Ўзбекистон Республикасининг қонуни
«ФИДОКОРОНА ХИЗМАТЛАРИ УЧУН» ОРДЕНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. «Фидокорона хизматлари учун» ордени таъсис этилсин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси.
2. «Фидокорона хизматлари учун» ордени тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Фидокорона хизматлари учун» орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
4. 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 266-модда; 1996 йил, № 5-6, 63-модда, № 9, 120-модда; 1998 йил, № 9, 163-модда; 2000 йил, № 7-8, 202-модда) 11-моддаси «Эл-юрт ҳурмати» ордени» деган сўзлардан кейин «Фидокорона хизматлари учун» ордени» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 29 август,
526-II-сон
ИЛОВА
«Фидокорона хизматлари учун» ордени тўғрисидаги
НИЗОМ
1. «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мамлакатнинг иқтисодий ва маданий юксалишига, мудофаа қудратини кучайтириш ва миллий хавфсизлигини таъминлашга, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, халқ фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшган, ўзининг истеъдоди, билим ва тажрибасини Ватанимиз равнақига бахш этиб, фидоийлик намунасини кўрсатиб келаётган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар мукофотланади.
«Фидокорона хизматлари учун» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддаси.
2. «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва орденни топшириш «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ беш карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар ва қонунчиликда белгилаб қўйилган имтиёзлардан фойдаланадилар.
(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси.
4. «Фидокорона хизматлари учун» ордени кўкракнинг чап томонига тақилади.
5. «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда орден, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги 120-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.
ИЛОВА
«Фидокорона хизматлари учун» орденининг
ТАВСИФИ
«Фидокорона хизматлари учун» ордени 1 микрон қалинликдаги олтин қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади ҳамда саккиз қиррали ёқут рангли юлдуз шаклида бўлади. Юлдуз бурчаклари орасида оқ эмаль қопламаси узра таралаётган нурлар акс этган. Юлдузнинг қарама-қарши қирралари оралиғи — 52 миллиметр.
Орденнинг марказидаги доирада тилла рангдаги Ҳумо қуши тасвирланган. Унинг ортида — марказдан юқорироқдаги мовий манзара бағрида Ўзбекистон Республикасининг олтинранг харитаси жойлашган.
Тасвир атрофидаги оқ эмалли ҳошия узра олтин рангдаги ҳарфлар билан «FIDОКОRОNА ХIZМАТLАRI UCHUN» сўзлари ёзилган.
Орденнинг қуйи қисмида оқ рангли пахта чаноқлари ва тилла рангли буғдой бошоқлари тасвирланган.
Орқа томонининг пастки қисмида Орденнинг тартиб рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзиғлиқ.
Орден Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги шойи лента сирилган қадағичга ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади.
«ФИДОКОРОНА ХИЗМАТЛАРИ УЧУН» ОРДЕНИ
Муаллиф Каримов И.А.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 140-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)