Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ботир Зокиров мемориал музейи фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 28 июлдаги ПҚ-230-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 28 июлдаги ПҚ-230-сон қарорига мувофиқ:
Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров мемориал музейи (кейинги ўринларда — мемориал музей) ташкил этилгани;
Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси таъсис этилгани (кейинги ўринларда — давлат стипендияси) маълумот учун қабул қилинсин.
2. Маданият вазирлиги Маданий мерос агентлиги билан биргаликда 2025 йил якунига қадар мемориал музей фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин. Бунда:
мемориал музей Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;
мемориал музейга штат бирликларини ажратиш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш Маданий мерос агентлиги тизимидаги музейлар учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
3. Белгилансинки, мемориал музейни таъмирлаш ва унинг экспозициясини яратиш билан боғлиқ харажатлар:
Маданият вазирлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари;
халқаро молия институтлари ҳамда донор ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
4. Маданият вазирлиги Маданий мерос агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда мемориал музей уставини тасдиқлаш, уни давлат рўйхатидан ўтказиш ва малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин.
5. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат стипендияси тайинланадиган тегишли таълим йўналишларини белгилаш;
давлат стипендиясини тайинлаш бўйича баҳолаш мезонларини белгилаш;
давлат стипендиясига талабгорларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва баҳолаш тартиби.
6. Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
2026 йилдан бошлаб ҳар йили давлат стипендияси учун танловлар белгиланган тартибда шаффоф тарзда ўтказиб борилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 3 ноябрь,
690-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 ноябрдаги 690-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини (кейинги ўринларда — давлат стипендияси)ни тайинлаш тартибини белгилайди.
2. Давлат стипендияси давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичи охирги икки курсида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга (кейинги ўринларда — талабгорлар) тайинланади.
3. Давлат стипендияси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда — Маданият вазирлиги) томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра қуйидаги таълим йўналишларининг ҳар бири бўйича биттадан тайинланади:
«эстрада хонандалиги»;
«вокал санъати (турлари бўйича)»;
«эстрада чолғу ижрочилиги»;
«чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)»;
«бастакорлик санъати»;
«санъатшунослик (мусиқашунослик)»;
«техноген санъат (мусиқий овоз режиссёрлиги)».
4. Давлат стипендияси ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ тайинланади.
2-боб. Баҳолаш мезонлари
5. Давлат стипендияси қуйидаги талаблар бўйича ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ 100 балли тизим асосида баҳолаш натижаларига кўра тайинланади:
а) «эстрада хонандалиги», «вокал санъати (турлари бўйича)», «эстрада чолғу ижрочилиги», «чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)», «бастакорлик санъати», «техноген санъат (мусиқий овоз режиссёрлиги)» таълим йўналишлари бўйича:
олий таълим ташкилотида таҳсил олиш даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги концерт ижрочилиги;
соҳа бўйича халқаро ва республика миқёсидаги фестиваль, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани;
ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани;
миллий эстрада санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси;
б) «санъатшунослик (мусиқашунослик)» таълим йўналиши бўйича:
олий таълим ташкилотида таҳсил олаётган даврида республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда мақолалар чоп этгани;
соҳа бўйича халқаро ва республика миқёсидаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани;
ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани;
миллий эстрада санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси.
3-боб. Талабгорларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва баҳолаш тартиби
6. Талабгорлар ҳар йили 1 июнга қадар давлат стипендиясига ҳужжатларни дастлабки кўриб чиқиш учун давлат олий таълим ташкилотининг кенгашига (кейинги ўринларда — Кенгаш) қуйидагиларни тақдим қилади:
а) «эстрада хонандалиги», «вокал санъати (турлари бўйича)», «эстрада чолғу ижрочилиги», «чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)», «бастакорлик санъати», «техноген санъат (мусиқий овоз режиссёрлиги)» таълим йўналишлари бўйича:
олий таълим ташкилотида таҳсил олиш даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги концерт дастурларидаги ижроларини тасдиқловчи маълумотномалар, афиша, концерт дастурлари, фото ва видеолавҳалар;
соҳа бўйича халқаро ва республика миқёсидаги фестиваль, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани;
ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштирганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар;
миллий эстрада санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси ҳақида маълумотлар;
деканат ва кафедранинг тавсияномалари;
ижодий ишлари рўйхати;
соҳа бўйича камида икки нафар етук мутахассиснинг фикрномаси;
ўқиш даврида эришган бошқа ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
б) «санъатшунослик (мусиқашунослик)» таълим йўналиши бўйича:
республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда чоп этилган мақолалари нусхалари;
халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуман ва конференциялар, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва эришган натижаларини тасдиқловчи диплом, сертификатлар, илмий мақолалар нусхалари, маълумотномалар ҳамда тадбирлар фотосуратлари;
ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштирганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар;
деканат ва кафедранинг тавсияномалари;
илмий-ижодий ишлар рўйхати;
соҳа бўйича камида икки нафар етук мутахассиснинг фикрномаси;
оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари, соҳага доир кўрсатувлардаги иштирокини тасдиқловчи маълумотлар, илмий ва оммабоп журналлар, газеталарда чоп этилган илмий-оммабоп, публицистик мақолалари нусхалари;
ўқиш даврида эришган бошқа ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Ушбу бандда кўрсатилган барча ҳужжатлар йиғмажилдга жойланган ҳолда тақдим этилади. Муқовада талабгор таҳсил оладиган олий таълим ташкилотининг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, факультети, курси, гуруҳи кўрсатилади.
7. Кенгаш ҳар йили 15 июнга қадар давлат стипендиясига талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, баҳолайди.
Баҳолаш натижалари бўйича талабгорни давлат стипендиясига тавсия этиш ёки тавсия этишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
8. Олий таълим ташкилотлари ҳар йили 25 июнга қадар Кенгаш қарори, тавсия этилган талабгорлар ҳамда уларнинг эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотларни олий таълим ташкилотларининг расмий веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилади.
Кенгаш қарорига асосан талабгорларнинг ҳужжатларини бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этади.
9. Тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ҳар йили 1 июлга қадар Маданият вазирлигига талабгорларнинг йиғмажилдлари ҳамда давлат стипендиясини тайинлаш тўғрисидаги тавсияномаларни юборади.
Бунда Кенгаш қарори тавсияномаларни юбориш учун асос ҳисобланади.
10. Маданият вазирлиги ҳар йили 10 — 25 июль кунлари талабгорларнинг йиғмажилдлари ҳамда давлат стипендиясини тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни кўриб чиқади.
Бунда давлат стипендиясига талабгорлар орасидан муносибини танлаб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан 9 — 15 нафар аъзодан иборат бир марталик Экспертлар гуруҳи тузилади.
11. Экспертлар гуруҳи Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари, соҳа бўйича етук мутахассислар ва профессор-ўқитувчилардан иборат таркибда шакллантирилади.
Талабгорларни саралаш жараёнларида тўлақонли шаффофликни таъминлаш ҳамда келгусида коррупция омиллари келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида дастлабки саралашда олий таълим ташкилотларининг кенгашлари таркибига киритилган, шунингдек, талабгор билан қариндошлик, устоз-шогирдлик алоқалари бўлган мутахассисларнинг Экспертлар гуруҳи таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.
12. Экспертлар гуруҳи:
заруратга кўра тегишли вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим ташкилотларининг мутахассисларини жалб этади;
вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим ташкилотларидан талабгорлар тўғрисида зарур ахборотларни сўраб олади;
ўз ваколатлари доирасида мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритади.
13. Экспертлар гуруҳи аъзоси:
Экспертлар гуруҳи ишида қатнашиш ҳамда талабгорларнинг ҳужжатларини ҳар томонлама адолатли, шаффоф ва холисона кўриб чиқиш;
Экспертлар гуруҳи томонидан қарорлар қабул қилинишида овоз беришда қатнашиш;
кўриб чиқиш учун киритилаётган талабгорлар ҳужжатларини ушбу Низом талаблари бўйича тегишли хулосаларини ўз вақтида тақдим этиш;
ушбу Низом талабларига риоя қилишга мажбур.
14. Экспертлар гуруҳи талабгорларнинг ҳар бири бўйича тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади.
Экспертлар гуруҳи йиғилиши унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ўтказилган ҳисобланади. Мазкур Низомга 2-иловада келтирилган баҳолаш мезонларига кўра ҳар бир йўналиш бўйича энг юқори балл тўплаган талабгор давлат стипендиясига тавсия этилади.
Экспертлар гуруҳининг қарори Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
Экспертлар гуруҳи йиғилишига тегишли вазирликлар ва идораларнинг вакиллари кузатувчи сифатида таклиф этилиши мумкин.
15. Давлат олий таълим ташкилотларининг талабаларига давлат стипендиясини тайинлаш ва тўлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи ҳар йили 10 августга қадар қабул қилинади.
Мазкур буйруқ тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идораларга бир иш куни ичида етказилади.
16. Давлат стипендиясига сазовор бўлган талабгорларга ҳар йили 20 августга қадар Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган намунадаги «Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясининг соҳиби» гувоҳномаси тантанали равишда топширилади.
17. Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи давлат олий таълим ташкилотларининг талабаларига давлат стипендиясини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштириш учун асос бўлади.
Давлат стипендияси 1 сентябрдан бошлаб бир ўқув йили муддатига белгиланган миқдорга мувофиқ тайинланади.
18. Давлат стипендиясига сазовор бўлган талабгорлар бакалавриат босқичини тамомлаганидан сўнг бир йил мобайнида тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, давлат гранти асосида қабул квотасидан ташқари қабул қилинади.
19. Талабгорларни кундалик дарсларни ўзлаштирмаганлик, ўқув интизоми ва олий таълим ташкилотлари ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун ўқув йили мобайнида давлат стипендиясидан тизимида давлат олий таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идораларнинг тақдимномаларига биноан Маданият вазирлигининг Экспертлар гуруҳи қарори билан маҳрум қилиш мумкин.
4-боб. Апелляция комиссияси фаолиятини ташкил этиш
20. Давлат стипендияси учун танлов ўтказилиши даврида белгиланган тартибда шикоят аризаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари, соҳа бўйича етук мутахассислар ва профессор-ўқитувчилардан камида 7 кишидан иборат апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссияси таркиби Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
21. Шикоят аризалари танлов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида Маданият вазирлиги томонидан қабул қилинади ва апелляция комиссияси томонидан мурожаат қилганларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда, бир кундан уч кунгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Апелляция комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
22. Шикоят аризаларини кўриб чиқишда апелляция комиссияси талабгорларнинг барча ҳужжатларини мазкур Низомга 2-иловада келтирилган баҳолаш мезонлари асосида ҳар томонлама ўрганади.
Талабгорларнинг шикоят аризаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида;
қўйилган балларни ўзгартириш тўғрисида.
23. Талабгорларнинг апелляция шикоятини кўриб чиқишда унинг илгари олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
24. Апелляция комиссияси таркибига Экспертлар гуруҳи аъзоларининг киритилиши тақиқланади.
Экспертлар гуруҳи аъзоси апелляция жараёнида қатнашиш ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.
5-боб. Якунловчи қоидалар
25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
26. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини тайинлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириш механизми

Муддатлар

1-босқич

Талабгор

Давлат стипендиясига ҳужжатларни дастлабки кўриб чиқиш учун давлат олий таълим ташкилотининг кенгашига (кейинги ўринларда — Кенгаш) тақдим этади.

Ҳар йили 1 июнга қадар

2-босқич

Олий таълим ташкилотлари кенгашлари

1. Давлат стипендиясига талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, баҳолайди.

2. Баҳолаш натижалари бўйича талабгорни давлат стипендиясига тавсия этиш ёки тавсия этишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ҳар йили 15 июнга қадар

3-босқич

Олий таълим ташкилотлари

1. Кенгаш қарори, тавсия этилган талабгорлар ҳамда уларнинг эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотларни олий таълим ташкилотларининг расмий веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилади.

2. Кенгашнинг қарорларига асосан талабгорларнинг ҳужжатларини бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этади.

Ҳар йили 25 июнга қадар

4-босқич

Тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар

Маданият вазирлигига талабгорларнинг йиғмажилдлари ҳамда давлат стипендиясини тайинлаш тўғрисидаги тавсияномаларни юборади.

Ҳар йили 1 июлга қадар

5-босқич

Маданият вазирлиги

1. Талабгорларнинг йиғмажилдлари ҳамда давлат стипендиясини тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни Экспертлар гуруҳи билан кўриб чиқади.

Ҳар йили 10 — 25 июль

2. Олий таълим ташкилотларининг талабаларига давлат стипендиясини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқни қабул қилади.

Ҳар йили 10 августга қадар

3. Олий таълим ташкилотларининг талабаларига давлат стипендиясини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқни тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идораларга етказади.

1 иш куни ичида

4. Давлат стипендиясига сазовор бўлган талабгорларга «Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясининг соҳиби» гувоҳномасини тантанали равишда топширади.

Ҳар йили 20 августга қадар

Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини тайинлаш бўйича
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Баҳолаш мезонлари

Балл

I. «Эстрада хонандалиги», «вокал санъати (турлари бўйича)», «эстрада чолғу ижрочилиги», «чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)», «бастакорлик санъати», «техноген санъат (мусиқий овоз режиссёрлиги)» таълим йўналишлари бўйича

а) олий таълим ташкилотида таҳсил олиш даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги концерт ижрочилиги:

25 баллгача

Миллий мусиқий эстрада йўналишида ижодий ишларининг мавжудлиги

10 баллгача

халқаро миқёсдаги концертларда иштироки учун

7 баллгача

республика миқёсидаги концертларда иштироки учун

5 баллгача

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсидаги концертларда иштироки учун

3 баллгача

б) соҳа бўйича халқаро ва республика миқёсидаги фестиваль, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани:

35 баллгача

халқаро миқёсдаги фестиваль, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда совринли ўринни олгани учун

15 баллгача

халқаро миқёсдаги фестиваль, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда иштирок этгани учун

10 баллгача

республика миқёсидаги фестиваль, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда совринли ўрин олгани учун

7 баллгача

республика миқёсидаги фестиваль, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда иштирок этгани учун

3 баллгача

в) ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани:

25 баллгача

охирги ўқув йилидаги жами аъло баҳолар 95 — 100 фоизгача бўлганда

12 баллгача

охирги ўқув йилидаги жами аъло баҳолар 90 — 95 фоизгача бўлганда

8 баллгача

охирги ўқув йилидаги жами аъло баҳолар 86 — 90 фоизгача бўлганда

5 баллгача

г) миллий эстрада санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси:

15 баллгача

хорижий оммавий ахборот воситаларидаги чиқиши учун

10 баллгача

республика оммавий ахборот воситаларидаги чиқиши учун

5 баллгача

Жами:

100 балл

II. «Санъатшунослик (мусиқашунослик)» таълим йўналиши бўйича

а) олий таълим ташкилотида таҳсил олаётган даврида республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда мақолалар чоп этгани:

25 баллгача

халқаро миқёсдаги илмий журналлардаги мақолалари учун

15 баллгача

республика миқёсидаги илмий журналлардаги мақолалари учун

10 баллгача

б) соҳа бўйича халқаро ва республика миқёсидаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани:

35 баллгача

халқаро миқёсдаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда маъруза билан иштирок этгани учун

12 баллгача

халқаро миқёсдаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда иштирок этгани учун

10 баллгача

республика миқёсидаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеналле, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда маъруза билан иштирок этгани учун

8 баллгача

республика миқёсидаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирларда иштирок этгани учун

5 баллгача

в) ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани:

25 баллгача

охирги ўқув йилидаги жами аъло баҳолар 95 — 100 фоизгача бўлганда

12 баллгача

охирги ўқув йилидаги жами аъло баҳолар 90 — 95 фоизгача бўлганда

8 баллгача

охирги ўқув йилидаги жами аъло баҳолар 86 — 90 фоизгача бўлганда

5 баллгача

г) миллий эстрада санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси:

15 баллгача

хорижий оммавий ахборот воситаларидаги чиқиши учун

10 баллгача

республика оммавий ахборот воситаларидаги чиқиши учун

5 баллгача

Жами:

100 балл

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 ноябрдаги 690-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-банди иккинчи хатбошисидаги «Камолиддин Беҳзод номидаги ва» сўзлари «Камолиддин Беҳзод ва Ботир Зокиров номидаги ҳамда» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 957-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Бадиий академиясининг уставида:
а) 3-банд «2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сон» сўзларидан кейин «, «Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 1 июлдаги ПҚ-212-сон» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) қуйидаги мазмундаги 71-банд билан тўлдирилсин:
«71. Бадиий академиянинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани «Содиқ Азимов» кўчаси 35-уй, 100000.»;
ўнинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
ўн биринчи — ўн олтинчи хатбошилар тегишлича ўнинчи — ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
г) 9-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
истеъдодли ёш рассомлар учун мўлжалланган ижодий устахоналар фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг шахсий ва жамоавий кўргазмаларини ташкил этиш;
ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида истеъдодли ёшларни тасвирий ва амалий санъат соҳаларига кенг жалб этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишда турли креатив лойиҳалардаги иштирокини рағбатлантириш;
бадиий таълим соҳасида кадрлар тайёрлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш ва такомиллаштириш, шунингдек, академик бадиий таълимнинг изчиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этиш;
Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини жаҳон миқёсида оммалаштириш мақсадида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган музейлар, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхати қуйидаги мазмундаги 37-позиция билан тўлдирилсин:

«

37.

Ботир Зокиров мемориал музейи

Тошкент шаҳри

».

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорида:
а) 1-илованинг 10-банди иккинчи хатбошиси «Камолиддин Беҳзод номидаги» сўзларидан кейин «, Ботир Зокиров номидаги» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 2-илованинг 2-позицияси «Стипендия номи ва қўшимча тўловлар» устунидаги «Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод» сўзлари «Ислом Каримов, Камолиддин Беҳзод ва Ботир Зокиров» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2025 й., 09/25/690/1011-сон)