|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.03.2017
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бозор ислоҳотлари талабларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ ёшлари касб-ҳунар таълимининг йўналишини ўзгартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1995 йил 29 июлдаги 296-сон қарорини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар тасдиқлансин:
касб-ҳунар мактаби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
касб-ҳунар лицейи тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
бизнес-мактаб тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ўзига қарашли ўқув юртларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар:
икки ой муддатда таълим тўғрисидаги идоравий норматив ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар;
1996-97 ўқув йилида тасдиқланган низомларни рўёбга чиқаришга доир зарур ташкилий тадбирларни амалга оширсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Таълим ва фан бўлимига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 11 декабрь,
439-сон
Касб-ҳунар мактаби тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Касб-ҳунар мактаби ёшларга касб-ҳунар таълими беришни амалга оширувчи ўқув юрти ҳисобланади.
2. Касб-ҳунар мактаби ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Таълим тўғрисида»ги Қонун, мазкур Низом ҳамда таълим органларида рўйхатга олинган Уставга мувофиқ амалга оширади.
3. Касб-ҳунар мактабига ўқув-услубий раҳбарликни, унинг кимга бўйсунишидан қатъи назар, халқ таълими органлари амалга оширадилар.
4. Касб-ҳунар мактаби базавий мактабларнинг битирувчилари (9-синфлар), шунингдек, ўрта мактабларнинг битирувчилари ҳисобидан бутланади. Ўқиш муддати — 1, 2, 3 йил.
5. Касб-ҳунар мактабини аттестация қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан ва Халқ таълими вазирлигининг тегишли норматив ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Касб-ҳунар мактаби юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ҳамда бошқа счётларга, Давлат герби тасвирланган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
II. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
1. Бўлажак ёш ишчи ва мутахассисларни, шу жумладан шартнома асосида касб-ҳунарга тайёрлашнинг юқори сифатли бўлишини таъминлаш касб-ҳунар мактаби фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
2. Касб-ҳунар мактабининг вазифалари:
ўқувчиларда касб-ҳунар билимлари, ўқувлари ва кўникмаларини шакллантириш;
бозор иқтисодиёти шароитларида ўқувчиларни фаол меҳнат фаолиятига тайёрлаш;
ўқувчиларга касб-ҳунар таълими бериш билан бир қаторда умумий ўрта таълим олиш учун имкониятлар яратиш;
корхоналар ва ташкилотларнинг ишчилар ва мутахассислар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларини қондириш.
III. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ
1. Касб-ҳунар мактабида ўқувчиларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Давлат касблари классификатори асосида амалга оширилади.
2. Ишлаб чиқариш таълими ҳамда ишлаб чиқариш амалиёти ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарида, лабораторияларда, полигонларда, касб-ҳунар мактабининг ўқув хўжаликларида, шунингдек, тузилган шартномаларга кўра корхоналарда амалга оширилади.
3. Касб-ҳунар мактабларида ўқув-тарбия жараёни давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади. Ўқитиш усуллари ўқитувчилар ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан белгиланади.
IV. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБИНИНГ ЎҚУВЧИЛАРИ
1. Касб-ҳунар мактабларига ўқувчилар қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган қабул қилиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
2. Ўқувчилар томонидан ишлаб чиқариш таълими ҳамда ишлаб чиқариш амалиёти даврида бажарилган ишларга тегишли малака даражасидаги ишчиларнинг ойлик маошларига белгиланган коэффициентлар, қўшимча тўловлар ва устамалар ҳисобга олинган ҳолда амалдаги меъёрлар, нархлар, ставкалар (маошлар) бўйича ҳақ тўланади.
3. Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари мактаб жамоасининг аъзолари ҳисобланадилар, ўқув, тарбия ҳамда ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал қилишда, бўш вақт ва дам олишларни ташкил этишда иштирок этадилар.
4. Ўқувчиларнинг қонунчилик билан белгиланган ўқиш, меҳнат қилиш ва дам олиш шартларига риоя қилинишига таълим муассасасининг раҳбарияти жавоб беради.
V. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБИНИНГ ПЕДАГОГ КАДРЛАРИ
1. Касб-ҳунар мактабларига педагог ходимлар сифатида ишлашга тегишли маълумот, касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган шахслар қўйиладилар.
2. Касб-ҳунар мактабининг педагог ходимлари:
мактаб фаолиятининг энг муҳим масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал қилишда иштирок этиш;
машғулотларни олиб бориш шакли, ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш воситалари ҳамда усулларини мустақил белгилаш;
ўқув-тарбия ҳамда услубий ишларни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.
3. Касб-ҳунар мактаби педагог ходимларининг бурчлари:
ўқув ва услубий ишларни юқори касб-ҳунар даражасида олиб бориш, таълим мазмунини такомиллаштиришда фаол иштирок этиш;
ўқувчилар, жамоат ташкилотлари билан ўзаро муносабатларни ҳамкорликнинг демократик асосларида қуриш, ўқувчиларнинг ўзини-ўзи бошқарувини ривожлантиришга кўмаклашиш;
ўз назарий билим даражаларини, педагогик маҳоратларини ҳамда касб-ҳунар малакаларини тинимсиз ошириб бориш;
ўқувчиларнинг ота-оналари ва улар ўрнини босувчи шахслар билан мунтазам иш олиб бориш.
VI. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБИНИ БОШҚАРИШ
1. Касб-ҳунар мактабини бошқариш мазкур Низом ва Мактаб уставига мувофиқ амалга оширилади. Касб-ҳунар мактабининг бутун фаолиятини бевосита бошқаришни унинг директори амалга оширади. Директор ўқув юрти бевосита бўйсунадиган орган томонидан тайинланади.
2. Касб-ҳунар мактабининг педагогик кенгаши тўғрисидаги Низомга мувофиқ ташкил этиладиган ва ишлайдиган педагогик кенгаш касб-ҳунар мактаби бошқарувининг ҳайъат органи ҳисобланади.
3. Тузилма бўлинмаларининг таркиби, уларнинг функциялари ва вазифалари касб-ҳунар мактабининг устави билан белгиланади.
VII. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБИНИ МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНЛАШ ВА УНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИ
1. Касб-ҳунар мактабининг молиявий фаолияти давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари бюджетдан ташқари маблағлар тушумлари, жумладан:
шартномалар бўйича ишчи ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун харажатларни қоплаш тартибида тушадиган маблағлар;
белгиланган тартибда ажратиладиган ва тўланадиган банкларнинг кредитлари;
касб-ҳунар мактабининг ишлаб чиқариш фаолияти, пулли хизматлар кўрсатиш ва бошқа хўжалик ҳисобидаги фаолиятдан тушадиган маблағлар;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлардан, жамоат ташкилотлари, хусусий шахслар, ҳокимликлардан тушадиган ихтиёрий тушумлар ҳам бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Маблағларни сарфлаш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва бошқа тегишли органларнинг «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қоидалари ҳисобга олинган ҳолда амалдаги йўриқнома ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(VII бўлимнинг 2-банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 апрелдаги 162-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 7-сон, 36-модда)
VIII. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИ ТУГАТИШ
Касб-ҳунар мактаби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилади ва тугатилади.
Касб-ҳунар лицейи тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
Касб-ҳунар лицейи малакали ишчилар ва мутахассислар тайёрлашнинг юқори даражасини таъминловчи узлуксиз таълим тизимидаги интеграциялашган турдаги ўқув муассасаси ҳисобланади.
Касб-ҳунар лицейи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Таълим тўғрисида»ги Қонунга, мазкур Низомга ва таълим органларида рўйхатдан ўтказилган Уставга мувофиқ амалга оширади.
Касб-ҳунар лицейида касбга ўргатишнинг икки босқичи назарда тутилади:
1-босқич — ўқувчиларнинг ўрта маълумот олишлари ва ишчи касбини эгаллашлари. 1-босқични ўқувчилар билан бутлаш базавий мактабларнинг битирувчилари ҳисобидан танлов асосида амалга оширилади;
2-босқич — 1-босқичдаги касб тайёргарлиги ёки касб бўйича оширилган ишчи малакаси ихтисосига кўра ўрта бўғин мутахассиси малакасини эгаллаш.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг аттестациясидан ўтган ва аккредитация қилинган ҳамда мақомига кўра ўрта махсус ўқув муассасаларига тенглаштирилган касб-ҳунар лицейларига белгиланган тартибда иккинчи босқич бўйича ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ҳуқуқи берилади.
Касб-ҳунар лицейининг иккинчи босқичига қабул биринчи босқич битирувчилари ҳисобидан белгиланган тартибда тест синовлари асосида амалга оширилади.
Мутахассисларни тайёрлашни ташкил этишда касб-ҳунар лицейи Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив ҳужжатларига амал қилади.
Касб-ҳунар лицейи юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа счётларга, Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
II. КАСБ-ҲУНАР ЛИЦЕЙИНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
1. Ёшларда техника, технологиялар доимо янгиланиб, меҳнатни ташкил этиш такомиллашиб бораётган шароитларда тезда мослашишга, бозор муносабатлари шароитида ҳаёт фаолиятига тайёр туришга кўмак берувчи касбий ўқув ва кўникмаларни шакллантириш касб-ҳунар лицейи фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
2. Касб-ҳунар лицейи фаолиятининг вазифалари ва йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
касб-ҳунар лицейидаги ўқитишнинг ҳар бир босқичи тугал бўлиши ҳисобига ўқувчиларнинг қобилиятларига мувофиқ турли даражаларда касбий ва умумий таълим олиш учун уларга имкониятлар яратиш;
давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар хил ихтисосликдаги ишчилар ва мутахассисларни тайёрлаш.
III. ЎҚУВ ЖАРАЁНИ
1. Касб-ҳунар лицейида ўқувчиларни тайёрлаш мутахассислар ва касбларнинг амалдаги рўйхатига кўра ишчилар ва мутахассислар касблари бўйича амалга оширилади.
2. Касб-ҳунар лицейида ўқувчиларни ўқитиш белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ олиб борилади.
3. Ўқиш тамом бўлгандан сўнг ўқитишнинг тўлиқ курсини ўтган, фанлар бўйича ижобий якуний баҳоларга эга бўлган касб-ҳунар лицейининг ўқувчилари битириш малака имтиҳонларини топширадилар ёки диплом лойиҳасини ҳимоя қиладилар. Имтиҳонларни муваффақиятли топширган ёки лойиҳани муваффақиятли ҳимоя қилган битирувчиларга тегишли малака берилади ва таълим даражасига мувофиқ белгиланган намунадаги диплом (сертификат) топширилади.
IV. КАСБ-ҲУНАР ЛИЦЕЙИНИНГ ЎҚУВЧИЛАРИ
1. Касб-ҳунар лицейининг ўқувчилари ўқув-меҳнат жамоасининг тўла ҳуқуқли аъзолари ҳисобланадилар, касб-ҳунар лицейининг Уставида ва мазкур Низомда назарда тутилган ўқув, тарбия ва ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этишда бевосита иштирок этадилар.
2. Касб-ҳунар лицейи ўқувчиларига касб-ҳунар ўқув муассасалари ўқувчилари учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари билан назарда тутилган моддий таъминлаш шарт-шароитлари жорий этилади.
V. КАСБ-ҲУНАР ЛИЦЕЙИНИНГ ПЕДАГОГ КАДРЛАРИ
1. Педагогик ходимларни касб-ҳунар лицейига ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ унинг директори томонидан амалга оширилади.
2. Ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва тарбиячиларнинг функционал мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган малака тавсифномаси билан, шунингдек, лицей Устави ва контракт шартлари билан белгиланади.
3. Касб-ҳунар лицейининг педагог ходимларига Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг амалдаги норматив ҳужжатларига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари жорий этилади.
VI. КАСБ-ҲУНАР ЛИЦЕЙИНИ БОШҚАРИШ
1. Касб-ҳунар лицейини бошқариш мазкур Низом ва лицей уставига мувофиқ амалга оширилади. Касб-ҳунар лицейининг бутун фаолиятига бевосита раҳбарликни унинг директори амалга оширади. Директор Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда, ўқув муассасаси бўйсунадиган орган томонидан тайинланади.
2. Касб-ҳунар лицейининг педагогик кенгаши тўғрисидаги Низомга мувофиқ ташкил этилган ва иш кўрадиган педагогик кенгаш Касб-ҳунар лицейини бошқаришнинг ҳайъат органи ҳисобланади.
3. Тузилмавий бўлинмаларнинг таркиби, уларнинг функциялари ва вазифалари касб-ҳунар лицейининг устави билан белгиланади.
VII. КАСБ-ҲУНАР ЛИЦЕЙИНИ МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНЛАШ ВА УНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИ
1. Касб-ҳунар лицейининг молиявий фаолияти давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, бюджетдан ташқари маблағлар тушумлари, жумладан:
ишчилар ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун харажатлар ўрнини тўлдириш тартибидаги шартномалар бўйича маблағлар тушуми;
белгиланган тартибда ажратиладиган ва тўланадиган банкларнинг кредитлари;
ишлаб чиқариш фаолиятидан, пулли хизматлар кўрсатиш ва бошқа хўжалик ҳисобидаги фаолиятидан тушадиган маблағлар;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлардан, жамоат ташкилотлари, хусусий шахслардан тушадиган ихтиёрий тушумлар ҳам бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Маблағларни сарфлаш Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг амалдаги йўл-йўриқ кўрсатувчи ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(VII бўлимнинг 2-банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 апрелдаги 162-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 7-сон, 36-модда)
VIII. КАСБ-ҲУНАР ЛИЦЕЙИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИ ТУГАТИШ
Касб-ҳунар лицейи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилади ва тугатилади.
Бизнес-мактаб тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Бизнес-мактаб кичик бизнеснинг, фермер хўжаликларининг менежмент, маркетинг, хўжалик ҳуқуқи, молияни бошқариш, бухгалтерлик ҳисоби ва аудит асосларини, амалий тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган билимлар ва кўникмаларни етарли ҳажмларда эгаллаган ташкилотчиларини тайёрлайди.
(I бўлимнинг 1-банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 3-сон, 31-модда)
2. Бизнес-мактаб ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Таълим тўғрисида»ги Қонунга, мазкур Низомга ва таълим органларида рўйхатдан ўтказилган уставга мувофиқ амалга оширади.
3. Бизнес-мактабга тегишли даражадаги касб-ҳунар ўқув юртлари учун назарда тутилган барча имтиёзлар жорий этилади.
4. Бизнес-мактаб юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларга, Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
II. БИЗНЕС-МАКТАБНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Кичик бизнес соҳасида ёшларда фаол тадбиркорлик фаолияти уқуви ва кўникмаларини шакллантириш, бозор иқтисодиёти шароитларида бизнес билан шуғулланиш учун зарур бўлган касблар ва мутахассисликларга эга бўлиш имкониятларини таъминлаш асосида ёшларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши функциясини амалга ошириш бизнес-мактаб фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
(II бўлимнинг 1-банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 3-сон, 31-модда)
2. Қуйидагилар бизнес-мактабнинг вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат таълим стандартларига мувофиқ кичик бизнесни ташкил этиш ва олиб бориш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш;
(II бўлимнинг 2-банди иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 3-сон, 31-модда)
фермер хўжаликлари, фирмалар, компаниялар, корхоналар, муассасаларга ва алоҳида тадбиркорларга бизнесни ташкил этиш юзасидан маслаҳат хизматлари кўрсатиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
минтақада тадбиркорликни, кичик бизнесни ривожлантириш учун бизнес-лабораториялар, инкубаторлар ва шунга ўхшаш муассасаларни ташкил этиш;
(II бўлимнинг 2-банди тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 3-сон, 31-модда)
тадбиркорлик соҳасида банд бўлган амалиётчи ходимлар учун тайёрлов, қайта тайёрлов ва малака ошириш курслари ташкил этиш.
3. Бизнес-мактаб унинг асосий функцияларини муваффақиятли амалга оширишга кўмаклашувчи ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган исталган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир.
III. ЎҚУВ ЖАРАЁНИ
1. Бизнес-мактабда ўқитиш ишлари белгиланган тартибда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.
2. Ўқиш тамом бўлгандан кейин бизнес-мактабнинг ўқитишнинг тўлиқ курсини тамомлаган ва фанлар бўйича якуний ижобий баҳоларга эга бўлган ўқувчилари битирув малака имтиҳонлари топширадилар ёки ишлаб чиқилган бизнес-режаларни ҳимоя қиладилар.
Имтиҳонларни муваффақиятли топширган ёки лойиҳаларни муваффақиятли ҳимоя қилган битирувчиларга тегишли малака берилади ва таълимнинг тегишли даражасининг белгиланган намунадаги дипломи (сертификати) топширилади.
IV. БИЗНЕС-МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ
1. Бизнес-мактабга ўқувчилар қабул қилиш бизнес-мактабнинг уставига мувофиқ амалга оширилади.
2. Бизнес-мактаб ўқувчиларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тегишли ўқув юртларининг ўқувчилари учун назарда тутилган моддий таъминот шартлари жорий этилади.
3. Ўқувчилар:
бизнес-мактабнинг ўқув-моддий базасидан фойдаланиш;
бизнес-мактабнинг тадбиркорлик фаолиятида қатнашиш;
бизнес-мактабнинг фаолиятини, ўқувчилар таркибини яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.
4. Бизнес-мактаб ўқувчилари:
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига;
ахлоқ ва этика нормаларига, бизнес-мактабнинг устави ва ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга;
фанга асос бўлувчи билимларни мунтазам ва теран эгаллашга, ўз қобилиятларини ривожлантиришга, ўз билимларини мустақил бойитиб бориш уқувини ишлаб чиқишга ва уларни амалиётда қўллашга мажбурдирлар.
V. БИЗНЕС-МАКТАБНИНГ ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРИ
1. Бизнес-мактабда ўқитувчи сифатида ишлашга тегишли касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган шахслар қўйиладилар.
Бизнес-мактаб ўқитувчиларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Бизнес-мактабнинг педагог ходимларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тегишли ўқув юртларининг ўқитувчилари учун назарда тутилган имтиёзлар жорий этилади.
2. Бизнес-мактабнинг педагог ходимлари:
бизнес-мактаб фаолиятининг энг муҳим масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этишда қатнашиш;
машғулотларни олиб бориш шаклини, ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш воситалари ва усулларини мустақил белгилаш;
ўқув-тарбия ва услубий ишларни такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрлаш ва киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.
3. Бизнес-мактабнинг педагог ходимлари:
ўқув ва услубий ишларни касб жиҳатидан юқори савияда олиб боришга, таълим мазмунини такомиллаштиришда фаол қатнашишга;
педагогик меҳнатни ташкил этишнинг юксак маданиятини таъминлашга, ўқувчилар томонидан ўқув материалининг сифатли ўзлаштирилиши учун жавоб беришга;
ўзларининг назарий савияларини, педагогик маҳоратларини, касбий малакаларини узлуксиз ошириб боришга мажбурдирлар.
4. Бизнес-мактабга педагогика ишларига жалб қилинадиган олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари учун назарда тутилган иш ҳақи ставкалари сақлаб қолинади.
VI. БИЗНЕС-МАКТАБНИ БОШҚАРИШ
1. Бизнес-мактабни бошқариш яккабошчилик ва коллегиаллик асосларида амалга оширилади. Бизнес-мактабнинг бутун фаолиятига раҳбарлик қилишни унинг директори амалга оширади. Директор бизнес-мактаб бевосита бўйсунишида бўлган орган томонидан олий маълумотга эга бўлган, одатда, камида 5 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган шахслардан тайинланади.
Бизнес-мактабнинг директори бизнес-мактабнинг бутун фаолиятига раҳбарлик қилади, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этади, унинг бориши ва натижаларини назорат қилишни амалга оширади, бизнес-мактаб ишининг сифати ва самарадорлиги учун шахсан жавоб беради.
2. Ўқув-тарбиявий, услубий ишларнинг асосий масалаларини коллегиал кўриб чиқиш учун бизнес-мактабда тажрибали педагог ходимлардан, корхоналар ва ташкилотларнинг вакилларидан иборат педагогика кенгаши, илмий-услубий кенгаш ташкил этилади.
VII. БИЗНЕС-МАКТАБНИ МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА УНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Бизнес мактабни 2006/2007 ўқув йилигача (ушбу ўқув йили ҳам киради) ўқишга қабул қилинган ўқувчилар бўйича молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, бюджетдан ташқари маблағлар тушумлари молиялаштириш манбалари бўлиши мумкин, шу жумладан:
(1-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 18 декабрдаги ПҚ-532-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 51-52-сон, 507-модда)
тадбиркорлар ва мутахассислар тайёрланганлиги, қайта тайёрланганлиги ва малакаси оширилганлиги учун харажатларни қоплаш тартибида шартномалар бўйича маблағлар тушуми;
белгиланган тартибда бериладиган ва тўланадиган банкларнинг кредитлари;
бизнес-мактабнинг ишлаб чиқариш фаолиятидан, пулли хизматлар кўрсатиш ва хўжалик ҳисобидаги бошқа фаолиятидан тушадиган маблағлар;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлардан, жамоат ташкилотлари, хусусий шахслар, ҳокимликлардан тушадиган ихтиёрий тушумлар ҳам бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бизнес-мактабларда 2007/2008 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинган ўқувчиларни ўқитиш бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 18 декабрдаги ПҚ-532-сонли қарорига мувофиқ олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 51-52-сон, 507-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Маблағларни сарфлаш ва улардан фойдаланиш «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидалари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг амалдаги йўриқнома ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(VII бўлимнинг 2-банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 апрелдаги 162-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 7-сон, 36-модда)
VIII. ТУГАТИШ ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ
Бизнес-мактабни ташкил этиш, тугатиш ва қайта ташкил этиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.