Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.09.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 июлдаги 458-сонли «Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 23 октябрдаги ПҚ-5265-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 23 октябрдаги ПҚ-5265-сон қарорига мувофиқ:
суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилганлиги;
барча суғурта турлари бўйича суғурта полислари Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси билан биргаликда юритадиган ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олиниши йўлга қўйилганлиги;
суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда сотиш ва расмийлаштириш қоидаларини, шунингдек, уларнинг ҳақиқийлигини текшириш механизмларини ўз ичига олган электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш белгиланганлиги;
Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда сотиш, расмийлаштириш ва уларнинг ҳақиқийлигини текшириш суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида маълумотлар алмашинуви йўли билан суғурта ташкилотининг ахборот тизимида, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсида амалга оширилиши;
суғурта шартномасини тузиш учун суғурта ташкилотининг ахборот тизими орқали ариза берилиши ва тегишли маълумотларнинг автоматик тарзда тўлдирилиши;
суғурта шартномаларини муддатидан олдин бекор қилиш асослари ва тартиби;
ахборот алмашинуви иштирокчилари ўртасида маълумотлар алмашинуви;
суғурта полислари рўйхатга олиниши ва уларнинг айланмаси бўйича мониторинг олиб бориш.
3. Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2022 йил 31 декабрга қадар барча суғурта полисларини рўйхатга олувчи ва уларнинг айланмасини назорат қилувчи ягона ахборот тизими жорий этилишини ва барча суғурта компанияларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин;
2023 йил 1 мартга қадар ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз расмийлаштириладиган йўл — транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома онлайн тарзда юборилишини ҳамда кўриб чиқилишини амалга ошириш бўйича ягона мобил иловани ишлаб чиқсин ва ишга туширсин;
2023 йил 1 июлга қадар ягона мобил илова орқали бошқа мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта даъволарига оид аризалар онлайн тарзда юборилишини ҳамда кўриб чиқилишини амалиётга жорий этсин.
Бунда белгиланган чора-тадбирлар, шунингдек, мобил илованинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашни молиялаштириш Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги:
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантириш бўйича маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам равишда етказилишини таъминласин;
бир ой муддатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Саll-марказ» хизматини ташкил этсин.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Саll-марказ» хизмати фаолияти Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 136-бандига мувофиқ қишлоқ хўжалигида суғурталаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида»ги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 6 октябрдаги ПҚ-387-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ қишлоқ хўжалигини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш ва суғурталашнинг янги механизмлари жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар илғор халқаро тажрибаларни атрофлича ўрганган ҳолда «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 5 декабрь,
694-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 декабрдаги 694-сон қарорига
1-ИЛОВА
Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги
низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш ва барча суғурта полисларини рўйхатга олиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ахборот алмашинуви иштирокчилари — суғурта қилдирувчи, суғурта ташкилоти, Жамғарма ва Ягона ахборот тизими билан интеграциялашган вазирликлар ва идоралар;
Жамғарма — Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси;
суғурта полиси (E-polis) — Ягона ахборот тизими томонидан реал вақт режимида шакллантирилган серия, рақамига эга бўлган суғурта қилиш амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
суғурта ташкилоти — тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;
суғурта ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси — суғурта ташкилотининг расмий веб-сайтининг тегишли суғурта учун мўлжалланган қисми ёки унинг мобил иловаси;
суғурта қилдирувчи — суғурта ташкилоти билан электрон суғурта шартномасини тузган ва суғурта мукофоти бўйича тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган юридик шахс ёки муомалага лаёқатли жисмоний шахс;
Ягона ахборот тизими — манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари ва марказий маълумотлар базалари, жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базалари билан интеграциялашган, суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда амалга оширувчи ягона автоматлаштирилган ахборот тизими.
3. Суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда сотиш, расмийлаштириш ва уларнинг ҳақиқийлигини текшириш суғурта қилдирувчи ва суғурта ташкилоти ўртасида маълумотлар алмашинуви йўли билан, суғурта ташкилотининг ахборот тизимида, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсида суғурта шартномасини тузишда, уни Ягона ахборот тизимида рўйхатга олиш ва суғурта полисига ноёб рақам бериш орқали амалга оширилади.
Суғурта ташкилотларининг интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурслари рўйхати Ўзбекистон Ягона суғурта порталида жойлаштирилади.
4. Шахсий маълумотларни қайта ишлашда ахборот алмашинуви иштирокчилари шахсий маълумотлар ва суғурта сири деб таснифланган маълумотларни уларга ноқонуний ёки тасодифий кириш, йўқ қилиш, ўзгартириш, блокировка қилиш, нусха олиш, тақдим этиш ва тарқатишдан, шунингдек, бошқа ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўришлари шарт.
5. Суғурта шартномаларини Ягона ахборот тизими орқали расмийлаштириш суғурта ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.
Ушбу мажбуриятнинг бажарилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги) томонидан амалга оширилади.
6. Суғурта шартномаларини расмийлаштириш, суғурта полисларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳақиқийлигини текшириш ҳамда суғурта даъволарини кўриб чиқиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Суғурта шартномасини расмийлаштириш тартиби
7. Суғурта шартномаси Ягона ахборот тизимидан суғурта қилдирувчига суғурта полиси шакллантирилганлиги ҳақида хабар бериш ва суғурта полисини юклаб олиш учун ҳавола юбориш йўли билан тузилади.
8. Суғурта шартномасининг амал қилиш муддати суғурта шартномаси ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
9. Агар суғурта полисида суғурта амал қилиши бошланишининг бошқача муддати назарда тутилмаган бўлса, суғурта шартномаси кучга кирганидан кейин юз берган суғурта ҳодисаларига нисбатан татбиқ этилади.
10. Суғурта қилдирувчи суғурта ташкилотини эркин танлаш ҳуқуқига эга.
11. Суғурта ташкилоти суғурта қилдирувчига мазкур Низомнинг 28-бандида назарда тутилган мажбуриятларни таъминлаган ҳолда суғурта шартномасини тузиш имкониятини яратиши зарур.
12. Суғурта шартномасини тузиш учун суғурта ташкилотининг ахборот тизимида, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсида аризани шакллантиришда қуйидагилардан фойдаланилади:
а) идентификаторлар:
жисмоний шахслар — жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
юридик шахслар — солиқ тўловчининг идентификация рақами;
транспорт воситалари — транспорт воситасининг давлат рақами белгиси ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг серияси ва рақами;
кўчмас мулкнинг кадастр рақами;
б) маълумотлар:
жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисида маълумот;
кредит реестридан кўчирма;
ойлик даромади ёки иш ҳақи ҳақида;
гаров реестридан кўчирма;
ижро ҳужжатлари бўйича мавжуд қарздорлик;
ҳайдовчилар томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари тўғрисида.
Бунда тегишли маълумотлар давлат ахборот базаларида мавжуд бўлганда автоматик тарзда тўлдирилади.
Аризани шакллантириш учун ҳар бир суғурта тури (класси) бўйича қонунчиликка мувофиқ ушбу бандда назарда тутилган маълумотларга қўшимча равишда тақдим этиладиган маълумотлар тартиби ариза шаклида кўрсатилади.
13. Давлат маълумотлар базаларида суғурта шартномасини тузиш учун зарур бўлган маълумотлар ёки давлат маълумотлар базалари билан техник уланиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда аризада кўрсатилган маълумотлар Ягона ахборот тизимида суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс)нинг аввал тузилган ва амалдаги суғурта шартномаларидаги маълумотлар билан таққосланади.
14. Суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс) томонидан аввал тузилган ва амалдаги суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар Ягона ахборот тизимида ҳамда давлат маълумотлар базаларида мавжуд бўлмаганда, суғурта ташкилоти аризага илова қилинган ҳужжатларнинг электрон ёки сканер қилинган нусхаларидаги маълумотларни текширади.
Суғурта ташкилоти томонидан юборилган аризадаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги бир иш куни ичида текширилади. Агар аризадаги маълумотлар нотўғрилиги аниқланса, маълумотларни қайта тўғриланиши тўғрисида суғурта қилдирувчига хабарнома юборилади. Агар суғурта қилдирувчи томонидан ариза берилган санадан бошлаб 24 соат давомида маълумотлар қайта текширилмаса ва/ёки тўғриланмаса, унда суғурта ташкилоти суғурта шартномасини расмийлаштириш, қўшимча киритиш ва бекор қилиш имконияти йўқлиги тўғрисида суғурта ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси ёки SMS-хабар орқали суғурта қилдирувчини хабардор қилади.
15. Аризадаги маълумотлар тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилгач, суғурта ташкилоти ушбу маълумотларни ўзининг ахборот тизими орқали Ягона ахборот тизимига суғурта шартномасини рўйхатга олиш учун юборади. Ягона ахборот тизими суғурта шартномасини рўйхатга олиш ва суғурта полисини шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тўлиқлигини текширади ва суғурта ташкилотига суғурта шартномаси рўйхатга олинганлиги ва унга берилган ноёб рақами тўғрисида дарҳол хабар юборади.
Суғурта полисида унинг ҳақиқий эканлигини текшириш имконини берувчи QR-код кўрсатилиши лозим.
16. Суғурта ташкилоти суғурта шартномаси Ягона ахборот тизимида рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабарни олгандан сўнг суғурта қилдирувчига суғурта мукофоти тўловини амалга ошириши мумкинлиги тўғрисида хабар беради.
17. Суғурта қилдирувчи суғурта мукофотини тўлаши мумкинлиги тўғрисидаги хабарномани олгандан сўнг 3 календарь кун мобайнида суғурта мукофотини нақд пулда ёки нақдсиз тўлайди.
Суғурта мукофоти суғурта шартномасида назарда тутилган тўловдан камроқ миқдорда тўланган бўлса, суғурта ташкилоти суғурта мукофотининг тўланмаган қисми суғурта қилдирувчи томонидан 3 календарь кун муддатда тўланиши зарурлиги тўғрисида дарҳол хабарнома юборади.
Суғурта мукофоти миқдори ортиқча тўланган тақдирда, суғурта ташкилоти унинг суғурта қилдирувчига 3 календарь кун ичида қайтарилишини таъминлайди ва тегишли хабарни юборади.
18. Суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти тўлангандан сўнг суғурта қилдирувчига ушбу Низомнинг 26-бандида белгиланган тартибда суғурта полиси берилади.
19. Суғурта қилдирувчи ўзи томонидан суғурта полисини расмийлаштириш учун суғурта ташкилотига тақдим этилаётган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгар ҳисобланади.
3-боб. Суғурта шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тартиби
20. Суғурта шартномаси амал қиладиган даврда суғурта шартномаси тузиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда амалдаги суғурта шартномасининг амал қилиши муддатидан олдин бекор қилиниши ва янги суғурта шартномаси расмийлаштирилиши шарт.
21. Суғурта шартномасининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин бекор қилинади:
юридик шахс тугатилганда ёки қайта ташкил этилганда;
суғурта қилдирувчи — жисмоний шахс вафот этганда;
суғурта шартномаси суд қарорига кўра ҳақиқий эмас деб эътироф этилганда;
суғурта шартномаси тузиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда.
Ҳар бир суғурта турининг (класснинг) ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликка мувофиқ ушбу бандда назарда тутилганидан бошқача асослар ҳам белгиланиши мумкин.
22. Суғурта шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, суғурта мукофотининг бир қисми суғурта амал қилган вақтга мутаносиб равишда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қайтарилади.
23. Суғурта қилдирувчига (унинг қонуний вакилларига, меросхўрларига, ҳуқуқий ворисларига) суғурта мукофотининг бир қисмини қайтариш суғурта қилдирувчи (унинг қонуний вакиллари, меросхўрлари, ҳуқуқий ворислари) тегишли тартибда мурожаат қилган кундан бошлаб 3 календарь кун мобайнида амалга оширилади.
Бунда суғурта қилдирувчига қайтарилиши лозим бўлган суғурта мукофотининг бир қисми суғурта қилдирувчининг аризасига мувофиқ янги расмийлаштирилган суғурта полиси бўйича суғурта мукофоти ҳисобига ўтказилиши мумкин.
4-боб. Суғурта полисларини рўйхатга олиш ва уларнинг айланмасини назорат қилиш
24. Суғурта полисининг амал қилиш муддати, қоида тариқасида, бир йил этиб белгиланади. Ҳар бир суғурта турининг (классларнинг) ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқача муддатлар ҳам белгиланиши мумкин.
25. Суғурта полиси, суғурта шартномада бошқа ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, суғурта мукофоти ёки биринчи бадал тўланган пайтда кучга киради.
26. Суғурта шартномаси ягона ахборот тизимида рўйхатга олингандан ва суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти тўлангандан сўнг суғурта ташкилоти бу тўғрисида Ягона ахборот тизимига хабар юборади.
Ягона ахборот тизими суғурта шартномасида кўрсатилган маълумотлар асосида суғурта полисининг тегишли серияси, рақамини шакллантиради ва суғурта ташкилотининг ахборот тизимига хабар беради ҳамда ушбу Низомнинг 31-бандида белгиланган тартибда суғурта қилдирувчига хабарномани юборади.
27. Суғурта полисларининг айланмаси Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Жамғарма билан биргаликда юритадиган Ягона ахборот тизимида рўйхатга олинади ва назорат қилинади.
5-боб. Ахборот алмашинуви иштирокчилари ўртасида маълумотлар алмашинуви
28. Суғурта қилдирувчи ва суғурта ташкилоти ўртасида маълумотлар алмашишда суғурта ташкилоти қуйидагиларни таъминлашга мажбур:
суғурта ташкилотининг ахборот тизими, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсида суғурта шартномасини тузиш имкониятидан туну кун тўлиқ фойдалана олиш;
мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган суғурта шартномасини тузиш ҳақидаги аризани шакллантириш имкониятини яратиш;
суғурта ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсида оммавий оферта суғурта шартномасини тузиш таклифини, суғурта қоидаларини жойлаштириш;
суғурта шартномасини тузиш тўғрисидаги аризада суғурта қилдирувчи томонидан аризани шакллантириш учун зарур бўлган ҳарфлар, рақамлар ва белгиларнинг минимал ҳамда максимал сони ва форматига мувофиқлигини автоматик тарзда текшириш ва агар аризадаги ёзувлар мос келмаса, номувофиқ жойларни текшириш ва тўғрилаш зарурати тўғрисида хабар бериш;
суғурта қоидаларига мувофиқ суғурта қилдирувчи томонидан аризада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон ёки сканер қилинган нусхаларини илова қилиш;
суғурта шартномаси тузишда Ягона ахборот тизими билан интеграциялашган вазирликлар ва идоралар ахборот тизимларидан мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган идентификатор орқали олинган маълумотларни аризада автоматик тарзда тўлдириш;
суғурта шартномаси тузилганлиги тўғрисидаги маълумотни рўйхатдан ўтказиш ва унинг ноёб рақамини олиш учун Ягона ахборот тизимига юбориш;
суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти тўлангандан сўнг суғурта полисининг серия ва рақамини олиш учун ушбу маълумотни Ягона ахборот тизимига юбориш;
Ягона ахборот тизимига йўналтириш орқали суғурта полиси ҳақиқийлигини текшириш имкониятини яратиш;
суғурта мукофоти миқдори, шунингдек, қонунчиликда белгиланган суғурта мукофоти бўйича тақдим этиладиган сийловни ҳисобга олган ҳолда суғурта мукофотининг миқдори билан таништириш;
суғурта қилдирувчи томонидан танланган суғурта маҳсулоти учун суғурта шартномалари, шу жумладан, суғурта суммаси, суғурта тарифларини ҳисоблашда ишлатиладиган коэффициентлар тўғрисидаги ва суғурта шартномасини тузиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни ўз ичига олган суғурта қоидалари ва оммавий оферта билан суғурта шартномасини расмийлаштиришдан ва/ёки суғурта мукофотини тўлашдан олдин таништириш;
суғурта мукофотини нақд ёки нақдсиз тўлаш, шу жумладан, суғурта ташкилотининг тўлов реквизитлари, ҳисобварағи, тўлов муддати ва суғурта полиснинг кучга кириши тартиби ва амал қилиш муддати кўрсатилган тўлов ҳисобини ўз ичига олган ҳисоб-фактурани автоматик тарзда расмийлаштириш;
суғурта мукофоти суғурта қилдирувчи томонидан тўланмаса, суғурта ташкилоти суғурта қилдирувчига суғурта шартномаси тузилмаганлиги тўғрисида хабар қилинишини таъминлаш;
суғурта қилдирувчига суғурта шартномаси тузилганлиги ва суғурта полисининг серияси ва рақами тўғрисида суғурта ташкилоти томонидан мазкур Низомнинг 32-бандида назарда тутилган хабар бериш усулини танлаш.
29. Ҳодиса содир бўлганлиги тўғрисида билдиришнома юбориш, етказилган зарар миқдорини аниқлаш, суғурта тўловларини амалга ошириш учун жабрланувчи ёки суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида белгиланган ҳужжатларнинг электрон ёки сканерланган нусхаларини суғурта ташкилотига интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали юборишга ҳақли.
30. Агар ҳодиса содир бўлганлигини ва суғурта қилдирувчи томонидан етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли бўлмаса, суғурта ташкилоти бу тўғрисида ушбу ҳужжатлар олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида етишмаётган ва (ёки) нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини кўрсатган ҳолда жабрланувчи ёки суғурта қилдирувчининг электрон почта манзилига (мавжуд бўлса) ёки кўрсатилган телефон рақамига SMS-хабар орқали маълумот юбориши керак.
31. Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати ва қабул қилинган санаси тўғрисида электрон маълумотнома ариза берувчига у кўрсатган электрон почта манзилига (мавжуд бўлса) юборилади ва (ёки) суғурта ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсидаги ариза берувчининг шахсий кабинетида кўрсатилади.
6-боб. Суғурта қилдирувчига хабарномани юбориш ва унинг мазмунига қўйиладиган талаблар
32. Ягона ахборот тизими томонидан суғурта қилдирувчига электрон суғурта шартномаси тузилганлиги, бекор қилинганлиги ёки муддатидан олдин тугатилганлиги, суғурта полисининг серияси ва рақами, суғурта полиси бўйича суғурта тўлови тўланганлиги тўғрисидаги хабарнома суғурта қилдирувчининг аризада кўрсатилган телефон рақамига SMS-хабар шаклида ва (ёки) электрон почта манзилига (мавжуд бўлса) электрон хабарнома шаклида юборилади.
Бунда суғурта қилдирувчи хабарнома юборишнинг бир ёки бир нечта усулини танлаш ҳуқуқига эга.
33. Суғурта ташкилотидан суғурта шартномаси тузилганлиги ва суғурта мукофоти тўланганлиги тўғрисида маълумот олгандан сўнг Ягона ахборот тизимидан суғурта қилдирувчининг аризада кўрсатилган телефон рақамига SMS-хабар шаклида ва (ёки) электрон почта манзилига қуйидагиларни ўз ичига олган хабарнома юборилади:
суғурта ташкилотининг номи;
суғурта мукофоти миқдори;
суғурта полисининг амал қилиш муддати;
суғурта полисининг ноёб рақами;
суғурта объекти ва предмети;
Ягона ахборот тизимида суғурта полисининг ҳақиқийлигини текшириш учун ҳавола.
Суғурта қилдирувчи Ягона ахборот тизимининг тегишли қисмига ушбу ҳавола орқали ўтиб, суғурта полисини юклаб олиши мумкин.
34. Суғурта шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганлиги тўғрисида электрон ёки SMS-хабар шаклида юборилган маълумот қуйидагиларни ўз ичига олади:
суғурта шартномасининг муддатидан олдин бекор қилинганлиги бўйича матн ва санаси;
суғурта ташкилотининг номи;
суғурта полисининг серияси ва рақами;
суғурта объекти ва предмети.
35. Суғурта шартномаси бўйича суғурта тўлови тўланганлиги тўғрисидаги электрон ёки SMS-хабар шаклида юборилган маълумот қуйидагиларни ўз ичига олади:
суғурта ташкилотининг номи;
суғурта полисининг серияси ва рақами;
суғурта объекти ва предмети;
суғурта тўлови амалга оширилган сана ва суммаси.
суғурта тўлови тўланганлиги тўғрисидаги тегишли маълумот.
7-боб. Суғурта полисининг ҳақиқийлигини текшириш
36. Суғурта ташкилоти, суғурта қилдирувчи ва суғурта бўйича мажбуриятнинг бажарилишини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органларининг ахборот тизимларини Ягона ахборот тизими билан интеграциялаш ва (ёки) Ягона ахборот тизимига суғурта полисининг серияси, рақами ва суғурта объекти идентификаторини киритиш ёки электрон қурилмада махсус кодни ўқиб олиш орқали суғурта полисининг ҳақиқийлигини текшириш амалга оширилади.
8-боб. Ягона ахборот тизимида ахборот алмашинувини тўхтатиш асослари
37. Суғурта ташкилоти лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва (ёки) Ягона ахборот тизими доирасида Жамғарма ва суғурта ташкилоти ўртасида маълумот алмашиш тўғрисидаги ёзма битим бекор қилинган тақдирда:
Жамғарма Ягона ахборот тизими билан суғурта ташкилотининг ахборот тизими ўртасида электрон суғурта шартномасини тузиш учун зарур бўлган маълумот алмашинувини мутаносиб равишда тўхтатади;
Жамғарма ўзининг расмий веб-сайтида ушбу суғурта ташкилоти билан электрон суғурта шартномаларини тузиш мумкин эмаслиги ва бунинг сабаблари тўғрисидаги маълумотни жойлаштиради ҳамда суғурта ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси билан ахборот алмашинувини мутаносиб равишда тўхтатади;
Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон ягона суғурта порталига ушбу суғурта ташкилоти билан суғурта шартномасини тузиш мумкин эмаслиги ва суғурта ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси билан ахборот алмашинуви тўхтатилганлиги (вақтинча тўхтатганлиги) тўғрисидаги маълумотни жойлаштиради ҳамда суғурта ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси билан ахборот алмашинувини мутаносиб равишда тўхтатади;
суғурта ташкилоти ўзининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсида суғурта шартномасини тузиш мумкин эмаслиги ва унинг сабаблари тўғрисидаги маълумотни жойлаштиради ва электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатишни мутаносиб равишда тўхтатади.
38. Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида хизмат кўрсатиш имкониятидан фойдаланиш чекланганлиги аниқланганда, мазкур ҳолат Жамғарма томонидан ўрганилиб, хизмат кўрсатиш имконияти тўлиқ тиклангунга қадар суғурта ташкилотининг ахборот тизими ҳамда Жамғарма ягона ахборот тизими ўртасида интеграция тўлиқ ёки қисман тўхтатилади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
39. Мажбурий суғуртанинг ҳар қандай турида мажбурий суғурта бўйича тегишли лицензияси мавжуд суғурта ташкилоти томонидан мажбурий суғурта шартномаларини (суғурта полисларини) расмийлаштириш сунъий равишда рад этилиши суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(40-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 мартдаги ПҚ-108-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.03.2024 й., 07/24/108/0171-сон )
41. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
Суғурта шартномаларини расмийлаштириш, суғурта полисларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳақиқийлигини текшириш ҳамда суғурта даъволарини кўриб чиқиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддат

1-босқич

Суғурта қилдирувчи

Суғурта шартномасини расмийлаштириш учун суғурталовчи томонидан таклиф этиладиган усулдан фойдаланган ҳолда суғурта шартномасини расмийлаштириш ҳақида аризани тўлдиради.

Заруратга кўра

2-босқич

Суғурта ташкилоти

1. Суғурта шартномасини расмийлаштириш ҳақида аризадаги, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси орқали юборилган маълумотларни текширади ҳамда шартнома тузиш учун шартнома ёки оммавий оферта шартлари билан танишиш, тасдиқлаш тўғрисида таклифини беради.

2. Агар маълумот нотўғри ёки қисман тўлдирилган бўлса, аризадаги маълумотни қайта текшириш ва тўғрилаш ҳақида суғурта қилдирувчига маълумот тақдим этади.

Тўлиқ бўлмаган автоматик 1 иш кунида ёки автоматик тарзда дарҳол

3-босқич

Суғурта қилдирувчи

1. Суғурта шартномасини тузиш учун шартнома ёки оммавий оферта шартлари билан танишади ва тасдиқлайди.

2. Агар суғурта ташкилотидан аризани қайта текшириш ва тўғрилаш ҳақида маълумот тақдим этилса, маълумотларни текширади ва тўғрилаб қайта тақдим этади.

Тўлиқ бўлмаган автоматик тарзда 24 соат ичида

4-босқич

Суғурта ташкилоти

Суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган аризадаги маълумотлар тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилгач, тузилган суғурта шартномаси бўйича маълумотларни ўзининг ахборот тизими орқали ягона ахборот тизимига суғурта шартномасини рўйхатга олиш учун юборади.

Автоматик тарзда дарҳол

5-босқич

Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасининг суғурта турларини электрон шаклда амалга оширишни таъминловчи Ягона ахборот тизими

Тузилган шартнома бўйича маълумотларни сақлайди, унга ноёб рақамини шакллантиради ва суғурта ташкилотига юборади.

Автоматик тарзда дарҳол

6-босқич

Суғурта ташкилоти

Ягона ахборот тизимида рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабарни олгандан сўнг суғурта қилдирувчига суғурта мукофоти тўловини амалга ошириши мумкинлиги тўғрисида хабар беради.

Дарҳол

7-босқич

Суғурта қилдирувчи

Суғурта мукофоти тўловини нақд ёки нақдсиз шаклда амалга оширади.

Тўлиқ бўлмаган автоматик тарзда 3 кунда

8-босқич

Суғурта ташкилоти

Суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти тўлангандан сўнг бу тўғрисида Ягона ахборот тизимига хабар юборади.

Автоматик тарзда дарҳол

9-босқич

Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасининг суғурта турларини электрон шаклда амалга оширишни таъминловчи Ягона ахборот тизими

1. Суғурта шартномасида кўрсатилган маълумотлар асосида суғурта полисининг рўйхатга олиш серия ва рақамини шакллантиради ҳамда суғурта ташкилотининг ахборот тизимига хабар беради.

2. Суғурта қилдирувчининг телефон рақамига SMS-хабар шаклида ва/ёки электрон почта манзилига (мавжуд бўлса) электрон хабарнома шаклида маълумот юборади.

Автоматик тарзда дарҳол

10-босқич

Суғурта қилдирувчи

Ягона ахборот тизимига суғурта полисининг рўйхатга олиш серияси, рақами ва суғурта объекти идентификаторини киритиш ёки электрон қурилмада махсус кодни ўқиб олиш орқали суғурта полисининг ҳақиқийлигини текширади.

Заруратга кўра, тўлиқ бўлмаган автоматик тарзда

11-босқич

Суғурталаш мажбурияти бажарилишини назорат қилувчи ваколатли органлар*

Ўзларининг ахборот тизимларини Ягона ахборот тизими билан интеграциялаш орқали ёки электрон қурилмада махсус кодни ўқиб олиш орқали суғурта полисининг ҳақиқийлигини текширади.

Заруратга кўра, тўлиқ бўлмаган автоматик тарзда

12-босқич

Ариза берувчи

1. Ҳодиса содир бўлганда жабрланувчи ёки суғурта қилдирувчи қонунчиликда ёки суғурта шартномасида белгиланган ҳужжатларнинг электрон ёки сканерланган нусхаларини суғурта ташкилотига, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси ёки суғурта даъволарига оид аризаларни онлайн тарзда юбориш ҳамда кўриб чиқиш бўйича ягона мобил илова орқали юборади.

2. Ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз расмийлаштириладиган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани онлайн тарзда ягона мобил илова орқали юборади.

Заруратга кўра, тўлиқ бўлмаган автоматик тарзда

13-босқич

Суғурта ташкилоти

1. Жабрланувчи ёки суғурта қилдирувчи томонидан юборилган, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурси ёки ягона мобил иловаси орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилади, тўлиқлигини текширади ва ўзининг ахборот тизими орқали ягона ахборот тизимига суғурта даъвосини рўйхатга олиш учун юборади.

2. Қонунчилик ҳужжатларида ёки суғурта шартномасида белгиланган муддатларда аризани кўриб чиқади ва тўловни амалга ошириш ёки рад этиш ҳақида ариза берувчига хабар беради, ўзининг ахборот тизими орқали ягона ахборот тизимига қабул қилинган қарори бўйича маълумот юборади.

Тўлиқ бўлмаган автоматик тарзда

14-босқич

Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасининг суғурта турларини электрон шаклда амалга оширишни таъминловчи Ягона ахборот тизими

Суғурта ташкилотининг ахборот тизими ёки ягона мобил илова орқали келиб тушган даъвони рўйхатга олади ва суғурта ташкилоти қабул қилинган қарори бўйича аризачига SMS-хабар шаклида ва/ёки электрон почта манзилига (мавжуд бўлса) электрон хабарнома шаклида маълумот юборади.

Автоматик тарзда дарҳол

* Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати — транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш мажбурияти бажарилишини назорат қилиш бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги — иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш мажбурияти бажарилишини назорат қилиш бўйича;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси — шаҳар йўловчилар, автомобиль транспорти соҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш мажбурияти бажарилишини назорат қилиш бўйича;
(изоҳнинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 668-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/668/0945-сон)
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги — ҳаво транспорти соҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш мажбурияти бажарилишини назорат қилиш бўйича;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси — темир йўл транспорти соҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш мажбурияти бажарилишини назорат қилиш бўйича.
(изоҳнинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 668-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/668/0945-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 декабрдаги 694-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматнинг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 2008 йил 24 июндаги 141-сон қарорида:
1-банддаги «тўловларни кафолатлаш мақсадида» сўзлари «тўловларни кафолатлаш ҳамда барча суғурта турлари бўйича Ягона ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш мақсадида» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта, шу жумладан, ушбу суғурта турлари бўйича суғурта қилиш шартномалари тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган, суғурта ҳодисалари тўғрисидаги Ягона ахборот тизимини, суғурта қилдирувчилар ва жабрланганлар тўғрисидаги шахсий маълумотларни шакллантириш, суғурта сирлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни таъминлаган ҳолда ваколатли давлат органлари ва суғурталовчилар билан Жамғарма ўртасида кўрсатиб ўтилган маълумотларни айирбошлашни ташкил этиш;»;
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Е-полислар, суғурта ҳодисалари, суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчилар тўғрисидаги шахсий маълумотлардан иборат бўлган, Е-полисни сотиш ва расмийлаштириш бўйича ҳамда барча суғурта турлари бўйича Ягона ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш, барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органлари билан маълумотлар алмашинувини ташкил этиш»;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи — саккизинчи хатбошилар қўшилсин:
«тегишли вазирликлар ва идоралар ҳамда суғурталовчилар ўртасида барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турларига оид маълумотлар алмашувини таъминлашни мувофиқлаштиради;
барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турларини амалга ошириш ва суғурта ҳодисаларини ҳал этиш билан боғлиқ интерактив хизматларни кўрсатади ҳамда ахборот тизимларини яратади;
электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида хизмат кўрсатиш имкониятидан фойдаланишнинг чекланган ҳолати аниқланганда, мазкур ҳолат Жамғарма томонидан ўрганилиб, хизмат кўрсатиш имконияти тўлиқ тиклангунга қадар Суғурта ташкилотининг ахборот тизими ҳамда Жамғарма ягона ахборот тизими ўртасида интеграция тўлиқ ёки қисман тўхтатилади.
барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта статистикасини шакллантиради;
барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича ахборот-таҳлил фаолиятини амалга оширади, шу жумладан, буюртма асосида тўлов эвазига»;
тўртинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишлича тўққизинчи — ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
ўнинчи ва ўн учинчи хатбошилардаги «мажбурий суғурта қилиш» сўзлари «барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши қўшилсин:
«барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича ахборот-таҳлил фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан, буюртма асосида тўлов эвазига»;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
8-банднинг бешинчи хатбошисидаги «мажбурий суғурта қилиш» сўзлари «барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари» сўзлари билан алмаштирил син;
9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Жамғарманинг мол-мулки:
транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш фаолияти билан шуғулланувчи суғурталовчиларнинг бир йўла ва календарь тўланадиган бадаллари;
Ягона ахборот тизимидан фойдаланиш ва ушбу тизим доирасида ўзаро ахборот алмашишни ташкил қилиш учун бир йўла тўланадиган ҳамда тизимнинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашни молиялаштириш бўйича даврий тўловлар;
Жамғарма томонидан жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахсларга нисбатан регресс ва суброгация ҳуқуқини амалга оширишдан тушган маблағлар;
Жамғарманинг пул маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
буюртма асосида тўлов эвазига барча мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича ахборот-таҳлил фаолиятини амалга оширишдан олинган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шаклланади»;
10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш фаолияти билан шуғулланувчи суғурталовчиларнинг Жамғармага бир йўла тўланадиган бадали Жамғармага бадал киритиш кунида суғурталовчи устав фондининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдорининг 0,1 фоизини ташкил этади.
Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш фаолияти билан шуғулланувчи суғурталовчиларнинг Жамғармага тўланадиган календарь бадаллари суғурталовчилар томонидан йилнинг ҳар чорагида Жамғармага ўтказиладиган пул маблағларидан иборат бўлади. Календарь бадал миқдори суғурталовчи билан тузилган мажбурий суғурта шартномалари бўйича умумий суғурта суммаси ҳисобот чорагида ўсиши ҳажмидан келиб чиқиб махсус ваколатли давлат органи билан келишув бўйича Жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан белгиланади.
Тўланган календарь бадаллар суммаси Жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан белгиланган миқдорга етганда суғурталовчилар томонидан календарь бадаллар тўлаш махсус ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда мажбурий суғурта шартномалари бўйича умумий суғурта суммасидан келиб чиқиб тўхтатиб турилади. Мажбурий суғурта шартномалари бўйича жами суғурта суммаси ўзгарган тақдирда, суғурталовчи томонидан Жамғармага тўланган календарь бадаллар суммаси қайта ҳисобланади»;
11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Суғурталовчининг Жамғармага Ягона ахборот тизимидан фойдаланиш ва ушбу тизим доирасида ўзаро ахборот алмашишни ташкил қилиш учун тўланадиган бир йўла бадали Жамғармага бадал киритиш кунида суғурталовчи устав фондининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдорининг 0,1 фоизини ташкил этади.
Бунда мазкур бадал Жамғарма билан унга аъзолик тўғрисидаги ёзма битим тузган суғурталовчилар томонидан амалга оширилмайди.
Суғурталовчининг Ягона ахборот тизимининг тўлақонли фаолиятини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашни молиялаштириш бўйича Жамғармага даврий тўловлари суғурталовчилар томонидан йилнинг ҳар чорагида Жамғармага ўтказиладиган пул маблағларидан иборат бўлади.
Даврий тўлов миқдори махсус ваколатли давлат органи билан келишув бўйича Жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан белгиланади.»;
24 ва 25-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Суғурталовчи томонидан Жамғарма ва суғурталовчи ўртасида тузилган битимларда назарда тутилган Жамғарма олдидаги мажбуриятлар мунтазам равишда (ҳисобот даврида икки ва ундан кўп маротаба) бажарилмаган тақдирда, шу жумладан, Жамғарманинг бу ҳақидаги махсус ваколатли давлат органига тақдим этган маълумотига асосан:
махсус ваколатли давлат органи томонидан ушбу суғурталовчи мажбуриятлар бажарилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилади;
суғурталовчи огоҳлантириш сабабларини бартараф этмаган тақдирда, махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмасига асосан Жамғарма томонидан суғурталовчининг Ягона ахборот тизими билан ахборот алмашинуви тўхтатилади;
махсус ваколатли давлат органи томонидан Ягона ахборот тизими билан ахборот алмашинуви тўхтатилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида хабар берилган тақдирда, ахборот алмашинуви қайта тикланади;
Жамғарманинг кузатув кенгаши махсус ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда суғурталовчи ва Жамғарма ўртасида тузилган битимни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
25. Суғурта қилиш бўйича фаолиятнинг ихтиёрий тўхтатилиши муносабати билан Жамғарма билан тузилган битимлар ихтиёрий бекор қилинганда, шунингдек, Жамғарма олдидаги мажбуриятлар бажармаганлиги учун суғурталовчи билан тузилган битимлар бекор қилинган тақдирда, суғурталовчи суғурта қилиш бўйича илгари тузилган ёзма битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариши шарт»;
б) 2-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасининг Кузатув кенгаши
ТАРКИБИ

О.З. Насритдинхожаев

молия вазирининг биринчи ўринбосари, Жамғарма кузатув кенгаши раиси

Б.Т. Абдуллаев

ички ишлар вазирининг ўринбосари

К.Ф. Талипов

Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори

К.А. Абдурахимов

Ўзбекистон суғурта бозори профессионал қатнашчилари уюшмасининг бош директори

О.А. Пекос

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат масалалари бўйича биринчи ўринбосари

Л.Х. Зокиров

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси директори (маслаҳат овози ҳуқуқи билан)

Изоҳ. Жамғарма кузатув кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Жамғарма кузатув кенгаши таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади.»;
в) 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

Директор

Директор ўринбосари

Бухгалтерия ҳисоби ва инвестиция бўлими


3

Суғурта соҳасини рақамлаштириш бошқармаси


1

Ахборот-таҳлил, компенсация тўловлари ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси


3

Ижро назорати ва девонхона бўлими

2

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлиги бўлими


3

Компенсация тўловлари, сийловлар компенсациясини амалга ошириш ва суғурта даъволарини ҳал этиш бўлими

3

Юридик бошқарма

5

Ягона ахборот тизимини қўллаб-қувватлаш ва мониторинг олиб бориш бўлими


3

 

Бошқарув ходимларининг чекланган сони — 25 штат бирлиги.
Жамғарма кузатув кенгаши зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Жамғарма дирекцияси тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.».
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 645-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 50-позициясининг амалга ошириш босқичларидаги 2-бандни амалга ошириш муддатидаги «2022 йил» сўзлари «2023 йил» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низомга 6-иловада:
а) 5-бандда:
«б» кичик бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«суғурталовчининг Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси билан Ягона ахборот тизимидан фойдаланиш ва ушбу тизим доирасида ўзаро ахборот алмашиш тўғрисида ёзма битимнинг мавжуд бўлиши — мажбурий ва ихтиёрий суғурта фаолияти билан шуғулланувчи суғурталовчилар учун (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилувчи суғурталовчилар бундан мустасно);»;
иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
б) 9-бандда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи-еттинчи хатбошилар қўшилсин:
«е) суғурталовчининг Суғурта полиси маълумотларини юритиш маркази билан Ягона ахборот тизимидан фойдаланиш ва ушбу тизим доирасида ўзаро ахборот алмашиш тўғрисидаги ёзма битимнинг мавжудлиги.»;
ж) Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига асосан электрон суғурта хизматлари кўрсатилишини таъминлаш»;
олтинчи — ўн еттинчи хатбошилар тегишлича саккизинчи — ўн тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 декабрдаги 694-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 14 декабрдаги 780-сон қарорининг 4-банди, шунингдек, қарорга илова.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 958-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.12.2022 й., 09/22/694/1068-сон; 18.12.2023 й., 09/23/668/0945-сон; 04.03.2024 й., 07/24/108/0171-сон)