Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат хизматларини кўрсатишда талаб этиладиган ишончномаларни расмийлаштириш жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-157-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-157-сон Фармонига мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи «Vakolat.uz» платформасини (кейинги ўринларда — Платформа) ишга тушириш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин:
давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш бўйича бошқа шахсларга ишончномаларни расмийлаштириш;
юридик шахслар томонидан расмийлаштирилган ишончномаларни ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш;
барча турдаги ишончномаларнинг ҳақиқийлигини онлайн режимда текшириш;
Платформадан бепул фойдаланиш.
2. Электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек, ишончномаларнинг реестрини юритиш бўйича «Vakolat.uz» платформаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
а) Платформа орқали расмийлаштирилган ва унда қайд этилган ишончномалар:
давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар учун мажбурий тартибда тан олинади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишончномаларнинг қоғоз шакли жисмоний ва юридик шахслардан талаб қилинмайди ҳамда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади;
ишончли вакил орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун мажбурий ҳисобланади;
б) «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилган ишончномалар Платформада қайд этилади ва уларнинг Платформадаги электрон нусхалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қоғоз шаклига тенглаштирилади.
4. Адлия вазирлиги:
а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
Платформани «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинишини;
Платформада электрон давлат хизматларидан фойдаланишда ишончномаларни электрон равишда текшириш имкониятини таъминласин;
б) икки ой муддатда:
«Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилган ишончномалар ҳақидаги маълумотларнинг Платформага юборилишини таъминласин;
Платформанинг мобиль иловасини ишга туширсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 18 ноябрдаги 726-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 декабрь,
825-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 декабрдаги 825-сон қарорига
1-ИЛОВА
Электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек, ишончномаларнинг реестрини юритиш бўйича «Vakolat.uz» платформаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жисмоний шахслар томонидан давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш учун ҳамда юридик шахслар томонидан ўз ихтиёрига кўра электрон ишончномаларни «Vakolat.uz» платформаси орқали расмийлаштириш, ўзгартириш, бекор қилиш ва ишончномаларнинг реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«Vakolat.uz» платформаси (кейинги ўринларда — Платформа) — ишончномаларни электрон расмийлаштириш, ўзгартириш, бекор қилиш ва уларнинг реестрини юритишга мўлжалланган ахборот тизими;
электрон ишончнома (кейинги ўринларда — ишончнома) — жисмоний ва юридик шахслар томонидан «Vakolat.uz» платформаси орқали расмийлаштирилган ишончнома;
ишонч билдирувчи — ўз номидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш ваколатини бошқа шахсга берувчи жисмоний ва юридик шахс;
ишончли вакил — ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб борувчи жисмоний ва юридик шахс.
3. Мазкур Низом қоидалари ишончнома асосида фойдаланиш мумкин бўлган давлат хизматларига нисбатан татбиқ этилади.
4. Платформа орқали расмийлаштирилган ишончномалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нотариал тасдиқланган ишончномалар билан тенг юридик кучга эга бўлади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Платформа мулкдори ва оператори ҳисобланади.
6. Ишончномаларни расмийлаштириш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
7. Ишончнома жисмоний ва юридик шахсларнинг хоҳишига кўра сўровномада кўрсатилган, бироқ 3 йилдан ошмаган муддатга берилади.
8. Платформада ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш бепул амалга оширилади.
2-боб. Ишончномаларни расмийлаштириш тартиби
9. Ишонч билдирувчи ишончномани расмийлаштириш учун «Рақамли ҳукумат» тизимининг ягона идентификация тизими (OneID) орқали Платформада рўйхатдан ўтади ва ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ сўровномани тўлдиради.
Давлат органлари ва ташкилотлари сўровномада кўрсатилган маълумот ва ҳужжатларни «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилишини таъминлайди.
10. Сўровнома электрон рақамли имзони ёки шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) технологиясини мажбурий тартибда қўллаш орқали тасдиқланади.
11. Сўровнома тасдиқлангандан сўнг Платформа орқали ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ ишончнома автоматик равишда шаклланади ва томонларга юборилади.
12. Жисмоний ва юридик шахс бўлган ишонч билдирувчи сўровномада ишончли вакилга ишончномада акс эттирилган ваколатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқини кўрсатиши мумкин.
3-боб. Ишончномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби
13. Қуйидаги ҳолларда ишончнома ишонч билдирувчи томонидан ўзгартирилиши мумкин:
жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда;
юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганда;
жисмоний шахснинг биометрик паспорти (ID-карта) маълумотлари ўзгарганда;
ишончноманинг амал қилиш муддати узайтирилганда.
14. Ишончномани ўзгартириш ушбу Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда умумий асосларда амалга оширилади.
15. Ишончномадаги ваколатлар ҳамда ишонч билдирилган шахслар доираси кенгайтирилганда ёки қисқартирилганда, ишончнома мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда умумий асосларда янгидан расмийлаштирилади.
16. Қуйидаги ҳолларда ишончнома Платформа томонидан автоматик равишда бекор қилинади:
ишончноманинг муддати тугаганда;
жисмоний шахс вафот этганда;
юридик шахс тугатилганда.
Жисмоний шахснинг вафот этганлиги ва юридик шахс тугатилганлиги ҳақидаги маълумотлар «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан реал вақт режимида тақдим этилади.
17. Ишонч билдирувчи истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончли вакил эса ундан воз кечиши мумкин.
4-боб. Ишончномалар реестрини юритиш тартиби
18. Реестр Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
юридик шахс учун — номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
жисмоний шахс учун — фамилияси, исми, отасининг исми, биометрик паспорт (ID-карта) маълумотлари ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
ишончнома берилган сана ва уникал рақами;
ишончноманинг амал қилиш муддати;
ишончномада кўрсатилган ваколатлар;
ишончномада кўрсатилган ваколатларни бошқа шахсга бериш ҳуқуқи ҳақидаги маълумотлар;
ишончноманинг ўзгартирилганлиги ва бекор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар.
Реестр электрон шаклда юритилади.
19. Реестр ишончномаларни уникал рақам орқали қидириш учун барча учун очиқ ҳисобланади.
20. «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилган ишончномалар Реестрга автоматик равишда киритилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ишончномада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун ишонч билдирувчи жавобгар ҳисобланади.
22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек, ишончномаларнинг реестрини юритиш бўйича «Vakolat.uz» платформаси тўғрисида низомга
1-ИЛОВА
«Vakolat.uz» платформаси орқали ишончномаларни расмийлаштириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ишонч билдирувчи жисмоний ёки юридик шахс

«Vakolat.uz» платформаси орқали сўровномани тўлдиради.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Ишонч билдирувчи жисмоний ёки юридик шахс

Сўровномани тўлдирганидан сўнг у электрон рақамли имзо ёки шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) технологияси орқали тасдиқлайди.

Сўровномани тўлдирганидан сўнг дарҳол

3-босқич

«Vakolat.uz» платформаси

Ишончнома автоматик равишда шакллантирилади ва ишончнома томонларига юборилади.

Реал вақт режимида

Электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек, ишончномаларнинг реестрини юритиш бўйича «Vakolat.uz» платформаси тўғрисида низомга
2-ИЛОВА

НАМУНА

«Vakolat.uz» платформаси орқали ишончномаларни расмийлаштириш бўйича

СЎРОВНОМА

Ишонч билдирувчи тўғрисидаги маълумотлар

I. Жисмоний шахс

1. Жисмоний шахснинг ЖШШИРи:

2. Жисмоний шахснинг Ф.И.О:

Ички ишлар вазирлиги*

3. Жисмоний шахснинг паспорт (ID-карта) маълумотлари (серияси ва рақами):

II. Юридик шахс

1. Юридик шахснинг СТИРи:

2. Юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли:

Адлия вазирлиги

3. Юридик шахс раҳбарининг паспорт (ID-карта) маълумотлари (серияси ва рақами, ЖШШИР):

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

4. Юридик шахс раҳбарининг Ф.И.О:

Ишончли вакил тўғрисидаги маълумотлар

I. Жисмоний шахс

1. Жисмоний шахснинг ЖШШИРи:**

2. Жисмоний шахснинг Ф.И.О:

Ички ишлар вазирлиги

3. Жисмоний шахснинг паспорт (ID-карта) маълумотлари (серияси ва рақами):

II. Юридик шахс

1. Юридик шахснинг СТИРи:

2. Юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли:

Адлия вазирлиги

Қўшимча маълумотлар

3. Берилаётган ваколат:

4. Ишончноманинг муддати:

5. Ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (юридик шахс учун):

6. Юридик шахс филиалининг реестр рақами:

Адлия вазирлиги

7. Юридик шахс филиалининг номи:

8. Юридик шахснинг транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар:

Ички ишлар вазирлиги

9. Автотранспорт воситасини чегарадан олиб ўтиш:

* Давлат органлари ва ташкилотлари сўровномада кўрсатилган маълумот ва ҳужжатларни «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилишини таъминлайди.
** 1. Жисмоний шахснинг маълумотлари ишонч билдирувчи томонидан киритилади.
2. Жисмоний шахс ишонч билдирувчининг ходими бўлганда ишончли вакилнинг маълумотлари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олинади.
Электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек, ишончномаларнинг реестрини юритиш бўйича «Vakolat.uz» платформаси тўғрисида низомга
3-ИЛОВА

НАМУНА

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining

“Vakolat.uz” elektron platformasi

ISHONCHNOMA

№ 000000

ISHONCH BILDIRUVCHI

ISHONCHLI VAKIL

_______________________________________________________________

Jismoniy shaxsning F.I.O (yuridik shaxsning nomi va tashkiliy- huquqiy shakli)

Jismoniy shaxsning JShShIR (yuridik shaxsning STIR)

_______________________________________________________________

Jismoniy shaxsning JShShIR (yuridik shaxsning STIR)

_______________________________________________________________

Jismoniy shaxsning (yuridik shaxs rahbarining) pasport (ID-karta) maʼlumotlari

_______________________________________________________________

Jismoniy shaxsning pasport (ID-karta) maʼlumotlari

_______________________________________________________________

Yuridik shaxs rahbarining F.I.O

_______________________________________________________________

Yuridik shaxs filialining nomi

_______________________________________________________________

Yuridik shaxs filialining reyestr raqami

Avtotransport vositasi (avtotransport vositasiga ishonchnoma berilganda):

________________________________________________________________

Avtotransport vositasining rusumi va davlat raqami

Berilgan vakolatlar:

____________________________________________

Ishonchnomaning muddati:

____________________________________________

Vakolatlarni boshqa shaxslarga oʻtkazish huquqi bilan (soʻrovnomada koʻrsatilganda)

Avtotransport vositasini chegaradan olib oʻtish huquqi bilan (soʻrovnomada koʻrsatilganda)

_________________________

(hujjat yaratilgan sana)

QR-kod

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 декабрдаги 825-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 18 ноябрдаги 726-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-илованинг 16-бандида:
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Vakolat.uz» платформаси орқали расмийлаштирилган ишончномалар ҳақидаги маълумотлар Тизим орқали «Vakolat.uz» платформасида текширилади ва олинган маълумотнома Тизимда сақланади. Бунда ишончноманинг қоғоз шаклини тақдим қилиш талаб қилинмайди»;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2. 2-илованинг 16-бандида:

учинчи ва тўртинчи хатбошлар тегишлича тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
3. 3-илованинг 16-бандида:
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Vakolat.uz» платформаси орқали расмийлаштирилган ишончномалар ҳақидаги маълумотлар Тизим орқали «Vakolat.uz» платформасида текширилади ва олинган маълумотнома Тизимда сақланади. Бунда ишончноманинг қоғоз шаклини тақдим қилиш талаб қилинмайди»;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
4. 4-илованинг 16-бандида:

5. 5-илованинг 17-бандида:

учинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 09/25/825/1219-сон)