Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАҲАЛЛИЙ ХОМ АШЁ РЕСУРСЛАРИДАН ЦЕЛЛЮЛОЗА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҚУВВАТЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Халқ хўжалигининг целлюлозага бўлган эҳтиёжини қондириш, унинг импортини камайтириш ва маҳаллий хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекмебель» давлат-акционерлик бирлашмасининг:
жорий йил охиригача шоли похоли ва буғдой сомонидан бир йилда 10 минг тонна целлюлоза ишлаб чиқарувчи қувватларни ташкил этиш;
Ангрен «Саноаткартонсавдо» ишлаб чиқариш-савдо бирлашмасининг бир қанча цехларини кўп рангли сержило картон қутилар ишлаб чиқаришга мослаштириб қайта жиҳозлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. «Ўзбекмебель» давлат-акционерлик бирлашмаси, «Ўзоғирмашсаноат» институти икки ой муддатда Ангрен «Саноаткартонсавдо» ишлаб чиқариш-савдо бирлашмасини унинг қувватларидан целлюлозани қайта ишлашда фойдаланиш мақсадида реконструкция қилишнинг техник-иқтисодий асослашларини, 1996 йил 1 январгача эса лойиҳа-смета ҳужжатларни ишлаб чиқсин.
«Саноаткартонсавдо» ишлаб чиқариш-савдо бирлашмасини лойиҳалаштириш ва реконструкция қилиш ишларини, амалда бажарилган иш ҳажмлари бўйича ҳақ тўлаган ҳолда (лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқлангунга қадар), бир йўла амалга оширишга истисно тариқасида рухсат этилсин.
3. Пул-кредит сиёсати бўйича комиссия (Ҳамидов) жорий йил охиригача «Саноаткартонсавдо» ишлаб чиқариш-савдо бирлашмасида целлюлоза ва ундан маҳсулот ишлаб чиқаришга оид харажатларни маблағ билан таъминлаш учун «Ўзбекмебель» давлат-акционерлик бирлашмасига 210 млн сўм миқдорида кредит ажратиш масаласини кўриб чиқсин. Кредит объект фойдаланишга топширилган вақтдан бошлаб 5 йил мобайнида иловага* мувофиқ тўланади. Комиссия зарур материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналарни импорт бўйича харид қилиш учун республика валюта биржасида 130 млн сўмни «Ўзбекмебель» давлат-акционерлик бирлашмасига кўрсатиб ўтилган маблағлар ҳисобидан эркин муомаладаги валютага алмаштиришни назарда тутсин.
* Илова берилмайди.
4. Амалга оширилаётган лойиҳанинг давлат аҳамиятига эга эканлигини ҳисобга олиб Ангрен «Саноаткартонсавдо» ишлаб чиқариш-савдо бирлашмаси томонидан ажратилган кредитни тўлашга йўналтирадиган фойда, шунингдек «Тарх» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг мазкур лойиҳада назарда тутилган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқаришга инвестиция қилинадиган фойдаси истисно тариқасида 5 йил муддатга (1996 — 2000 йиллар) солиқдан озод қилинсин.
5. «Ўзбекмебель» бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, шоли экувчи вилоятлар ҳокимликлари ва «Ўзоғирмашсаноат» институти билан биргаликда икки ой муддатда шоли похолидан бир йилда 20 — 25 минг тонна целлюлоза ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган заводни жойлаштириш масаласини ишлаб чиқсин.
6. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси тегишли вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 1996 йилдан бошлаб балансда Ангрен «Саноаткартонсавдо» ишлаб чиқариш-савдо бирлашмасида целлюлоза ишлаб чиқариш учун зарур бўлган миқдорда шоли похоли ва буғдой сомонидан фойдаланилишини назарда тутсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси шоли похоли ва буғдой сомонидан целлюлоза олишнинг янги технологиясини белгиланган тартибда давлат экология экспертизасидан ўтказсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари М.3. Усмонов ва Р.Р. Юнусов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 10 октябрь,
394-сон