Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Таркибий ислоҳотларни амалга оширишда экспертлик кўмаги самарадорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида кенг кўламли таркибий ислоҳотларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун хорижий экспертлар кўмагининг мувофиқлигини ва таъсирчанлигини таъминлаш мақсадида:
1. Давлат органлари ва ташкилотлари таркибий ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун малакали хорижий консультант ва экспертларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларини ҳамда консалтинг компанияларини (кейинги ўринларда — хорижий консультант ва экспертлар) ўз маблағлари ёки бюджет маблағлари ҳисобидан жалб этиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда — буюртмачи ташкилот) томонидан хорижий консультант ва экспертларни жалб этиш жараёнини мувофиқлаштирувчи орган этиб Стратегик ислоҳотлар агентлиги белгилансин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
а) хорижий консультант ва экспертлар улар билан буюртмачи ташкилот ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида жалб қилинади. Бунда:
хорижий консультант ва экспертлар билан шартнома бир йилгача бўлган муддатга тузилади ва ушбу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин;
шартномада хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар (техник топшириқ шаклида) ҳамда эришиладиган индивидуал мақсадли кўрсаткичлар (KPI) акс эттирилади;
буюртмачи ташкилот ҳар ой хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида далолатнома тузади. Бунда хорижий консультант ва экспертлар томонидан жами амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида якуний далолатнома Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан келишилган ҳолда имзоланади;
б) хорижий консультант ва экспертлар қуйидаги асосий талабларга мувофиқ бўлиши лозим:
иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва бошқа аҳамиятга эга бўлган йўналишларни ислоҳ қилиш бўйича билим, малака ва зарур кўникмаларга эга бўлиши;
нуфузли халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлатларнинг илғор корхона ва ташкилотларида иш тажрибасига эга бўлиши;
хорижий тилларни (инглиз, рус ва бошқалар) зарур даражада билиши.
Бунда буюртмачи ташкилот томонидан хорижий консультант ва экспертларга нисбатан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин;
в) буюртмачи ташкилот томонидан хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш қонунчиликда белгиланган харид қилиш тартиб-таомилларига мувофиқ амалга оширилади; Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 мартдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-109-сон қарорида белгиланган чора-тадбирлар режасини амалга оширишга жалб қилинаётган хорижий консультант ва экспертлар бундан мустасно;
г) хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳар ойда буюртмачи ташкилот томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва ўзининг расмий веб-сайтида ёритиб борилади, улар иштирокида жорий масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишнинг мақбул йўлларини аниқлаш учун мунтазам равишда учрашувлар ташкил қилинади ҳамда тегишли таклифлар тайёрланади;
д) хорижий консультант ва экспертларни давлат фуқаролик хизмати лавозимларига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу банд талаблари Марказий банк, тиббиёт муассасалари ҳамда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрловчи таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
(3-банднинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПҚ-238-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 07/26/238/0623-сон)
4. Стратегик ислоҳотлар агентлиги (Б. Рахматов):
Ҳисоб палатаси (А. Бобоев) билан биргаликда бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотлари билан хорижий консультант ва экспертлар ўртасида тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқсин, уларни мазкур қарор талабларига асосан ўзгартириш (бекор қилиш) бўйича таклиф киритсин;
Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда 2024 йил 1 июлга қадар хорижий консультант ва экспертларнинг ягона электрон реестрини шакллантирсин ва унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминласин;
икки ҳафта муддатда хорижий консультант ва экспертлар билан янги тартибда тузиладиган шартноманинг намунасини ишлаб чиқсин ҳамда вазирлик ва идораларга тақдим қилсин;
мазкур қарор талаблари юзасидан вазирлик ва идораларга мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб борсин.
5. Таркибий ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий консультант ва экспертларни жалб этиш тегишли ташкилотларнинг қоида ва талабларига мувофиқ амалга оширилади.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 май,
ПҚ-198-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 29 майдаги ПҚ-198-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Таркибий ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги
низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва ташкилотларига таркибий ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун ўз маблағлари ёки бюджет маблағлари ҳисобидан хорижий консультант ва экспертлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молиявий институтлар ҳамда консалтинг компанияларни (кейинги ўринларда — хорижий консультант ва экспертлар) жалб этиш; уларнинг фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичларини (KPI) белгилаш ва тизимли мониторингини юритиш тартибини белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Низом талаблари Марказий банкка нисбатан татбиқ этилмайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги ПФ-96-сонли Фармонига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган)
2. Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат давлат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий консультант ва экспертларни жалб этиш тегишли ташкилотларнинг қоида ва талабларига мувофиқ амалга оширилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
буюртмачи ташкилот — хорижий консультант ва экспертларни жалб қиладиган ва фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичларини (KPI) ҳамда моддий рағбатлантириш миқдорини белгилайдиган, республика ҳудудида бошқа зарур шарт-шароитларни яратиб берадиган ҳамда улар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлайдиган Ўзбекистон Республикасидаги давлат органи ва/ёки ташкилоти;
далолатнома — шартнома шартларида белгиланган вазифаларнинг хорижий консультант ва экспертлар томонидан виждонан, ўз вақтида ва сифатли бажарилганлигини тасдиқловчи, хорижий консультант ва эксперт ҳамда буюртмачи ташкилот томонидан имзоланадиган ҳужжат;
хорижий консультант ва экспертлар — халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат давлат молия ташкилотлари, етакчи хорижий консалтинг компаниялари, илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари ва «ақл марказлари» ҳамда замонавий билим ва зарур профессионал тажрибага эга бўлган хорижий давлатлар фуқаролари ва/ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;
шартнома — хорижий консультант ва экспертлар ҳамда буюртмачи ташкилот томонидан мазкур хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги, компетенцияларига оид талаблар, уларнинг вазифалари, талаб қилинадиган хизматлар рўйхати, кутилаётган натижалар, хизматларни молиялаштириш манбалари ва ҳажми, хизматларни сотиб олишнинг режалаштирилган тартиб-таомиллари ва бошқалар тўғрисидаги маълумотлар таҳлили асосида тайёрланадиган ҳамда хорижий консультант ва экспертлар, буюртмачи ташкилот ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (кейинги ўринларда — Стратегик ислоҳотлар агентлиги) ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома;
зарур шарт-шароитлар — буюртмачи ташкилот томонидан хорижий консультант ва экспертлар билан тузилган шартномада белгиланган муддат давомида уларга кўрсатиладиган тиббий ҳамда транспорт хизматлари, фарзандларининг мактабгача таълим муассасаларида тарбияланиши, умумий ўрта таълим ва/ёки олий таълим муассасасида таҳсил олиши, уй-жой ижараси харажатларининг тўлиқ ёки бир қисми қоплаб берилиши (ижтимоий пакет);
Стратегик ислоҳотлар агентлиги — давлат органлари ва ташкилотлари томонидан хорижий консультант ва экспертларни жалб этиш жараёнини мувофиқлаштирувчи орган.
2-боб. Хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш тартиби
4. Буюртмачи ташкилот хорижий консультант ва экспертларни тўлиқ ставкада ёки маълум бир лойиҳани бажариш муддатига белгиланган ходимлар сони доирасида ёки қўшимча равишда жалб этади.
5. Хорижий консультант ва экспертлар билан тузилган шартнома бир йилгача бўлган муддатга тузилади ва ушбу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин. Бунда шартномада хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар (техник топшириқ шаклида) ҳамда эришиладиган индивидуал мақсадли кўрсаткичлар (KPI) (кейинги ўринларда — KPI) акс эттирилади.
6. Буюртмачи ташкилот ҳар ой хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида далолатнома тузади. Бунда хорижий консультант ва экспертлар томонидан жами амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида якуний далолатнома Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан келишилган ҳолда имзоланади.
7. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ хорижий консультант ва экспертларнинг меҳнатига тўланадиган ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловларидан белгиланган тартибда ажратмалар ва солиқлар тўлаб борилади.
8. Хорижий консультант ва экспертларни моддий рағбатлантириш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш буюртмачи ташкилот томонидан амалга оширилади.
9. Хорижий консультант ва экспертларни давлат фуқаролик хизмати лавозимларига тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 12-боби.
3-боб. Хорижий консультант ва экспертларга қўйиладиган талаблар
10. Қуйидагилар хорижий консультант ва экспертларга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:
а) хорижий тилларни (инглиз, рус ва бошқалар) зарур даражада билиш;
б) ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва бошқа аҳамиятга эга бўлган йўналишларни ислоҳ қилиш бўйича билим, малака ва зарур кўникмаларга эга бўлиш;
в) нуфузли халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлатларнинг илғор корхона ва ташкилотларида иш тажрибасига эга бўлиш.
Буюртмачи ташкилот хорижий консультант ва экспертларга нисбатан қўшимча талаблар ҳам қўйиши мумкин.
4-боб. Хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш манбалари ва уларни моддий рағбатлантириш
11. Хорижий консультант ва экспертларни моддий рағбатлантириш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ маблағларни шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари;
вазирлик, идора ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари;
бошқа халқаро ташкилот ва халқаро молия институтларининг маблағлари, яъни грантлар ҳамда беғараз техник кўмаклар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
12. Хорижий консультант ва экспертлар учун ажратиладиган маблағларнинг даромад ва харажатлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида юритилади.
13. Хорижий консультант ва экспертларни лойиҳага жалб қилишнинг мақсадга мувофиқлигини тасдиқлаш учун буюртмачи ташкилот Стратегик ислоҳотлар агентлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) буюртмачи ташкилот биринчи раҳбарининг хулосаси;
б)таржимаи ҳол (СV-маълумотнома), маълумотнома ва амалиёт портфолиоси;
в) дипломлар ва бошқа тегишли сертификатларининг нусхаси;
г) ўтган йилларда бажарилган ва амалга оширилаётган лойиҳага тааллуқли ишлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот;
д) хорижий консультант ва экспертлар жалб этилган лойиҳани амалга ошириш режаси ёки тўлиқ ставкада жалб этилса, ушбу соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар (шу жумладан, кутилаётган натижаларнинг Ўзбекистон Республикасини стратегик ривожлантириш дастурлари ҳамда мақсадларига таъсирининг таҳлили);
е) олдинги иш жойи раҳбариятидан ёки лойиҳа ташаббускоридан тавсиянома;
ж) буюртмачи ташкилот томонидан хорижий консультант ва экспертларни ишга жалб этиш юзасидан белгиланган тартибда рухсат этилганлиги тўғрисида расмий ҳужжатларнинг нусхалари.
14. KPIни белгилаш ва баҳолаш жараёни уч босқичда амалга оширилади ва бунда буюртмачи ташкилот томонидан қуйидагилар инобатга олинади:
а) 1-босқич. Кўрсаткичлар ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш:
лойиҳага жалб этилган хорижий консультант ва экспертлар фаолияти ҳар ойлик вазифаларининг аниқ рўйхати ишлаб чиқилади;
тегишли соҳа ёки лойиҳанинг стратегик мақсадларини шартнома амал қилиш муддати давомида ўлчаш мумкин бўлган аниқ кўрсаткичлар (шу жумладан, буюртмачи ташкилот ходимларини «коучинг» қилиш) белгиланади;
белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда стратегик мақсадларга эришиш учун зарур молиявий, техник ва инсон ресурслари ҳисоб-китобларининг (кейинги ўринларда — зарур ресурслар) буюртмачи ташкилот имкониятларига мослиги асослантирилади;
б) 2-босқич. Мунтазам кўмак ва мониторинг:
буюртмачи ташкилотнинг биринчи раҳбари томонидан ҳар ой камида бир марта хорижий консультант ва эксперт (ёки унинг вакили) билан юзма-юз суҳбат ўтказиш орқали:
хорижий консультант ва экспертнинг зарур ресурслар билан таъминланганлик ҳолати бўйича мунтазам мониторинг олиб борилади;
1-босқичда белгиланган ойлик вазифаларга ва стратегик мақсадларга кўзда тутилмаган қўшимча ўзгартиришларнинг KPIга таъсири таҳлил қилинади;
бюрократик ёки бошқа сабаблар туфайли юзага келган вазиятлар тезкорлик билан ҳал этилади;
в) 3-босқич. Баҳолаш:
хорижий консультант ва экспертлар томонидан 1-босқичда белгиланган вазифалар ва стратегик мақсадларга эришиш бўйича режаларнинг ижроси ҳамда KPIга эришиш ҳисоботи ҳар чоракда тақдим этилади;
ҳисобот буюртмачи ташкилот томонидан аниқ натижаларга таянган ҳолда қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади, яъни самарадорликнинг йиғма кўрсаткичи:
50 фоиздан кам бўлса — қониқарсиз. Бундай ҳолда хорижий консультант ва экспертлар билан тузилган шартнома бекор қилинади;
50 фоиздан 70 фоизгача бўлса — паст даража. Бундай ҳолда хорижий консультант ва экспертлардан кўрсаткичларини яхшилаш учун аниқ режалар талаб қилинади ва бунинг учун уч ой муддат берилади;
70 фоиздан 85 фоизгача бўлса — ўрта даража. Бундай ҳолда хорижий консультант ва экспертларнинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур ресурслар қайта кўриб чиқилади;
85 фоиздан 100 фоизгача бўлса — юқори даража. Бунда хорижий консультант ва экспертларни рағбатлантириш учун буюртмачи ташкилот томонидан таклиф киритилиши мумкин.
Буюртмачи ташкилот томонидан ҳар чоракда хорижий консультант ва экспертларни баҳолаш натижалари бўйича ҳисоботни Стратегик ислоҳотлар агентлигига тақдим этилади. Мазкур ҳисобот хорижий консультант ва экспертнинг шахсий йиғмажилдида умумлаштириб борилади.
15. Хорижий консультант ва экспертлар моддий рағбатлантириш миқдори ҳар йили аниқ иш ҳажмига қараб, буюртмачи ташкилот томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
5-боб. Буюртмачи ташкилотнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
16. Буюртмачи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш;
хорижий консультант ва экспертларни моддий рағбатлантириш миқдорини белгилаш ва уни қайта кўриб чиқиш, мониторинг натижалари бўйича хорижий консультант ва экспертларни лойиҳани амалга оширишга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилиш;
хорижий консультант ва экспертлар учун аниқ кўрсаткичлар ва мақсадларни, шу жумладан, KPIни белгилаш;
хорижий консультант ва экспертларнинг меҳнат фаолиятини доимий кузатиб бориш.
17. Буюртмачи ташкилот қуйидаги мажбуриятларга эга:
шартномада белгиланган қоидаларга риоя этиш;
хорижий консультант ва экспертларга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур ресурслар ва шарт-шароитларни яратиш;
ҳар ойда хорижий консультант ва экспертлар томонидан бажарилган ишлар тўғрисида маълумотларни ягона электрон реестрига киритиш ва уни мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлаш.
18. Буюртмачи ташкилот томонидан шартномада белгиланган моддий рағбатлантириш тўловларидан ташқари бошқа ҳар қандай тўловлар амалга оширишга йўл қўйилмайди.
6-боб. Хорижий консультант ва экспертларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
19. Хорижий консультант ва экспертлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзларига юкланган вазифаларни бажариш учун буюртмачи ташкилотдан зарур шарт-шароитлар яратиб беришини талаб қилиш;
ўзларига юкланган вазифаларни бажариш учун буюртмачи ташкилотдан зарур маълумотларни олиш.
20. Хорижий консультант ва экспертлар қуйидаги мажбуриятларга эга:
шартномада кўзда тутилган барча мажбуриятларни шартнома шартлари ва муддатларига мувофиқ виждонан ва самарали бажариш;
ҳар ойда буюртмачи ташкилотга ҳисоботларни тақдим этиш;
шартнома шартларига тўлиқ риоя қилиш.
7-боб. Конфиденциаллик
21. Шартноманинг амал қилиш муддати давомида ва у бекор қилинганидан сўнг хорижий консультант ва экспертлар ўз фаолияти давомида олган маълумотларга, шу жумладан, буюртмачи ташкилотдан ёки бошқа идоралардан олган маълумотларга нисбатан конфиденциалликни сақлашга мажбурдир.
Хорижий консультант ва экспертлар тўғридан-тўғри ёки билвосита буюртмачи ташкилот ва Стратегик ислоҳотлар агентлигининг ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга бундай маълумотларни ошкор қилишига йўл қўйилмайди.
8-боб. Якунловчи қоидалар
22. Шартнома имзолангандан сўнг хорижий консультант ва экспертлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиши лозим.
23. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шаҳслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.05.2024 й., 07/24/198/0377-сон; 25.06.2026 й., 07/26/238/0623-сон)