|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИСПАНИЯ ҚИРОЛЛИГИ БИЛАН ҲАР ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27—29 январда Испанияга давлат ташрифи давомида эришилган битимлар ва аҳдлашувлар амалга оширилишини таъминлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва инсонпарварлик соҳаларида Испания Қироллиги билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ташриф давомида Испания билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган имзоланган битимлар ва эришилган аҳдлашувларни амалга ошириш чора-тадбирлари дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тижорат банклари билан биргаликда лойиҳалар экспертизаси 2-иловага* мувофиқ ташкил этилишини таъминласинлар, Испаниянинг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига ҳамда Испания Ҳукумати ва тижорат банкларининг жалб этиладиган кредит линиялари доирасида уларни маблағ билан таъминлаш манбаларини аниқласинлар ҳамда компаниялар ва банклар иштирокида уларнинг амалга оширилишини таъминласинлар.
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, «Ўзбектуризм» миллий компанияси қуйидаги устувор йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар:
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)
касб-ҳунар коллежларини жиҳозлашнинг устувор лойиҳаларини амалга ошириш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш доирасида ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, минтақалараро транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш объектларини замонавийлаштириш, сув хўжалиги объектлари қуриш ва уларни реконструкция қилиш учун Испания Ҳукуматининг «Тараққиётга Кўмаклашиш Жамғармаси» имтиёзли кредитларини ва Испаниянинг илғор технологияларини жалб этиш;
корхоналарни хусусийлаштириш ва акциялаштириш жараёнларида Испания компанияларининг иштирок этиши, биринчи навбатда Ўзбекистон минтақаларида қўшма ишлаб чиқаришлар барпо этишга тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш;
Испания саноатчилар ва тадбиркорлар Конфедерацияси, шунингдек Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг «Ўзэкспомарказ» республика савдо-кўргазма маркази имкониятларини жалб этган ҳолда тадбиркорлар делегацияларини ўзаро айирбошлашни ташкил этиш, қўшма бизнес-семинарлар, тақдимотлар, кўргазмалар ўтказиш;
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)
Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти кенг тақдимот қилиниши ва туристик инфратузилмани ривожлантириш, туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида Жаҳон Туризм Ташкилоти (Мадрид шаҳридаги қароргоҳи), шунингдек Испаниянинг етакчи туристик компаниялари билан ҳамкорликни фаоллаштириш.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 14 февраль,
80-сон