|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 18.03.1996
|
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ, СУД ОРГАНЛАРИ ҲАМДА НОТАРИАЛ ИДОРАЛАР ХОДИМЛАРИНИНГ ЛАВОЗИМ МАОШЛАРиНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 18 мартдаги 103-сонли «Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва республика иқтисодиётини таркибий қайта қуриш шароитида уларни юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини табақали бараварлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1993 йил 1 январидан бошлаб давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари, суд органлари, нотариал идоралар аппаратининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, ходимлари ва мутахассисларининг, шунингдек, республика маҳалла қўмиталари раислари ва масъул котибларининг лавозим маошлари 1–25-иловаларга* мувофиқ белгилансин.
* 1—25-иловалар берилмайди.
Бунда янги лавозим маошларини жорий этиш билан боғлиқ бўлган қўшимча харажатларнинг 25 фоизи бошқарув органларини сақлаш харажатларини қисқартириш ҳисобига амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вазирликлар ва идоралар ходимлари лавозим маошларининг янги схемасига мувофиқ иш ҳақига маблағ ажратиш манбаларини қидириб топсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги бир ой муддат ичида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича амалдаги меъёрий актларни мазкур қарорга мувофиқлаштириш ҳақида таклиф киритсин.
4. Давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари 26-иловага (илова келтирилмайди) мувофиқ тасдиқлансин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 августдаги 367-сон қарори 7-бандининг иккинчи хатбоши, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 10 февралдаги 57-сон қарори 5-бандининг бешинчи хатбоши ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 15 февралдаги 65-сон қарорининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 26 декабрь,
589-сон