Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.10.2003
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОВАРЛАРНИ ЧАКАНА САВДО ШОХОБЧАЛАРИДАН, МУЛКЧИЛИК ШАКЛЛАРИДАН ҚАТЪИ НАЗАР, КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРГА МАЙДА УЛГУРЖИ СОТИШ ТАРТИБИНИ ҲАМДА ТОВАРЛАРНИ УЛГУРЖИ БОЗОРЛАРДА, УЛГУРЖИ-САВДО КОМПЛЕКСЛАРИДА ВА САВДО МАРКАЗЛАРИДА УЛГУРЖИ ВА МАЙДА УЛГУРЖИ СОТИШ ТАРТИБИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 16 октябрдаги 446-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг истеъмол товарлари олиб келиш ва сотиш масалалари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ва уларнинг айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмол товарлари билан улгуржи ва чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1999 йил 19 мартдаги 125-сон қарорининг 3-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Товарларни чакана савдо шохобчаларидан майда улгуржи сотиш Тартиби 1-иловага мувофиқ;
Товарларни улгуржи бозорларда, улгуржи-савдо комплексларида ва савдо марказларида улгуржи ва майда улгуржи сотиш Тартиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу қарор билан тасдиқланган Тартиблар талабларига корхоналар томонидан қатъий амал қилинишини белгиланган тартибда таъминласинлар.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 24 октябрдаги 412-сонли қарори таҳририда)
3. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига товарларни муассасаларга, ташкилотларга, корхоналарга ва жамоа хўжаликларига улгуржи сотиш бўйича илгари қабул қилинган қарорларни мувофиқлаштириш топширилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари М.З.Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 28 апрель,
200-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил
28 апрелдаги 200-сон қарорига
1-ИЛОВА
Товарларни чакана савдо шохобчаларидан майда улгуржи сотиш
ТАРТИБИ
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмол товарлари билан улгуржи ва чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1999 йил 19 мартдаги 125-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва товарларни улгуржи савдо корхоналари, жисмоний шахслар томонидан турғун савдо шохобчалари орқали сотишни тартибга солади.
2. Товарларни майда улгуржи сотиш статистика органларида расмий равишда рўйхатдан ўтказилган ва тегишли ҳокимликлар томонидан берилган чакана савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаларига эга бўлган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Ҳокимликлар томонидан берилган чакана савдо ва умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаларининг нусхаси хизмат кўрсатувчи банкларга тақдим этилади.
ТОВАРЛАРНИ ЧАКАНА САВДО КОРХОНАЛАРИ ТОМОНИДАН МАЙДА УЛГУРЖИ СОТИШ
3. Савдо корхоналари томонидан товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича майда улгуржи сотиш ўтган ой мобайнидаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизи доирасида амалга оширилади. Бунда майда улгуржи сотилган товарлар ҳар қайси ой учун алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
Товарларнинг ўтган ойлар ҳисобига майда улгуржи сотилишига йўл қўйилмайди.
Савдо ташкилотларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари товарларни нақд пулсиз сотиш операцияларини амалга оширишда ушбу бандга амал қилишлари керак.
4. Чакана савдо ташкилотларига ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасалари (болалар, даволаш муассасалари, қариялар уйлари, меҳрибонлик уйлари, ногиронлар уйлари, ўқув ва маърифий муассасалар) учун товарларнинг товар айланмаси умумий ҳажмига нисбатан 10 фоиздан ортиғини нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича майда улгуржи сотишга рухсат этилади.
МАЗКУР ТАРТИБ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИК
5. Мазкур Тартиб талабларини бузганлик учун айбдор шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланади.
МАЗКУР ТАРТИБГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
6. Мазкур Тартибга риоя этилишини назорат қилиш давлат солиқ хизмати органларига юкланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил
28 апрелдаги 200-сон қарорига
2-ИЛОВА
Товарларни улгуржи бозорларда, улгуржи-савдо комплексларида ва савдо марказларида улгуржи ва майда улгуржи сотиш
ТАРТИБИ
АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмол товарлари билан улгуржи ва чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1999 йил 19 мартдаги 125-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва якка тартибда савдо фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларининг улгуржи бозорларда, улгуржи-савдо комплексларида ва савдо марказларида улгуржи ва майда улгуржи сотилишини тартибга солади, шунингдек, истеъмол товарларини улгуржи ва майда улгуржи сотиш билан якка тартибда шуғулланувчи жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказиш, уларга солиқ солиш, улгуржи ва майда улгуржи операциялардан олинадиган тушумларни ҳисобга олиш ва уларни топшириш хусусиятларини белгилайди.
2. Бозор, савдо маркази — бу Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган ва белгиланган қоидаларга кўра савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган жойларда доимийлик ва вақтинчалик асосида фаолият кўрсатувчи мулкий комплексдир.
Савдо комплекси — бу бир юридик шахс ҳисобланувчи, бир ҳудудда бирлаштирилган бозорлар, савдо марказлари комплексидир.
3. Савдо-сотиқни амалга ошириш бўйича бозорлар чакана ва улгуржи бозорларга бўлинади:
чакана бозор — товарлар ва хизматларни истеъмолчиларга нақд пулга сотиш билан боғлиқ бўлган савдо фаолияти амалга ошириладиган бозор;
улгуржи бозор — товарлар (хизматлар)ни нақд пулга ва нақд пулсиз катта туркумда ва майда улгуржи сотиш билан боғлиқ бўлган савдо фаолияти амалга ошириладиган бозор.
4. Бозорлар ихтисослашувига кўра деҳқон, буюм, озиқ-овқат, универсал ва ихтисослаштирилган бозорларга бўлинади:
деҳқон бозори — қишлоқ хўжалиги товарлари, маҳсулотлари ва буюмлари ҳамда уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар сотиладиган бозор;
буюм бозори — ноозиқ-овқат товарлари сотиладиган бозор;
озиқ-овқат бозори — умумий фойдаланишдаги махсус жиҳозланган турғун савдо павильонлари орқали озиқ-овқат товарлари сотиладиган бозор;
универсал бозор — деҳқон, озиқ-овқат ва буюм бозорлари функциясини қўшиб олиб борувчи бозор;
ихтисослаштирилган бозор — ихтисослаштирилган товарлар (қурилиш материаллари, автомобиллар, эҳтиёт қисмлар, тирик моллар, паррандалар ва шу кабилар) сотиладиган бозор.
УЛГУРЖИ БОЗОРЛАРДА УЛГУРЖИ ВА МАЙДА УЛГУРЖИ САВДОНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАМДА УНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ
5. Улгуржи бозорларда, улгуржи-савдо комплексларида ва савдо марказларида улгуржи савдо қилиш учун жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан истеъмол товарларини улгуржи ва майда улгуржи сотиш ҳуқуқини берувчи сертификатга (илова қилинади) эга бўлган (хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган ҳам юридик, ҳам жисмоний) шахсларга (кейинги ўринларда «сотувчи» деб аталади) рухсат берилади.
6. Истеъмол товарларини улгуржи бозорлар, улгуржи-савдо комплекслари ва савдо марказларида улгуржи ва майда улгуржи сотиш ҳуқуқини берувчи сертификат олиш учун:
а) юридик шахслар улгуржи бозор жойлашган жойдаги давлат ҳокимият органига:
ариза;
корхона давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;
уставнинг «улгуржи савдо» фаолият тури кўрсатилган ҳолдаги нотариал тасдиқланган нусхаси;
белгиланган намунадаги назорат-касса, аппаратининг солиқ органларида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома;
юридик шахсда моддий-техника базаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси;
савдо қилиш ҳуқуқини берувчи маҳаллий йиғим тўланганлигини билдирувчи банк ҳужжатининг нусхаси;
б) жисмоний шахслар улгуржи бозор жойлашган жойдаги давлат ҳокимияти органига:
ариза;
хусусий тадбиркорнинг «улгуржи савдо» фаолият тури кўрсатилган ҳолдаги рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг нусхаси;
банкда ҳисоб-китоб счёти ва муҳри мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;
белгиланган намунадаги назорат-касса аппаратининг солиқ органларида рўйхатдан. ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома;
савдо қилиш ҳуқуқини берувчи маҳаллий йиғим тўланганлигини билдирувчи банк ҳужжатининг нусхасини тақдим этишлари зарур.
7. Сертификат ариза берувчининг хоҳишига кўра бир ойдан ўн икки ойгача берилади.
8. Сертификат 6-бандда кўрсатиб ўтилган тегишли ҳужжатлар топширилган кундан бошлаб беш кун мобайнида берилади.
9. Истеъмол товарлари билан улгуржи ва майда улгуржи савдо қилишга хоҳиш билдирган жисмоний ва юридик шахсларга улгуржи бозорларда, улгуржи-савдо комплексларида ва савдо марказларида савдо қилиш жойлари сертификат ва савдо қилиш жойини ижарага олиш ҳуқуқини берувчи шартнома асосида бозорлар дирекцияси томонидан берилади. Бунда бозор дирекцияси томонидан бир марталик йиғим ва бошқа тўловлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирилади.
10. Юридик ва жисмоний шахслар истеъмол товарларини улгуржи бозорлар, улгуржи-савдо комплекслари ва савдо марказлари ҳудудида ҳам нақд пулсиз, ҳам нақд пулга турғун савдо объектлари ёки дўконларга мослаштирилган бинолар орқали сотиш ҳуқуқига эгадирлар, бунда улар мажбурий тартибда назорат-касса аппаратларидан фойдаланишлари ва нақд тушумларни инкассация хизмати орқали банк муассасаларига ёки ваколатли банкларнинг бозор ҳудудида жойлашган кассаларига топширишлари шартдир.
11. Улгуржи бозорлар, улгуржи-савдо комплекслари ва савдо марказларида савдо-сотиқ фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солинади.
12. Истеъмол товарларини улгуржи бозор, улгуржи-савдо комплекси ва савдо марказида жисмоний шахслар томонидан сотишдан олинган, банклар муассасаларига топшириладиган нақд тушум тадбиркорнинг биринчи талабига кўра тўлиқ ҳажмда қайтарилиши керак.
МАЗКУР ТАРТИБ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИК
13. Мазкур Тартиб талабларини бузганлик учун айбдор шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланилади.
МАЗКУР ТАРТИБГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
14. Мазкур Тартибга риоя қилиниши устидан назорат ўрнатиш давлат солиқ хизматлари органларига юкланади.
Товарларни улгуржи бозорларда,
улгуржи-савдо комплексларида ва
савдо марказларида улгуржи ва
майда улгуржи сотиш Тартибига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси

_____________________ туман (шаҳар) ҳокимлиги

_________ -cон СЕРТИФИКАТ

199___йил «_____» _______________ ‎
___________________________________________________________________ га‎

(корхонани ёки хусусий тадбиркорнинг номи) ‎

_____________________________________________________________________‎
__________________________________________________‎‎____улгуржи бозорида

(улгуржи бозорнинг номи) ‎

199___йил «____» ___________ дан___ 199___йил «____» _____________гача‎
‎‎муддатда товарларни улгуржи ва майда улгуржи сотиш ҳуқуқи берилади.

Туман (шаҳар) ҳокимияти ҳокимнинг ўринбосари‎


‎_______________________‎

имзо, муҳр‎

(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 4-сон, 21-модда)