Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарорига мувофиқ:
Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилганлиги;
2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши белгиланганлиги;
беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилиши бўйича тартиб белгиланганлиги;
онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилиши;
б) Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолига гематология хизматларини кўрсатиш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 3 августдаги 492-сон қарорибилан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази бино ва иншоотларида мослаштириш ва қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланганлиги ҳамда зарур маблағлар ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказини (кейинги ўринларда — Марказ) Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритишини таъминласин.
3. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
болаларда гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликларни барвақт аниқлаш, ташхис қўйиш ва даволашни халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошириш;
соҳада юқори технологияларга асосланган фундаментал, инновацион ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;
илғор хорижий тажриба асосида болалар гематологияси ва онкологияси ҳамда клиник иммунология йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
гематологик ва онкологик касалликларга чалинган болаларга паллиатив тиббий хизмат кўрсатиш;
нуфузли хорижий тиббиёт марказлари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
4. Белгилансинки:
а) Марказ:
юридик шахс мақомига эга бўлган давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари Марказнинг ташкилий-методик ҳудудий бўлинмалари ҳисобланади;
фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини юритиш билан боғлиқ амалдаги тартиблар татбиқ этилади;
б) Марказга Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
2021 йил 20 декабрга қадар республика ва вилоят миқёсида болалар гематологияси, онкология ва клиник иммунологияси йўналишидаги тиббий хизматлар ҳажми ва тури бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқласин;
2021 йил 20 декабрга қадар Марказнинг тузилмаси ва уставини ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқласин;
2021 йил 25 декабрга қадар Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Марказнинг фаолият йўналишини инобатга олган ҳолда барча юқори технологик ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш нуқтаи назардан штат нормативларини тасдиқласин;
2021 йил 1 ноябрга қадар Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Марказ Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда инвестиция дастурлари доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказга тажрибали хорижлик мутахассислар раҳбарлик лавозимларига жалб қилинишини таъминласин.
7. Қуйидагилар:
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ҳамда жиҳозлаш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) 1-иловага мувофиқ;
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ;
ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиш ва кетишни таъминловчи ваучер шакли ва уни расмийлаштириш тартиби, тиббиёт ташкилотлари томонидан тақдим этилган ваучерлар асосида расмийлаштирилган йўл чипталари ҳисоботини умумлаштириш тартибини назарда тутувчи Онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
(7-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
онкологик ва гематологик беморларнинг йўлланма асосида давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини назарда тутувчи Онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб онкологик ва гематологик беморлар ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши учун 2021 йил маҳаллий бюджетларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратилишини ва келгуси йилларда бюджет параметрларини шакллантиришда мазкур тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағлар назарда тутилишини таъминласин.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ҳафта муддатда:
Транспорт вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бемор ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар учун йўл чипталарини расмийлаштиришга асос бўлувчи махсус ваучер шаклини;
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
Молия вазирлиги билан биргаликда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирувчи беморларнинг давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида бепул позитрон-эмиссион томография текширувини ташкил этиш учун махсус йўлланма бериладиган касалликлар рўйхатини тасдиқласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш учун 2021 йилда республика бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида ва 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда мазкур тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида» 2006 йил 5 октябрдаги 209-сон қарорининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» ДУК Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртманомаси бўйича белгиланган тартибда «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонлари ва уларга гувоҳнома бланкалари тайёрланишини таъминласин».
12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 13 октябрь,
643-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 1-ИЛОВА
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ҳамда жиҳозлаш
КОНЦЕПЦИЯСИ
1-боб. Ўзбекистон Республикасида болалар онкологияси ва гематологияси хизмати ҳолати
Ўзбекиситон Республикасида аҳоли, хусусан, гўдаклар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда баркамол ва соғлом авлод бўлиб етишиши имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, миллий генофондни ҳар томонлама мустаҳкамлаб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги, кўлами, сифати ва қулайлигининг йил сайин ортиб боришига олиб келмоқда.
Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилга келиб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 200 та аёллар скрининг хоналари ташкил этилиб, ногиронлик билан туғилиш кўрсаткичи 30 фоизгача, гўдаклар ҳамда 5 ёшгача болалар ўртасидаги ўлим кўрсаткичлари 2018-2019 йилларга нисбатан 1,2 баробаргача камайди.
Республика бўйлаб онкологик бемор болаларга нур терапияси учун амалиётга 18 та замонавий чизиқли тезлаткичга эга радио ва гамматерапевтик ускуналар татбиқ этилди.
Шу билан бирга, болалар ўртасида гематологик ва онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи ортиб бормоқда.
Хусусан, болалар ўлими кўрсаткичи ҳар 100 минг болага нисбатан 9,2 ни ташкил этиб, жароҳатланишдан (травматизм ва бахтсиз ҳодисалар) кейин 2-ўринда қолмоқда. Бу кўрсаткич АҚШда 2,0, Россияда 2,8 ва Қозоғистонда 2,7 ни ташкил этади.
Ўзбекистонда йилига ўрта ҳисобда 1 300 нафаргача 0 — 18 ёш бўлган болаларда гематологик ва онкологик касалликлар биринчи бор қайд этилиб, жами касалланганлар сони 100 минг болага нисбатан 7,5 ни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич АҚШ да 17,0, Россияда 11,2 ва Қозоғистонда 9,7 ни ташкил этади.
1. Болаларга гематология ва онкология йўналишлари бўйича юқори технологик ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишда бугунги кунда ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Жумладан:
а) маъмурий-ташкилий тузилма ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳасида:
соҳанинг яхлит вертикал тизими ташкил этилмаган;
республика болалар онкологияси (115 ўрин) ҳамда болалар гематологияси (435 ўрин) вилоят (туман, шаҳар) даражасида икки йўналишдаги алоҳида тиббиёт муассасаларида ташкил этилган бўлиб, мазкур йўналишдаги беморларни даволашда мультидисциплинар ёндашув мавжуд эмас;
ҳудудий болалар гематология ва онкологияси бўлимлари мослаштирилган биноларда ташкил этилган, мазкур инфратузилма қувватлари мавжуд эҳтиёжни қаноатлантирмайди ҳамда амалдаги санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига тўлиқ жавоб бермайди — кичик жарроҳлик амалиётлари ва тиббий муолажаларни ўтказиш хоналари, оғир ҳолатдаги беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун стерил палаталар мавжуд эмас;
оғир беморларга яшаш сифатини яхшилаш мақсадида паллиатив тиббий хизмат, уларни парвариш қиладиган оила аъзоларини тайёрлаш ва қўллаб-қувватлашга доир дастур ва ижро механизми ишлаб чиқилмаган.
б) кадрлар билан таъминланганлик, илмий салоҳият ва замонавий амалиётларни татбиқ этиш соҳасида:
республика бўйича жами 83 нафар (ҳар бир ҳудудда ўртача 4 нафар) «болалар онкологи ва гематологи» бўйича мутахассислар фаолият юритади, илмий даражага эга ходимлар 6 нафарни (1 нафар фан доктори, 5 нафар фан номзоди) ташкил этади;
соҳадаги юқори технологияли амалиётларнинг улуши 10 фоизни ташкил этади, бугунги кунда ўта зарур ҳисобланган ўзак ҳужайра трансплантацияси, иммунофенотипик, молекуляр-генетик текширувлар каби замонавий диагностика ва даволаш усулларини татбиқ этиш учун етарли шарт-шароитлар мавжуд эмас;
соҳа бўйича илмий изланиш ва фундаментал, амалий ва инновацион (грант) лойиҳаларнинг йўқлиги соҳа ривожига, шунингдек, касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичларини камайтириш борасидаги ишларга салбий таъсир этмоқда.
в) дори воситалари, тиббий асбоб-ускуналар ҳамда зарур сарф анжомлари билан таъминланиш соҳасида:
гематологик касалликларга чалинган беморларнинг дори воситалари билан таъминланиши ўртача 30 фоизни, онкологик беморлар учун эса 85 фоизни ташкил этмоқда;
дори воситалари билан қамраб олинмаган гематологик касалликка чалинган болаларга бир даво курси давомида (2 йил) умумий ҳисобда 10 минг АҚШ долларигача, онкологик беморларга эса бир даво курси учун (7 — 10 кун) 4 млн сўмгача маблағ сарфламоқда;
қайд этилган тиббиёт муассасаларида ўқув-амалий ва илмий лабораториялар талаб даражасида ташкил этилмаган, замонавий лабораторияларда диагностик асбоб-ускуналар салмоғи 45 фоизни ташкил этади, шу билан бирга; лаборатория материаллари (реактив, реагент, бутловчи ва сарфлаш анжомлари ва бошқалар) билан етарли таъминланмаган;
молиявий харажатларнинг асосий қисми иш хақига сарфланиб, ўқув-амалий ва илмий лабораториялар фаолиятини самарали ташкил этишга етарли маблағ йўналтирилмаган.
г) халқаро ҳамкорлик соҳасида:
бугунги кунда Россия (Д. Рогачев номидаги Миллий болалар гематология, онкология ва иммунологияси илмий-тадқиқот маркази), Германия (Шарите клиникаси), Корея (авлиё Мария госпитали) каби давлатлар билан ҳамкорлик меморандумлари мавжуд бўлиб, унинг доирасида фақатгина мураккаб ташхисли беморлар консультацияси амалга оширилади.
2-боб. Ўзбекистон Республикасида болалар гематологияси ҳамда онкологияси хизматини янада ривожлантириш мақсадлари ва вазифалари
2. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ва жиҳозлаш концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори билан белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.
Унга мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши режалаштирилган.
Концепция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда катта муваффақиятларга эришган илғор мамлакатлар тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олган.
болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасида илмий-амалий изланишларни олиб бориш;
болаларда гемобластоз, солид ўсмалари, марказий ва периферик нерв тизими ўсмалари, гематопоэтик депрессиялар, ирсий ҳамда орттирилган иммун ва қон касалликларини даволашнинг ҳамда тиббий реабилитациянинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;
хавфли ўсмалар, шу жумладан, лимфоид ва гематопоэтик хавфли ўсмалар, қон касалликлари ва иммун механизмларга таъсир ўтказган бошқа патологиялари мавжуд болаларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, ихтисослашган юқори технологик ёрдам ҳамда тиббий реабилитация ёрдамини кўрсатиш, шунингдек, бу каби патологиялари мавжуд болаларни қонуний вакили билан биргаликда санатор даволашни амалга ошириш.
3-боб. Марказнинг фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва жиҳозлаш
3. Болаларга гематологик ва онкологик хизмат кўрсатишда халқаро талабларга жавоб берадиган мутлақо янгича ёндашувни шакллантириш мақсадида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамда дастлабки босқичда 240 ўринли алоҳида бинога (кейинги ўринларда — Бино) жойлаштирилади. Шу билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари қошида жами — 345 ўринни ташкил этган болалар гематология, онкология ва клиник иммунология бўлимлари фаолият юритади. Бунинг натижасида республика миқиёсида болалар учун алоҳида бўлган 585 стационар ўринли гематологик, онкологик ва клиник хизмат кўрсатиш ташкил этилади.
4. Бино корпусларида болалар гематология, онкология ва клиник иммунология касалликлари аниқланган беморлар учун мультиихтисослашган хизмат кўрсатиш мақсадида таркибида барча тор мутахассислардан иборат маслаҳат поликлиникаси фаолият юритади.
5. Бинода стационар шароитда даволанувчи беморлар учун қабул бўлими, тегишли клиник бўлимлар ташкил этилади.
6. Бино стационар бўлимларида палаталар бир ва икки кишилик бўлиб, мустақил санитария хонасига эга бўлади. Палаталарда махсус кондиционер-вентиляция мосламаси ёрдамида стерил ҳолатни сақловчи микроиқлим шароити яратилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, беморнинг ҳар хил инфекциялар билан мулоқотда бўлишининг олдини олиш имкониятини яратади.
7. Бино таркибида жарроҳлик бўлими, бокс хоналаридан ташкил топган реанимация бўлими ва алоҳида стерил бокс хонали трансплантация бўлими ташкил этилади.
8. Бино стационар бўлимларида муолажа хонаси, қон қуйиш, кимёвий дори воситаларини тайёрлаш, стернал ва эндолюмбал пункция амалиёти ва бошқалар учун алоҳида хоналар ажратилади.
9. Бинонинг пастки қаватларида алоҳида кундузги даволаш бўлими жойлаштирилади.
10. Диагностика йўналиши бўйича одатдаги тадқиқот усуллари билан бир қаторда халқаро стандартларга мос келадиган қуйидаги бўлимлар — Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказлари учун умумий хизмат қиладиган лабораториялар ва бўлимлар ташкил этилади:
а) юқори технологияли диагностика усуллари:
«Янги форматдаги бактериологик лаборатория»;
«Молекуляр генетика, цитогенетика ва цитофлуометрия лабораторияси»;
«Морфология, гистология ва иммуногистокимё лабораторияси»;
«Иммунофенотиплаш ва HLA генотипи лабораторияси»;
«Иммуннокимё лабораторияси»;
замонавий ультратовуш диагностикаси (УЗД);
рақамли рентген аппарати ёрдамида текшириш;
денситометрия текшируви.
б) мақсадга мувофиқлик ва энг мақбул йўлларни танлаш тамойилидан келиб чиқиб Марказ ривожланишининг иккинчи босқичида қуйидаги умумий хизмат қиладиган бўлим ва бўлинмалар учун янги бинолар қурилади:
мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ);
магнит-резонанс томография (МРТ);
нур терапияси бўлими;
«Ўзак ҳужайралари банки»;
трансплантология бўлими;
«Қон банки» бўлими.
11. Онкогематология беморлари учун марказлашган умумий озиқ-овқат таъминоти блоки яратилади. Маҳсулотларга махсус иссиқлик билан ишлов берилади ва нур билан дезинфекция қилинади, қадоқланган, стерил шаклдаги таомлар беморлар палатасига етказиб берилади.
12. Марказда ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида рўйхатга олинган онкогематологик беморлар ҳақидаги маълумотларни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш учун автоматлаштирилган ахборот тизими — «Канцер-регистр» яратилади.
13. Даволанаётган бемор болаларнинг узоқ вақт давомида стационар даволанишини эътиборга олиб Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда халқаро хайрия фондлари ва ҳомийлар ёрдамида таълим олишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бемор болалар учун мактаб ташкил этилади. Мактабда республика миқёсида ўқишни давом эттириш учун офлайн ва онлайн ўқитиш тизими жорий этилади, бу бемор болаларнинг ўқув фанларини самарали ўзлаштиришига, дастурдан қолиб кетмаслигига имкон беради.
14. Гематология, онкология ва клиник иммунология, жумладан, лейкоз касалликлари бўлган бемор болаларнинг протокол бўйича тўлиқ ҳамда узлуксиз даволаниши жараёнини амалга ошириш учун кундузги даволаниш шароитида ота-оналари билан бирга бўлишларини таъминловчи ҳамма қулайликларга эга бўлган 200 ўринли «Хостел» халқаро хайрия фондлари ва ҳомийлар ёрдамида ташкил этилади.
4-боб. Марказни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш
15. Марказда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси йўналиши бўйича илмий изланишларни олиб бориш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилади.
16. Марказнинг илмий бўлимида «Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг ҳудудий бўлимлари билан ишлаш», «Халқаро алоқалар», «Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш», «Иммунология», «Ирсий коагулопатиялар ва тромбозлар», «Болалар онкологияси ва радиацион терапияси», «Жарроҳлик, анестезиологик ва реанимацион тадқиқотлар» йўналишларида ўқув жараёнлари ва илмий изланишлар олиб борилади.
17. Марказ ходимларининг салоҳиятини юксалтириш мақсадида улар етакчи маҳаллий ва хорижий тиббий таълим муассасалари ҳамда клиникаларида жарроҳлик, трансплантология, анестезиология ва реанимация, транфузиология, радиология, радиацион терапия, замонавий молекуляр-генетик лаборатория ва бошқа йўналишлар бўйича қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.
18. Марказ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларидаги гематология ва онкогематология бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мониторинг қилиш, мувофиқлаштириш учун ҳудудий мутахасссислар тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакасини ошириш жараёнлари амалга оширилади.
5-боб. Марказнинг истиқболдаги устувор мақсадлари
20. Марказнинг истиқболдаги устувор мақсадлари қуйидагилардан иборат:
болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасида халқаро талабларга жавоб берадиган нуфузли даволаш муассасаси мавқеига эга бўлиш;
кадрлар салоҳияти, олимлар ва профессорлар таркиби борасида республиканинг энг йирик илмий-амалий ва ўқув марказлари қаторидан жой олиш;
йилига бирламчи аниқланган 1 500 та бемор болаларни қабул қилиш даражасига етиш;
болаларда гемопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантациясини амалга ошириш;
замонавий биобанкни яратиш;
канцер-регистрни яратиш.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 2-ИЛОВА
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси хизматини янада ривожлантириш бўйича
I. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси хизмати фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш
1.
Халқаро стандартлар асосида болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси касалликларига ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация протоколларини шакллантириш, тасдиқлаш ва амалиётга татбиқ этиш.
Амалий чора-тадбирлар
2021-2022 йиллар
-
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
2.
Республика ва вилоятлар миқёсида болалар гематологияси, онкология ва клиник иммунологияси йўналишидаги тиббий хизматлар ҳажми ва тури бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш.
Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи
2021 йил 1 декабрь
-
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
3.
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолият йўналишини инобатга олган ҳолда юқори технологик ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш нуқтаи назардан штат нормативларини тасдиқлаш.
Қўшма қарор
2021 йил 25 декабрь
-
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев),
Молия вазирлиги (Ишметов),
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
(Хусанов)
4.
Болаларда паллиатив ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро талаблар асосида клиник протоколлар, диагностика ва касалликларни даволаш стандартларини ишлаб чиқиш.
1. Ишчи гуруҳ тузиш.
2. Болаларда паллиатив ёрдам кўрсатиш бўйича клиник протоколлар, диагностика ва касалликларни даволаш стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.
2021 йил 1 ноябрь
-
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
5.
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси учун замонавий канцер регистрларини яратиш ва татбиқ этиш.
Ташкилий чора-тадбирлар
2022 йил 1 январь
Ҳисоб-китоблар асосида
Халқаро молия институтлари маблағлари, ЖССТ ва ижрочилар маблағлари, ҳомийлик ҳайриялари
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев),
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Вафаев),
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Содиқов)
II. Гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликларни олдини олиш, эрта диагностика қилиш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш
6.
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази биносининг ертўла қисмини трансфузиология, беморларни қабул қилиш бўлими, дори-дармон сақлаш омбори, марказлашган стерилизация, кир ювиш, кийиниш, техник ва муҳандислик хоналарига мослаштириш, шунингдек, объект ҳудудида бактериология, вирусология, иммуногистокимё лабораториялари, дезинфекция бўлими, виварий бўлими, беморлар учун махсус шифобахш овқат тайёрлаш ошхонаси биноларини қўшимча қуриш.
Ташкилий чора-тадбирлар
2021 йил якунига қадар
10,0 млрд сўм
2021 йил учун республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев),
Молия вазирлиги (Ишметов)
7.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари оилавий шифокорлари учун болаларда гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликларни барвақт аниқлашга қаратилган методик қўлланмани ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш.
Методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.
2021-2022 йиллар
Ҳисоб-китоблар асосида
ЖССТ, ЮНИСЕФ ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари маблағлари
Оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлар билан хасталаган болаларга паллиатив ёрдам бериш тизимини яратиш.
Бунда халқаро тавсиялар, тажрибалар асосида оғир турдаги гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни паллиатив парваришлаш учун ягона стандартлаштирилган ёндашувни ишлаб чиқиш.
1. Паллиатив ёрдам бўйича халқаро стандартлар асосида ўқув дастурини ишлаб чиқиш.
2021 йил ноябрь
Ҳисоб-китоблар асосида
ЖССТ, ЮНИСЕФ ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари маблағлари
Ижрочилар маблағлари
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
2. Паллиатив ёрдам ва хоспис соҳасида фаолият юритадиган мутахассисларни тайёрлаш.
2021 йил декабрь
3. Тиббий паллиатив ёрдам кўрсатишни амалга ошириш учун асосий ва қўшимча тиббий хизматлар рўйхатини тузиш.
2021 йил декабрь
III. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси йўналишида кадрлар тайёрлаш
10.
Болалар гематологи, онкологи ва клиник иммунологи мутахассисларини тайёрлаш.
1. Тор доирадаги мутахассислардан болалар гематолог ва онколог мутахассисларини қайта тайёрлаш;
2. Тиббиёт олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида клиник ординатура, магистратурада болалар гематолог, онколог ва клиник иммунолог мутахассисларини тайёрлаш.
Йил давомида, режа асосида
-
Ижрочилар маблағлари
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
11.
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази учун мақсадли кадрлар тайёрлаш.
1. 6 нафар тиббиёт ходимларини Р.М. Горбачева номидаги онкология, гематология ва трансплантология илмий текшириш институтида клиник ординатурада ўқитиш.
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази раҳбарининг тавсиясига кўра 4 нафар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари тавсиясига кўра, ҳар бир ҳудуддан 1 нафар мутахассисни хорижий давлатларнинг клиникаларида малака оширишга юбориш.
2021-2022 йиллар давомида,
режа асосида
Ҳисоб-китоблар асосида
Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
14.
Етакчи хорижий тиббиёт таълим муассасалари ва клиникалари билан кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш.
1. Болалар гематологияси ва онкологияси билан шуғулланувчи хорижий давлатларнинг тиббиёт таълим муассасалари ва клиникалари мутахассислари учун амалий ташрифлар ташкил этиш;
Келишув асосида
Ҳисоб-китоблар асосида
Ажратилган бюджет маблағлари доирасида
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев),
Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев)
2. Хорижий тиббиёт таълим муассасалари ва клиникалари билан маҳорат дарслари, вебинарлар ўтказиш.
Доимий
15.
Республика тиббиёт муассасалари мутахассисларини амалий-методик ёрдам кўрсатиш учун ҳудудий тиббиёт марказларига юбориш.
1. Ташкилий чора-тадбирлар
Режа асосида
-
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
IV. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси йўналишларида тушунтириш ишларини олиб бориш
16.
Соҳада амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш.
1. Медиа дастур ишлаб чиқиш.
2. Режа ижросини амалга ошириш
2021-2022 йиллар давомида
-
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев),
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Хаджаев),
МТРК (Хаджаев)
17.
Паллиатив ёрдам хизматининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш. Бунда:
жамоатчилик (ННТ, фаол кўнгиллилар), хайрия ташкилотлари, халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, болалар онкология ва гематология уюшмаси вакиллари, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари вакиллари ёрдамида тадбирларни амалга ошириш.
1. Чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш.
2022 йил февраль
-
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев)
2. Режа ижросини амалга ошириш
2022 йил давомида
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 3-ИЛОВА
Онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ҳамда авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
(3-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
1. Ушбу Низом онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
2. Онкологик ва гематологик беморларга онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларида (кейинги ўринларда — республика бош тиббиёт ташкилотлари) даволаниши учун ушбу тиббиёт ташкилотларининг ҳудудий филиаллари, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари (кейинги ўринларда — тиббиёт ташкилотлари) томонидан имтиёзли йўлланма берилган тақдирда амалга оширилади.
Бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали келиш ва кетиши тиббиёт ташкилотлари томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи хулоса берилган тақдирда амалга оширилади:
беморга ҳамроҳлик қилувчи шахс зарурлиги;
бемор соғлиғининг ҳолати уни темир йўл ёки авиатранспорт воситаларидан фойдаланиш мумкинлиги.
Бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотлари темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали келиш ва кетиши билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
2-боб. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиш ва кетишни расмийлаштириш тартиби
(2-бобнинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
3. Онкологик ва гематологик беморлар ва ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахслар республика бош тиббиёт ташкилотларига тиббиёт ташкилотлари томонидан даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма ва хулоса билан биргаликда мажбурий тарзда ҳудудлардан — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан (кейинги ўринларда — ҳудудлардан) темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиши ва кетиши учун махсус ваучер (кейинги ўринларда — ваучер) расмийлаштирилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
4. Ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келишини ва кетишини таъминловчи ваучер шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
Бунда Вазирлик томонидан ваучер нусхалари кўпайтирилиб тиббиёт ташкилотларига етказилади.
5. Вазирлик ҳар ойнинг 5-кунига қадар кейинги ой давомида ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма асосида ташриф буюрувчи беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар сони тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Uzbekistan Airways» АЖга (кейинги ўринларда — транспорт ташкилотлари) тақдим этади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
6. Транспорт ташкилотлари Вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида республика бош тиббиёт ташкилотларига даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма билан келувчи ва кетувчи беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар беморлар учун йўл чипталари захирасини шакллантиради.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
7. Бемор ёки ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотларида даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланмани ва ваучерни ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатни унга Тошкент шаҳрига келиши учун зарур бўлган кундан уч иш куни олдин темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларига тақдим қилади ва темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларида ушбу иш куни давомида йўл чипталари бепул расмийлаштирилади.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
йўл чипталари «Afrosiyob» электропоездлари, «Шарқ», «Насаф», «Ўзбекистон» йўловчи поездлари ҳамда ҳаво кемаси учун тежамкор «econom», шунингдек, бемор ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг хоҳишига кўра шаҳарлараро қатновчи йўловчи поезди таркибида ҳаракатланувчи йўловчи вагонлар учун плацкарт ёки купе тоифаси бўйича расмийлаштирилади;
(7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
бемор ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг ихтиёрига кўра қўшимча тўлов асосида тежамкор «econom» тоифасига кирмайдиган йўл чипталари расмийлаштирилиши мумкин.
(7-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
8. Агар бемор ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс темир йўл ва (ёки) авиатранспорт кассаларига мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган муддатдан кеч мурожаат қилган тақдирда, транспорт ташкилоти ушбу бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг Тошкент шаҳрига келиши ва кетиши учун зарур бўлган кунга йўл чипталарини расмийлаштиришга агар ушбу йўналишда йўл чипталари қолмаган бўлса, мажбур ҳисобланмайди.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)
9. Ваучерсиз темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларига мурожаат қилган беморларга белгиланган тартибда пуллик асосда йўл чипталари расмийлаштирилади.
3-боб. Транспорт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича харажатларни қоплаш тартиби
10. Тиббиёт ташкилотлари томонидан тақдим этилган ваучерлар асосида расмийлаштирилган йўл чипталари ҳисоботи транспорт ташкилотларининг тегишли ҳудуддий бўлинмалари томонидан умумлаштирилади ҳамда ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-кунига қадар тўловни амалга ошириш юзасидан талабномани шакллантиради ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларига юборади.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари транспорт ташкилотларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан тақдим этилган тўловни амалга ошириш юзасидан талабнома асосида ўн кун муддат ичида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан транспорт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича харажатларни қоплаб беради.
4-боб. Якунловчи қоидалар
12. Тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари онкологик ва гематологик беморларга ваучерларни мақсадли расмийлаштириш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
13. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 4-ИЛОВА
Онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом тиббий хизматлар кўрсатишнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотлари (кейинги ўринларда — республика бош тиббиёт ташкилотлари) йўлланмалари асосида давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом қоидалари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирувчи беморларни (Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан белгиланган тартибда аниқланадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган мижозлар) позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш учун давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Низом талаблари шошилинч тиббий ёрдам, тез тиббий ёрдам ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш тартибига (ҳолатларига) нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш бўйича махсус йўлланма (кейинги ўринларда — махсус йўлланма) республика бош тиббиёт ташкилотлари томонидан тегишлилиги бўйича даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма асосида келган беморларга берилади.
4. Махсус йўлланма бериладиган касалликлар рўйхати (кейинги ўринларда — касалликлар рўйхати) Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.
5. Махсус йўлланма республика бош тиббиёт ташкилотлари томонидан касалликлар рўйхатига мувофиқ беморни дастлабки тиббий текширувдан ўтказишда позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш лозимлиги тўғрисида хулоса бўлганда беморга ушбу Низомга иловада келтирилган шаклда берилади.
6. Махсус йўлланма Марказ раҳбари томонидан бир иш куни ичида расмийлаштирилади.
3-боб. Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан позитрон-эмиссион томография текширувини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби
7. Республика бош тиббиёт ташкилотлари:
давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўтказилган позитрон-эмиссион томография текшируви учун Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган прейскурант бўйича тўловларни амалга оширади;
нодавлат тиббиёт ташкилотларига Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 16-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аутсорсинг шартлари асосида махсус йўлланмалар бўйича кўрсатилган хизмат ҳажмига мутаносиб равишда тўловларни амалга оширади.
8. Махсус йўлланма асосида имтиёзли тоифага кирувчи беморларни позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатлар республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли йўналиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
9. Махсус йўлланма асосида имтиёзли тоифага кирувчи беморларнинг позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлар нодавлат тиббиёт ташкилотларида кўрсатилганда белгиланган тартибда солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25 фоизи ҳисобидан қопланиши мумкин.
10. Нодавлат тиббиёт ташкилотларида белгиланган тартибда солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25 фоизи ҳисобидан позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтувчи беморлар сони Вазирлик томонидан тегишли нодавлат тиббиёт ташкилоти билан келишган ҳолда белгиланади ва ушбу маълумотлар ҳар чоракда республика бош тиббиёт ташкилотларига тақдим этилади.
11. Давлат тиббиёт ташкилотларида позитрон-эмиссион томография текширувини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар махсус йўлланма берган тиббиёт ёки текширувни ўтказган тиббиёт ташкилоти, шунингдек, республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли йўналиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланиши Вазирлик томонидан белгиланади.
12. Ўтказилган позитрон-эмиссион томография текшируви натижасида юзага келган асоратлар билан боғлиқ қўшимча харажатлар тегишлилиги бўйича позитрон-эмиссион томография текширувини ўтказган ташкилот ҳисобидан қопланади.
13. Агар бемор позитрон-эмиссион томография текшируви учун тегишли махсус йўлланмасиз давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотига бевосита ўзи мурожаат этса, текширув белгиланган тартибда амалга оширилади.
14. Позитрон-эмиссион томография текшируви учун давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотига берилган махсус йўлланма қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади, берилган махсус йўлланма бўйича ҳисобот шакли Вазирлик томонидан тасдиқланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15. Республика бош тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари махсус йўлланмаларнинг мақсадли берилиши ва тасдиқланган тиббий ёрдам сифати стандартларига ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2021 й., 09/21/643/0959-сон; 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон)