Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Мамлакатимизда аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини кенгайтириш, фуқароларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг вақти ва ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, жисмоний шахсларга даромад солиғи бўйича имтиёз қўллаш соҳасида давлат хизматини кўрсатишнинг аниқ ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслиги аҳоли учун бюрократик талабларни ҳамда ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқармоқда.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг XIII бўлими (Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи)
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармонига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
даромад солиғига имтиёздан фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали солиқ органларига мурожаат қилиш тартиби;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низом.
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ўн кун муддатда ЯИДХПда электрон хизматни жорий қилиш бўйича техник ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:
ушбу қарорда назарда тутилган давлат хизмати ЯИДХП орқали кўрсатилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизмати кўрсатилишининг ҳар бир босқичида жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш имкониятини яратсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Қудбиев ва адлия вазири А.Ж. Тошкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 15 ноябрь,
601-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги 601-сон қарорига
ИЛОВА
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза берувчи — давлат хизматидан фойдаланиш мақсадида даромад солиғи бўйича имтиёз қўллаш учун мурожаат қилувчи жисмоний шахс;
ваколатли орган — солиқ органлари.
3. Ариза берувчи имтиёзни олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилади.
4. Давлат хизмати мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Ариза берувчи имтиёзни қўллаш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда мустақил равишда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
6. Ариза берувчи сўровномага зарур бўлган ҳужжатларни ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ илова қилади.
Ариза берувчидан ушбу Регламентга 3-иловада назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида солиқ имтиёзи қўлланилганда, ваколатли орган ариза берувчининг даромадлари бўйича солиқ декларацияларини мустақил равишда олади.
7. Сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Сўровномани кўриб чиққанлик учун тўлов ундирилмайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонуни.
8. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади.
9. Ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб беш иш кунида ариза берувчига даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланилган ёки қўлланилмаганлиги ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган хабарномани ЯИДХП орқали юборади.
10. Даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ўн беш кун ичида тўловларни амалга оширади.
11. Қуйидаги ҳолларда жисмоний шахсга нисбатан даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш рад этилади:
ариза берувчи томонидан мазкур Низомнинг 12-банди биринчи хатбошисида белгиланган муддат ичида ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлардаги хато ҳамда камчиликлар бартараф этилмаганда;
қалбаки ҳужжатлар тақдим этилганлиги аниқланганда;
даромад солиғи бўйича имтиёз аввал қўлланилганда.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа сабабларга кўра рад этиш тақиқланади.
Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада рад этишнинг аниқ сабаблари ва қонунчилик нормалари кўрсатилиши керак.
12. Ариза берувчи томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда, аризадаги маълумотлар нотўғри кўрсатилганда ёки тўлиқ кўрсатилмаганда, ваколатли орган икки иш кунида ариза берувчига камчиликларни тўлиқ кўрсатган ҳолда, хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун камида беш иш кунидан иборат муддат (имконият) беради.
Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома ваколатли орган томонидан ЯИДХП орқали шу куннинг ўзида электрон шаклда ариза берувчига юборилади.
Маъмурий иш юритиш муддати хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш вақтида тўхтатиб турилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
13. Ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида ариза берувчилар ҳақида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши лозим.
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ушбу Регламент талабларининг ижроси бўйича солиқ органлари фаолиятини доимий назорат ва мониторинг қилиб боради.
15. Ариза берувчи давлат хизматини кўрсатишда солиқ органлари ходимларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
16. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибининг
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Давлат хизматидан фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Сўровнома тасдиқлангандан сўнг ваколатли органга (солиқ органига) юборади

Автоматик тарзда

3-босқич

Ваколатли орган (Солиқ органлари)

Ариза берувчига даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланилган ёки қўлланилмаганлиги ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган хабарномани ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади

5 иш кунида

4-босқич

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси

Даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланилганлиги тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин тўловларни амалга оширади

15 кунда

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш учун
СЎРОВНОМА

______________

______________

(сана)

(рақам)

I. Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар:

1. Ариза берувчининг Ф.И.О:

2. Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзил:

3. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами:

4. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):

5. Телефон рақами:

6. Имтиёз қўлланиладиган даромад тури:

II. Пластик карта реквизитлари:

7. Банк пластик картаси рақами:

8. Пластик карта эгасининг Ф.И.О:

9. Банк транзит ҳисобварағи:

10. СТИР:

11. МФО:

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш учун сўровномага илова қилинадиган ҳужжатлар
РЎЙХАТИ

1. Солиқ тўловчининг йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари бўйича:

1.1. Ўзбекистон Республикасининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов:

солиқ декларацияси;

талаба билан Ўзбекистон Республикаси профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўртасида тўлов асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси (мавжуд бўлганда);

маблағлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

1.2. Фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар:

солиқ декларацияси;

ариза берувчи билан нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар ўртасида тўлов асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

маблағлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

1.3. Солиқ базасининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда, меценатлик кўмагини кўрсатиш:

солиқ декларацияси;

маблағлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

1.4. Олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг саксон бараваригача бўлган миқдорда қоплашга, башарти уй-жой фондининг кўчмас мулк объектларини сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича:

солиқ декларацияси;

ипотека кредит шартномаси;

маблағлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

1.5. Фуқароларнинг Халқ банкидаги ихтиёрий равишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига:

солиқ декларацияси;

маблағлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

2. Солиқ тўловчининг солиқ даври давомида қуйидагиларни тўлаш учун йўналтириладиган, базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз бараваригача бўлган миқдордаги иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари бўйича:

2.1. Халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини, тегишли халқаро ташкилот аъзоси сифатида:

солиқ декларацияси;

маблағлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

2.2. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўловлар:

солиқ декларацияси;

нодавлат таълим ташкилотлари томонидан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсни тугатганлик тўғрисида берилган ҳужжат;

маблағлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 09/23/601/0859-сон)