Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ» ЖАМОАТЧИЛИК МАРКАЗИ ҲУЗУРИДАГИ «ОЛТИН МЕРОС» ХАЛҚАРО ХАЙРИЯ ЖАМҒАРМАСИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Фармонига биноан халқимиз меросининг ноёб намуналарини тўплаш, авайлаб асраш, тарғиб этиш, халқимиз, айниқса, ёшларимизда мустақиллик, ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимиз давомийлигини, равнақини, уларнинг умуминсоний қадриятлар билан уйғунлашиб боришини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республика «Маънавият ва маърифат» маркази ҳузурида «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси тузилгани, унинг Устави Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилгани эътиборга олинсин.
2. «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси тугатилган Маданият жамғармаси, «Истеъдод» жамғармаси, «Ижодкорлар» жамғармаси, Миллий ва ижтимоий барқарорлик жамғармаси ҳамда «Ёдгорлик» жамиятининг барча мол-мулки ва маблағларининг ҳуқуқий вориси бўлиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. Жамғарманинг асосий мақсади ва вазифалари:
буюк аждодларимизнинг асрлар давомида яратган бебаҳо маданий-маърифий меросини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, келгуси авлодларга ёдгорлик қилиб қолдириш, халқимизнинг умуминсоний қадриятлар хазинасига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга қайта танитиш, уни кенг тарғиб этиб, кишиларимиз, айниқса, ёшларимиз онгига миллий ғурур, миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини сингдириш;
ўтмиш маданиятимизга оид қадимий қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, халқ ҳунармандчилиги, амалий санъати намуналари ва тарихий-маданий қимматга молик бошқа ёдгорликларни мамлакатимизда, хорижда излаб топиш ва ўрганиш, улардан улкан меросимизнинг узвий қисми сифатида фойдаланиш;
республикадаги ва чет эллардаги маданий-маърифий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида турли танлов, аукцион, фестиваллар уюштириш, ижодий-илмий делегациялар алмашиш;
истеъдодли ёшларни танлаб, уларнинг ижодий камолотига моддий ва маънавий ҳомийлик қилиш;
ўз ва давлат дастурини бажариш учун маблағларнинг муайян қисмини мамлакатимиздаги ва хориждаги фаолият ҳисобидан, шу жумладан, қўшма корхоналар очиш йўли билан жамғаришдан ва Уставида белгиланган бошқа хайрли ишлардан иборат эканлиги инобатга олинсин.
4. Жамғарма таъсисчилари ва ҳомийларининг (рўйхат илова* қилинади) ҳамда маданий-илмий жамоатчиликнинг мазкур жамғармани моддий-маънавий жиҳатлардан кенг қўллаб-қувватлаш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
* Илова берилмайди.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жойларда «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси бўлимларини ташкил этиш, уларни бино ва моддий-техника ашёлари билан таъминлаш масалаларини бир ой муддат ичида ҳал қилсинлар.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси Тошкент шаҳар Шодлик кўчасидаги 6-уйни ҳовлиси ва ҳовлидаги барча қурилишлари билан бирга белгиланган тартибда «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармасига ҳақ олмасдан мулк қилиб берсинлар.
Жамғарма жойлашган бинони миллий услубда таъмирлаш ва замонавий жиҳозлаш ишларини 3 ой муддат ичида тугаллаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Р.С. Азимов)га юклансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Б. Ҳамидов) Жамғармага Вазирлар Маҳкамасининг захирасидан 10 млн. сўм миқдорида маблағ ажратсин.
Жамғарма дастурига биноан чет эллардан миллий бойликларимизни сотиб олиш учун, хорижий мамлакатларга экспедициялар уюштириш ҳамда ўзининг асосий фаолияти доирасидаги буюртмалари бўйича норезидентлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун мўлжалланган миллий сўмни эркин муомаладаги валюталарга айирбошлаш ҳал этилсин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма, унинг бўлимлари ва унга қарашли корхоналар Уставида кўрсатилган мақсадлар ва вазифаларга қатъий мос келадиган фаолият йўналишлари бўйича:
ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий фаолият ва тижорат билан шуғулланишга ҳақлидирлар;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисидаги Фармонига биноан барча турдаги солиқлардан беш йил муддатга озод қилинган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 ноябрдаги 230-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 45-сон, 445-модда)
10. Оммавий ахборот воситаларига «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси фаолиятини кенг ёритиш, доимий махсус рукнлар очиш тавсия этилсин.
11. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1965 йил 1 апрелдаги 188-сон, 1987 йил 11 декабрдаги 501-сон, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги 12-сон ва 1993 йил 19 майдаги 238-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С. Саидқосимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 27 сентябрь,
338-сон