Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» 2022 йил 3 августдаги ЎРҚ-786-сон Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» 2022 йил 3 августдаги ЎРҚ-786-сон Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон Фармонига мувофиқ:
адвокатларга иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан суд экспертизаси ўтказилишини сўраш, шунингдек, суд экспертизаси хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиш ҳуқуқи берилганлиги;
адвокат сўровига кўра суд экспертизаси хулосасини олиш муддатлари давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари билан тузилган шартномаларда белгиланиши назарда тутилганлиги;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларида қайд этилганлиги;
илмий фаолият билан шуғулланувчи муассасаларга ўз фаолият йўналишлари бўйича суд-экспертлик тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқини бериш назарда тутилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун суд-экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида уларга хизмат кўрсатиш тартибини жорий этиш белгиланганлиги;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан экспертлар томонидан мутахассис фикрини бериш устувор йўналишларни амалга ошириш механизмлари сифатида қайд этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
суд экспертизаси ҳамда тадқиқотлар ўтказиш тартиби ва шартлари;
суд экспертизаси хулосаси ва мутахассис фикрини тузилишига қўйилган талаблар;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)ларнинг суд экспертизаси ва тадқиқотларни ўтказиши асослари;
хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун суд экспертизаси имкониятларидан фойдаланиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан суд экспертлари томонидан мутахассис фикрини бериш тартиби;
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Тизимида давлат суд-экспертиза муассасалари ҳамда бўлинмалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар икки ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланган Намунавий низомга мувофиқ суд экспертизасини ўтказиш тартиби ҳамда мутахассис фикрини беришни назарда тутувчи ички низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 21 февраль,
73-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 февралдаги 73-сон қарорига
1-ИЛОВА
Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Мазкур Намунавий низом давлат суд-экспертиза муассасаси, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти, шу жумладан суд-экспертлик бюроси, илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар (кейинги ўринларда — экспертиза ташкилоти) томонидан суд экспертизаси тадқиқотлари ўтказилиши тартиби ва шартларини белгилайди.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 февралдаги 74-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.02.2026 й., 09/26/74/0165-сон)
Ушбу Намунавий низом хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ҳам татбиқ этилиши мумкин. Бунда ҳар бир экспертиза ташкилоти фаолиятининг хусусиятига кўра суд экспертизаси тадқиқотлари ўтказилишини мустақил белгилайди.
2. Мазкур Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат суд-экспертиза муассасаси — суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган муассаса, шунингдек, тегишли давлат органлари, вазирликлар ва идоралар тизимидаги ихтисослаштирилган суд экспертизаси бўлинмалари;
илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот) — асосий фаолият тури илмий фаолият юритишга йўналтирилган юридик шахс;
иш материаллари — суд экспертизаси тайинланган фуқаролик, иқтисодий, жиноят иши (шу жумладан, терговга қадар текширув материаллари), маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар, шунингдек, адвокатнинг сўрови ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар;
мутахассис фикри — жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида амалга ошириладиган тадқиқотлар натижаси юзасидан мутахассис (суд эксперти)нинг белгиланган тартибда расмийлаштириладиган фикри;
нодавлат суд-экспертиза ташкилоти — нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ўтказишга ихтисослаштирилган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислари бўлган ташкилот;
Олдинги таҳрирга қаранг.
суд-экспертлик бюроси — шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган, якка тартибда суд эксперти томонидан таъсис этилган нотижорат ташкилот;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 февралдаги 74-сонли қарорига асосан еттинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.02.2026 й., 09/26/74/0165-сон)
суд эксперти — хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида жалб қилинган жисмоний шахс;
суд экспертизаси тадқиқоти (кейинги ўринларда — тадқиқотлар) — фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳолатларини аниқлашга ва суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида тадқиқотларни ўтказиш ва хулоса беришга ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида амалга ошириладиган ҳамда натижаси бўйича мутахассис фикри тақдим этилишига қаратилган фаолият;
суд эксперти (суд экспертлари)нинг хулосаси (хулоса) (кейинги ўринларда — хулоса) — суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан тузиладиган ва тадқиқотлар олиб борилишини ва уларнинг натижаларини акс эттирадиган ёзма ёки электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон шаклдаги ҳужжат.
3. Экспертиза ташкилотида тадқиқотлар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья (суд)нинг (кейинги ўринларда — экспертиза тайинлашга ваколатли орган (шахс)лар) қарори (ажрими) асосида ўтказилади.
Адвокат сўровига кўра тадқиқотлар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан амалга оширилади.
Давлат суд-экспертиза муассасаси, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти, илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар томонидан қонунчиликка кўра рухсат этилган суд экспертизаси турлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида тадқиқотлар ўтказилиб, мутахассис фикри берилиши мумкин.
Экспертиза ташкилотига қарор (ажрим), сўров, мурожаатлар ҳамда уларнинг натижаси бўйича экспертиза хулосаси ёки мутахассис фикри ёзма ёхуд электрон шаклда тақдим этилади.
4. Тадқиқотлар суд эксперти томонидан ўтказилади.
Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс) билан келишмасдан бошқа шахсларни тадқиқотларни ўтказиш учун жалб қилишга йўл қўйилмайди.
Тадқиқотларни ўтказишда суд экспертининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонунчиликда белгиланади.
5. Қуйидаги ҳолатларда суд экспертига иш материаллари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш тақиқланади:
иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан қариндош бўлганда;
иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан давлат суд-экспертиза муассасаси ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг раҳбарлари, таркибий бўлинма бошлиқлари ва уларнинг яқин қариндошлари бўлганда, бундан тадқиқотлар ўтказувчи ягона ташкилот бўлган ҳолатлар мустасно;
иш материаллари бўйича манфаатдор томонлардан бири нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг мулкдори, муассиси, кузатув кенгаши, ижро органи аъзоси, кредитори, суғурталовчиси ҳамда уларнинг яқин қариндошлари бўлганда;
устав фонди (устав капитали)да нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг ёки суд экспертининг улуши бўлган юридик шахснинг хулосадан манфаатдорлиги бўлганда;
тирик шахсга нисбатан суд экспертизасини ўтказишда мазкур шахсга унинг тайинланишидан олдин тиббий ёрдам кўрсатилганда. Мазкур чеклов суд-тиббий ёки суд психиатрик экспертизалар шахсни бевосита кўрикдан ўтказмасдан амалга оширилган ҳолларда ҳам амал қилади;
суд экспертининг холислигига ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда.
Суд эксперти юқорида қайд этилган ҳолатларда бевосита раҳбарини хабардор қилади. Раҳбар экспертиза ташкилотида ушбу мутахассислик бўйича бошқа суд эксперти бўлганда, тадқиқотларни унга топширади. Бошқа суд эксперти бўлмаган ҳолда экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокатга ёки тадқиқотлар ўтказиш учун мурожаат қилган жисмоний ёхуд юридик шахсга иш ҳужжатларини уч иш кунида ижросиз қайтариб юбориши лозим.
Мазкур тартибга амал қилмаслик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
6. Жиноий жавобгарликка олиб келмайдиган тарзда тадқиқотлар ўтказиш тартибини бузганлиги ва ўз вазифаларига виждонан муносабатда бўлмаганлиги учун суд эксперти қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
7. Экспертиза ташкилоти раҳбарининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликда белгиланади.
8. Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс)нинг қарори (ажрими) асосида тадқиқотларни ўтказиш муддатлари суд экспертизаларининг ҳажми ва мураккаблигига, шунингдек, суд экспертининг иш ҳажмига кўра 30 кун доирасида белгиланади. Суд экспертизаси турларининг мураккаблик даражаси экспертиза ташкилотининг юқори турувчи идораси, шунингдек, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари учун Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
Тадқиқотларни ўтказишни 30 кун мобайнида бажариш мумкин бўлмаган тақдирда, экспертиза ташкилоти раҳбари муддат ўтишидан 3 иш куни олдин асосланган ҳолда экспертиза тайинлаган ваколатли орган (шахс)га ёзма ёки электрон равишда хабар қилади ҳамда улар билан келишган ҳолда қўшимча муддатни белгилайди.
Адвокат сўрови ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ тадқиқотлар ўтказиш муддатлари суд-экспертиза ташкилотлари билан тузилган шартномаларга асосан белгиланади.
9. Экспертиза тайинлашга ваколатли орган (шахс)нинг қарори (ажрими) бўйича тадқиқотлар ўтказиш муддатлари иш материаллари экспертиза ташкилотига тушган кундан кейинги иш кунидан бошлаб ҳисобланади ва суд эксперти хулосаси экспертиза тайинлаган ваколатли орган (шахс)га юборилган кунда тугайди.
Адвокат сўрови ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ тадқиқотлар шартномага кўра тўлов амалга оширилганлик тўғрисидаги ҳужжатлар экспертиза ташкилотига тақдим этилган кундан бошлаб ҳисобланади ва суд эксперти хулосаси ёки мутахассис фикри манфаатдор шахсга юборилган кунда тугайди.
Суд эксперти томонидан тадқиқотларни ўтказиш муддатлари қуйидаги даврларга тўхтатиб турилади:
экспертиза тайинлаган ваколатли орган (шахс), адвокат ҳамда жисмоний ёки юридик шахс томонидан тақдим этилган иш материалларидаги камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш тўғрисида суд эксперти (мутахассис)нинг илтимосномасини кўриб чиқиш даврига;
тадқиқотларни ўтказишни 30 кун мобайнида бажариш мумкин бўлмаган тақдирда уни ўтказиш муддатларини келишиб олиш тўғрисида юборилган хабарни кўриб чиқиш даврига;
суд экспертининг хизмат сафарида, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги ёки меҳнат таътилида бўлиш даврига, суд экспертизасини бажаришни бошқа суд экспертига топшириш мумкин бўлмаганда.
Қонунчиликда ва ушбу Намунавий низомда назарда тутилмаган бошқа асослар бўйича суд экспертизасини ўтказиш муддатларини тўхтатиб туришга йўл қўйилмайди.
10. Давлат суд-экспертиза муассасалари ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий судларга тааллуқли ишлар бўйича суд экспертизаларини ўтказганлиги учун тўлов ундиришга ҳақлидир. Суд экспертизаларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш иш бўйича томонларга юкланади ва суд экспертизасини ўтказиш бошлангунга қадар тўланади. Тўлов миқдори ва мазкур маблағларни сарфлаш тартиби қонунчилик ҳужжатларига асосан белгиланади.
Адвокат сўрови ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ тадқиқотларни ўтказиш шартномага биноан тўлов асосида амалга оширилади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ўтказиладиган тадқиқотлар учун тўлов миқдорини мустақил белгилайди.
Хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун алоҳида тўлов миқдорлари белгиланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ бошқа корхона, муассаса, ташкилот ва бошқа жисмоний шахслар суд эксперти сифатида ишда иштирок этиши мумкин. Бунда тадқиқотлар ўтказилганлиги учун тўлов суд экспертизасини тайинлашга ваколатли орган (шахс) томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Тадқиқотлар ўтказиш бўйича харажатлар тўланмаганлиги иш материалларини тадқиқотлар ўтказмасдан қайтариш учун асос ҳисобланади.
Тадқиқотлар бошланган ва сарфлаш материаллари ишлатилган ҳолларда тўлов буюртмачига қайтарилмайди.
11. Экспертиза ташкилотида тадқиқотларни ўтказиш хизмат кўрсатиладиган минтақаларга мувофиқ ташкил этилади, бундан шартнома асосида ўтказиладиган тадқиқотлар мустасно, минтақалар улар тасарруфида бўлган тегишли давлат органи томонидан белгиланади.
Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс)лар ва хизмат кўрсатиладиган минтақа ташқарисида жойлашган экспертиза ташкилоти учун тадқиқотлар, истисно тариқасида, хизмат кўрсатиладиган минтақа ташқарисида жойлашган экспертиза ташкилоти томонидан қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкин. Бунда иш ҳажми барча ҳудудда бир хилда бўлишини таъминлаш мақсадида комиссион, комплекс ҳамда қайта суд экспертизаларини минтақаларда ўтказилиши кетма-кетлиги суд экспертизаси муассасаси тизимида мавжуд бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар тасарруфига кирса, улар томонидан белгиланиши мумкин.
2-боб. Тадқиқотларни ўтказиш учун юбориладиган иш материалларини расмийлаштириш
12. Тадқиқотлар фақат уни тайинлашга ваколатли орган (шахс), адвокат ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан, процессуал қонунга, ушбу Намунавий низомга, шунингдек, суд экспертизаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларга мувофиқ расмийлаштирилган иш материаллари экспертиза ташкилотига тақдим этилган тақдирдагина ўтказилади.
13. Экспертиза тайинлашга ваколатли орган (шахс) томонидан тадқиқотларга суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим), тадқиқот объектлари ва иш материаллари, шунингдек, тадқиқотларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган суд экспертизаси предметига тааллуқли маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар экспертиза ташкилотига тақдим этилиши керак.
Адвокатлар томонидан суд экспертизаси ўтказиш тайинланганда суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги адвокатлик сўрови, ишонч билдирувчи шахс розилигини тасдиқловчи ҳужжат, иш бўйича ордер, тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, тадқиқот объектлари ва иш материаллари, шунингдек, тадқиқотларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган суд экспертизаси предметига тааллуқли маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши керак.
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан экспертиза ташкилотига тадқиқотларни ўтказиш тўғрисидаги мурожаат, тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, тадқиқот объектлари ва иш материаллари, шунингдек, тадқиқотларни ўтказиш ва мутахассис фикри берилиши учун суд экспертига зарур бўлган экспертиза предметига тааллуқли маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши керак.
Тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча иш материаллари ва тадқиқот объектларини ҳамда қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш лозим бўлганда суд эксперти томонидан экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс), адвокат, жисмоний ва юридик шахсга 3 иш кунида ёзма ёки электрон илтимосномалар юборилади.
Илтимосномани белгиланган муддатда электрон шаклда юбориш имконияти бўлмаганда, бу ҳақда далолатнома тузилади ва кузатув материалларига қўшиб қўйилади.
Экспертиза ташкилоти адвокатнинг сўрови ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўрганади ва уларга 3 иш куни ичида шартнома расмийлаштириш учун тақдим этилади.
Суд экспертизаларини тайинлаш тўғрисидаги ҳужжатларнинг факсимиль ва ёруғ сезгир қоғозга кўчирилган нусхаларини тақдим этишга йўл қўйилмайди.
14. Суд экспертига тақдим этилган тадқиқот объектлари, таққословчи иш материаллари, маълумотларнинг ишончлилиги учун экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс), адвокат ва тадқиқот ўтказиш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс жавоб беради.
15. Суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги битта қарор (ажрим) ёки мурожаат билан кўп миқдордаги объектлар тақдим этилганда экспертиза ташкилоти раҳбари бир қатор алоҳида-алоҳида тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиши мумкин.
16. Суд экспертизасини ўтказиш икки ва ундан кўп экспертиза ташкилотларига топширилган тақдирда уларни тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да мазкур суд экспертизасининг қандай мутахассисликларга эга бўлган суд экспертлари томонидан ўтказилиши кераклиги, комиссия фаолиятини ташкил этишнинг қайси экспертиза ташкилотига юкланаётганлиги ҳамда текшириладиган объектлар ва бошқа иш материаллари қайси экспертиза ташкилотига юборилганлиги кўрсатилади.
Бунда экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ҳар бир экспертиза ташкилотига асл нусхада юборилади.
17. Қўшимча ёки қайта экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да уни тайинлашнинг сабаблари ва асослари кўрсатилиши шарт.
Қўшимча ёки қайта экспертиза тайинланган тақдирда экспертиза ташкилотига олдинги хулоса ёки хулосасини беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома барча иловалар (фотожадваллар, экспериментал иш материаллари ва шу кабилар) билан бирга тақдим этилади.
Суд экспертизасини тайинлашга ваколатли орган (шахс) нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд эксперти томонидан ўтказилган суд экспертизаси хулосасига қўшилмаган тақдирда, қайта суд экспертизаси фақат давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга оширилади.
Давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга оширилган бирламчи суд экспертизаси хулосаси бўйича қўшимча ва қайта суд экспертизаси, шу жумладан, комиссиявий ва комплекс суд экспертизаси нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот) томонидан ўтказилиши мумкин.
Агар, бир вақтнинг ўзида ҳам қўшимча, ҳам қайта суд экспертизасини тайинлаш учун асослар юзага келган ҳолларда қайта суд экспертизаси тайинланади.
18. Тадқиқот ўтказиш учун юборилган, уни ўтказиш имконини бермайдиган иш материалларини расмийлаштириш қоидаларига риоя этилмаганлиги аниқланган куни экспертиза ташкилоти раҳбари бу ҳақда экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс)га, адвокат ёки жисмоний ёхуд юридик шахсга хабар қилади.
Суд экспертизасини тайинлаган ваколатли орган (шахс), адвокат, жисмоний ёки юридик шахс камчиликларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни кўрмаса экспертиза ташкилоти раҳбари 30 кун ўтгач унга кейинги иш кунида иш материалларини суд экспертизасини ўтказмасдан қайтаради.
Иш материаллари юзасидан тадқиқотларни ўтказиш бошланмасдан экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс), адвокат, жисмоний ёки юридик шахснинг тадқиқотларни ўтказмасдан иш материалларини қайтариш ҳақидаги мурожаатига асосан улар экспертиза ташкилоти раҳбари томонидан қайтарилади.
Тадқиқотлар ўтказилмаганда амалга оширилган тўлов шартномада кўрсатилган тартибда қайтарилади.
Расмийлаштиришнинг процессуал тартиби бузилган ҳолда қайта, шунингдек, комиссион ёки комплекс суд экспертизаси ўтказиш учун тақдим қилинган иш материаллари экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га ёки адвокатга 3 кун муддатда қайтарилади.
19. Қуйидаги ҳолларда иш материаллари ижро этилмасдан экспертиза тайинлашга ваколатли орган (шахс), адвокат ёки жисмоний ва юридик шахсга қайтарилади:
тадқиқотларни мазкур экспертиза ташкилотида ўтказиш назарда тутилмаган бўлса;
экспертиза ташкилоти тегишли мутахассисларга ёки асбоб-ускуналарга эга бўлмаса;
экспертиза тайинлашга ваколати бўлмаган орган (шахс) томонидан ёхуд ваколатли орган (шахс) томонидан экспертиза тайинлаш ваколатига кирмайдиган ишлар юзасидан тадқиқотлар тайинланганда.
Бунда экспертиза ташкилоти раҳбари ёки унинг бевосита суд экспертизаси йўналишига масъул ўринбосари томонидан тадқиқотлар ўтказиш учун тақдим қилинган иш материалларини 3 кун муддатда тадқиқотлар бажарилмаганлиги сабаблари кўрсатилган ҳолда экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокатга, жисмоний ёки юридик шахсларга қайтарилади.
20. Тадқиқотлар ўтказиш учун гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, қимматбаҳо металлар ва тошлар, шунингдек, улардан тайёрланган буюмлар, қурол ва унинг ўқ-дорилари, пул белгилари ва юқори қимматга ёки аҳамиятга эга бўлган бошқа объектлар тақдим этилган тақдирда, суд эксперти ушбу иш материалларини экспертиза ташкилотига етказиб берган шахс ҳамда экспертиза ташкилоти раҳбарларидан бирининг иштирокида идишни очиши, тарозида тортиб кўриши, тақдим этилган объектларни қайта санаб чиқиши, шунингдек, тақдим этилган тартиб рақамли ва бошқа объектларнинг суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим), сўров ёхуд мурожаат матнига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиши шарт. Уларнинг натижалари бўйича далолатнома тузилади, тадқиқот объектларини текширишда иштирок этган шахслар томонидан имзоланади.
3-боб. Тадқиқотларни ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш
21. Суд эксперти тадқиқотларни ўтказишга экспертиза ташкилоти раҳбарининг топшириқномаси билан бирга суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим), сўров ёхуд мурожаат ҳамда тушган барча иш материаллари олинган вақтдан бошлаб киришади.
Тадқиқотларга тақдим этилган иш материалларини расмийлаштириш тартибининг бузилганлиги аниқланган тақдирда, суд эксперти бу тўғрида экспертиза ташкилоти раҳбарини хабардор қилади, раҳбар ушбу Намунавий низомнинг 18-бандида назарда тутилган чора-тадбирларни кўради.
22. Тақдим этилган иш материаллари тўлиқ бўлмаган тақдирда, бу ҳақда суд эксперти экспертиза ташкилоти раҳбари орқали экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокат, жисмоний ёки юридик шахсга қўшимча иш материаллари тақдим этиш тўғрисида ёзма ёхуд электрон равишда хабар беради.
Қўшимча иш материаллари фақат экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс), адвокат, жисмоний ёки юридик шахс томонидан тақдим этилади.
Қўшимча иш материаллари 30 кун мобайнида тақдим этилмаган тақдирда, суд эксперти тадқиқотларни мавжуд иш материаллари бўйича ўтказади.
23. Қуйидаги ҳолатларда суд эксперти томонидан хулоса ёки мутахассис фикри беришнинг имкони йўқлиги тўғрисида асосланган маълумотнома тузилади ҳамда уч иш куни мобайнида экспертизани тайинлаган ваколатли органга (шахсга), адвокатга, жисмоний ёки юридик шахсга юборилади:
агар суд эксперти ҳал қилиниши керак бўлган саволларни ўзининг махсус билимлари асосида ҳал қилиши мумкин бўлмаса;
агар қўйилган масала суд экспертининг махсус билимлари (ваколатлари) доирасидан четга чиқса ёки уни ҳал этиш учун махсус билимлар талаб қилинмаса ёхуд масала ҳуқуқий тусга эга бўлса;
тақдим этилган тадқиқот объектлари ёхуд иш материаллари тўлиқ яроқсиз ёки хулоса бериш учун етарли бўлмаса, уларни тўлдириб бўлмаса;
тадқиқотларни ўтказиш ва хулосалар бериш учун зарур шарт-шароитлар, тадқиқот услуби ва махсус асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаса, шу жумладан, суд эксперти ҳаёти ва саломатлигига касбий таваккалчилик чегарасидан зиёд хавф туғилса;
фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати ҳал қилиниши керак бўлган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилинса.
Хулоса бериш ёки мутахассис фикри беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома ушбу Намунавий низомнинг 43-бандига мувофиқ тузилади.
24. Суд эксперти ўзига тақдим этилган тадқиқот объектлари ва иш материалларини тадқиқ этишни тегишли соҳадаги билимларга амал қилган ҳолда, процессуал қонун талабларига қатъий мувофиқ равишда холисона ва тўлиқ амалга оширади.
Тадқиқот объектлари (тирик одамдан ташқари) фақат тадқиқотни ўтказиш ва хулоса ёки мутахассис фикри бериш учун зарур бўлган даражада шикастланган ва сарфланган бўлиши мумкин. Тадқиқотларни ўтказиш тадқиқот учун тақдим этилган объект шикастланишини (бузилишини) ёки сарфланишини талаб қиладиган ҳолларда бунинг учун экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс), адвокат ёки жисмоний ёхуд юридик шахснинг ёзма равишдаги розилиги олинган бўлиши керак, тайинланган суд экспертизасининг хусусиятлари объектнинг шикастланиши (бузилиши)ни ёки сарфланишини назарда тутадиган ҳолатлар бундан мустасно.
25. Кўрикдан ўтказиш талаб қилинадиган тадқиқот объектларини (экспертиза ташкилотига тақдим этилган объектлардан ташқари) суд экспертизасидан ўтказишда экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс) ёки адвокат суд эксперти учун объектга тўсиқсиз киришни ва уни текшириш имконини таъминлайди. Кўрикдан ўтказиш экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс) ҳамда адвокат томонидан ташкил этилади ва уларнинг мажбурий иштирокида амалга оширилади ҳамда тегишли баённома билан расмийлаштирилади.
26. Ишда иштирок этадиган шахслар қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда тадқиқотлар ўтказишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Сабабидан қатъи назар, уларнинг йўқлиги тадқиқотлар ўтказишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланмайди.
Суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчилари текширишлар жараёнига аралашишга ҳақли эмас, лекин суд эксперти томонидан қўлланилган тадқиқот усулларининг моҳиятини тушунтириб беришни талаб қилиши, унга тушунтиришлар бериши мумкин.
Суд эксперти томонидан хулоса тузилаётганда, шунингдек, агар суд экспертизаси комиссия томонидан ўтказилаётган бўлса, суд экспертларининг маслаҳатлашуви ва фикрларни шакллантириш босқичида процесс иштирокчиларининг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.
27. Суд эксперти ўзининг махсус билимларига мувофиқ ўтказилган тадқиқотлар асосида ўз номидан хулоса ёки мутахассис фикрини беради ва унинг учун жавобгардир.
28. Суд экспертизасини ўтказиш учун бир хил мутахассисликка эга бўлган икки ва ундан ортиқ суд экспертлари (комиссион экспертиза) тайинланганда уларнинг ҳар бири тадқиқотларни тўлиқ ҳажмда амалга оширади. Комиссия тадқиқотларда қатнашган суд экспертидан ҳар бири унга рози бўлган тақдирда, умумий хулоса беради. Шунингдек, комиссияда иштирок этган суд экспертлари фикрининг бир қисмини акс эттирувчи ягона хулоса берилиши ҳам мумкин. Келишмовчилик бўлган тақдирда, ҳар бир суд эксперти келишмовчиликка сабаб бўлган барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса тузади.
Давлат суд-экспертиза муассасалари суд экспертларидан бошқа мутахассислар суд эксперти сифатида жалб этилганда қонунчиликка мувофиқ тўловлар амалга оширилади.
29. Суд экспертизасини ўтказиш учун ҳар хил мутахассисликка эга бўлган икки ва ундан ортиқ суд экспертлари (комплекс экспертиза) тайинланганда ҳар бир суд эксперти тадқиқотларни амалга оширади ва ўз ваколати доирасида хулоса беради. Комплекс экспертиза хулосасида ҳар бир суд эксперти қандай тадқиқотлар ва қандай ҳажмда ўтказганлиги, шахсан у қандай фактларни аниқлаганлиги ҳамда қандай хулосаларга келганлиги кўрсатилади. Суд эксперти комплекс экспертиза хулосасининг ўз ваколатига тегишли бўлган қисмини имзолайди.
Олинган натижаларни ва аниқ хулоса (хулосалар)ни шакллантиришни баҳолашда ваколатли бўлган суд экспертлари умумий хулоса (хулосалар) чиқаради. Агар комиссиянинг якуний хулосаси ёки унинг бир қисми учун суд экспертларидан бири (алоҳида экспертлар) томонидан аниқланган фактлар асос ҳисобланса, у ҳолда бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак. Келишмовчилик ҳолатида суд экспертларининг ҳар бири келишмовчиликка сабаб бўлган масалалар бўйича алоҳида хулоса тузади.
30. Агар суд экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим), сўров ёки мурожаатда тақдим этилган иш материаллари турли хил тадқиқотлар предметига тааллуқли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида хулоса ёхуд мутахассис фикри беради ёки хулоса ёхуд мутахассис фикри беришнинг имкони йўқлиги тўғрисида маълумотнома тузилади.
31. Суд эксперти хулосаси уч қисмдан: кириш, тадқиқот ва хулосалар (якунловчи) қисмлардан иборат бўлади.
Суд эксперти хулосасининг кириш қисмида тадқиқот ўтказилган сана ва жой, тартиб рақами, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириш ва унинг билиб туриб нотўғри хулоса берганлиги, иш материалларини ошкор қилганлиги, шунингдек узрли сабабларсиз хулоса беришни рад этганлиги ёки бундан бош тортганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида тушунтирилганлиги ҳақидаги тилхат олинганлиги кўрсатилади.
32. Хулосанинг кириш қисмида суд экспертизасини ўтказиш асослари, экспертиза ўтказишни тайинлаган ваколатли орган (шахс) ёхуд адвокат тадқиқотларни ўтказган суд эксперти (суд экспертлари), суд экспертизаси ҳал этиши учун қўйилган масалалар, тадқиқот ўтказиш учун тақдим қилинган иш материаллари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, суд экспертизасини ўтказиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.
33. Суд эксперти хулосасининг тадқиқот қисмида суд эксперти олдига қўйилган ҳар бир масала бўйича тадқиқотлар жараёни ва унинг натижалари ёзилади, аниқланган фактлар бўйича илмий тушунтириш берилади.
34. Суд эксперти хулосасининг якунловчи (хулоса) қисми суд эксперти олдига қўйилган масалаларга жавоб шаклида баён қилинади ва турли талқинларга йўл қўймайдиган аниқ, тушунарли тилда баён қилиниши лозим.
Агар хулосанинг якунловчи (хулоса) қисмини тадқиқот қисмида баён қилинган тадқиқот натижаларининг мукаммал тавсифисиз ва қўйилган масалага тўлиқ жавобсиз шакллантириш мумкин бўлмаса, хулосанинг тадқиқот қисмига ҳавола қилишга рухсат берилади.
35. Суд эксперти хулосасида қоидабузарлик сабаблари ва уларни содир этишга имкон берган шароитлар, шунингдек, уларни бартараф этишнинг ташкилий-техникавий тавсиялари кўрсатилиши мумкин.
36. Мутахассис фикри уч қисмдан: кириш, тадқиқот ва фикр (якунловчи) қисмларидан иборат бўлади.
Мутахассис фикрининг кириш қисмида тадқиқот ўтказилган сана ва жой, тадқиқот ўтказишнинг асоси, тадқиқот буюртмачиси (юридик ёки жисмоний шахс) тўғрисидаги маълумотлар, суд эксперти (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва тадқиқот ўтказиш топширилган давлат суд-экспертиза муассасаси, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ва илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)лар ҳақидаги маълумотлар, суд эксперти олдига ҳал этиш учун қўйилган саволлар, унга тақдим этилган тадқиқот объектлари ва иш материаллари қайд этилади.
37. Мутахассис фикрининг тадқиқот қисмида суд эксперти олдига қўйилган ҳар бир масала бўйича тадқиқот ўтказиш жараёни, қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда тадқиқотларнинг мазмуни ва унинг натижалари ёзилади, аниқланган фактлар бўйича илмий тушунтириш берилади.
38. Мутахассис фикрининг фикр (якунловчи) қисмида тадқиқот натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар қайд этилади.
Тадқиқот натижаларини тасвирловчи иш материаллари мутахассис фикрида акс эттирилади ёки унга илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади.
39. Суд эксперти хулосаси ва мутахассис фикри икки нусхада тузилади, тадқиқотларни ўтказган суд эксперти (суд экспертлари) томонидан имзоланади, унинг (уларнинг) имзоси экспертиза ташкилоти муҳри билан тасдиқланади, шундан кейин хулоса ёки мутахассис фикрининг бир нусхаси экспертиза ташкилоти раҳбари томонидан экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс)га, адвокат, мутахассис фикри эса тегишли жисмоний ёки юридик шахсга тақдим этилган иш материаллари билан бирга юборилади, иккинчи нусхаси эса экспертиза ташкилотида 5 йил мобайнида сақланади.
40. Агар суд эксперти хулосасида ва мутахассис фикрида тадқиқотлар ва унинг натижаларини тасвирловчи фотожадваллар, диаграммалар, чизмалар ва шу каби иловалар берилса, улар ҳам суд эксперти (суд экспертлари) томонидан имзоланади. Суд эксперти тадқиқотларининг бориши, шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштириш материаллари суд эксперти хулосаси нусхаси билан бирга экспертиза ташкилотида сақланади. Бундан рақамли (электрон) маълумотлар мустасно.
Экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс), адвокат ёки тегишли жисмоний ёхуд юридик шахснинг талабига кўра йиғмажилдга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.
41. Экспертиза ташкилоти раҳбари хулоса ёки мутахассис фикрини беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани кўриб чиқишда нотўғри хулосага олиб келиши мумкин бўлган тўлиқ бўлмаган тадқиқотларни, тадқиқот ўтказиш методикаси бузилишини ёки унинг нотўғри расмийлаштирилганлигини аниқлаган тақдирда хулоса, мутахассис фикри ҳамда маълумотнома уларга зарур ўзгартиришлар ва аниқликлар киритиш учун суд экспертига қайтарилади.
Агар суд эксперти ўз хулосасини, хулоса ёки мутахассис фикри беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани тўғри деб қатъий туриб олса, экспертиза ташкилоти раҳбари тадқиқот ўтказишни белгиланган тартибда хулоса берадиган биринчи суд эксперти иштирокидаги комиссияга топшириш ҳуқуқига эга.
Суд экспертлари умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани, хулоса ёки мутахассис фикри беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани тузади ва имзолайди. Агар суд экспертлари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.
42. Суд экспертизасини судда ўтказишда унинг натижалари мазкур Намунавий низомнинг 31 — 35-бандларида назарда тутилган қоидалар бўйича расмийлаштирилади.
Суд эксперти хулосаси суд эксперти томонидан икки нусхада тузилади ва имзоланади, улардан бири судга, иккинчиси эса экспертиза ташкилоти раҳбарига тақдим этилади.
43. Хулоса ёки мутахассис фикрини беришнинг имкони йўқлиги тўғрисида асосланган маълумотнома уч қисмдан: кириш, асословчи ва якунловчи қисмлардан иборат бўлади.
Кириш қисмида ушбу Намунавий низомнинг 31-бандида кўрсатилган рўйхатга мувофиқ маълумотлар баён қилинади.
Асословчи қисмида хулоса ёки мутахассис фикри беришнинг иложи йўқлиги сабаблари батафсил баён қилинади.
Якунловчи қисмида суд эксперти олдига қўйилган ҳар бир масала бўйича хулоса беришнинг иложи йўқлиги кўрсатилади.
Хулоса ёки мутахассис фикрини беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги далолатнома икки нусхада тузилади, суд эксперти томонидан имзоланади, унинг имзоси экспертиза ташкилоти муҳри билан тасдиқланади, шундан кейин унинг бир нусхаси экспертиза ташкилоти раҳбари томонидан экспертизани тайинлашга ваколатли орган (шахс)га, адвокатга ёки мутахассис фикрини олиш учун мурожаат қилган жисмоний ёхуд юридик шахсга юборилади, иккинчи нусхаси эса экспертиза ташкилотида 5 йил мобайнида сақланади.
Агар хулоса ёки мутахассис фикрини бериш имкони йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома судда кўриб чиқиш босқичида тузилган бўлса, у суд эксперти томонидан икки нусхада тузилади ва имзоланади, улардан бири судга, иккинчиси эса экспертиза ташкилоти раҳбарига тақдим этилади.
44. Агар бир масала бўйича суд эксперти хулоса ёки мутахассис фикрини берса, бошқа масала бўйича эса хулоса ёки мутахассис фикри беришни имкони йўқлиги тўғрисида далолатнома тузиш учун асос мавжуд бўлса, у ҳолда ягона ҳужжат — суд эксперти хулосаси ёки мутахассис фикри тузилади.
45. Тадқиқот объектлари бўлган предмет ва ҳужжатларга суд экспертининг тегишли белгилари (муҳр ва штамп) қўйилиб хулоса мутахассис фикри бериш имкони йўқлиги тўғрисида далолатнома билан бирга улар экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокат, жисмоний ёки юридик шахсларга рўйхат бўйича қайтарилиши лозим.
46. Суд эксперти хулосаси ёки мутахассис фикри экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокатга (уларнинг ваколатли ходимига), мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсга (уларнинг вакилига) шахсан берилиши ёки почта, шу жумладан, электрон почта орқали юборилиши мумкин.
Тадқиқот объектлари бўлган предметлар ва ҳужжатлар ҳамда бошқа иш материаллари экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокатга (уларнинг ваколатли ходимига), мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсга (уларнинг вакилига) шахсан берилиши ёки почта орқали юборилиши мумкин.
Суд эксперти хулосаси ёки мутахассис фикрининг, тадқиқот объектлари бўлган предметлар ва ҳужжатлар ҳамда суд экспертизасига берилган бошқа материалларнинг факсимиль ёки ёруғ сезгир қоғозга кўчирилган ишончнома нусхаси орқали берилишига йўл қўйилмайди.
47. Тадқиқотлар тугалланганидан кейин тадқиқот объектлари, агар улар тўла ишлатилган бўлмаса, экспертизасини тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, адвокатга, жисмоний ва юридик шахсга қайтарилади.
Агар тадқиқот объектларини қонунчиликка мувофиқ почта орқали юборишнинг имкони бўлмаса, экспертизасини тайинлаган ваколатли орган (шахс) ёки буюртмачи томонидан олиб кетилиши шарт.
Тадқиқот объектлари ва тўлиқ ишлатилмаган объектларга нисбатан суд экспертизаси тадқиқотлари якунлангандан сўнг мазкур объектларни экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс) ёки буюртмачи томонидан олиб кетиш чоралари кўрилмаган тақдирда, суд экспертизасини ўтказган экспертиза ташкилоти томонидан тадқиқот объектлари ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бир йил мобайнида сақланади.
Ушбу даврда камида икки маротаба экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га, буюртмачига ёзма ёки электрон шаклдаги хабарнома юборилади. Юборилган хабарномага ижобий жавоб олинмаган тақдирда ҳамда тадқиқот объектларини сақлаш муддати якунлангандан сўнг тадқиқот объектлари экспертиза ташкилоти раҳбари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда экспертиза ташкилоти эҳтиёжи учун сарфланади ёки белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Сарфланганлиги ёки йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлган ҳужжатларнинг бир нусхаси маълумот учун тадқиқот объектларини тақдим қилган экспертизани тайинлаган ваколатли орган (шахс)га ёки буюртмачига юборилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
48. Ушбу Намунавий низом талабларини бузиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
49. Мазкур Намунавий низом талабларига риоя этилишини таъминлаш учун жавобгарлик экспертиза ташкилотлари раҳбарларига юкланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 февралдаги 73-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот томонидан суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 5 январдаги 5-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида («Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 сентябрдаги ЎРҚ-442-сон Қонуни)» 2017 йил 1 декабрдаги 960-сон қарорига илованинг 9-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 15 январдаги 34-сон қарорига илованинг 3-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 26 декабрдаги 810-сон қарорига 3-илованинг 7-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 252-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.02.2023 й., 09/23/73/0098-сон; 23.02.2026 й., 09/26/74/0165-сон)