ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тошкент шаҳрида Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети) олий таълим федерал давлат автоном таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)
Замонавий таълим дастурлари асосида муҳандислик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларида муҳандис кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсад
1. Ушбу қарорнинг асосий мақсади этиб 2030 йилдан бошлаб иқтисодиёт тармоқларини халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 300 талик рўйхатига кирувчи олий таълим ташкилотлари дастурлари асосида замонавий муҳандис кадрлар билан таъминлашни йўлга қўйиш белгилансин.
II. Халқаро тан олинган таълим дастурлари асосида муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети) олий таълим федерал давлат автоном таълим муассасасининг (кейинги ўринларда — Университет) Тошкент шаҳрида Университет филиалини (кейинги ўринларда — Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)
3. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
(а) муҳандислик соҳасида инновацион ёндашувларни қўллай оладиган, чуқур илмий-техник билимларга эга бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
(б) фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини жорий этиш, замонавий таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш;
(в) муҳандислик соҳасида фундаментал ва амалий илмий-тадқиқотлар ўтказиш;
(г) хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлари билан муҳандислик соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Филиал Университетнинг таълим, илмий, хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга юридик шахс мақомидаги алоҳида таркибий бўлинмаси ҳисобланади;
(б) Филиалдаги таълим жараёни Россия Федерациясининг федерал таълим стандартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлар асосида олиб борилади;
(в) Филиалда таълим фаолияти 2026/2027 ўқув йилидан бошланади;
(г) абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланадиган талаб ва тартибга мувофиқ амалга оширилади;
(д) Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади;
(ж) Филиалга белгиланган тартибда лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Тошкент шаҳридаги Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети) олий таълим федерал давлат автоном таълим муассасаси филиалининг васийлик кенгаши (кейинги ўринларда — Васийлик кенгаши) иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)
6. Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) Филиал фаолиятининг ташкил этилишини таъминлаш, унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, ҳуқуқий, иқтисодий, ўқув-услубий, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;
(б) зарур лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш, Филиални жиҳозлаш, инфратузилмасини яратиш, моддий-техник таъминлашга доир вазифаларни мувофиқлаштириб бориш;
(в) Филиалга таълим жараёнини ва талабалар амалиётини самарали ташкил этиш, таълим сифатини таъминлаш, Филиал битирувчиларини ишга жойлаштириш, кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилашда кўмаклашиш;
(г) Университет билан келишилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий соҳада юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Филиалга талабаларни қабул қилиш параметрлари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;
(д) Филиал фаолияти жадал ривожланишини таъминлаш учун ҳомийлик хайриялари, техник кўмак маблағларини (грантларни) ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш.
7. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Филиалга қабул параметрлари соҳа ва тармоқларда кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ҳисобга олиб, Университет, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Филиал Васийлик кенгашининг қарори билан тасдиқланади;
(б) Филиалга талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бунда давлат гранти асосида таълим олган Филиал битирувчилари уч йилдан кам бўлмаган муддат мажбурий ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг давлат ташкилотларига тақсимланади;
(в) Университетдан узоқ муддатга жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш Филиалнинг ўқув жараёни эҳтиёжларидан келиб чиқиб тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади;
(г) Филиалнинг дарс жараёнида фойдаланиладиган махсус ускуна ва дастурлар билан ишлаш кўникмасига эга юқори малакали ходимлари учун Филиалнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан устамалар тайинланади.
III. Филиалнинг ҳамкорлик алоқалари
8. Филиалнинг асосий ҳамкорлари этиб қуйидагилар белгилангани маълумот учун қабул қилинсин:
(а) академик соҳада — Тошкент давлат техника университети ҳамда Бухоро давлат техника университети;
(б) саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида — Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон миллий метрология институти, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «UzAuto Motors» АЖ, «Тошкент трактор заводи» АЖ ва «UzAvto-INZI» МЧЖ.
9. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Университет ва Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилсин. Бунда қўшма таълим дастурлари доирасида:
(а) Филиал фаолияти тўлақонли йўлга қўйилгунга қадар «Метрология, стандартлаштириш ва сифатни бошқариш» ҳамда «Машинасозлик технологияси» магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади;
(б) ўқув жараёни ташкил қилинган мос даврга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан ҳамда Россия Федерацияси Ҳукумати қабул параметрлари доирасида жами 30 та давлат гранти ажратилади.
10. Университет томонидан қуйидагилар амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин:
(а) Филиал таълим жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш;
(б) Филиал профессор-ўқитувчилари таркибининг камида 40 фоизини Университет ва хорижий олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларини ўқув жараёни ҳамда илмий фаолиятга жалб этиш орқали шакллантириш;
(в) маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва етакчи ташкилотларда Филиал профессор-ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини тизимли асосда ташкил этиш;
(г) Филиалнинг кутубхона фондини шакллантириш, уни замонавий ўқув-услубий ва илмий-педагогик адабиётлар билан тўлдириш, шу жумладан, Университетнинг ахборот-ресурс базасидан фойдаланиш имкониятини яратиш.
IV. Филиал фаолиятини молиялаштириш ва уни жойлаштириш
11. Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) Филиалга ўқишга қабул қилинган талабалар умумий сонининг 30 фоизидан ошмаган ҳолда давлат гранти асосида талабаларни ўқитиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;
(б) талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
(в) хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
(г) Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар;
(д) қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
12. Белгилансинки, Филиални бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш:
(а) 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади;
(б) 2026 йилдан бошлаб бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
13. Тошкент шаҳри ҳокимлиги Филиалнинг янги кампусини барпо этиш учун Янги Тошкент шаҳри ҳудудидан 6 гектар ер майдонини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратсин. Бунда:
(а) янги кампус бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади ҳамда Филиал мазкур кампусда текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;
(б) янги кампус фойдаланишга топширилгунга қадар Филиал Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Тошкент шаҳри Олмазор тумани 2-Чимбой кўчаси 96-уй манзилидаги бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
(а) Филиалнинг янги кампусини барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун зарур маблағларни ажратиш;
(б) Филиал учун Янги Тошкент шаҳри ҳудудидан ажратилган ер майдонида 2 000 ўринли ўқув-лаборатория биноси ва 800 ўринли талабалар тураржойини қуриш ҳамда уларни ўқув, илмий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш лойиҳаларини молиялаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
V. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
15. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов белгилансин.
17. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 сентябрь,
ПҚ-276-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-276-сон қарорига
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тошкент шаҳридаги Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети) олий таълим федерал давлат автоном таълим муассасаси филиалининг васийлик кенгаши
ТАРКИБИ
(илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.

1.

К.А. Шарипов

олий таълим, фан ва инновациялар вазири, Васийлик кенгаши раиси

2.

М.В. Гордин

Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети) олий таълим федерал давлат автоном таълим муассасаси ректори (келишув асосида)

3.

М.А. Омаров

транспорт вазирининг биринчи ўринбосари

4.

З.Ғ. Нарзуллаев

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси

5.

А.Р. Жуманазаров

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори

6.

Л.Ф. Саидорипов

Ўзбекистон миллий метрология институти директори

7.

О.Б. Бастамқулов

«UzAuto Motors» АЖ ижрочи директори

8.

Н.Т. Муратходжаев

«UZAVTO-INZI» МЧЖ ҚК бош директори

9.

А.А. Мухитдинов

«Тошкент трактор заводи» АЖ бош директори

10.

А.А. Егоров

Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети) олий таълим федерал давлат автоном таълим муассасасининг халқаро фаолият бўйича директори (келишув асосида)

11.

Лавозими бўйича

Тошкент шаҳридаги Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети) олий таълим федерал давлат автоном таълим муассасаси филиали директори, Васийлик кенгаши котиби

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2025 й., 07/25/276/0837-сон; 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)