияни ўтказиш тартибини бузган деб ҳисобланади ҳамда далолатнома асосида аттестациядан четлаштирилади.
19. Аттестация шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида уни ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) туширилади, видеотасвир Марказда уч йил мобайнида сақланади.
20. Комиссия аттестацияни ўтказиш давомида:
талабгор тўғрисида қисқа маълумотни тинглайди;
саволлар рўйхатига мувофиқ талабгор билан суҳбат ўтказади;
аттестация натижаларига кўра талабгорга баҳо беради;
Комиссия ишчи органига аттестация натижаларини тақдим этади.
21. Талабгор билан унинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлган қонунчилик соҳаси, шу жумладан ахборот хизматлари фаолияти соҳасига доир суҳбат ўтказилади.
Суҳбат жараёнида берилган саволлар ва талабгорнинг жавоблари, суҳбат натижалари мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги суҳбат ўтказиш варақасида акс эттирилади.
22. Аттестация ўтказиш вақтида талабгорнинг натижалари (суҳбат натижалари) 5 баллик тизимда баҳоланади.
Бунда Комиссиянинг ҳар бир аъзоси номзодни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:
берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши, ахборот-коммуникация соҳасидаги муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олиши — 5 балл;
берилган саволларга аниқ, бироқ тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши, ахборот-коммуникация соҳасидаги муаммолар ва жараёнларни таҳлил қила олиши — 4 балл;
берилган саволларга тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши — 3 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билмаслиги — 2 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга эмаслиги — 1 балл;
берилган саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл.
23. Комиссия талабгорнинг билимлари ва иш тажрибасини ҳисобга олиб:
талабгорни аттестациядан ўтган деб топиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида;
талабгорни аттестациядан ўтмаган деб топиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Бунда суҳбат натижаларига кўра камида 4 балл билан баҳоланган талабгор аттестациядан ўтган деб топилади ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.
24. Комиссиянинг қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Комиссиянинг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади ва суҳбат ўтказиш варақасига киритилади. Баённома қарори ва суҳбат ўтказиш варақаси ушбу аттестацияда иштирок этган раис ҳамда Комиссия аъзолари томонидан имзоланади.
25. Комиссиянинг қарорлари овоз бериш тугаганидан кейин шу вақтнинг ўзида талабгорлар учун эълон қилиниши керак.
26. Аттестациядан ўтган деб топилган талабгорга аттестациядан ўтгандан кейин беш кун муддатда мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.
Гувоҳноманинг амал қилиш муддати — уч йил.
27. Аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш сериясига ва тартиб рақамига эга бўлади.
28. Аттестациядан ўта олмаган талабгор бўйича Комиссия ишчи органи Комиссиянинг қарорлари эълон қилинган кундан эътиборан беш кун муддатда хулосани расмийлаштиради ҳамда уни давлат органи ёки ташкилотига ёзма ёки электрон шаклда юборади.
Талабгор аттестациядан ўта олмаган тақдирда давлат органи ва ташкилоти мазкур ходимни такроран аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан камида уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай мурожаат қилиши мумкин.
29. Талабгор такроран аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддатда такроран аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилмаса, Комиссия унинг иш жойига бу ҳақда хабарнома юборади.
Давлат органи ёки ташкилоти хабарнома олинган кундан кейин ўн кун мобайнида мазкур хабарномани кўриб чиқиши ва меҳнат қонунчилигига мувофиқ тегишли чоралар тўғрисида беш кун муддатда Марказни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши керак.
5-боб. Талабгорларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
30. Талабгорларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун Марказ директорининг буйруғи билан Марказнинг камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда апелляция комиссияси (бундан буён матнда Апелляция комиссияси деб юритилади) ташкил этилади.
Бунда Марказ директорининг буйруғига асосан Апелляция комиссияси таркибига бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ҳам мутахассислар жалб этилиши мумкин.
31. Аттестация натижаларидан норози бўлган талабгорлар мазкур аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти беришлари мумкин.
Бунда Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган талабгорни шикоят кўриб чиқилишидан 2 кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.
32. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб 3 кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда апелляция шикояти билан мурожаат қилган талабгор мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
33. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
34. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида талабгорга уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.
35. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
аттестация натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
аттестация натижаларига ўзгартириш киритиш.
36. Апелляция шикоятини кўришда талабгорнинг аттестация натижасида олган балини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
37. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган талабгорга ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.
38. Апелляция комиссиясининг аттестация натижаларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарори асосида талабгорга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.
39. Апелляция комиссиясининг қарорлари юзасидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
6-боб. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни қайта расмийлаштириш
40. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш Марказ томонидан талабгорнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда унинг аризаси асосида бепул амалга оширилади.
Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилгунга қадар талабгор ўз фаолиятини илгари берилган гувоҳнома асосида амалга оширади.
41. Марказ томонидан қайта расмийлаштириш пайтида аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши лозим, бунда аттестациядан ўтганлик тўғрисида олдин берилган гувоҳнома бекор қилинади.
42. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда талабгорнинг аризасига кўра, ушбу ариза берилган кундан бошлаб ўн кун ичида унинг дубликати бепул берилади.
43. Дубликатни беришда талабгорга Марказ томонидан «ДУБЛИКАТ» белгиси қўйилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак.
44. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилиши ва дубликати берилиши учун аттестациядан ўтиш талаб қилинмайди.
45. Талабгор бошқа давлат органи ёки ташкилотига ўтган тақдирда агар унинг аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаси амал қилиш муддати тугамаган бўлса, у қайта аттестациядан ўтмасдан фаолиятини давом эттириши мумкин.
46. Талабгорнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги ПФ-154-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан амалга оширилади.
7-боб. Якуний қоида
47. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун талабгорнинг

АНКЕТАСИ

1. Фамилияси, исми отасининг исми

___________________________________________

2. Туғилган санаси (йил, кун ва ой)

___________________________________________

3. Паспорт (ID-карта)нинг серияси, тартиб рақами, берилган санаси:

___________________________________________

4. Яшаш жойи:

___________________________________________

вилоят ____________________________

шаҳар (туман) __________________________

кўча ____________________________

уй, квартира рақами ______________________

телефон ____________________________

эл. почта манзили _______________________

5. Маълумоти

___________________________________________

Таълим ташкилотининг номи

___________________________________________

Мутахассислиги

___________________________________________

6. Меҳнат фаолияти

Т/р

Ой ва йил

Ташкилот ва лавозими

Ташкилот жойлашган жой

ишга кирган вақти

ишдан бўшаган вақти

1.

2.

7. Ахборот хизмати раҳбари сифатидаги меҳнат фаолияти

Т/р

Ой ва йил

Ташкилот ва лавозими

Ташкилот жойлашган жой

тайинланди

озод қилинди

1.

2.

Тўлдирилган сана __________

Имзо ____________

Комиссия аъзолари:

1. ______________________________________________________________

(Ф.И.О., имзо)

2. ______________________________________________________________

(Ф.И.О., имзо)

3. ______________________________________________________________

(Ф.И.О., имзо)

Ишчи орган масъул ходими

___________________________________________

(Ф.И.О., имзо)

Суҳбат варақаси билан танишдим:

___________________________________________

(сана ва номзоднинг имзоси)

Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

СУҲБАТ ЎТКАЗИШ ВАРАҚАСИ

1. Фамилияси, исми, отасининг исми _______________________________________________________

2. Туғилган йили (санаси) ________________________________________________________________

3. Маълумоти __________________________________________________________________________

4. Мутахассислиги ______________________________________________________________________

5. Умумий иш стажи ____, шу жумладан журналистика, ахборот хизматида ______________________

6. Бошқа маълумотлар: __________________________________________________________________

______________________________________________________________________________________

7. Номзодга берилган саволлар ва уларнинг жавоблари:

1) савол: ______________________________________________________________________________

жавоб: ________________________________________________________________________________

2) савол: ______________________________________________________________________________

жавоб: ________________________________________________________________________________

3) савол: ______________________________________________________________________________

жавоб: ________________________________________________________________________________

4) савол: ______________________________________________________________________________

жавоб: ________________________________________________________________________________

5) савол: ______________________________________________________________________________

жавоб: ________________________________________________________________________________

6) амалий синов натижаси: _______________________________________________________________

8. Номзоднинг эътирозлари ва таклифлари: _________________________________________________

________________________________________________________________________________________

________________________________________________________________________________________

9. Овоз бериш натижалари:

ёқлаганлар __________________

қаршилар __________________

10. Суҳбат ўтказилган сана: _______________________________________________________________

11. Ўтказилган суҳбат натижалари бўйича хулоса: ____________________________________________

_______________________________________________________________________________________

Комиссия раиси

_______________________________________

(Ф.И.О., имзо)

Комиссия раисининг ўринбосари

_______________________________________

(Ф.И.О., имзо)

Комиссия аъзолари:

1. _____________________________________

(Ф.И.О., имзо)

2. _____________________________________

(Ф.И.О., имзо)

3. _____________________________________

(Ф.И.О., имзо)

Ишчи орган масъул ходими

_______________________________________

(Ф.И.О., имзо)

Суҳбат варақаси билан танишдим:

_______________________________________

(номзоднинг Ф.И.О., сана ва имзоси)

Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

Ахборот хизмат раҳбари аттестациядан ўтганлиги ҳақида

ГУВОҲНОМА

________________-сон

(серияси)

Ушбу билан ___________________________________________________________________________

(фамилияси, исми, отасининг исми)

______________________________________________________________________________________

(аттестацияни ўтказган ташкилот номи)

______________________________ да аттестациядан ўтганлиги тасдиқланади ва у давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбари бўлиб ишлаши мумкин

Гувоҳнома ___________________________ гача амал қилади.

(йил, кун ва ой)

Аттестация комиссияси раиси:

__________

____________________________

(имзо)

(фамилияси, исми, отасининг исми)

М.Ў.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директорининг 2026 йил 13 январдаги 70-сон буйруғига
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг 2019 йил 26 августдаги 324-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхати рақами 3187, 2019 йил 3 октябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.10.2019 й., 10/19/3187/3846-сон).
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг 2019 йил 17 декабрдаги 445-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхати рақами 3187-1, 2020 йил 16 январь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2020 й., 10/20/3187-1/0057-сон).
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг 2025 йил 14 январдаги 252-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхати рақами 3187-2, 2025 йил 6 февраль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2025 й., 10/25/3187-2/0110-сон).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.01.2026 й., 10/26/3760/0068-сон)