Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Опера ва балет санъатини тарғиб қилиш ва иқтидорли ижодкорларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Опера ва балет санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 27 декабрдаги ПҚ-64-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Опера ва балет санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 27 декабрдаги ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар:
опера ва балет санъати бўйича иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларни юзага чиқариш ва рағбатлантириш тизимини жорий қилиш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда «Ёш вокал ижрочилари», «Ёш балет ижрочилари», «Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танловларини (кейинги ўринларда — республика кўрик танловлари);
миллий опера ва балет санъатини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш, энг сара миллий ва классик асарлардан аҳолини баҳраманд этиш, хорижий театрлар билан ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун Давлат бюджети ҳисобидан ҳар икки йилда Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танлови ҳамда «Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалини ўтказиш;
республика кўрик-танловларининг Гран-при ва 1-ўрин ғолиблари мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага;
«Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага;
«Ёш вокал ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага;
«Ёш балет ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага;
«Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танлови ҳамда «Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширилишини таъминлаш;
халқаро тадбирларни ўтказишнинг аниқ муддатларини белгилаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;
халқаро тадбирларнинг ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантириш, унинг иш тартибини тасдиқлаш, танловлар иштирокчиларининг ёш чегарасини белгилаш ва ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилган мутахассислар иштирокини таъминлаш;
халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, меценатлик кўмаги, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини жалб этиш чораларини кўриш.
4. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директорига ушбу театрнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур қарорда белгиланган ва бошқа маданий тадбирларни юқори савияда ташкиллаштириш мақсадида қўшимча мутахассисларни жалб этишга рухсат берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 5 октябрь,
569-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 569-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:
миллий опера санъатини янада ривожлантириш ва оммалаштириш;
турли хорижий давлатларнинг опера санъати вакиллари ижро маҳорати билан яқиндан танишиш ҳамда улар билан ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш;
опера санъатидаги иқтидорли ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш;
хорижий давлатларнинг таниқли ижрочиларини жалб этиш орқали мамлакатимизда опера санъатини янада ривожлантириш;
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри репертуарини ижодий ва сифат даражасини, театр ижодкорлари ижро маҳоратини янада яхшилаш;
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон давлат консерваториясида опера санъатининг етакчи намоёндалари иштирокида мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш.
3. Танлов 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Бунда, танловни ўтказишнинг аниқ муддати Ташкилий қўмита томонидан белгиланади ҳамда танлов бошланишидан уч ой аввал Ташкилий қўмита ишчи гуруҳи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
4. Танлов ижро дастури асосида ўтказилади.
5. Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан танлов бошланишидан камида уч ой олдин тасдиқланади.
6. Танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри (кейинги ўринларда — ташкилотчилар) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
7. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш Ташкилий қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.
2-боб. Танловда иштирок этиш шартлари
8. Танловда хорижий ва маҳаллий опера солистлари, халқаро танловлар совриндорлари иштирок этиши мумкин.
9. Танлов иштирокчиларининг ёши Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.
10. Танлов саралаш ва якуний (финал) босқичдан иборат.
Саралаш босқичида иштирокчилар сони чекланмаган.
Саралаш босқичидан 12 нафар иштирокчи якуний (финал) босқичига ўтади.
Танловда олдинги танловлар совриндорларининг қайта иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Саралаш босқичида тўртта асар (кенгайтирилган операдан ариялар, кантата ёки ораториялар (XVII-XVIII асрлар), ўзбек композиторлари асарларидан ариялар, ўз мамлакатлари халқ қўшиқлари («а-капелла» тарзида бўлиши мумкин), рус ва Европа композиторлари асарларидан ариялар) ижро этилади.
Якуний (финал) босқичида иккита асар (Европа композиторлари асарларидан кенгайтирилган ария (XIX-XX асрлар), рус композиторлари асарларидан кенгайтирилган ариялар, ўзбек композиторлари асарларидан ариялар) симфоник оркестр жўрлигида ижро этилади.
11. Барча тингловлар оммавий равишда ўтказилади. Барча асарлар ёддан, асл тилда ижро қилиниши шарт. Ҳар бир асар фақат битта босқичда ижро қилинади.
Ижро этиш тартиби қуръа ташлаш йўли билан белгиланади ва танлов якунига қадар ўзгармай қолади. Якуний (финал) босқичга саралаш босқичида қатнашган 12 нафардан ортиқ иштирокчи киритилмайди.
Ўринлар ва совринларни якуний тақсимлаш ҳакамлар ҳайъатининг якуний йиғилишида амалга оширилади.
Танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатда Ташкилий қўмита томонидан белгиланадиган электрон манзилга қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза юбориш лозим:
маълумотнома (резюме);
ижодий биография;
ҳар бир босқич бўйича иштирокчининг тўлиқ ижро дастури.
12. Танлов дастурида эълон қилинган ишларни иштирокчилар томонидан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
Танловда иштирок этишга рухсат берилган барча иштирокчилар танлов ўтказиладиган йилнинг 15 октябридан кечиктирмай танловга келиш санаси кўрсатилган таклифнома оладилар.
Керакли ҳужжатлар билан тўлиқ тўлдирилмаган ёки танлов ўтказиладиган йилнинг 15 сентябридан кейин юборилган аризалар қабул қилинмайди.
Танлов шартларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ижро дастурига асосан ўзбек опера композиторлари асарларидан ижро этилиши шарт.
Ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга икки марта машқ қилиш ва саралаш босқичида чиқиш учун концертмейстерлар белгиланган тартибда бириктириб берилади.
Танлов ташкилотчиси танловда аудио ва видеоёзувларни ёзиб, кейинчалик қўшимча ҳақ тўламасдан улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Танлов ғолиблари якуний гала-концертида иштирок этишлари шарт.
13. Танловнинг барча иштирокчиларига етакчи опера театрлари вакиллари ва агентларини тинглаш, шунингдек, ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан ўтказиладиган маҳорат дарслари (мастер класс)да қатнашиш имконияти берилади.
3-боб. Танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларни тақдирлаш
14. Танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан маҳаллий ва хорижий маданият ва санъат соҳасидаги 7 — 9 нафар етакчи мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳамда унинг иш тартиби тасдиқланади.
Танловнинг ҳакамлар ҳайъатига етакчи опера яккахонлари, машҳур мусиқа ижрочилари, дирижёрлар, мусиқали театрлар директорлари ва бошқа мутахассислар вакиллари таклиф этилади.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари Ҳакамлар ҳайъати раисини сайлайди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари баҳолаш жараёнида жаҳонга машҳур бўлган композиторларнинг операларидан машҳур арияларини анъана ва усулларини тўғри ижро этилиши, асарда кўрсатилган ҳар битта ноталарни катта хатоликларга йўл қўймаган ҳолда ижро қилиниши, асарнинг мазмун ва моҳиятини тингловчига тўлиқ етказиб берилиши, юқори пардаларда куйланадиган ноталарни вокал санъати қоидаларига риоя қилиниши ва саҳна маданияти каби асосий мезонлари бўйича баҳоланади.
Танловнинг баҳолаш мезонларига кўра ҳар бир мезон бўйича максимал 100 баллик тизим асосида баҳоланади.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга қўйилган баллар тенг бўлиб қолганда Ҳакамлар ҳайъати раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Танловнинг якуний натижалари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.
Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига апелляция шикояти (ариза) беришлари мумкин. Апелляция шикояти белгиланган тартибда рўйхатга олинади, бир кун муддатда кўриб чиқилиб, баённома билан расмийлаштирилади ва ўша куннинг ўзида эълон қилинади.
15. Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида;
2-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари миқдорида;
3-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида.
16. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган «Ўзбек композиторлари асарини энг яхши ижро этганлик учун», Танловнинг энг ёш, энг иқтидорли иштирокчиси» «Ўз мамлакатлари халқ қўшиғини («а-капелла» тарзида ҳам бўлиши мумкин) энг яхши ижро этганлик учун» каби номинациялар ва бошқа номинациялар бўйича махсус диплом билан тақдирланадилар.
Ҳакамлар ҳайъати танловнинг энг яхши концертмейстерларининг (2 киши) ҳар бирига махсус диплом бериш ҳуқуқига эга.
4-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш
17. Танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида амалга оширилади.
18. Танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари, меценатлик кўмаги, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
19. Танлов ташкилотчилари томонидан иштирокчиларнинг қуйидаги харажатлари қопланади:
ҳакамлар ҳайъати аъзолари учун йўл харажатлари, меҳмонхона, овқатланиш, гонорар тўловлари;
танловнинг якуний (финал) босқичига ўтган иштирокчиларнинг танловдаги иштироки тугагунига қадар уларнинг меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари.
Йўл, саралаш босқичидаги меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари — иштирокчилар ҳисобидан қопланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
20. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ хорижий иштирокчиларга бериладиган гонорар ва танлов ғолибларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди, шунингдек, ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.
21. Танлов иштирокчиси бўлган чет эл фуқароси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.
«Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида» низомга
ИЛОВА
Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танловини ўтказиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон бериш

Танлов бошланишидан уч ой аввал

2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини тасдиқлаш

Танлов бошланишидан камида уч ой аввал

 

3-босқич

Танлов иштирокчилари

Танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатга кадар керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза юбориш.

Танлов ўтказиладиган йилнинг 15 сентябрига қадар

4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловда иштирок этишга рухсат берилган барча иштирокчиларга белгиланган муддатдан кечиктирмай танловга келиш санаси кўрсатилган таклифнома юбориш.

Танлов ўтказиладиган йилнинг 15 октябрига қадар

5-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловни икки босқичда ўтказиш. Саралаш ва якуний (финал) босқич.

Танлов ўтказиладиган йилнинг октябрь ойида

6-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танлов ғолибларини тантанали тадбирда тақдирлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш

Танлов ўтказиладиган йилнинг октябрь ойида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 569-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалини (кейинги ўринларда — фестиваль) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:
фестивалнинг бетакрор руҳи ва қиёфасини, ўзига хослигини акс эттириш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, дунё тинчлиги, халқлар ўртасида дўстлик ва аҳилликни кенг тарғиб этиш, мамлакатимиз опера ва балет санъатининг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, бой тарихий ва бетакрор маданиятимизни кенг тарғиб этиш;
опера ва балет санъатини ривожлантириш ва унинг аҳамиятини янада ошириш, ўзбек ҳамда бошқа халқларнинг опера ва балет санъати анъаналарини қамраб олиш, улар билан яқиндан илмий ва ижодий мулоқот ва ҳамкорлик қилиш;
ёш авлодни опера ва балет санъатига, айниқса, ўзбек миллий опера ва балетига бўлган қизиқишларини қаноатлантириш;
опера ва балет санъатининг анъаналарини асраш, маданий мулоқотни янада ривожлантириш, илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.
3. Фестиваль 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Бунда, унинг аниқ муддати Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади ҳамда Фестиваль бошланишидан бир ой олдин Ташкилий қўмита ишчи гуруҳи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
4. Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри (кейинги ўринларда — ташкилотчилар) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
5. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш Ташкилий қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.
2-боб. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
6. Фестиваль ижро дастури ва унда ижро этиладиган саҳна асарлари рўйхати асосида ўтказилади.
7. Фестивалнинг ижро дастури ва унда ижро этиладиган саҳна асарлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан фестиваль бошланишидан камида икки ой олдин тасдиқланади.
8. Фестиваль доирасида «Опера ва балетнинг бугуни ёшлар нигоҳида ва келажак истиқболлари» мавзуида илмий-амалий семинар, опера ва балет устозлари иштирокида «маҳорат дарслари» ташкил этилади.
9. Илмий-амалий семинар иштирокчилари маърузасининг тўла матни 3-4 бетдан ва тезислар 300 та сўздан кам бўлмаслиги ҳамда ижро дастури 15 дақиқадан ошмаслиги лозим.
10. Илмий-амалий семинарда иштирок этувчиларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан аниқланиб, ушбу тадбир ўтказилишидан 10 кун олдин иштирокчиларга маълум қилинади.
11. Илмий-амалий семинарнинг ишчи тиллари этиб ўзбек, инглиз ва рус тиллари белгиланади.
12. Фестивалда мамлакатимизда ва хорижда ном қозонган таниқли дирижёрлар, опера ва балет артистлари, халқаро танловлар совриндорлари иштирок этади.
13. Фестиваль иштирокчилари ташкилотчиларга реклама материаллари, афишалар, DVD, аннотациялар, ижодий биографиялар тақдим этадилар.
3-боб. Фестивални молиялаштириш
14. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида амалга оширилади.
15. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари, меценатлик кўмаги, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
16. Фестиваль хорижий иштирокчиларининг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши, меҳмонхона, гонорар, овқатланиши ва ички транспорт билан боғлиқ харажатлар ташкилотчилар томонидан қопланади.
Бунда, хорижий иштирокчиларнинг ҳар бир аъзосига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида гонорар пули тўланади.
4-боб. Фестиваль иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
17. Фестиваль иштирокчилари фестиваль ҳақида барча маълумотларга эга бўлишга ҳақли.
18. Фестиваль иштирокчилари:
ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни (реклама материаллари, афишалар, DVD, аннотациялар, ижодий биографиялар) ўз вақтида тақдим этиши;
репетициялар ўтказиш жадвали ҳамда фестиваль кун тартибига қатъий риоя этиши шарт.
5-боб. Ташкилотчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
19. Ташкилотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Фестиваль қатнашчиларининг ижроларини эфирга узатиш ҳамда бошқа ташкилотларга трансляция қилиш учун тақдим этиш;
Фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги аудио, видео, босма ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;
Фестивалда иштирок этаётган ижодкорлар томонидан Ташкилий қўмитага юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланиш;
Фестивалга жаҳондаги етакчи соҳа мутахассислари ва санъат намоёндаларини жалб этиш.
20. Ташкилотчи:
Фестивални юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун чора-тадбирлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқади;
Фестиваль хорижий иштирокчиларининг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши, меҳмонхона, гонорар, овқатланиши ва ички транспорт билан боғлиқ харажатларини қоплайди;
Ташкилий қўмита томонидан ташкилотчилар зиммасига бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ хорижий иштирокчиларга бериладиган гонорар пули жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди, шунингдек, ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.
22. Фестиваль иштирокчиси бўлган чет эл фуқароси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Давлат молиявий назорати инспекцияси фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
«Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида» низомга
ИЛОВА
«Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

«Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалини ўтказиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон бериш

Фестиваль бошланишидан бир ой аввал

2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Фестивалнинг ижро дастури ва фестивалда ижро этиладиган асарлар рўйхатини тасдиқлаш

Фестиваль бошланишидан камида икки ой аввал

3-босқич

Фестиваль иштирокчилари

Фестивалда иштирок этиш учун белгиланган муддатга қадар керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза юбориш.

Фестиваль бошланишидан камида икки ой аввал

4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Фестиваль доирасида «Опера ва балетнинг бугуни ёшлар нигоҳида ва келажак истиқболлари» мавзуида илмий-амалий семинар ўтказиш.

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг апрель ойида

5-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Илмий-амалий семинарда иштирок этувчиларнинг рўйхатини ушбу тадбир ўтказилишидан 10 кун олдин иштирокчиларга маълум қилиш.

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг апрель ойида

6-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Фестиваль ғолибларини тантанали тадбирда тақдирлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг апрель ойида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 569-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Ёш вокал ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ёш вокал ижрочилари» республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:
опера санъатини янада юксалтириш, моҳир ижрочиларни кашф этиш;
опера санъати ижрочиларининг маҳорати, истеъдоди ва қобилиятини намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш;
опера санъати ижрочиларни юксак даражага кўтариш, миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш;
опера санъати ижрочилигининг ижро имкониятларини ошириш ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари билан оммани таништириш.
3. Танлов ижро дастури асосида ўтказилади.
4. Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан танлов бошланишидан камида бир ой олдин тасдиқланади.
Тасдиқланган ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига беш кун муддатда;
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати келиб тушгандан кейин уч кун муддатда болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотлари, бадиий ва ижодий жамоаларга етказилади.
5. Танлов дастури тасдиқлангандан сўнг унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.
6. Танлов 2022 йилдан бошлаб ҳар йили бир марта февраль ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ва Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилади.
7. Танловни ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда танлов бошланишидан бир ой олдин ишчи гуруҳ томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.
2-боб. Танловда иштирок этиш шартлари
9. Танловда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотларининг талабалари, ўқитувчилари, бадиий ва ижодий жамоаларнинг ижрочилари иштирок этиши мумкин.
10. Танлов иштирокчиларининг ёши Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.
11. Танловда иштирок этишни истаган ижрочилар танлов бошланишидан ўттиз кун олдин Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
танловда иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);
танловда иштирок этиш учун ижро дастури.
12. Ҳар йили белгиланган санадан кеч тақдим этиладиган ҳужжатлар қабул қилинмайди.
13. Иштирокчиларнинг танлов давомида асарларни ижро этиш навбати белгиланган тартибда қуръа ташлаш орқали аниқланади ва ушбу тартиб танлов якунига қадар сақлаб қолинади.
14. Асарлар ёддан ижро этилади.
3-боб. Танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларни тақдирлаш
15. Танловни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан маданият ва санъат соҳасидаги 5 — 7 нафар етакчи мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳамда унинг иш тартиби тасдиқланади.
16. Танлов саралаш ва якуний (финал) босқичдан иборат бўлади.
Танлов иштирокчилари қуйидаги мезонларга асосан баҳоланади:
ижро маҳорати;
профессионал тайёргарлиги;
репертуар савияси;
саҳна маданияти ва артистик маҳорати.
17. Танловнинг саралаш ва якуний босқичларида иштирокчиларнинг ижро маҳорати ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 100 баллик тизим бўйича баҳоланади.
18. Танловнинг саралаш босқичида умумий балл натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 12 нафар иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловнинг якуний (финал) босқичига ўтказилади.
19. Танловнинг якуний (финал) босқичида асарлар оркестр жўрлигида ижро этилади.
20. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга қўйилган баллар тенг бўлиб қолганда, ҳакамлар ҳайъати раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
21. Танловда энг кўп умумий балл тўплаган иштирокчилар орасидан ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловнинг Гран-при, 1, 2, 3-ўрин совриндорлари аниқланади.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларнинг натижалари тенг келиб қолган тақдирда 1, 2 ва 3-ўринлар учун белгиланган пул мукофотлари иштирокчилар ўртасида бўлиниши (Гран-придан ташқари) мумкин.
22. Иштирокчиларни баҳолашда ҳакамлар ҳайъати мустақилдир.
23. Танловнинг якуний натижалари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.
24. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига апелляция шикояти (ариза) беришлари мумкин. Апелляция шикояти белгиланган тартибда рўйхатга олинади, бир кун муддатда кўриб чиқилиб, баённома билан расмийлаштирилади ва ўша куннинг ўзида эълон қилинади.
25. Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
Гран-при — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида;
1-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробари миқдорида;
2-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида;
3-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида.
26. Танлов ғолиблари бўлган ўқувчи ва талабаларнинг ўқитувчи ва концертмейстерлари махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
27. Танловнинг якуний босқичи иштирокчиларига «Ёш вокал ижрочилари» республика кўрик-танлови иштирокчиси дипломи берилади.
28. Танловнинг Гран-при ва 1-ўрин ғолиблари мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Ушбу банднинг биринчи хатбошиси олий таълим муассасаларининг талабалари ва ўқитувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш
29. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг Васийлик кенгаши томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари;
меценатлик кўмаги;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
30. Танлов иштирокчиларининг танлов ўтказилиши белгиланган ҳудудга келиб-кетиш, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари уларни танловда иштирок этиш учун ўз маблағлари ёки юбораётган ташкилотнинг маблағлари ёхуд жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
5-боб. Якунловчи қоида
31. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
«Ёш вокал ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида» низомга
ИЛОВА
«Ёш вокал ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

«Ёш вокал ижрочилари» республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон бериш

Танлов бошланишидан бир ой аввал

2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини тасдиқлаш

Танлов бошланишидан камида бир ой аввал

3-босқич

Танлов иштирокчилари

Танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатга кадар керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза юбориш.

Танлов ўтказиладиган йилнинг 20 февралига қадар

4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловни икки босқичда ўтказиш. Саралаш ва якуний (финал) босқич.

Танлов ўтказиладиган йилнинг февраль ойида

5-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танлов ғолибларини тантанали тадбирда тақдирлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш

Танлов ўтказиладиган йилнинг февраль ойида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 569-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Ёш балет ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ёш балет ижрочилари» республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:
балет санъатини янада юксалтириш, моҳир ижрочиларни кашф этиш;
балет санъати ижрочиларининг маҳорати, истеъдоди ва қобилиятини намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш;
балет санъати ижрочилигини юксак даражага кўтариш, миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш;
балет санъати ижрочилигининг ижро имкониятларини ошириш ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари билан оммани таништириш.
3. Танлов ижро дастури асосида ўтказилади.
4. Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан танлов бошланишидан камида уч ой олдин тасдиқланади.
Тасдиқланган ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига беш кун муддатда;
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати келиб тушгандан кейин уч кун муддатда болалар мусиқа ва санъат мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблар, мактаб-интернатлар, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотлар, бадиий ва ижодий жамоаларга етказилади.
5. Танлов дастури тасдиқлангандан сўнг унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
6. Танлов 2022 йилдан бошлаб ҳар йили бир марта апрель ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ва Ўзбекистон давлат хореография академиясида ўтказилади.
7. Танловни ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда ушбу танловлар бошланишидан уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Ўзбекистон давлат хореография академияси танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.
2-боб. Танловда иштирок этиш шартлари
9. Танловда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб интернатлари, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотларининг талабалари, ўқитувчилари, бадиий ва ижодий жамоаларнинг ижрочилари иштирок этиши мумкин.
10. Танловда 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ижодкорлар иштирок этишлари мумкин.
11. Танловда иштирок этишни истаган ижрочилар танлов бошланишидан ўттиз кун олдин Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
танловда иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);
танловда иштирок этиш учун ижро дастури.
12. Ҳар йили 20 февралдан кеч тақдим этиладиган ҳужжатлар қабул қилинмайди.
13. Иштирокчиларнинг танлов давомида асарларни ижро этиш навбати белгиланган тартибда қуръа ташлаш орқали аниқланади ва ушбу тартиб танлов якунига қадар сақлаб қолинади.
3-боб. Танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларни тақдирлаш
14. Танловни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан маданият ва санъат соҳасидаги 5 — 7 нафар етакчи мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳамда унинг иш тартиби тасдиқланади.
15. Танлов саралаш ва якуний (финал) босқичдан иборат бўлади.
Танлов иштирокчилари қуйидаги мезонларга асосан баҳоланади:
ижро маҳорати;
профессионал тайёргарлиги;
репертуар савияси;
саҳна маданияти ва артистик маҳорати.
16. Танловнинг босқичларида иштирокчиларнинг ижро маҳорати ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 100 баллик тизим бўйича баҳоланади.
17. Танловнинг саралаш босқичида умумий балл натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган иштирокчиларнинг 40 фоизи ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловнинг якуний босқичига ўтказилади.
18. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга қўйилган баллар тенг бўлиб қолганда, ҳакамлар ҳайъати раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
19. Танловда энг кўп умумий балл тўплаган иштирокчилар орасидан ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловнинг 1, 2, 3-ўрин совриндорлари аниқланади.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларнинг натижалари тенг келиб қолган тақдирда 1, 2 ва 3-ўринлар учун белгиланган пул мукофотлари иштирокчилар ўртасида бўлиниши мумкин.
20. Иштирокчиларни баҳолашда ҳакамлар ҳайъати мустақилдир.
21. Танловнинг якуний натижалари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.
22. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига апелляция шикояти (ариза) беришлари мумкин. Апелляция шикояти белгиланган тартибда рўйхатга олинади, бир кун муддатда кўриб чиқилиб, баённома билан расмийлаштирилади ва ўша куннинг ўзида эълон қилинади.
23. Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробари миқдорида;
2-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида;
3-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида.
24. Танлов ғолиблари бўлган ўқувчи ва талабаларнинг ўқитувчилари махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
25. Танловнинг якуний босқичи иштирокчиларига «Ёш балет ижрочилари» республика кўрик-танлови иштирокчиси дипломи берилади.
26. Танловнинг 1-ўрин ғолиби мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Ушбу банднинг биринчи хатбошиси олий таълим муассасаларининг талабалари ва ўқитувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш
27. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг Васийлик кенгаши томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари;
меценатлик кўмаги;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
28. Танлов иштирокчиларининг танлов ўтказилиши белгиланган ҳудудга келиб-кетиш, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари уларни танловда иштирок этиш учун ўз маблағлари ёки юбораётган ташкилотнинг маблағлари ёхуд жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
5-боб. Якунловчи қоида
29. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
«Ёш балет ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида» низомга
ИЛОВА
«Ёш балет ижрочилари» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

«Ёш балет ижрочилари» республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон бериш

Танлов бошланишидан уч ой аввал

2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини тасдиқлаш

Танлов бошланишидан камида уч ой аввал

3-босқич

Танлов иштирокчилари

Танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатга қадар керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза юбориш.

Танлов ўтказиладиган йилнинг 20 февралига қадар

4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловни икки босқичда ўтказиш. Саралаш ва якуний (финал) босқич.

Танлов ўтказиладиган йилнинг апрель ойида

5-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танлов ғолибларини тантанали тадбирда тақдирлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш

Танлов ўтказиладиган йилнинг апрель ойида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 569-сон қарорига
5-ИЛОВА
«Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:
опера ва балет санъатини янада юксалтириш, дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларни кашф этиш;
дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларнинг маҳорати, истеъдоди ва қобилиятини намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш;
дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларни юксак даражага кўтариш, миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш;
дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларнинг ижро имкониятларини ошириш ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари билан оммани таништириш.
3. Танлов ижро дастури ва ижро этиладиган асарлар асосида ўтказилади.
4. Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан танлов бошланишидан камида уч ой олдин тасдиқланади.
Тасдиқланган ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига беш кун муддатда;
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати келиб тушгандан кейин уч кун муддатда болалар мусиқа ва санъат мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблар, мактаб-интернатлар, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотлар, бадиий ва ижодий жамоаларга етказилади.
5. Танлов дастури тасдиқлангандан сўнг унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.
6. Танлов 2022 йилдан бошлаб ҳар йили бир марта июнь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида ўтказилади.
7. Танловни ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда ушбу танлов бошланишидан уч ой олдин ишчи гуруҳ томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат хореография академияси танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.
2-боб. Танловда иштирок этиш шартлари
9. Танловда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб интернатлари, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотларининг талабалари, ўқитувчилари, бадиий ва ижодий жамоаларнинг ижрочилари иштирок этиши мумкин.
10. Танлов иштирокчиларининг ёши Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.
11. Танловда иштирок этишни истаган ижрочилар танлов бошланишидан ўттиз кун олдин Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
танловда иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);
танловда иштирок этиш учун ижро дастури.
12. Ҳар йили белгиланган санадан кеч тақдим этиладиган ҳужжатлар қабул қилинмайди.
13. Иштирокчиларнинг танлов давомида асарларни ижро этиш навбати белгиланган тартибда қуръа ташлаш орқали аниқланади ва ушбу тартиб танлов якунига қадар сақлаб қолинади.
14. Асарлар ёддан ижро этилади ҳамда намойиш этилади.
15. Танлов қуйидаги 3 та йўналиш (номинация) бўйича ўтказилади:
дирижёрлик йўналиши;
режиссёрлик йўналиши;
балетмейстерлик йўналиши.
3-боб. Танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларни тақдирлаш
16. Танловни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан маданият ва санъат соҳасидаги 7 — 9 нафар етакчи мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳамда унинг иш тартиби тасдиқланади.
17. Танлов саралаш ва якуний босқичдан иборат бўлади.
Танлов иштирокчилари қуйидаги мезонларга асосан баҳоланади:
профессионал тайёргарлиги;
репертуар савияси;
бадиий дид билан ёндашуви;
саҳна маданияти ва артистик маҳорати.
18. Танловнинг босқичларида иштирокчиларнинг маҳоратлари ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 100 баллик тизим бўйича баҳоланади.
19. Танловнинг саралаш босқичида умумий балл натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган иштирокчиларнинг 40 фоизи ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловнинг якуний босқичига ўтказилади.
20. Танловнинг якуний босқичида асарлар оркестр жўрлигида ижро этилади.
21. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга қўйилган баллар тенг бўлиб қолганда, ҳакамлар ҳайъати раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
22. Танловда энг кўп умумий балл тўплаган иштирокчилар орасидан ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан ҳар бир йўналиш (номинация) бўйича танловнинг 1, 2, 3-ўрин соҳиби аниқланади.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларнинг натижалари ҳар бир йўналиш (номинация) бўйича тенг келиб қолган тақдирда 1, 2 ва 3-ўринлар учун белгиланган пул мукофотлари иштирокчилар ўртасида бўлиниши мумкин.
23. Иштирокчиларни баҳолашда ҳакамлар ҳайъати мустақилдир.
24. Танловнинг якуний натижалари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.
25. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига апелляция шикояти (ариза) беришлари мумкин. Апелляция шикояти белгиланган тартибда рўйхатга олинади, бир кун муддатда кўриб чиқилиб, баённома билан расмийлаштирилади ва ўша куннинг ўзида эълон қилинади.
26. Танлов ғолиблари ҳар бир йўналиш бўйича диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробари миқдорида;
2-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида;
3-ўрин — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида.
27. Танлов ғолиблари бўлган ўқувчи ва талабаларнинг ўқитувчилари махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
28. Танловнинг якуний босқичи иштирокчиларига «Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танлови иштирокчиси дипломи берилади.
29. Танловнинг 1-ўрин ғолиби мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Ушбу банднинг биринчи хатбошиси олий таълим муассасаларининг талабалари ва ўқитувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш
30. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг Васийлик кенгаши томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари;
меценатлик кўмаги;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
31. Танлов иштирокчиларининг танлов ўтказилиши белгиланган ҳудудга келиб-кетиш, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари уларни танловда иштирок этиш учун ўз маблағлари ёки юбораётган ташкилотнинг маблағлари ёхуд жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
5-боб. Якунловчи қоида
32. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
«Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида» низомга
ИЛОВА
«Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

«Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар» республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон бериш

Танлов бошланишидан уч ой аввал

2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини тасдиқлаш

Танлов бошланишидан камида уч ой аввал

3-босқич

Танлов иштирокчилари

Танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатга қадар керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза юбориш.

Танлов ўтказиладиган йилнинг 20 февралига қадар

4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танловни икки босқичда ўтказиш. Саралаш ва якуний (финал) босқич.

Танлов ўтказиладиган йилнинг июнь ойида

5-босқич

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

Танлов ғолибларини тантанали тадбирда тақдирлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш

Танлов ўтказиладиган йилнинг июнь ойида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 569-сон қарорига
6-ИЛОВА
Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танлови ҳамда «Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивалига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ

1.

А.А. Абдухакимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири, Ташкилий қўмита раиси

2.

О.А. Назарбеков

маданият вазири, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари

3.

Ж.А. Артикходжаев

Тошкент шаҳар ҳокими

4.

Б.С. Юлдашев

Фанлар академияси президенти

5.

Г.Г. Фазилов

ташқи ишлар вазири ўринбосари

6.

А.Д. Хаджаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси

7.

А.К. Кучимов

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

8.

Ё. Ахмедов

Театр арбоблари уюшмаси раиси

9.

Р.Б. Усмонов

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори, Ташкилий қўмита котиби

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.10.2022 й., 09/22/569/0899-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)