Ҳужжат кучини йўқотган " " 23.10.2023
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сонли «Никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармонига мувофиқ аҳолига ўзаро боғлиқ давлат хизматларидан композит тарзда фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармонига мувофиқ 2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
тиббиёт муассасаси ходими вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириб, «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (кейинги ўринларда — ФҲДЁ) органига юборади. Бунда, вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ органига мурожаат қилиши ҳам мумкин;
ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида шахснинг ўлимини «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимида қайд қилиб, QR-код орқали тасдиқлайди;
ФҲДЁ органи вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга вафот этганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади.
2. Ўлимни қайд этиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
2022 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида тиббиёт муассасалари томонидан ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон тизим орқали ўлим ҳақида тиббий маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилади;
ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади.
4. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда тегишли вазирлик ва идораларда давлат хизматини ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш чораларини кўрсин.
5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бир ой муддатда ўлим ҳақида тиббий маълумотнома бериш ваколатига эга бўлган тиббиёт муассасалари, маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар ва тиббий-ижтимоий муассасалар (Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий реабилитация марказлари, Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати ҳамда Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун «Мурувват» ва «Саховат» интернат-уйлари) зарур компьютер техникалари билан жиҳозланишини, юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизимига уланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари 2022 йил 1 июлдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 25 февраль,
89-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 89-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга (кейинги ўринларда — ариза берувчилар) ўлим ҳақида тиббий маълумотнома бериш, ўлимни қайд қилиш, вафот этган шахсни дафн қилиш учун қабристонга маълумотнома бериш ва дафн этиш учун нафақа бериш бўйича композит давлат хизматлари (кейинги ўринларда — давлат хизматлари) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Давлат хизматини кўрсатишда қуйидагилар иштирок этади:
а) тиббиёт муассасалари, маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар ва тиббий-ижтимоий муассасалар (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасалари) вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни ўлим ҳақидаги электрон тиббий маълумотномани шакллантириш учун махсус электрон бланкага киритади ва автоматик равишда ўлим ҳақида далолатнома ёзувини қайд қилиш учун тиббиёт муассасаси жойлашган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига (кейинги ўринларда — ФҲДЁ бўлими) «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — автоматлаштирилган ахборот тизими) орқали юборади.
Бунда, электрон тизим орқали шакллантирилган ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома ариза берувчиларнинг талабига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши ҳам мумкин;
б) ФҲДЁ бўлими:
тиббиёт муассасасидан ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома келиб тушиши билан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали ўлим ҳақида далолатнома ёзувини автоматик равишда қайд этади ва ўлим ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси)нинг ахборот тизимига электрон шаклда юборади;
вафот этган шахснинг яқин қариндошлари ва меросхўрларининг исталган вақтдаги талабига асосан уларга ўлим ҳақидаги маълумотномани гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади;
в) тиббиёт муассасаси «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали автоматик равишда олинган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлим ҳақидаги маълумотномани ариза берувчиларга икки нусхада чоп этиб беради;
г) Пенсия жамғармаси ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўтган ойда ушбу ҳудудда тўланган дафн этиш учун нафақаларнинг умумий миқдоридан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот (кейинги ўринларда — тижорат банки) ҳисобварағига молиялаштиради;
д) тижорат банки дафн этиш учун нафақа тўловини тиббиёт муассасаси томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлим ҳақидаги маълумотнома асосида Пенсия жамғармасига электрон сўров юбориш орқали мурожаат қилган фуқаронинг нафақага бўлган ҳуқуқини тасдиқлаган ҳолда амалга оширади.
3. Ушбу Регламент талаблари:
вояга етмаган вафот этган шахсга нисбатан ФҲДЁ бўлимида туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганда;
ўлим ҳолатини суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорига асосан қайд қилишда;
ўлими қонунчиликда белгиланган муддатларда қайд этилмаган шахсларнинг ўлимини қайд этишда;
шахси аниқланмаганларнинг ўлимини қайд этишда;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўлимини қайд этишда татбиқ этилмайди.
Ушбу бандда кўрсатилган тоифадаги шахсларнинг ўлимини қайд этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида белгиланган умумий тартибда амалга оширилади.
4. Тиббиёт муассасаси, ФҲДЁ бўлими, Пенсия жамғармаси ва тижорат банки (кейинги ўринларда — ваколатли органлар) ўртасидаги ахборот алмашинуви фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
Мазкур давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.
5. Давлат хизматини кўрсатиш мазкур Регламентнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
6. Шахснинг биологик ўлим ҳолати белгиланган тартибда (патологоанатомик, суд-тиббий экспертиза ва бошқалар) тасдиқланганидан сўнг тиббиёт муассасаси ходими бир соат ичида ўлим ҳақидаги электрон тиббий маълумотномани шакллантириш учун вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ сўровнома шаклида автоматлаштирилган ахборот тизимига киритади ва автоматик равишда ўлим ҳақида далолатнома ёзувини қайд қилиш учун тиббиёт муассасаси жойлашган жойдаги ФҲДЁ бўлимига юборади.
Бунда, вафот этган шахсга тегишли маълумотлар унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида киритилади.
Ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома автоматик равишда «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига юборилади.
Ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома ариза берувчиларнинг талабига асосан уларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши ҳам мумкин.
7. ФҲДЁ бўлими:
тиббиёт муассасасидан ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома келиб тушиши билан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали ўлим ҳақида далолатнома ёзувини автоматик равишда қайд этади ва ўлим ҳақидаги маълумотномани ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда тиббиёт муассасасига ҳамда Пенсия жамғармасининг ахборот тизимига электрон шаклда юборади;
вафот этган шахснинг яқин қариндошлари ва меросхўрларининг исталган вақтдаги талабига асосан уларга ўлим ҳақидаги маълумотномани гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади.
8. Тиббиёт муассасаси QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлим ҳақидаги маълумотномани ариза берувчиларга икки нусхада, шу жумладан қабристонга тақдим этиш учун чоп этиб беради.
9. Пенсия жамғармаси:
«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали келиб тушган маълумот асосида вафот этган шахсга тайинланган пенсия ва/ёки нафақа тўловини ахборот тизимида автоматик равишда тўхтатади;
тижорат банкининг электрон маълумотига асосан ахборот тизимида дафн этиш учун тўланган нафақалар рўйхатини шакллантиради ва ҳисобини юритади;
ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўтган ойда ушбу ҳудудда тўланган дафн этиш учун нафақаларнинг умумий миқдоридан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни тижорат банкининг ҳисобварағига молиялаштиради.
Бунда, молиялаштиришнинг сўнгги куни дам олиш ёки байрам (иш куни бўлмаган) кунларига тўғри келган ҳолларда кейинги иш куни муддатнинг сўнгги куни ҳисобланади.
Ариза берувчилар ФҲДЁ бўлими томонидан ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома ёки тиббиёт муассасаси томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлим ҳақидаги маълумотнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини кўрсатган ҳолда, ўлим ҳолати қайд қилингандан бошлаб 60 кун муддат ичида дафн этиш учун нафақа пулини олиш мақсадида тижорат банкининг исталган филиалига мурожаат қилиши мумкин.
10. Тижорат банки дафн этиш учун нафақа тўловини олиш мақсадида мурожаат қилган фуқаронинг нафақага бўлган ҳуқуқини ФҲДЁ бўлими томонидан ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома ёки тиббиёт муассасаси томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлим ҳақидаги маълумотнома асосида Пенсия жамғармасига электрон сўров юбориш орқали тасдиқлайди ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақа тўловини амалга оширади.
Дафн этиш учун нафақа ФҲДЁ бўлими томонидан ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома ёки тиббиёт муассасаси томонидан QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлим ҳақидаги маълумотнома берилган жисмоний шахсларга тўланади.
Дафн этиш учун нафақа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома орқали тўланиши мумкин.
Дафн этиш учун нафақа пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг тўрт баравари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиради.
Дафн этиш учун нафақа тўлови миқдори ўлим содир бўлган кундаги, асосли сабабларга кўра (марҳумни қидириш, жасадни хорижий давлат ҳудудидан олиб келиш ва бошқалар) марҳум ўлим аниқланган кундан кеч дафн этилган ҳолларда ушбу ҳолатни тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида дафн этиш кунида белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.
Дафн этиш нафақасини олиш учун мурожаат қилган шахс бунга ҳуқуқи бўлмаса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нафақани олиш учун фуқаронинг ўлими қайд қилингандан бошлаб 60 кундан кейин мурожаат қилса дафн этиш учун нафақа тўлаш рад этилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
11. Ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан доимий назоратни (мониторинг) амалга оширадилар.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги 385-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2022 й., 09/22/385/0643-сон)
13. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
14. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўлимни қайд этиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Тиббиёт муассасаси ходими

Ўлим ҳолати белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг, вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни электрон тиббий маълумотномани шакллантириш учун махсус электрон бланкага киритиш ва автоматик равишда ўлим ҳақида далолатнома ёзувини қайд қилиш учун ФҲДЁ бўлимига «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юбориш.

Ўлим ҳолати белгиланган тартибда (патологоанатомик, суд-тиббий экспертиза ва бошқа) тасдиқлангандан сўнг бир соат ичида

2-босқич

ФҲДЁ бўлими

1. «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали автоматик равишда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувини қайд этиш ва бу ҳақдаги маълумотномани тиббиёт муассасаси ва Пенсия жамғармасига электрон шаклда юбориш.

Маълумотлар келиб тушгандан сўнг автоматик равишда

2. Вафот этган шахснинг яқин қариндошлари ва меросхўрларининг исталган вақтдаги талабига асосан экстерриториал тамойил асосида ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномани чоп этиб бериш ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юбориш.

Ариза берувчилар, вафот этган шахснинг яқин қариндошлари ёки меросхўрлари томонидан мурожаат қилинганда

3-босқич

Тиббиёт муассасаси ходими

QR-код тасвири туширилган ўлим ҳақидаги маълумотномани ариза берувчиларга икки нусхада чоп этиб бериш.

Маълумотнома келиб тушгандан сўнг дарҳол

4-босқич

Пенсия жамғармаси бўлими

1. «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали келиб тушган маълумот асосида вафот этган шахсга тайинланган пенсия ва/ёки нафақа тўловини ахборот тизимида автоматик равишда тўхтатиш.

Автоматик равишда

Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармаси

2. Ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўтган ойда ушбу ҳудудда тўланган дафн этиш учун нафақаларнинг умумий миқдоридан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Тижорат банкининг ҳисобварағига молиялаштириш.

Ҳар ойнинг 5 санасига қадар

5-босқич

Тижорат банки

Дафн этиш учун нафақа тўловини олиш мақсадида мурожаат қилган фуқаронинг нафақага бўлган ҳуқуқини ФҲДЁ бўлими томонидан ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома ёки тиббиёт муассасаси томонидан берилган QR-код туширилган ўлим ҳақидаги маълумотнома асосида Пенсия жамғармасига электрон сўров юбориш орқали тасдиқлаш ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақа тўловини амалга ошириш.

Мурожаат қилган вақтда

Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА

_______________________

(сана)

_____________________

(рақам)

Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларидан

фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи ҳақида маълумот:

1. Ф.И.О.:

2. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР):

3. Телефон рақами ва электрон почта манзили:

4. Яшаш жойи:

II. Вафот этган шахс ҳақидаги маълумотлар

(маълумотлар тўлиқ ёзилиши шарт):

1. Вафот этган шахснинг Ф.И.О.:

2. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР):

3. Миллати:

4. Фуқаролиги:

5. Жинси:

6. Вафот этган вақти:

7. Вафот этган жойи:

8. Ўлимнинг сабаби:

9. Туғилган санаси ва жойи:

10. Яшаган жойи (манзили) ва шахсини тасдиқловчи маълумотлар:

11. Ёши:

III. Дафн этиш учун нафақа олиш

1. Дафн этиш учун нафақа олиш:

ҳа

йўқ

2. Гербли гувоҳномани почта алоқаси орқали етказиб бериш:

ҳа

йўқ

Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА

Ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд қилинганлиги тўғрисида

МАЪЛУМОТНОМА
№ _______
_____

1. Фуқаронинг Ф.И.О.

2. Вафот этган санаси:

3. Ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд қилинган сана:

4. Далолатнома рақами:

5. Ўлим сабаби:

6. Қайд қилган ФҲДЁ бўлими:

7. Туғилган вақти ва ёши:

8. Вафот этган жойи:

9. Маълумотнома берилган сана:

10. Вафот этган шахснинг ЖШШИР:

11. Тиббиёт муассасаси:


Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи QR-код

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 89-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Дафн этишга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 14 июндаги 174-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сон Қонуни)» 2014 йил 31 декабрдаги 372-сон қарорига илованинг 3-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 25 сентябрдаги 766-сон қарорига илованинг 4-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 3 октябрдаги 789-сон қарорига илованинг 6-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони) 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 105-банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 23 майдаги 327-сон қарори 1-банди учинчи хатбошиси, 5-банди, шунингдек унга 2 ва 5-иловалар.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарори) 2020 йил 7 июлдаги 429-сон қарорига 1-илованинг 9-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.02.2022 й., 09/22/89/0164-сон; 14.07.2022 й., 09/22/385/0643-сон)