|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Давлат хизматларини кўрсатишда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги ПҚ-4193-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 26 февралдаги ПФ-2240-сон Фармонидаги Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча ёки доимий истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш тартиби ва муддатларини назарда тутувчи норматив-хуқуқий ҳужжат лойиҳасини 2019 йил 1 декабргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами такдим этилишини якунласин.
3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 ноябрь,
ПФ-5872-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 ноябрдаги ПФ-5872-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳнома ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартириш ва кўшимчалар
1. 7-банддаги:
«а» кичик банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«жисмоний шахснинг шахсий идентификация раками»;
26 ва 27-хатбошилари чиқариб ташлансин.
2. Қуйидаги мазмундаги 71-банд билан тўлдирилсин:
«Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олиш учун жисмоний шахс яшаш жойидаги ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиши керак.
Шахснинг розилиги билан яшаш гувоҳномасида соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан яшаш гувоҳномаси эгасининг қон гуруҳи ва қандай резусга мансублиги тўғрисидаги белгилар кўйилади.
Яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами тўғрисидаги маълумот бўлмаган такдирда, яшаш гувоҳномаси ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Хорижий шахс ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномасига ушбу Низомда кўзда тутилмаган ёзувларни киритиш тақиқланади».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.11.2019 й., 06/20/5872/0995-сон)